'Расмий тарафкашлик Қирғизистондаги миллатлараро тангликни кучайтирмоқда'

'Жабрдийда ўзбеклар қирғиз расмийлари қўлида азоб чекмоқда'
Сурат тагсўзи, 'Жабрдийда ўзбеклар қирғиз расмийлари қўлида азоб чекмоқда'
Published

Қирғизистондаги ўзбекларнинг кўпчилиги президент сайловларида Алмазбек Атамбаевга овоз берганликлари айтилади.

Нью Йорк Таймс рўзномасининг ёзишича, ўзбеклар Атамбаев ўзларини қирғиз миллатчиларидан ҳимоя қилади, деб умид қилишмоқда.

Аммо янги президентнинг ўзбеклар зич яшайдиган Қирғизистон жанубида қанчалик қудратга эга бўлиши қоронғу.

"Расмий тарафкашлик ва ҳуқуқ бузилишлари Қирғизистондаги этник бўлинишларни чуқурлаштирмоқда" деб сарлавҳа қўйилган мақолада бир ярим йил муқаддам содир бўлган зўравонликларда энг кўп жабр чеккан ўзбекларнинг қирғиз расмийлари қўлида қийноқларга тутилаётгани айтилади.

Нью Йорк Таймс Ўшдаги "Фуқаролар коррупцияга қарши" нодавлат ташкилоти адвокати Ҳусанбой Солиевнинг "Ўзбекларга қарши таъқиблар мунтазам тус олган" деган сўзларини келтирган.

Ноқонуний ҳибсга олинган ва қийноққа тутилган 80 га яқин ўзбекларни ҳимоя қилган инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакилининг айтишича, "кимнидир узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этиш учун унинг иқрорлик ҳақидаги кўрсатмаси кифоя.

Бу каби кўрсатма эса қийноқлар воситасида олинади".

"Қийноқлар бугун қирғиз расмийлари қўлидаги асосий асбоб", - дейди Ўшлик адвокат.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги уч ойда уч ўзбек маҳбус қийноқлар натижасида ҳаётдан кўз юмган.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти эса яна камида уч нафар ўзбек маҳбуснинг ўлимини ҳужжатлаштирган.

Нью Йорк Таймс рўзномаси ҳукумат мулозимлари ўзбекларга номақбул муомала қилинаётгани ҳақидаги хабарларни рад этишларини ёзади.

Аммо нашрнинг урғулашича, вазиятни кузатаётган инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Қирғизистоннинг ўзбек аҳолисидан қасос олинаётгани ва уларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганини ҳужжатлаштирганлар.

Нью Йорк Таймс суҳбатлашган ўзбек маҳбуслар қаттиқ дўппосланганликлари, электрик шокларга тутилиб, тирноқлари орасига игна тиқилгани каби қийноқ ҳоллари ҳақида гапириб беришган.

Рўзнома қотилликда айбланиб, 16 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган Мирзоҳид Ваҳобжоновнинг сўзларини келтиради.

Ўшдаги қамоқхонадан онаси яширинча олиб кириб берган мобил телефони орқали Нью Йорк Таймсга гапирган Ваҳобжонов айбсиз бўлишига қарамай, қийноқлар остида айбни тан олишга мажбурланганини айтган.

"Улар менинг тирноқларимни суғуриб олишди ва бошимга елимқоп кийгизиб, уч кун давомида қийноққа солишди", деган 35 ёшли Мирзоҳид Ваҳобжонов.

Таъқиблар тўхтамаётир

Нью Йорк Таймс ўзбекларга қарши таъқиблар 500 га яқин одамнинг ёстиғини қуритган июн зўравонликларидан буён тўхтамаганини ёзади.

Рўзноманинг Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти ҳисоботидан иқтибос келтиришича, ҳодисаларга алоқадорликда ҳибсга олинган 300 кишининг 85 фоизи ўзбеклардир.

Бундан ҳам кўпроқ ўзбеклар маҳаллаларга қилинган рейдлар чоғида ҳибсга олинган ва пул ундириш мақсадида узоқ йиллик қамоқ жазолари билан таҳдид этилганлар.

Ҳодисаларга алоқадорликда айбланган этник қирғизларга эса енгил ёки шартли жазолар белгиланган.

Нью Йорк Таймс номини айтишдан қўрққан собиқ ўзбек маҳбуснинг "кўчада юришга қўрқамиз, улар бизни ҳеч қандай сабабсиз ҳибсга олишлари мумкин", деган сўзларини келтиради.

Нью Йорк Таймсга кўра, 2010 йил апрелидаги давлат тўнтаришидан буён ҳали тўла оёққа турмаган қирғиз ҳукумати ҳозирга қадар муаммога қарши туришга қодир бўлмаган ёки буни истамайди.

Рўзнома билан суҳбатда Ўш вилоят губернаторининг ўринбосари Таалайбек Зикиров "бу каби ҳолатлар ҳақида ҳеч нарса билмаслиги"ни айтган.

Пул эвазига озодлик

Мақолада айтилишича, Қирғизистон жанубида давом этаётган танглик янги президент Алмазбек Атамбаев учун жиддий синовдир.

"Ўшдаги кўпчилик ўзбеклар сайловда жаноб Атамбаевга овоз беришди, чунки улар Атамбаев ўзларини миллатчилардан ҳимоя қилади, деб ишонишган", деб ёзади Нью Йорк Таймс.

Аммо Атамбаевнинг жанубда қанчалик ўз ҳукмини ўтказа олиши қоронғу.

Нью Йорк Таймс жанубдаги қирғизлар Атамбаев каби шимолликларнинг ҳокимиятига қаршилик қилиб келганликларини хотирлатади.

Рўзномага кўра, ҳозирча қурби етган ўзбеклар ўз озодликларини пулга сотиб олишмоқда.

Каримовнинг табриги

Айни пайтда Президент Ислом Каримов Алмазбек Атамбаевни Қирғизистон президенти этиб сайлангани билан табриклаган.

Жаноб Каримов Атамбаевга овоз бериш билан аксарият қирғизистонликлар "барқарорлик ва миллатлараро тотувликни қўллаб-қувватлашгани"ни урғулаган.

Ўзбекистон айни ҳодисалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишни талаб қилиб келади.

Президент Каримов ҳодисаларда "учинчи кучлар"ни айблаган.

Зўравонликлар чоғида Ўзбекистон 400 мингдан ортиқ қирғизистонлик қочқинларга вақтинчалик бошпана берган.

Ўзбекистоннинг қочқинларни тезда уйларига қайтариш қарори халқаро танқидларга сабаб бўлган.