Туркманистонда энди ҳар йили "Ахалтекин гўзали" халқаро танлови ўтказилади

Бундан буён ҳар йил апрел ойида Ахалтекин отлари орасида халқаро гўзаллик танлови ўтказилади.
Бу ҳақда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов қарор қилган.
Бу каби ғайриодатий гўзаллик танлови Туркманистонда миллий байрам сифатида нишонланувчи Ахалтекин отлари кунига бағишланади.
Бундан мақсад - Ахалтекин отларининг асл қадимий зотларини асраб қолиш, уларнинг кўркига кўрк қўшиш ва шуҳратини дунёда янада кенгроқ ёйиш экани айтилмоқда.
Аён бўлишича, ғолиб Туркманистон президентининг бош мукофотини қўлга киритади. Аммо унинг нима экани ёки қанча миқдордаги маблағни ташкил этиши ошкор этилмаётир.
Туркманистондан келаётган хабарларга кўра, кўрик билан бирга Ахалтекин отларининг чиройини ўз асарларида қанчалик моҳирлик билан акс эттирганликларини аниқлаш учун гиламдўз, заргар, рассом ва ҳайкалтарошлар орасида ҳам танлов уюштирилади.
Уларга белгиланган мукофот пуллари ҳам бир-биридан анча фарқ қилади: Дейлик, ғолиб гиламдўзни 3.000 АҚШ доллари кутаётган бўлса, Ахалтекин отларини бор жилоси билан тақинчоққа туширган заргар 2.000 АҚШ доллари миқдорида мукофот пули олади. Ҳайкали энг қойилмақом, деб топилган ҳайкалторошга эса, заргар оладиган пулнинг ярми тегади.
Ахалтекин отлари Туркманистонда ўзига хос ифтихор рамзига айланган, давлат рамзининг марказидан ўрин олган ва қатор хорижий давлат раҳбарларига энг олий ҳадя сифатида тортиқ этилган.
Марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг 2004 йилда атайин Ахалтекин отларига атаб нақ 20 миллион АҚШ долларига ҳордиқ марказини қурдириши кўпчиликни ҳайрону лол қолдирганди.
Ҳордиқ марказининг яна чўмилиш ҳавзаси, тиббиёт масканларига эга экани ва ҳаво совутгичлар билан шамоллатиб турилишига нима дейсиз?
Туркманистонда ҳар хил кунларни байрам қилиш эса, сўнгги йигирма йил ичида анъанавий тус олиб улгурган.
Ахалтекин отлари кунидан ташқари, мамлакатда яна сув, қовун ва гилам кунлари ҳам нишонланади.































