Минтақада ёзнинг чилласида ҳалокатли селлар кўпайиши сабаби айтилди

Ўшдаги сел енгил автомобилларни оқизиб кетди

Сурат манбаси, Қирғизистон ФВВ

Сурат тагсўзи, Ўшдаги сел енгил автомобилларни оқизиб кетди
Published
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Қирғизистонда сув оқизиб кетган бешинчи жасад Ўзбекистонда топилди. Ёзнинг ўртасида минтақада нима учун ҳалокатли селлар кузатилмоқда?

14 июл куни Қирғизистоннинг Ўш вилоятида содир бўлган сув тошқини 5 кишининг умрига зомин бўлди.

Президент Садир Жапаров айрим туманларда сув тошишининг олдини олиш учун қурилиш ишлари олиб борилаётганини айтди.

Сел оқизиб кетган 4 жасад Ўзбекистондан топилди. Сув Андижон вилоятидаги кўприкларни ҳам вайрон қилган.

Қирғизистонда кучли ёғингарчилик сабаб ҳалокатли сел келиши ва унинг асоратлари қўшни давлатларга ёйилиши одамларнинг хавотирларига сабаб бўлган.

Сел оқизиб кетган одамларни қидириш онлари

Сурат манбаси, Қирғизистон ФВВ

Сурат тагсўзи, Сел оқизиб кетган одамларни қидириш онлари

Нега ҳалокатли селлар кўпайди?

Қирғизистон расмийларининг айтишича, тошқинга ёмғир кўринишидаги ғайритабиий миқдордаги ёғингарчилик сабаб бўлди, улар кичик майдонга кўп ёғиб, сел оқимини келтириб чиқарди.

Бундан ташқари дарё ва сой қирғоқлардаги хавфсизлик учун мўлжалланган қайир* (дарё ёқасида сув босиш учун мўлжалланган хавфсизлик ер)лар йўқолиб кетмоқда.

"Олдинги қайирларга дам олиш масканлари, кўприклар қурилди. Тапчан ва сайр қилувчи йўлаклар пайдо бўлди. Бу сел оқими учун тўсиққа айланди. Кейин бу аҳоли масканларини сув босишига олиб келди", дейди Қирғизистон ФВВдан Даурбек Соқиев Kaktus.media нашрига.

Қирғизистонлик мутахассис Абдужаббор Аккулов ҳам сел тошқинларига инсон омили ҳам сабаб бўлаётганини айтади.

"Меъёрдан ортиқ ёғингарчилик иқлим ўзгаришининг таъсири. Иккинчидан, инсон омили. Тирикчилигимизнинг таъсири, унинг касофати вазиятни оғирлаштиряпти. Сабаби Ўш шаҳри атрофидаги қир-адирлар тупроғи ва ўсимликлари буткул топталган. Тупроқ сувни ўзига сингдириш хусусиятини йўқотган. Чорванинг таъсири, дуч келган жойдан қурилиш учун қум, тупроқ, тош қазиб оламиз", дейди у.

Евроосиё тараққиёт банки (ЕТБ) ривожланаётган давлатлар иқлим ўзгариши ва сув танқислиги олдида янада заиф, деган хулоса берди.

иқтибос

Банк ҳам дарё ва сой бўйларидаги иншоотлар мисли кўрилмаган тошқинларга сабаб бўлаётганини айтган.

ЕТБ таҳлилчиларининг таъкидлашича, гидротехник иншоотларни ҳолати ва техник таъминоти учун масъулиятни ошириш керак.

"Кўплаб тўғон ва ҳимоя дамбаларининг бузилиши қониқарсиз ҳолатда бўлган кўплаб ташландиқ иншоотларни йўқ қилиш муҳимлигини англатади", - дейди улар.

Хулосада айтилишича, сел ҳудудларида тез тез бузилувчи материаллардан қурилган ва ҳатто кичик сув тошқинларига бардош бермайдиган кўплаб иншоотлар бор.

Таҳлилчилар ўлчаш станцияларининг кескин камайиши ва уларнинг техник жиҳатдан ночор таъминланганлиги селларни башорат қилишда муаммолар келтириб чиқараётганини қайд қилишган.

Яна бошқа сабаблар қаторида банк таҳлилчилари раҳбарларнинг муаммога тайёрмаслигини келтиришган. Айниқса, огоҳлантириш ва фавқулодда ҳолатларни бартараф этишда маҳаллий раҳбарлар нўноқлик қилишмоқда.

15 июл - Қирғизистон: Ўшда даҳшатли сел, оқиб келган жасадлар Ўзбекистондан топилмоқда

sel

Сурат манбаси, Qirg'iziston FVV

Қирғизистон Ўш вилоятида содир бўлган сел оқибатлари билан курашмоқда. Ҳозиргача 3 жасад қўшни Ўзбекистондан топилди. Ўш шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

14 июл куни кучли жала натижасида келган сел Ўш шаҳри бозорини босди. Буюм бозори сув остида қолган. Жами 5 кишини сув оқизиб кетгани ҳақида маълумот берилган.

Шу вақтгача 3 нафар қирғизистонлик вояга етмаган қизларнинг жасадлари Ўзбекистондан топилган. Қирғизистондан келган сув Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги кўприкни олиб кетган.

Махсус хизматлар сув оқизиб кетган одамларни изламоқда.

Қирғизистон ФВВ маълумотларига кўра, Ўш вилояти Қорасув туманида 4 мактаб, 1 болалар боғчаси, 2 касалхона, 1 музей ва 642 уйни сув босган.

suv

Сурат манбаси, Qirg'iziston FVV

Ўш шаҳрида 1 болалар боғчаси ва 146 уй сув остида қолган.

Пишқирган сув машиналар оқизгани, мини автобусларнинг белигача сув босгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларни тўлдирди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 400 дан ортиқ кишини хавфсиз жойга кўчирган.

Минтақадан олинган дрон тасвирларида дарё бўйидаги бир қанча жой сел остида қолганини кўриш мумкин.

Ўзгур қишлоғида фуқароларни селдан эвакуация қилиш жараёнида камаз юк машинаси жойидан юриб кетиши натижасида 1 кишини босиб кетган ва у воқеа жойида ҳалок бўлган.

Бозорлар ва дам олувчиларга нима бўлди?

Ўшнинг Бўрибой ота дам олиш маскани ва марказий бозорида одамларни қутқариш ишлари амалга оширилган.

iqtibos 1

"Бозорнинг ичи ҳовузга ўхшаб қолди. Энди нима қилишни билмайман. Ювсак тоза бўлармикин? Бу ердагилар омон қолганига шукур қилаяпти. Сув кўп келди. Оқиб кетаётганда аранг қутилганлар ҳам бўлди", дейди бозордаги сотувчилардан бири.

Кучли ёғингарчилик сабабли Тўлейкон қишлоғи ва Ўзгур қишлоғининг Бўрибой ота дам олиш масканини ҳам сув босган.

Йил бошидан бери минтақада сув тошқинлари сабаб камида 15 киши ҳалок бўлди. Уларнинг аксарияти ёш болалар.

Яқинда Новқат туманида бўлган тошқинлар ҳам жиддий оқибатларни келтириб чиқарганди.

Одамлар орасида бу каби табиий офатларнинг олдини олиш ишлари тўлиқ олиб борилдими, унинг олдини олиш мумкинмиди, офатларга иқлим ўзгариши қанчалик таъсир қиляпти, деган саволлар пайдо бўлган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мустақил журналист Шоҳруx Соипов 2 июл куни Қирғизистон жанубидаги сув тошқинлари ва улар келтириб чиқарган оқибатлар ҳақида ёзган мақоласи.

2 июл - Қирғизистон: Ўш вилоятидаги сел оқибатида 14 киши ҳалок бўлди

suv

Сурат манбаси, Qirg'iziston FVV

Сўнгги кунларда Қирғизистон бўйлаб ёғаётган кучли ёмғир оқибатида, Ўш вилоятининг қатор туманларида сув тошқинлари юз бериб, 14 киши умрига зомин бўлди. Бу қайғули воқеа ортидан жамиятда ҳукуматга нисбатан танқидлар кучайган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кутилаётган беқарор об-ҳаво сабаб, тоғли ҳудудларда сел келишидан огоҳлантирмоқда.

Қутқарувчилар Қорақулжа туманидаги селда ҳалок бўлган оиланинг 4 аъзосининг жасадини сув остидан олиб чиққан.

Расмий маълумотга кўра, 30 июнь куни соат 22:15лар атрофида Қорақулжа туманининг Қорагуз қишлоқ ҳудудига сел келган ва йўлдан ўтиб кетаётган "Матиз" русумли автомобилни оқизиб кетган.

Автомобилда бир оиланинг 5 нафар аъзоси бўлган. Улардан фақат 7 ёшдаги қиз маҳаллий фуқаролар томонидан қутқариб қолинган. Қолганлари эса ҳалок бўлган.

Қирғизистон ФВВ маълумотига кўра, қутқарув хизмати ҳамда маҳаллий аҳолининг ёрдами билан аввал ҳалок бўлганларнинг 3 нафарининг жасади топилган. Кейинроқ яна бир 14 ёшдаги боланинг жасади сув остидан олиб чиқилган.

sel

Сурат манбаси, Qirg'iziston FVV

Бир оиланинг 10 аъзоси ҳалок бўлди

Дам олиш кунлари кучли ёмғир туфайли Новқат туманинингАбшир-Ота қишлоғида ҳам сел келган.

Натижада яйловда дам олаётган бир оиланинг 10 нафар аъзосини оқизиб кетган. Қутқарувчи ва маҳаллий аҳоли уларнинг жасадини сув остидан олиб чиққан.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари вояга етмаган фуқаролари эканлигини маълум қилган. Улар онаси билан Новқатдаги қариндошлариникига меҳмонга келган.

Расмий Остона сув тошқинидан жабрланганларга инсонпарварлик ёрдамини юбориш билан бирга, ҳалок бўлган ўз фуқароларининг жасадини махсус учоқ билан Ўскемен шаҳрига олиб келган.

Новқатдаги сув тошқини натижасида иккита кўприк, электр симёғочлари қулаган. Шунингдек, ўнлаб уйлар ҳам сув остида қолган. Ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

"Сел келган куни мен уйда эдим. Кучли ёмғир ёғаётганди. Ўғлим, эшикда туриб, ая кўп сув келяпти, ҳужжатларни олиб тезроқ уйдан чиқинг, деди. Мен ҳужжатларни олишга ҳам улгурмай, сув келди. Ўғлим билан зўрға қочиб чиқиб кетдик", дейди уйини сел қоплаган Малика Бўтаева.

tozalash

Сурат манбаси, Qirg'iziston FVV

Тезлик билан келган сув тўлқини Гулистон қишлоғидаги бир неча уйларни вайрон қилган.

Селда Ўш-Боткен-Раззаков магистрал йўлидаги кўприк ҳам қулаган ва автомобилларнинг ҳаракати вақтинча тўхтатилган. Кейинчалик кўприк қайта тикланиб, йўл очилган.

Шунингдек, Новқат туманидаги Абшир-ота дам олиш масканига сайрга борган 1000 дан ортиқ одам, сел туфайли ортга қайта олишмаган. Улар махсус вертолет билан қутқарилган.

Селнинг олдини олиш мумкинми?

iqtibos

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Ўш вилоятига келиб, сел оқибатларини кўрган ва уларни бартараф қилиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, ҳамда жабрланганларга керакли ёрдамларни кўрсатиш бўйича мутассади идораларга топширмаларни берган.

Унинг фикрича, сел офатига кўприк лойиҳачиси сабаб бўлган.

"Қизилқия" ҳиссадорлик жамияти аввал кўмир қазиб, кўприкни баланд қилиб қўйган. Сув кўприкнинг олдида тўпланиб, шу сабабдан сел кучайиб, пастга тошган. Агар кўприклар бунчалик баланд қурилмаганида, сув бир жойда тўпланмай, секин пастга оқаверган бўларди. Бунинг натижасида биз 10 кишидан айрилдик. Барчамиз бу офат деяпмиз, лекин олдини олса бўларди. Қишлоқ ҳукумати билан ҳокимлар ФҲВнинг ҳужжатларини ўқиши керак. Кўприкларни бир киши лойиҳалаштирган, менга уни топиб келинглар», деган Ақилбек Жапаров.

qutqaruv

Сурат манбаси, Qirg'iziston FVV

Ҳукумат раҳбари селдан ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳам бориб, ҳамдардлик билдирган.

Ўш-Боткен-Раззоқов магистрал йўлининг, Новқат-Қизил-Қия оралиғи бир неча йилдан бери қурилиши битмай келади. Ўтган йили Қирғизистон Миллий Хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, Транспорт вазирига йўл таъмирини тез орада битиришни буюрган. Йўлга асосан асфальт ётқизилган, бироқ тўлиқ таъмирланмаган.

Фаоллар ҳам бундай сел оқибатларига давлат идораларини вақтида иш олиб бормаганликда айблайди.

"Йўл қураётган ишхоналар сел келмасдан аввал дарёларни қазиб, кенгайтириб, сув оқимига ҳалақит қилаётан чекадаги дарахтларни олиб ташласа бўларди. ФВВнинг огоҳлантирувига ҳушёр бўлиши керак эди. Энди офат бўлгандан кейин тозалаяпти. "Қирғизавтойўл" ишхонасини нима кераги бор бизга?", дея савол беради фаол Идрис Исаков.

Би-Би-Cи Қирғиз хизмати Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Эделбек Қулматовга, Новқат ва Қорақулжада юз берган селнинг олдини олиш мумкинмиди деган савол билан мурожаат қилди.

"Бюджетдан бизга ажратилган маблағ эвазига республикада 300га яқин сел каналларини тозалаб, тўғон қурдик. Бироқ, тўғон қуришни табиий офатларнинг олдини олиш чораси сифатида том маънода қабул қилмаслик керак.

Айни пайтда ёмғир маълум меъёрдан 4-5 баравар кўп ёғмоқда. Бу табиат. Ҳозир тоғ ва яйловларда тўрт-беш баробар кўп ёмғир ёғмоқда, Новқат, Қорақулжа каби кўплаб жойларни сел олиб кетмоқда.

qutqaruv

Сурат манбаси, Qirg'iziston FVV

Биз тоғ ва яйловларнинг барчасига тўғон қура олмаймиз. Яйловларда қандай қилиб тўғон қурамиз? Қайси адирга қурамиз? Унда Буюк Хитой қалъасини қуришимиз керак бўлади. Шунда сув тўпланиши мумкин, лекин уни ҳам одамларга ёрилиб кетиш хавфи бўлади.

Сел келишининг сабаби, бу йил об-ҳавонинг ёмғирли бўлгани. Нормадан кўп ёғяпти. Яйловлар бузилиб кетган, аввалгидек ўт йўқ, сув ўтлардан ерга сингмайди, пастга оқяпти.

Жалолобод, Новқат, Қорақулжа ва Боткендаги тошқинлар тоғлардан тушган сув туфайли содир бўлган. Боткен вилояти асосан тошлоқ, сув ерга унчалик сингиб кетмайди. Ёмғирдан кейин қум ва тошлар аралашиб, қишлоқларга тушмоқда. Афсуски, табиат шундай.

Кучли ёмғир асосан тоғлардан тушяпти. Тоғлардан келаётган сув, сел каналга сиғмай, уйларни қопламоқда. Битта каналнинг сиғими 10 кубометр бўлса, биз икки баробар заҳира билан 20 кубометр қазамиз. Амалда эса икки-уч баробар кўп 40 куб метр сув келмоқда. 40 куб келади, деб 100 кубометрни ололмаймиз. 100 кубометр қазиш учун қишлоқ ва уйларни кўчириш керак. Уни ҳам ёрилиб кетиш хавфи бор.

qutqaruv ishlari

Сурат манбаси, Qirg'iziston FVV

Масалан, бир жойда 40 кубометр қазиб кўйсак, у ерда 10 йилдан кейин сув тошқини бўлади. Масалан, Новқатдаги офат тарихда бўлмагани айтилмоқда. Абшир-Ота кичик яйлов суви тўпланиб келиб, шундай бўлди.

Кичик бир қишлоқдаги сув дам олувчиларни оқизиб кетди. Бу яйловда қайд этилган ёмғир. Бироқ, огоҳлантириш берилган. Об-ҳаво бундай бўлади, шу кунларда ёмғир ёғиши, бу кунларда бўронли об-ҳаво бўлиши, тоғ этакларида сув тошқинлари бўлиши мумкин экани айтилган.

Вазирлар Маҳкамаси раисидан тортиб, ҳоким ва қишлоқ ҳукуматларигача огоҳлантиришлар берилади", дейди Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Эделбек Қулматов.

Ўзбекистоннинг 5 та вилоятида сел хавфи

Олдинроқ Ўзбекистонда ҳам ёзнинг жазира кунларида тоғ олди ҳудудларда сел келиш хавфидан огоҳлантирилганди.

Ўзгидромет 30 июндан 1 июлгача Сурхондарё, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятининг бир қанча туманларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Шунингдек, ёмғир сувлари тўпланиши оқибатида ҳудудларни сув босиши эҳтимоли борлиги айтилган.

Кузатувчилар иқлим ўзгариши натижасида минтақада сед-сув тошқинлари кўпайганини айтишади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002