Британия фермерлари Марказий Осиёдан ишчи ёлламоқда. Бунга сабаб - Украина уруши Yangiliklar

ferma

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Андрей Козенко, Айсимбат Токоева
    • Role, Би-би-си
  • Published

2023 йилда Буюк Британиядаги мавсумий теримчиларнинг қарийб чорак қисми Марказий Осиёдан келди. Уларнинг сони ортиши кутилмоқда. Бу Россия Украинада бошлаган урушнинг оқибатларидан бири - илгари мавсумий ишчиларнинг аксарияти Украинадан келар эди.

Йиғим мавсуми

Чингиз Мақситов Буюк Британиядаги қирғизистонлик мавсумий ишчилар ўзаро мулоқот қиладиган махсус чатни очган. Унинг айтишича, 2023 йил баҳорида у Ижевскда ишлаган. Британиядаги фермада ишлаш мумкинлиги ҳақида эшитгач, виза учун ариза топширган ва бир ойдан кейин шу ерга келган.

У Лондон жанубидаги Кент графлигидаги фермада иссиқхоналарда сабзавот ва мева терган. "Иш жуда оғир эди, умуртқам ҳали ҳам оғрияпти. Аммо агар Россияда [ойига] 60-70 минг рубль ишлаб топсангиз, Англиядаги иссиқхонада икки баравар кўпроқ топиш мумкин», дейди Макситов.

2023 йил июнь ойида Буюк Британия парламенти кутубхонаси веб-сайтида мавсумий ишчилар ҳақида махсус ҳисобот эълон қилинди. Унда айтилишича, 2019 йилгача ушбу бозорда ўнлаб йиллар давомида Шарқий Европа давлатлари: Болгария, Руминия, Польшадан келганлар кўпчилик бўлган. Бундан ташқари, яқин вақтгача Буюк Британия Европа Иттифоқининг бир қисми эди ва иш ҳужжатлари билан боғлиқ барча муаммолар ҳозиргидан соддароқ ҳал қилинарди.

Iqtibos

2019 йилда Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиқди ва ўша йили ҳукумат бутун дунёдан меҳнат муҳожирларини таклиф қилиш учун мавсумий ишчилар учун виза квоталари жорий қилаётганини эълон қилди. Фермерлар лоббиси ҳосилни йиғиб олишга одам топилмаслигидан қўрқиб, шундай квоталарни талаб қилди.

Англия ва Уэлс миллий фермерлар иттифоқи маълумотига кўра, бу ерда ҳар йили 4 миллиард фунт стерлингдан ортиқ сабзавот, мева ва гуллар етиштирилади, бу мамлакат эҳтиёжининг 15% дан 50% гача қоплайди. Қишлоқ хўжалигида жами 471 мингга яқин киши иш билан таъминланган бўлса, уларнинг 58 минг нафари фақат йиғим-терим даврида зарур.

2020 йилдан бери мавсумий ишчиларнинг аксарияти Украинадан келган, иккинчи ва учинчи ўринларда Россия ва Беларус фуқаролари бор. 2022 йил февраль ойида бошланган уруш ушбу бозорни бутунлай ўзгартирди. Ҳарбий ёшдаги украиналик эркакларга мамлакатни тарк этиш тақиқланган эди.

Кейин Британия ҳукумати диққатини Марказий Осиё мамлакатларига, биринчи навбатда Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга қаратди. Британия фермаларига ишга ёллаш бўйича рекламалар кўпайди. Марказий Осиё шаҳарларида виза олиш ва иш танлашда ёрдам берадиган махсус компаниялар пайдо бўлди. Меҳнат муҳожирлари Буюк Британияга гуруҳ-гуруҳ қилиб юборилган. Би-би-сига интервью берган барча ишчилар қайси фермер хўжалигига боришларини олдиндан билишган.

yotoq joy

Қирғизистон ва Ўзбекистондан бўлган тўрт нафар Би-би-си суҳбатдоши умуман олганда бир ҳолатни гапириб берди: улар очиқ далалар ва иссиқхоналарда сабзавот ва мева териш, саралаш ва қадоқлаш билан шуғулланишган. Улар фермаларда ҳожатхона ва душ бўлган олти кишилик вагон уйларда яшашган. Бироқ, уларнинг чатидан кўринишича, яқин-атрофдан уй-жойни бир хонани уч-тўрт кишилашиб ижарага олиш бўйича таклифлар ҳам бўлган.

Ишчилар айтишича, уларга соатига 10 фунт стерлинг маош ваъда қилинган.

22 ёшли Ариэл (у фамилиясини айтмасликни сўради) акаси билан Буюк Британияга келиб, куз ва қишнинг кўп қисмини мавсумий ишларда ўтказган. "Шартлар яхши: хавфсизлик пойафзаллари, комбинезонлар, қўлқоплар", дея санайди у. Унинг айтишича, оз бўлса ҳам инглиз тилини биладиган ҳамкасблари лавозимга кўтарилишга умид қилиши мумкин, яъни иш жараёнларини бошқариш ва шу билан бирга иш берувчилар билан мулоқот.

hosil

Британиялик ҳуқуқшунос ва меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперт Майкл Ньюман Би-би-си Қирғиз хизматига берган интервьюсида айтишича, ўз аҳволидан норози меҳнат муҳожирлари судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга ва хорижлик ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкин. Шу билан бирга, Ньюманнинг таъкидлашича, виза шартларига кўра, мавсумий ишчи иш жойини ўзгартира олмайди.

Амалда, ҳаммаси ҳам унчалик силлиқ эмас. Ўзбекистонлик Ойбек (у ҳам фамилиясини кўрсатмасликни сўраган) фермер хўжалигида бор-йўғи бир ярим ой ишлаганини, сўнг ўзи айтганидек, прораблар билан жанжаллашиб қолганини айтди. Шундан сўнг, Ойбек Шотландиядаги қурилишда, кейин эса Лондондаги қурилишда иш топди. Виза муддати тугашига оз вақт қолганда у ватанига қайтди. У иш жойини ўзгартириш қонуний ёки йўқлигини билмаслигини, лекин кўпроқ пул топиш учун бу ерга келишга умид қилаётганини айтади.

2023 йилда сабзавот ва мевани йиғиш билан шуғулланадиган мавсумий ишчилар учун квоталар 45 минг визани ташкил этди. 2024 йилда у 55 минг визага кўтарилиш имконияти билан қолади. Расман, 2024 йил бу дастур амалда бўладиган сўнгги йилдир, аммо Миллий Фермерлар Иттифоқи у узайтирилишига ишончи комил. Квотани кенгайтиришдан ташқари, улар визанинг амалдаги олти ой ўрнига тўққиз ойга амал қилишини талаб қилмоқдалар. Улар технология ўсиши ортидан хориж ишчи кучига қарамликдан қутулиш учун кўп йиллар керак, деб ҳисоблашади.

2023 йилда Буюк Британияда ишлаётган марказий осиёлик ишчилар сони ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Меҳнат бозорини таҳлил қилувчи SIA компанияси 2022 йилда уларнинг тўртдан бир қисми келганини айтган ва 2023 йилда яна кўплари келиши кераклигини тахмин қилган эди.

Ёшлар Россияга боришни хоҳламайди

The Economist'нинг қайд этишича, Буюк Британия Марказий Осиё давлатларидан ишчи жалб қилиш кампаниясидан сиёсий жиҳатдан ҳам фойда олиши мумкин. Масалан, Россиянинг ушбу минтақадаги таъсирини камайтириш ва нафақат меҳнат миграцияси бозорида, балки таълим соҳасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш. Марказий Осиё мамлакатларида ўртача аҳоли жуда ёш.

Бу ҳамкорлик аллақачон ушбу минтақадан Россияга меҳнат миграцияси қисқариши манзарасида амалга оширилмоқда. Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат муҳожирлари Россияда доимо муаммоларга дуч келган - иш берувчилар уларнинг ҳуқуқий мақоми ҳақида қайғурмаслиги, пулини бермаслиги ва депортацияга тушиш хавфи остида қолиши мумкин эди. Россияда ҳар доим ксенофобия юқори даражада бўлган. Визасиз режим ва нисбатан барқарор иқтисодиёт туфайли бу камчиликлар билинмасди. Аммо кейин уруш бошланди, рублнинг қадри тушди. Россияда ишлаш фойдасиз бўлиб қолди.

2023 йилда янги хавф пайдо бўлди - кўпинча депортация таҳдиди остида бўлган муҳожирлар энди урушга жўнатила бошлади. Баъзи ҳолларда, уларнинг ўзлари, масалан, «Вагнер»га ёзила бошладилар. Оқибатда Қирғизистон ва Ўзбекистонда эркаклар ёлланмалик қилиш моддаси бўйича 5 йилдан 10 йилгача қамоққа олинган ҳолатлар аллақачон кузатилди.

Ишлаётган Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси сони бўйича ҳамон Россия етакчилик қилмоқда. Бу давлатларнинг тегишли идоралари ва Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда Россияда 1,2 миллионга яқин Тожикистон, 1 миллионга яқин Ўзбекистон ва 400 мингдан ортиқ Қирғизистон фуқаролари ишлайди.

rossiya

Сурат манбаси, TASS

Аммо уруш бошланганидан бери Россиядан муҳожирлар оқимининг бир неча тўлқинлари қайд этилган. Улар 2022 ва 2023 йилларда рубль курсининг бир неча марта кескин тушиши пайтида юз берди. 2022 йилда Росстатнинг маълум қилишича, йилнинг биринчи ярмида Россиядан миграция оқими 96 минг кишини ташкил этган, 2021 йилда бу 114 минг киши эди.

Масалан, Қирғизистон Меҳнат вазирлиги 2023 йил тўққиз ойида Россияда миграция учун рўйхатга олинган қирғизистонликлар сони 60 фоизга камайганини маълум қилди.

Буюк Британияда ишлаган Би-би-си суҳбатдошлари бир кун келиб Россияда яна ишлашлари мумкинлигини инкор этмайдилар, лекин улар буни энди яхши вариант деб ҳисобламайдилар.

"Москвада муҳожирлар ва москваликлар ўртасида табақавий фарқ сезилади. Улар ёрдам бериш у ёқда турсин, биз билан ҳатто мулоқот қилишни исташмайди», - дейди Чингиз Мақситов Англияда инглиз ишчилари янги келганларга овқат буюртма қилишда ёрдам бериб, турли маслаҳатлар берганини эслар экан.

22 ёшли Ариэлнинг айтишича, у ҳеч қачон Россияда бўлмаган ва у ерга боришни истамайди - у дунёнинг бошқа мамлакатларига кўпроқ қизиқади.

Би-би-си суҳбатдошлари, шунингдек, минтақа мамлакатларидаги ижтимоий тармоқлар ва чатларда Янги йил арафасида Санкт-Петербург ва Москвада 4 мингга яқин муҳожирнинг қўлга олингани ҳақидаги хабар катта резонанс уйғотганини айтади. Аввалига чатларда уларни армияга жўнатишса керак деб тахмин қилишди, аммо бу маълумот нотўғри бўлиб чиқди.

Қирғизистонлик миграция масалалари бўйича мустақил эксперт Улан Шамшиевнинг айтишича, Россияга меҳнат миграцияси оқими ҳақиқатан ҳам камайган, аммо тўхтаб қолиши даргумон, аммо йўналиш ўзгара бошлаган. "Россияга кўп йиллар давомида инфратузилма яратилди, ижтимоий ва оилавий алоқалар пайдо бўлди, - дейди у. - Аммо 2022 йилдан бери Россия устувор йўналиш бўлмай қўйди. Ёшлар у ерга умуман боришни хоҳламайди, улар Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия ва, албатта, Туркия ва Яқин Шарқ давлатларини танламоқда".

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002