Толибон шаҳримизни олса, мени ўлдиради. Қаерга борай? Afg'oniston Tolibon

Сурат манбаси, BBC
- Author, Сваминатан Натаражан ва Ҳафизуллоҳ Маъруф
- Role, BBC World Service
- Published
Толибон тез суръатда илгариламоқда, айрим даъволарга кўра, мамлакатнинг тахминан ярмини олиб бўлган. АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар олиб чиқиляпти, кўплаб афғонлар хавотирга тушиб қолган ва қочиш тараддудида. Ана шундай кайфиятдаги айрим афғонлар билан суҳбатлашдик.
"Толибоннинг шаҳримни босиб олгани тушларимга кириб чиқади", дейди Ҳабиб.
Ҳабиб афғонистонлик журналист, ўтган саккиз йил давомида олмон армияси молиялайдиган медиа ташкилотда ишлаб келган. Халқаро кучлар чиқиб кетиши билан июнь охирида у ҳам ишсиз қолди.
Хавфсизлиги важидан у ўз асл исмини айтмаслигимизни сўради.
"Агар шаҳарни олса, Толибон мени ўлдиради", дейди уч фарзанднинг отаси Би би сига телефон орқали.
Толибон Ҳабибнинг мамлакат шимолидаги шаҳрига тобора яқинлашиб келмоқда. Йўллар кўпинча бўм-бўш бўлади, одамда ваҳима пайдо қилади, дейди у.

"Вилоятимдаги туманларнинг ярми аллақачон Толибон қўлига ўтган. Бир неча кун олдин улар шаҳарга 10-12 км. қолгунча яқинлашди, сўнг чекинишди", дейди у.
Афғонлар ўн йиллардан бери уруш ичида яшайди, аммо АҚШ президенти қўшинларни августгача олиб чиқиб кетишини эълон қилганида энг ёмони юз бериши мумкинлигидан кўпчилик қўрқмоқда.
АҚШ кучлари мувозанатни сақлаб турган эди, аммо афғон армияси бу ишни эплай олишига кўпчилик шубҳа қилади. Қўрқувга тушганлар паспорт олишга шошмоқда.
Қасосдан қўрқув
1990-йиллар сўнгидаги қисқа ҳукмронлиги вақтида Толибон одамларни омма олдида қатл қилар, аёлларнинг таълим олиши ва ишлашига чеклов қўярди.
Толибон ўзларининг аввалгидек эмаслиги, бундай зўравонликларга бошқа йўл қўймасликларини айтади.
Толибон баёнотида Ҳабиб каби хориж ҳарбийларига ишлаганлар нишонга олинмаслиги, аммо "улар қилган ишлари учун тавба қилганликларини кўрсатиши, ислом ва мамлакатга ҳиёнатга тенг бундай ишларни келажакда қилмасликлари шарт", дейилади.
Ҳабиб бу сўзларга шубҳа билан қарайди. "Human Rights Watch" жангарилар ҳукуматга хайрихоҳ бўлганларга қасос ҳужуми қилганини ҳужжатлаштирган.

Сурат манбаси, BBC
Ҳабиб ўзини ҳоинга чиқаришларига шубҳа қилмайди ва аллақачон йўл халтасини ҳозирлаб, пул, сертификатлару кийимларини жойлаб қўйган.
"Жамиятимиз жуда тез ўзгаряпти. Одамлар менга очиқчасига "сен хорижликларга ишлагансан" деб айтишмоқда. Бу мени жуда қўрқитади."
Қариндошлари ёки дўстларидан бирортаси керак бўлиб қолганда уни яширишига амин эмас. Чунки бу жуда хавфли.
"Биз олмонларга ишлаганмиз. Биз Толибон ҳақидаги танқидий ҳикояларни чиқарганмиз. Бизга энг катта хавф улардан келади."
Ҳабиб ва ҳамкасблари ахборот алмашиш учун тез тез учрашиб туради.
"Германия олмон армиясига ишлаганларга бошпана бермоқчилиги ҳақида ўқиб қолдим. Аммо бу қандай кечади, жараён қанча давом этади, билмаймиз", дейди у.
Айримлар визага ариза бермоқда - Ҳабиб ҳам Ҳиндистон элчилигига мурожаат қилган.
Айримлар одам ташувчиларга пул бераётгани ҳақида билади, аммо у бу йўлдан бормоқчимас.
"Ноқонуний бориш жуда таҳликали. Бизни талашлари, ҳатто ўлдиришлари мумкин. Бу ерда ўлдик нима ю, Европага кетаётганда ўлдик нима, фарқи йўқ."
Таҳдидлар
Ҳабибдан фарқли ўлароқ, кўплаб бошқалар турли йўлларни - қонуний ва ноқонунийларини изламоқда.
"Британияга виза олиш ҳаракатидаман. Агар ололмасам, Европага ноқонуний йўл билан бўлса ҳам кетаман", дейди шарқий Афғонистондан бир шифокор Би-би-сига.

Сурат манбаси, Getty Images
"Охирги уч ойда, ходимларнинг тўққиз нафари ўлдирилди, тўрт нафари яраланди", дейди у.
Бу шифокор жанубий тўрт вилоятда жамоат соғлиғи учун акцияда қатнашди. Акцияда беш ишчи 15 июнь куни ўлдирилгач, Нагархар вилоятида тўхтади. Уларнинг ўлдирилишида Исломий Давлат гуруҳи гумон қилинмоқда.
Шифокорнинг айтишича, унга ушбу ҳудуддага аксил ҳукумат қуролли гуруҳлардан таҳдидлар бўлган ва у ҳукумат ҳимоя қила олмаслигига ишонади.
Етти фарзанднинг отаси борини сотиб, мамлакатдан имкон қадар тезроқ чиқиб кетишни истайди.
Оммавий талаб
Жуда оз сондаги афғонлар виза олиши мумкин ва кўпчилиги жиноий гуруҳлардан ночор ёрдам сўрайди.
"Талаб жуда баланд, нархлар ҳам", дейди Сами (ўзининг шарти билан исмини ўзгартирдик). У Кобулда хорижга одам ташийди.

Сурат манбаси, Getty Images
"Италияга олиб бориш учун бир одамдан 8000 доллар олардим. Ҳозир 10 000га чиқди."
Одамларнинг йиллик даромади ўртача 500 доллар бўлган бу мамлакат учун бу жуда катта пул.
АҚШ улкан Баграм ҳарбий базасини ташлаб кетгач, Самининг айтишича, унинг бизнеси гулламоқда.
"Ўтган икки ҳафтада 195 одамни жўнатдим. Яқинда яна ўнлаб нафарини жўнатаман."
Хавфли сафар
Сами мижозларини йўлдаги хавф хатардан огоҳлантириши, аммо ҳеч ким қароринии ўзгартирмаслигини айтади. Уларнинг айримлари аввал қўлга олиниб, депорт қилинган.
"Агар Толибон келса, кўпроқ одам ўлади, шунинг учун кўпчилик катта таваккал қилмоқда", дейди у.

Сурат манбаси, BBC
Одамлар Эрон орқали Туркияга, у ердан қайиқда Грецияга элтиб қўйилади.
"Бу йил қарийб 900 одам Европага денгиз орқали қайиқда бораман деб ўлган", дейди БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари сўзчиси Бабар Балох.
"Ҳозирда грек оролларида 9000 нафарча бошпана сўраганлар бор. Уларнинг 48 фоизи афғонлар", дейди у.
Комиссарнинг 2020 йилги Глобал ўзгаришлар бўйича ҳисоботида ўтган йил охирида Афғонистон ичида қарийб 3 млн. афғон уйини ташлаб кетгани, 2.6 млн одам эса хорижга кетгани айтилади.
Жорий йилнинг биринчи олти ойида қўшимча яна 200 000 афғон мамлакат ичида сарсон. БМТ эса уйини ташлаб кетаётган ва хорижга қочаётганлар янада кўпайишидан хавотирда.
Энг ёмони рўй беришидан қўрқув
Самига пул берган муҳожирлардан бири нангархарлик 17 ёшли Асад (асл исми эмас). У Эронни кесиб ўтган ва Би-би-сига номи сир қолиши шарти билан Туркия чегарасидаги шаҳарча - Ванда гапирди.

Сурат манбаси, BBC
"Яқин ҳафталарда шаҳар кўчаларида жанг бўлади", дейди у.
Мамлакатда кўплаб қуролли гуруҳлар бор. Айримлари ҳукуматнинг бир қисми, айримлари Толибоннинг ашаддий душмани ва ИШИД каби бошқа жангари гуруҳлар.
"Келажакда Афғонистонга нима бўлишини билмаймиз. Тинч жойга кетишни истайман", дейди Асад.
У инглизчада ҳам, бирор Европа тилида ҳам сўзлаша олмайди. У ўттиз чоғли афғон эркак билан сафарга чиққан. Уларнинг аксари мактабни ҳам тамомламаган, бирор ҳунари ҳам йўқ.
"Агар қўлга тушсам, яна уриниб қўраман. Афғонистонда қолишни истамайман.", дейди у.
Асаднинг оиласи ўзига нисбатан тўқроқ. У Франциядан бошпана сўрамоқчи.
Умид ва умидсизлик орасида
Шимолий Афғонистонда эса Ҳабиб илҳақ бўлиб кутяпти.

Сурат манбаси, BBC
Унинг шаҳри ҳозиргача афғон армияси назоратида, аммо Толибон ҳам олисда эмас, у тунлари портлашлару ўқ товушларини эшитади.
Агар аэропорт қўлдан кетса, у қочолмай қолишдан хавотирда. Бу орада унинг мулклари ўз қийматини йўқотмоқда.
"Ҳеч ким машина ёки уй сотиб олишни истамайди. Одамлар ҳамма нарсасини сотиб, қочиб қолиш пайида", дейди у.
Ҳабиб биргина жон берувчи хабарни кутади:
"Биз умид ва умидсизлик орасида яшаяпмиз. Мен "Германияга келишингиз мумкин" деб ёзилган мактубни кутиб яшаяпман."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































