Афғонистон: Толибон энди маршал Дўстумнинг она шаҳрига ҳам яқинлашди O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Шибирғон Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилояти маркази бўлади, шаҳар маҳаллий ўзбекларнинг энг муҳим таянч нуқталаридан бири сифатида кўрилади.
Хабарларга кўра, толиблар дастлаб Шибирғонга Сарипулдан кириш дарвозасини эгаллашган. Аммо шаҳарнинг ўзига киришмаган.
Бу ҳақда Франс-Пресс ахборот агентлиги ҳоким муовинига таяниб, хабар берган.
Қодир Молиянинг агентликка айтишича, жорий пайтда ҳукумат кучлари толибларга қарши жанг олиб боришмоқда, ҳеч бир томоннинг қўли баланд келаётгани йўқ.
Худди шу ахборот агентлигининг Толибон сўзчиси Забиуллоҳ Мужоҳиддан иқтибос келтиришича, "толиблар Шибирғон дарвозасини олиб, шаҳарга етишган".
У "Дўстумнинг жангчилари сатҳни тарк этишгани"ни ҳам иддао қилган.
Жаузжон полицияси эса, фақат шаҳар дарвозасигача етиб келишганини тасдиқлашган.
Маҳаллий масъулларга кўра эса, бунинг ортидан афғон хавфсизлик кучлари маршал Дўстумнинг кучлари билан бирга Толибонга қарши ҳужумга ўтишган.
Жангариларни шаҳарнинг дарвозасига қадар суриб боришган.
Вазият жиддийлашиши билан, шаҳарда дўконлар ёпилиб, кўчалар деярли ҳувиллаб қолган.
Жаузжон вилоят кенгаши вакили эса, шаҳар афғон ҳукумати назорати остида экани, хавфсизлик кучлари уни ҳимоя қилишга ҳозир эканликларини айтган.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, вилоят хавфсизлик масъуллари Шибирғонга толиблар ҳужуми олди олинганини даъво қилишган.
Шаҳар хавфсизлиги таъминлангани, хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлашган.
Толибларнинг сўнгги илгарилашига Туркияда даволанишда бўлган маршал Дўстумнинг муносабати ҳам ҳозирча маълум эмас.
Ҳаракат ўзининг сўнгги ҳужумларини кучайтирган бир манзарада унинг "кутилмаганда соғлиги ёмонлашиши" ортидан Туркияга жўнаб кетгани ва у ерда даволанаётгани хабар берилган.
Ўтган ой охирида маршал Дўстумга яқин манбалар унинг Афғонистон шимолидаги вазиятни Жаузжондаги айрим маҳаллий қўмондонлар билан гаплашиб олгани, уларни Толибонга қарши бирлашиш ва ўз тарафдорларини сафарбар этишга чақирганини ҳам айтишганди.
Орада ижтимоий тармоқларда унинг соғлиги тикланаётганини акс этдирувчи суратлари ҳам бўй кўрсатган.
Дўстум Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи ва Ўзбекистон билан ҳам бевосита чегарадош шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири саналади.
Собиқ коммунист ва афғон ўзбеклари етакчиси сифатида ҳам кўрилувчи Абдулрашид Дўстум узоқ йиллар Толибонга қарши уришиб келган.
Ўша пайтда генерал бўлган Дўстумнинг кучлари АҚШ бошчилигидаги халқаро иттифоқ қўшинларининг дастаги билан 2001 йилда Афғонистонда Толибон тузумини қулатишда муҳим ўрин тутган.
Орада президентликка ўз номзодини ҳам қўйган, биринчи ўзбек вице-президент мақомигача кўтарилган, маълум муддат Афғонистон Қуролли кучларига ҳам бошчилик қилган.

Сурат манбаси, Screenshot
"Кутилмаганда соғлиги ёмонлашиб", даволаниш учун Туркияга жўнаб кетмасидан аввал ҳам маршал Дўстумнинг Афғонистон шимолидаги жангларга шахсан ўзи бошчилик қилгани кўрилган.
Бунинг ортидан, айнан Атто Муҳаммад Нур маршал Дўстумга ҳам Толибонга қарши ўз кучларини бирлаштириш таклифи билан чиққани ва у буни хуш қаршилагани ҳам маълум бўлганди.
Аммо сўнгги янгилик унинг партияси бугун, 16 июль куни пойтахт Кобулда ўтказишни режалаётган матбуот анжумани билан бир пайтга тўғри келган.
Бугунги матбуот анжумани чоғида ҳам Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ бугунги вазиятнинг муҳокама этилиши кутилмоқда.
Унда маршал Дўстумнинг ҳам сиртдан иштирок этиши билдирилган.

Сурат манбаси, AFP/ARXIV
Сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган шу йил май ойидан бошлаб Толибон ўз ҳужумларига янада зўр берган.
Бу гал айнан Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида шиддат билан илгарилашни бошлаган.
Саноқли ҳафталарнинг ўзида бу ердаги деярли барча туманларни босиб олишга муваффақ бўлган.
Миллий Исломий Уйғониш партиясининг пойтахт Кобулдаги бугунги йиғинида ҳам толиблар бунга қандай қилиб муваффақ бўлишгани сабаблари муҳокама этилиши айтилмоқда.
Энди эса, нишонини вилоят марказлари - йирик шаҳарларга қаратишга ўтган.
Шибирғонга қадар Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳрига ҳам яқинлашишга уринган.
Орада Туркманистон ва Тожикистонга қўшни қатор вилоятлари - Фарёб, Таҳор, Қундуз, Бадахшон ва Бодғизнинг марказини ҳам босиб олишга ҳаракат қилган.
Маймана, Талақон, Қундуз, Файзободни олишга уриниб кўрган, Қалъаи Навга тўғридан-тўғри ҳужум қилган.
Қалъаи Навга, ҳатто, кириб боришга ҳам муваффақ бўлган.
Аммо афғон хавфсизлик кучлари ҳар гал уларнинг бу ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлишган.
Лекин бу шаҳарларнинг барчаси ҳануз толиблар қуршовида қолаётгани айтилади.
Афғон ҳукумати мамлакатнинг йирик шаҳарлари ҳимоясига асосий эътиборни қаратиш учун ҳам чекка туманлардан ўзлари чиқиб кетаётганликларини билдирган.
Бу толибларнинг куч-қудрати натижаси эмаслигини таъкидлаганди.

Сурат манбаси, official/illyustrativsurat
Толибоннинг сўнгги ҳужумлари Қурбон Ҳайитига саноқли кунлар қолган бир пайтга тўғри келмоқда.
Сўнгги йилларда Толибон Ҳайит муносабати билан уч кунлик сулҳга кўнаётгани ҳам кўрилган.
Аммо, кеча, 16 июль куни толиблар бу гал афғон ҳукуматига уч ойлик сулҳ таклифи билан чиқишган, аммо бунинг учун қамоқхоналарида сақланаётган 10 мингга яқин жангарисини қўйиб юборишини сўрашган.
Уларнингбу таклифига расмий Кобулнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган бир манзарада дипломатик саъй-ҳаракатларини ҳам кучайтираётгандек кўринган Толибон айрим минтақа давлатлари пойтахтларида Афғонистонни "қуролли йўл билан босиб олиш истаклари йўқ"лигини ҳам даъво қилган.
Уларнинг айни мазмундаги баёнотлари Афғонистонда янги, толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукуматнинг қудратга келишига йўл очиши умид қилинаётган афғонлараро мулоқотларда етакчи сўзга эга бўлиш истаги билан ҳам изоҳланган.
Аммо Толибоннинг сўнгги ютуқлари халқаро миқёсда жиддий хавотирларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Сўнгги хорижий қўшинлар чиқиб кетиши ортидан олти ойнинг ўзидаёқ афғон ҳукумати қулаши, воқеалар даҳшатли тус олиши ва Афғонистон фуқаролар урушига юз тутиши мумкинлигига оид башоратлар ҳам янграган.
АҚШ 31 августгача Афғонистонни тарк этиб бўлишини айтмоқда, хорижий қўшинларнинг мамлакатдан буткул чиқиб кетишлари учун президент Жо Байден маъмурияти белгилаган якуний муҳлат эса, 11 сентябрлигича қолган.
Вакиллари ва тарафдорлари ўтган ҳафта ҳам маршал Дўстумнинг тез орада Афғонистонга қайтишини билдиришган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































