Спин Болдак Толибон қўлида, Афғонистон вазияти Тошкент анжумани муҳокамасида Afg'oniston Tolibon O'zbekiston

Сурат манбаси, Twitter
Асосан Афғонистондаги сўнгги вазият муҳокамасига бағишланган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар" деб номланган Тошкент халқаро конференцияси арафасида Толибон Афғонистон билан Покистон чегарасидаги муҳим чегара нуқтаси Спин Болдакни ўз назоратига олганини эълон қилди.
Афғон ҳукумати расмийлари ушбу хабарни рад этган бўлсалар-да, Интернет ижтимоий тармоқларида Толибон жангарилари Покистон чегара қўриқчилари билан гаплашаётгани видеолари тарқалди.
Кейинроқ Афғон ҳукумати Спин Болдакни Толибон қўлидан қайтариб олганини хабар қилди.
Толибон эса бу хабарни рад этди.
Спин Болдак шаҳри Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида, чегаранинг нариги тарафида Покистоннинг Чаман шаҳри жойлашган ва ушбу чегара пости икки мамлакатни бир-бирига боғлайдиган иккинчи энг гавжум чегарадан ўтиш нуқтаси ҳисобланади.
Сўнгги вазиятни кузатаётганлар Толибоннинг охирги ҳафталарда шиддат билан илгарилаб, Афғон ҳукумат қўшинлари қўлидан Тожикистон, Эрон ва Туркманистонга ўтиш нуқталарини тортиб олганларига эътибор қаратадилар.
Спин Болдак Толибоннинг сўнгги энг муҳим стратегик ғалабаси сифатида кўрилмоқда.
Толибоннинг Афғонистонда кўплаб ҳудудларни ўз назоратига олиши АҚШ Президенти Жо Байденнинг 11 сентябргача Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш қарори ортидан кузатилмоқда.
Америка раҳбариятининг ушбу қарори ортидан Афғонистондаги хорижий ҳарбий кучларга хизмат қилган таржимонлар, ҳайдовчилар ёки бошқа соҳа мутахассисларининг ҳаёти хавф остига олиши хавотирлари пайдо бўлган.
Бу хавотирлар ортидан Оқ Уй "Иттифоқчиларга бошпана" деб номланган операция бошлашини эълон қилди.
Хорижликлар учун ишлаган афғонистонлик таржимонларни эвакуация қилиш амалиёти июль ойининг охирги ҳафтасидан бошланиши хабар қилинди.
Номаълум қолиш шарти билан Рейтер ахборот агентлигига гапирган америкалик мулозим сўзларига кўра, 2500 тача Афғон ватанидан олиб чиқиб кетилади.
Толибон Афғонистондан хорижий қўшинлар олиб чиқиб кетилишига келишган, бунинг эвазига мамлакатда экстремист кучлар яна паноҳ топишига йўл қўймасликка рози бўлган.
Аммо Толибон Афғон ҳукумат кучларига қарши жангларини тўхтатишга рози бўлмаган.
Аксар кузатувчилар фикрича, узоқ йиллар давомида Афғон ҳукумати билан музокарага рози бўлмаган Толибон ҳозир ҳукумат билан музокаралар олиб бормоқда, сўнгги ҳарбий ғалабаларидан кўзланган мақсад, музокараларда қўли баланд бўлиб, ўз шартини ўтказишга эришишдир.
Толибоннинг сўнги шарти бунга мисол бўлиши мумкин. Ҳаракат Афғон ҳукумат қамоқхоналарида сақланаётган ўз жангариларини озод қилиш эвазига ўт очишни тўхтатиши мумкинлиги ҳақида эълон қилди.

Сурат манбаси, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Телеграм канали
Афғонистондаги вазиятни хавотир билан кузатиб турганлар томонларни қон тўкилишини тўхтатишга чақириқлар билан чиқмоқдалар, шундай чақириқлардан бири Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан бўлди.
ШҲТга аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари Тожикистон пойтахти Душанбеда учрашганлар, ташкилотнинг Афғонистон бўйича қўшма баёноти эълон қилинди.
Унда Афғонистонда "куч ва мамлакатни беқарорлаштириши мумкин бўлган амалларни қўллашдан тийилишга чақирилади".
ШҲТ НАТОдан кейинги иккинчи йирик халқаро ташкилот ҳисобланади, унинг саккиз аъзо давлати, тўрт кузатувчи давлати ва диалог бўйича шериги деб аталадиган олти мамлакати бор.
Афғонистон кузатувчи мамлакат ҳисобланади.
15-16 июлга мўлжалланган Тошкент анжумани Ўзбекистонда охирги уч йилда ташкил этилган Афғонистонга бағишланган учинчи халқаро конференция бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган конференцияда Афғонистон ва Покистон президентлари, шунингдек, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррел, 20 дан ортиқ мамлакатнинг ташқи ишлар вазирлари, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари иштирок этиши, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг иштирокчиларга видеомурожаат билан чиқиши хабар қилинди.
Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортишини хабар қилишди Ўзбекистон расмийлари.
Тошкентда Покистон Бош вазири Имрон Хонни расмий кутиб олиш маросими бўлгани ҳақида хабар тарқатди Ўзбекистон Президентининг Телеграм канали.
Расмий хабарларда Толибон вакилларининг Тошкент конференциясида қатнашиши айтилгани йўқ.
Бироқ охирги вақтларда Толибон ўзининг дипломатик мулоқотларини ҳам фаоллаштирган, вакиллари Теҳрон, Москва ва Ашхободда бўлиб қайтгани хабар берилган.
Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.
Ҳаракат сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати сўнгги тўрт йил ичида икки бор амалий ташриф билан Ўзбекистонда ҳам бўлиб қайтган.
Ўзбекистон афғонлараро мулоқотларни ҳам дастаклаб келади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


































