You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Тожикистон мингдан ошиқ афғонга бошпана берди, Россия ўз ҳарбий базасини ишга солиши мумкин ва КХШТ тезкор гуруҳи Душанбега етиб келди O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar
Тожикистон афғонистонлик қочқинларни қабул қилиб олган биринчи Марказий Осиё давлати бўлди. Россия эса, ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилишини айтди.
Хабарларга кўра, Тожикистон мингдан ошиқ афғонистонликка бошпана берган.
Уларни ўзининг Афғонистонга бевосита чегарадош Тоғли Бадахшон автоном ўлкасига жойлаштирган.
Афғонистонлик қочқинлар аксариятининг хотин-қиз, болалар ва кексалардан иборат экани айтилмоқда.
Бу ҳақда Тожикистондаги етакчи Asia-Plus интернет нашри хабар берган.
Маълум бўлишича, улар Тожикистонга Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидан қочиб ўтишган.
Бадахшон ва Тоғли Бадахшон
Тожикистонга бевосита чегарадош Бадахшон жорий пайтда Афғонистоннинг барча туманлари толиблар қўлига ўтган шимолий-шарқий иккита вилоятидан биттаси бўлади.
Бадахшон шу кунларда толибларнинг шиддатли ҳужумларига саҳна бўлган.
Бу ҳужумлар чоғида жангарилар туманнинг сўнгги тўққиз туманини ҳам босиб олишган.
Бунинг ортидан, вилоят маркази Файзобод шаҳрини ҳам олишга уринишгани, аммо муваффақ бўлишмагани айтилган.
Мингдан ошиқ афғонистонликнинг Бадахшондан Тожикистонга аниқ қачон, қандай қилиб ва нега қочиб ўтишгани тафсилотлари маълум эмас.
Asia-Plus хабарида бунга ойдинлик киритилмаган.
Муваққат бошпана
Аммо нашрнинг маҳаллий масъулларга таяниб ёзишича, қочқинларнинг барчаси ҳозир хавфсиз ерларга жойлаштирилган.
Масъуллар хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг аниқ манзилларини очиқлашмаган.
Бунгача Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги жанглардан қочиб, оддий фуқароларнинг мамлакатга қўшни бирор бир Марказий Осиё давлати чегарасини ноқонуний кесиб ўтишгани кўрилмаган.
Сўнгги ҳафталарда Афғонистондан Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтганларнинг фақат афғон ҳарбийлари ва улар билан бир сафда жанг қилаётган маҳаллий қуроллилар экани айтилган.
Ўзбекистон улар барчасини буткул ортга қайтганини расман маълум қилган.
Афғонистонлик расмийлар, катта эҳтимол билан Тожикистонга ўтганларини назарда тутиб, ҳануз бу хусусда иш олиб бораётганликларини билдиришган.
Бадахшон автоном ўлкаси раҳбарининг Asia-Plus интернет нашрига айтишича, афғонистонлик қочқинларга бошпана беришгани учун ноҳукумат ташкилотлари Тожикистонга аллақачон ўз миннатдорчиликларини ҳам изҳор этишган.
Қочқинларни минтақадаги кескин бир шароит, иқтисодий муаммолар ва ковиднинг иккинчи тўлқини хавфи остида қабул қилишга қарор қилганига алоҳида тўхталиб ўтишган.
Буни "Тожикистоннинг инсоният олдидаги масъулиятни олий даражада ҳис этиши"га қиёс беришган.
Маҳаллий масъуллар мингдан ошиқ афғон қочқинларини озиқ-овқат, бошпана ва дори-дармон билан таъминлаш учун барча давлат идоралари, тараққиёт бўйича ҳамкорлари ва аҳоли билан бирга иш олиб бораётганликларини айтишган.
Мингдан ошиқ тинч фуқаросининг Тожикистон томонига қочиб ўтгани ва у ерда вақтинчалик ерлашганига оид хабарга ҳозирча Афғонистон томонининг расмий муносабати маълум эмас.
Тожикистон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги жанглар манзарасида ўзларининг 10 мингтагача қочқинни қабул қилишларини айтган.
Аммо Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан 5 июль кунги телефон мулоқоти чоғида ўзининг давлат чегараси ҳимоясини кучайтириш масаласини муҳокама этиб олгани расман хабар берилган.
Бунинг ортидан Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасига заҳирадан яна 20 минг аскарини ташлаши маълум бўлганди.
Сўнгги вазият
Толиблар сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош вилоятлари туманларининг деярли барчасини қўлга киритишган ва уларни ҳануз ўз назоратлари остида ушлаб туришибди.
Бу эса, Россия ва унинг шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг жиддий хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Куни-кеча Россия президенти телефон орқали мавжуд вазиятни Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари билан муҳокама этиб ҳам олган.
Россия президенти Эмомали Раҳмон билан мулоқоти чоғида Афғонистондаги кескинлашаётган вазият манзарасида Тожикистонга ҳам икки томонлама ва ҳам КХШТ доирасида кўмак беришга тайёр эканликларини айтган.
Путиннинг худди ана шу ваъдасидан саноқли кунлар ўтиб, Россия Ташқи ишлар вазири ўз иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун Тожикистондаги ҳарбий базаси имкониятларини ишга солишга тайёр эканини баён қилган.
Россиянинг Новости ахборот агентлиги хабар беришича, Сергей Лавров бу ҳақда Лаосда берган матбуот анжумани чоғида тўхталиб ўтган.
Тожикистондагиси Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси бўлади.
201-ўқчи дивизия таркибидаги россиялик ҳарбийлар сонининг ўзи камида 3 мингдан 6 минг нафаргача экани тахмин этилади.
Базанинг ўқчи, артиллерия, разведка, зенит-ракета ва яна бошқа бўлинмалардан ташкил топгани айтилади.
Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси Душанбе ва Бохтарда жойлашган.
Россия ундан 2042 йилгача фойдаланиш ҳуқуқига эга саналади.
Янги ваъда ва янги ташрифлар
Россия Ташқи ишлар вазири Лаосдаги матбуот анжумани чоғида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида зиммаларига олган масъулиятлари ҳам "тўлиқ кучда" эканини билдирган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг раиси эса, жорий пайтда айнан Тожикистон бўлади.
Хабарларга кўра, Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги вазиятни кузатиш учун ташкилот Бирлашган штаби раҳбари генерал-полковник Анатолий Сидоровнинг ўзи оператив гуруҳ билан бирга пойтахт Душанбега етиб келган.
Бу ҳақда кеча, 6 июль куни Россиянинг нуфузли "Известия" нашри журналистлар билан матбуот анжумани тафсилотларига таяниб хабар берган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тезкор кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.
Тожикистон яқинда мазкур ташкилот Парламент Асссамблеяси Кенгашининг йиғинига ҳам мезбонлик қилган.
Президент Эмомали Раҳмон ташкилот Бош котибини шахсан қабул қилган, бу учрашув чоғида ҳам томонлар Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлаш зарурлиги борасида бир тўхтамга келишгани расман хабар берилган.
Аммо расмий Кремль бундан аввал Афғонистон билан чегарадаги вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани боис, Тожикистонга Россия ҳарбийларининг киритилиши эҳтимолини назардан соқит этган, бу масала ҳалича кун тартибига чиқмаганини билдирган.
Минтақада Қуролли кучлари энг жанговари айтилувчи Ўзбекистон эса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кирмайди, аъзоси эмас.
Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош минтақаларида деярли барча туманлар назоратини ўз қўлига олган толиблар эса, Бодғиз вилояти маркази Қалъаи Нав мисолида сўнгги ҳафталарда илк бир мамлакатдаги бир йирик шаҳар марказига кириб борган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek