Коронавирус: Тожикистоннинг COVID-19 қарши кураши оғирроқ кечмоқдами?
24 соат ичида 84 кишида вирус топилган. Бу расмий маълумот. Шу муддат орасида 4 киши қурбон бўлган.
7-майда берилган маълумотларга кўра Тожикистонда янги вирусга чалинганлар сони жами 461 нафарга етган.
COVID-19 билан оғриган 12 нафар бемор вафот этган. Бу ҳақда Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси вазирлиги хабар берган. Айни бир пайтда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон фармони билан мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси вазири ишдан олинган.
Расмий хабарларга таяниладиган бўлса, бир кунда 86 нафар кишида коронавирус аниқланган. Бу борада энг катта ўсиш икки кун аввал қайд қилинган эди. Шу куни 102 кишининг коронавирусга чалинганлиги аниқланганди.
82 новых случая заражения COVID-19 🦠 и 4 человека умерло за минувшие сутки. Всего в Таджикистане 461 официально инфицированный, 12 жертв. (Данные Минздрава Таджикистана)

Тожикистонда янги коронавирусга чалиниш 29-апрелда аниқланиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) махсус гуруҳининг мамлакатга сафари арафасида расман оммалаштирилганди. Ўша куни Душанбе шаҳри ва Суғд вилоятида 15 кишининг COVID-19 га гирифтор бўлганлиги маълум этилганди. Беш кун орасида бу рақамнинг деярли беш бараварга ошиши Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони тез суръатда кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Ҳозирда фақат Душанбе ва Суғд вилоятида эмас, балки Хатлон, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва республика бўйсунишидаги туманларда ҳам коронавирус мавжудлиги аниқланган. COVID-19 га чалинганлар кўпроқ мамлакат пойтахти ҳиссасига тўғри келмоқда.
Расмий маълумотларга кўра ҳозирда мамлакат беморхоналарида 3200 нафардан ортиқ киши коронавирус аломатлари боис карантинга ётқизилган. Кейинги бир кунда уларнинг 230 нафарига яқинига COVID-19 йўқлиги учун жавоб берилган.
Сабаб коронавирус олдини олмасликми ё яширишми?
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси вазири Олимзода Насим Хожа ўз вазифасидан олинар экан, унинг четлатилиши сабаби очиқланмаган. Фақат бу бошқа ишга ўтказилиши муносабати билан эканлиги изоҳланган.
Таҳлилчиларга кўра, ишдан олиниш сабаби мамлакатда коронавирус олдини олиш ва унга қарши курашишга боғлиқ бўлиши мумкин. Олдинроқ эндиликда собиқ вазир Тожикистонда коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилгани, шунинг учун уч ойгача, 29-апрелгача мамлакатда биронта ҳам одам COVID-19га чалинмаганлигини иддао қилиб чиққанди.
Лекин айрим фаоллар, журналистлар, жумладан, Тожикистон сосиал-демократик партияси етакчиси Раҳматулло Зоиров мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳоллари мавжудлиги, аммо расмийлар уни яшираётганликларини иддао қилиб чиқишганди. Журналистлар кўпгина марҳумларнинг зотилжамдан ўлди деб эълон қилинишига шубҳа билдиришганди. Шубҳаларини эса, ўликлар тобут очилмай, тиббиёт ходимлари иштирокида кўмиб юборилгани билан изоҳлашганди. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси вазирлиги эса, бу иддаоларнинг буткул асоссиз эканлигини айтиб, зотилжамдан вафот этиш ҳоллари олдинги йиллар ҳам кўп бўлганлигини исботлашга ҳаракат қилганди.
Айни бир пайтда Тожикистонда коронавирус ҳоллари яширилганини айтиб чиққан Раҳматилло Зоировнинг ўзи ҳам COVID-19 юқтирган. У ижтимоий тармоқларда саккиз кундан буён коронавирус билан оғриётганини айтар экан, дўстларидан уйига хабар олиш учун келмасликларини сўраган. Бундан олдинроқ Тожикистон Демократик партияси етакчиси, мамлакат парламенти депутати Саиджаъфар Усмонзода коронавирус орттириб олганлиги, Душанбедаги беморхоналардан бирида даволанаётганини айтганди. У мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони расмий маълумотларга қараганда анча кўплигини айтар экан, ўзининг атрофида бундай беморлар оз эмаслигини мисол қилиб келтирганди.
3 минг кишилик беморхона ва "ихтиёрий-мажбурий" издошлик

Ижтимоий тармоқларда иссиғи чиққан, коронавирус аломатлари сезилган беморларни шифохоналарга қабул қилмаслик, беморхоналарнинг етишмаётганлиги борасида ёзғириш ҳолатлари кўпаймоқда. Расмийлар коронавирус аломатлари билан даволанишга ётқизилган кишиларнинг оила аъзолари, қариндошлари, улар билан муомалада бўлган кишиларнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан карантинга олиниши даволаш койкалари етишмаслигига олиб келганлигини айтишмоқда. Таҳлилчилар эса, беморхоналарнинг етишмаслигини мамлакатда коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш чоралари етарли даражада кўрилмаганлиги билан боғлашмоқда.
Душанбе шаҳри Раиси Рустам Эмомали пойтахтда 3 минг ўринли шифохона барпо этиш ташаббуси билан чиқар экан, унинг қурилишини тезлаштиришни, саккиз қаватли барча замонавий қулайликларга эга бинони бир ойда қуриб битказишни тайинлади.
Суғд вилояти Раиси Ражабой Аҳмадзода эса, масъул шахсларга санаторий-осойишгоҳларни коронавирус ва зотилжамдан даволаниб чиққан беморларнинг саломатликларини тиклаш учун тайёрлаш топшириғини берди. Бу борада коронавирус тарқалиши олдини олиш ва унга қарши кураш вилоят штабида қарор қилинди. Лекин қайси осойишгоҳларни тайёрлаш очиқланмаган. Вилоятда «Баҳористон», «Зумрад», «Шифо» каби машҳур санаторийлар мавжуд. Бир ҳафта олдин «Баҳористон»да дам олувчиларга жавоб берилиб, янгилари қабул қилинмаётгани борасида хабар тарқалганди.
Айни бир пайтда Ражаббой Аҳмадзода Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг ташаббусига издошлик қилиб, коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш учун ўзининг бир ойлик маошини ажратган. Мамлакатдаги бошқа вилоятлар, шаҳар ва туманлар раҳбарлари ҳам бирин-кетин маошларини ажратишга киришганлар.
Тожикистон Парламентининг қуйи палатаси раиси Маҳмадтоир Зокирзода ҳам маблағ тўплаш жамғармасига бир ойлик маошини ўтказган.
Давлат «Омонатбанк» раҳбари Сирожиддин Икромий эса, Тожикистондаги барча банклар ходимларини COVID-19 билан курашаётган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўз маошларидан пул ўтказишга чақирган.
Саноат ва янги технологиялар вазирлиги ҳам республика саноатчиларини ўз имкониятларига қараб COVID-19 га қарши кураш учун пул ўтказишга даъват этган.
Маҳаллий кузатувчилар жамғармага маблағ тўплаш иши кўнгилли равишдан «ихтиёрий-мажбурий» тусга ўтиб кетишидан хавотирлик билдиришган. Улар агар шундай усул қўлланилса, бюджет ҳисобидан маош олувчи кишилар, айниқса, ўқитувчилар қийналиб қолишлари мумкинлигини айтишган. Бу тоифадаги кишилардан кўпчилигининг маоши кейинги ойгача етиб-етмаслиги иддао қилинган.
Ёпиқ ва очиқ бозорлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Мамлакатда кийим-кечак, маиший техника ва бошқа моллар билан савдо қилинадиган бозорларнинг ёпилиши ортидан кўпчилик дўконлар эгалари, айниқса, уларнинг ёлланма сотувчилари агар бу ҳолат узоқ давом этса, ҳадемай, кам таъминланган оилалар ҳолига тушиб қолишларидан хавотирлик билдиришмоқда. Душанбедаги машҳур «Карвон», Хўжанд яқинидаги «Сомон» каби бозорларнинг ёпилиши маълум муддатда дезинфекция ишларини амалга ошириш билан изоҳланган.
Лекин озиқ-овқат, мева-сабзавот билан савдо қилинадиган бозорлар, дўконлар мунтазам ишламоқда. Хўжанддаги «Афғонбозор» номи билан машҳур турли моллар сотиладиган бозор эшиклари эса очиқ. Лекин унга киравериш жойларида махсус эшик ўрнатилиб, бозорга келганларнинг иссиғи махсус ҳимоя кийимидаги кишилар томонидан ўлчанади, кафтларига антисептик сепилгач, киришга ижозат берилади. Гарчи бу бозорда озиқ-овқатдан ташқари бошқа моллар билан савдо қилиш давом этаётгани бўлса-да, кўплаб дўконлар ёпиқ. Харидорлар билан масофада туриб савдо қилаётган қандолат маҳсулотлари сотаётган йигит қўшниларининг ишламаётганликлари сабабини уларнинг ўз соғликларидан хавотирликлари билан изоҳлади.
Хўжанд кўчаларида эса, биринчи марта хлор билан савдо қилиш бошланди.
Мамлакатдаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти давом этмоқда, қурилиш ишлари тўхтагани йўқ.
«Мен ёғ ишлаб чиқариладиган завод қурилишида ишлайман. Бизда иш тўхтагани йўқ. Фақат қурилиш майдонига киришда дориланган махсус йўлакдан ўтамиз. Кейин иссиғимизни ўлчаб, агар меъёрида бўлса, қўлимизга антисептик сепишади. Ичкарида эса, ниқоб билан ишлаш шарт. Ҳаммамиз ҳам хурсандмиз. Чунки карантин деб, ишни тўхтатишса, тирикчилик нима бўлади», деди Ғафуров шаҳарчасидаги қурилишлардан бирида ишлаётган йигит.
Халқ карантини

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Мактаблардаги таътил 16-августгача узайтирилиб, кўчага, жамоатчилик жойларига тиббий ниқобсиз чиқиш тақиқлангач, одамлар орасидаги масофа камида бир ярим метр бўлиши қайта-қайта такрорланиши ортидан фақат катта шаҳарлар эмас, балки уларга ёндош қишлоқларда ҳам ниқобсиз одамлар учрамайди. Кўпчилик агар зарур иши бўлмаса, уйда ўтиришни маъқул кўрмоқда. Масалан, Хўжанднинг чеккароқ маҳаллаларидаги кўчалар деярли кимсасиз бўлиб қолган.
Жабббор Расулов туманидаги Зарафшон қишлоғида яшаган маориф ходими Ҳожимуҳаммад Тошев ва шу тумандаги яна бир неча киши зотилжам туфайли вафот этгач, Зарафшон ва Тожикобод қишлоқлари аҳолиси халқ карантини эълон қилишган. Бу қишлоқларга кирадиган ҳар бир машина, ҳар бир киши текширилиб, сўнг киришга ижозат берилади. «Улар тўғри қилишган экан. Саломатлик энг қиммат бойлик-ку», деди Хўжанднинг 12-микроноҳиясида яшайдиган Ҳабибулло исмли эллик ёшлардаги киши.
Ими-жимида тупроққа топшириш

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Расмий маълумотларга кўра Тожикистонда коронавирусдан вафот этганлар сони беш нафарга етган. «Агар бу рақамни, масалан, қўшни Ўзбекистондаги ўлим ҳоллари билан солиштирадиган бўлсак, анча ташвишлидир. Тўғри, Тожикистондаги кўрсаткич қўшни давлат билан солиштирилганда, икки баравар кам. Лекин бу фақат беш кун орасидаги маълумот», дейди маҳаллий таҳлилчилардан бири.
«Билмадим, бу беш нафар орасида бизнинг ҳамқишлоғимиз ҳам борми-йўқми?», дейди Хўжанд яқинидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган ўзини Шариф деб таништирган киши. Унинг айтишича, 60 ёшдан ўтган ҳамқишлоғи Хўжанддаги беморхоналардан бирида карантинда ётиб, вафот этибди. Уни фақат беш-олти нафар яқин қариндоши, жаноза ўқиган мулла ва тиббиёт ходимлари иштирокида тупроққа топширишибди. Марҳумни қабрга қўйган укаси ва жияни махсус кийимларда лаҳатга тушишибди.
Унинг зотилжамданми, коронавирусданми, ўлганини айтишмабди, лекин одатдагидек жаноза, хонадонида фотиҳа ўқилмагани одамлар орасида турли миш-мишларга сабаб бўлди, деди Шариф.
Ижтимоий тармоқлар ва айрим ахборот агентликлари томонидан тарқалаётган хабарларда ҳам бу каби тупроққа топширишлар ҳақида ёзилмоқда.
Уч томон хулосаси
Тожикистонда коронавирусга чалиниш тан олинган ва уни юқтирганлар сони тез ортиб бораётган шароитда мамлакат Бош вазири, COVID-19 олдини олиш ва унга қарши кураш республика штаби бошлиғи Қоҳир Расулзода ЖССТ вакиллари ва Бирлашган Миллатлар ташкилотининг республикадаги идораси раҳбари билан учрашган. Учрашув давомида Тожикистонда коронавирус олдини олиш учун ишлатиладиган усуллар ва имкониятлар муҳокама этилган.
Қоҳир Расулзода БМТ идораси раҳбари ва ЖССТ вакилларини Тожикистонда коронавирус олдини олиш учун халқаро ташкилотларнинг амалий ёрдам бериш учун тортишга кўмак беришларини сўраган.
Томонлар Тожикистонда COVID-19 га қарши курашда барча чоралар қўлланилаётганига қарамай, бу юқумли касаллик билан оғриётганлар сони кун сайин кўпаяётир деган хулосага келишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























