You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Коронавирус: Тожикистонда коронавирусдан дастлабки ўлим ҳолатлари расман тан олинди
Тожикистонда 2 киши коронавирусдан вафот этган. COVID-19 юқтиргани аниқланган кишилар сони эса, 76 нафарга етган. Бу ҳақда Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳоли ижтимоий ҳимояси вазирлигига таянган ҳолда мамлакат ҳукумат телевидениесининг кечки кўрсатувида хабар берилган.
Лекин беморларнинг коронавирусни қачон, қаерда, қандай юқтирганликлари очиқланмаган. Айни шу кўрсатувда ҳозирда коронавирус аломатлари билан шифохоналарда ётган кишиларнинг 2782 нафар эканлиги, бир кунда 217 нафар кишида бу касаллик йўқлиги аниқланиб, уйига жавоб берилгани айтилган.
COVID-19 уч кунда беш баравар кўпайган
Тожикистонда коронавирусга чалиниш ҳоллари биринчи марта 30-апрелда расмий равишда эълон қилинган. Шу куни 29-апрелда мамлакатда 15 киши коронавирусга чалингани айтилган. Шундан кейин рақамлар тезда ўса бора бошлаган. 1-майга кўра COVID-19 билан оғриётганлар 32 нафарга етган. Биринчи куни коронавирус Душанбе шаҳри ва Суғд вилоятида аниқлангани айтилган бўлса, бу куни мамлакатнинг республика бўйсунишидаги туманларида ҳам коронавирусга чалинганлар борлиги маълум этилган.
2-майга келиб янги коронавирусга чалинганлар сони бир кун олдингидан икки ярим баравар кўпайиб, 76 тага етган.
Кузатувчилар Тожикистонда расмийлар томонидан эълон қилинаётган коронавирусга чалинишга оид рақамларнинг кескин ўсиб боришини мамлакатга Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) махсус гуруҳи келиши билан боғлашмоқда.
Бунгача Тожикистон беморхоналарида карантинда бўлиб, вафот этган кишиларнинг ўлим сабаблари кўпроқ зотилжам, айрим ҳолларда юрак касаллиги ё туберкулёз туфайли деб изоҳланган. Лекин вафот этганлардан айримларининг жасади тобут очилмасдан эгаларига кўрсатилиб, тиббиёт ходимлари томонидан кўмиб юборилиши шубҳалар уйғонишига сабаб бўлган.
Тожикистон Сосиал-демократик партияси раҳбари Раҳматулло Зоиров ортидан мамлакатдаги бошқа бир - Тожикистон Демократик партияси етакчиси Саиджаъфар Усмонзода ҳам коронавирусга чалинишнинг ҳақиқий ҳолати яширилаётганини айтган. Унинг ўзи ҳозир шифохонада ётганини, коронавирусга чалинганини, атрофида эса бундай касаллар оз эмаслигини айтиб, COVID-19 билан оғриётганлар аслида кўп бўлиши мумкинлигини айтган. Мамлакат Парламентининг қуйи палатаси депутати бўлган Саиджаъфар Усмонзода айни бир пайтда коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш республика штабига ишончсизлик билдирган. Бу штабни бошқаришни мамлакат хавфсизлик хизмати ихтиёрига бериб, Тожикистонда карантин, ҳатто ҳарбий ҳолат эълон қилиш таклифини илгари сурган.
Президент ўз маошини ажратди
Кутилмаганда Мамлакат Миллий банки сайтида Тожикистонда зотилжам билан оғриш ва ўлим ҳолларига оид маълумотлар пайдо бўлган. Унга кўра жорий йилнинг ўтган тўрт ойида бултурги йилнинг айни шу даврига қараганда зотилжам билан оғриган кишилар 850 нафарга, бу касалдан ўлганлар сони эса, 42 та кўпайган. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги маълумотларига кўра эса, ўтган йилнинг уч ойида 5192 нафар киши зотилжам билан оғриган бўлса, бу йил 5023 касалланган, яъни бу касаллик 169 тага камайган.
Миллий банк сайтидаги бу маълумотлар тезда олиб ташланган. Лекин COVID-19 пандемияси шароитида ички инфляцияни камайтириш, жаҳонда коронавируснинг тарқалиши, унинг иқтисодга манфий таъсири борасидаги жумлалар қолдирилган.
Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев журналистларнинг коронавирус вазиятига оид ҳар куни брифинг ўтказиш борасидаги таклиф расмийлар томонидан рад этилганини айтган.
Мамлакатда коронавируснинг авж олаётгани шароитида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон вилоятлар раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатлашган. У COVID-19 нинг тарқалиши олдини олиш учун курашни кучайтиришни тайинлаган. Шунингдек, у Душанбе атрофидаги туманлар раҳбарларининг COVID-19 тарқалиши олдини олиш борасидаги ҳисоботларини эшитган.
Тожикистон Президенти коронавирусга қарши тадбирлар ўтказиш шароитида аҳолининг одатдаги ҳаётини таъминлашни таъкидлаган. У озиқ-овқат бозорларини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлдиришни тайинлаган.
Айни бир пайтда Эмомали Раҳмон Президентнинг захира фондидан уч ой давомида тиббиёт ходимларига қўшимча ҳақ бериш учун 12, 4 миллион сомоний (1,4 миллион АҚШ доллари) ажратган. Бундан ташқари, Тожикистон Президенти ўзининг бир ойлик маошини республикада пандемия олдини олиш учун беришга қарор қилган.
Президентдан сўнг мамлакат Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ва вазирликнинг бошқа раҳбарлари ойлик маошларидан ярмини COVID-19 пандемияси олдини олиш учун ажратишган.
Айни бир пайтда тадбиркорлар, фаоллар коронавирусга қарши курашга қўшилишган.
- Мен ўн тўрт кун давомида ўзим ишлайдиган қишлоқ беморхонасида карантинда бўлдим. Қариндошларимиз, синфдошларимни айтмайман, ҳар куни мен танимаган тадбиркорлар бизга озиқ-овқат олиб келиб, ҳолимиздан хабар олиб туришди, — деди Жаббор Расулов туманидаги Ғўлакандоз қишлоғи беморхонасида ишлайдиган тиббиёт ҳамшираси.
- Коронавирус: Тожикистон: Хавотир кучаймоқда, эҳтиёт чоралари кучайтирилмоқда
- Коронавирус, Тожикистон: Президент коронавирус пандемияси тарқалиши хавфига жиддий эътибор беришга чақирди
- Коронавирус: Тожикистон мамлакатда коронавирусга чалинганлар борлигини расман тан олди, минтақа ва Ўзбекистон янгиликлари
Хўжандлик фаол аёл Зебинисо Солиева ташаббуси билан тиббиёт ходимларига махсус ҳимоя кийимлари ва бошқа зарур муҳофаза воситалари сотиб олиш учун маблағ тўплана бошланди. Зебинисо Солиева бошчилик қилаётган фуқаролик штаби икки кун орасидаёқ учта беморхона ва битта поликлиникага ёрдам кўрсатган. Унинг айтишича, фақат маҳаллий аҳоли эмас, балки Россияда ишлаётган тожикистонлик муҳожирлар ва чет элларда ўқиётган талабалар ҳам маблағ юборишмоқда.
- Шифокорларимиз бизнинг ҳаётимиз учун курашишмоқда. Биз, давлат ташкилотлари, фуқаролар ва Оммавий ахборот воситалари биргаликда уларни қўллаб-қувватлашимиз зарур, — деган Зебинисо Солиева.
Айни бир пайтда айни ҳимоя воситалари етишмаслиги боис шифокорлар орасида касаллик юқтириш ҳолатлари кўпаймоқда. Биргина Душанбедаги тиббиёт марказида 100 нафардан ортиқ тиббиёт ходимининг зотилжам билан оғриганлиги расман хабар қилинган.
ЖССТ эса коронавирусни аниқлаш ва унга қарши кураш учун Тожикистонга ёрдам бериш тадбирларини кучайтиришга воситачилик қилмоқда. Жумладан, ЖССТ ёрдами билан Россиядан Тожикистонга 23 мингта тест тизими олиб келинди.
"Карантин бўлса, ҳолимиз не кечади?"
Тожикистонда янги коронавирусга чалиниб бориш ҳоллари кўпайиб бораётгани ҳоллари расман эълон этилар экан, мамлакат Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли апрел ойи охирларигача COVID-19 билан оғриш ҳоллари бўлмаганини иддао этган. Кеча-ю кундуз назорат, ташхис қўйиш ва табобат туфайли уч давомида янги коронавирус юқишига йўл қўйилмади, дея баёнот берган вазирлик. Вазирликка кўра ҳозирда пандемияга қарши кураш чоралари янада кучайтирилган. Душанбе, Хўжанд, Бохтар, Турсунзода ва мамлакатнинг бошқа шаҳарлари, туманлар марказларидаги одам гавжум бўладиган жойлар дезинфекция қилинмоқда, аҳоли орасида тушунтириш ишлари авж олдирилган.
Мамлакатда мактаб ва боғчалар ёпилгач, олий таълим муассасаларида ҳам дарслар тўхтатилган. Фақат битирувчи курслар 15-майгача шошилинч имтиҳон топширишади. Озиқ-овқат бозорларидан ташқари бошқа бозорлар - жумладан, кийим-кечак, қурилиш ашёлари билан савдо қилинадиган бозорлар ёпилган. Кўчаларда одамлар сийраклашган.
Лекин ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти давом этмоқда. Тожикистон иқтисодий тараққиёт вазирининг муовини Ашурбой Солеҳзода бу борада сўзлай туриб, мамлакат ҳудудида умумий карантин эълон қилишга ҳожат йўқлигини айтган. У коронавирус муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилиш иқтисоди ривожланган мамлакатларда ҳам манфий оқибатлар олиб келганини мисол қилиб келтирган. Агар Тожикистонда карантин эълон қилинса, ишлаб чиқариш тўхтаб қолганда, аҳолини бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари, жумладан, нон, ун, гурунч билан таъминлаш қийинлашишини таъкидлаган. Солеҳзоданинг айтишича, бунинг устига кўпчилик иш жойини йўқотади ва уларнинг ҳаммасига ижтимоий ёрдам бериш имконияти йўқ.
У ҳар бир мамлакат ўз шароитидан келиб чиқиб иш тутишини айтар экан, бунга карантин ё фавқулодда ҳолат эълон қилинмаган Швеция ва Беларусни мисол қилиб келтиради.
- Мен Хўжанддан Конибодомга, Конибодомдан Хўжандга йўловчи ташийман. Талабаларга жавоб бериб юборилгандан кейин, шундоқ ҳам оз йўловчилар янада камайиб кетди. Агар карантин эълон қилинса, ҳолимиз не кечади? Уйда ўтирсак, рўзғоримни қандай таъминлашни ўйлаб, бошим қотмоқда. Менга ўхшаганлар ўн- ўн бешта бўлса экан. Юзлаб эркаклар карантинда қандай оила боқишади, билмайман, — дейди конибодомлик киракашлик билан шуғулланадиган уч боланинг отаси.
Беморхонадаги уч кундан кейинги ўлим
Гарчи Тожикистонда 2 кишининг коронавирусдан вафот этгани расман эълон қилинган бўлса-да, уларнинг кимликлари очиқланмаган. Ахборот агентликларидан бирининг ёзишича улардан бири Тожикистон Санъат олий ўқув юртининг ўқитувчиси, мамлакатда кўплаб санъаткорларга устоз бўлган киши бўлган.
Айни бир пайтда ижтимоий тармоқларда Тожикистонда таниқли кишиларнинг зотилжамдан вафот этаётганини ёзишмоқда. Жумладан, самбо кураши бўйича Осиё чемпиони Илҳом Сарабеков 29 апрелдан 30 апрелга ўтар кечаси Душанбедаги "Истиқлол" беморхонасида вафот этган. 44 ёшли спортчига зотилжам билан оғриганлик ташхиси қўйилган. Унинг беморхонада бор-йўғи уч кун даволангани борасида ёзишмоқда.
Хўжандда эса, саксон ёшдан ошган машҳур ижодкор, Тожикистон Халқ ёзувчиси Муҳиддин Хожазод ўғли билан карантинга олинган беморхонада даволанар экан, унинг турмуш ўртоғи вафот этган. Хожазод каби марҳумага ҳам зотилжам билан оғриганлик ташхиси қўйилган. Унинг қизи ҳам пневмония билан оғриганлиги маълум қилинган.
Душанбеда эса, Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган икки нафар милиция генерали беморхонага зотилжам аломати билан ётқизилган.
Ижтимоий тармоқларда эса, янги коронавирус кўламлари яширилаётганидан норозилик туйғулари остидаги чиқишлар кўпаймоқда. Ижтимоий тармоқ фойдалувчиларидан бири ўзи олган видеода Хўжанд яқинидаги Шайхбурхон қишлоғидаги беморхонада янги келтирилган касалларни қабул қилишмаётганидан ёзғирган.
Мадина исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси эса, беморхоналарда жой етишмаслиги, шифокорлар озлиги, дорилар қимматлашиб, уни кўпчилик сотиб олишга имкониятсиз эканлиги ҳақида ёзган. У одамларни беморхоналардаги шароитни яхшилаш учун қўлларидан келганича ёрдам беришга чақирган.
"Келинглар, топганимизча ёрдам берайлик, бир литр сутми, 10 та тухумми, нон, макарон, гречка, шприц, қўлқоп, ниқобми, қўлимиздан келганича. Вилоят беморхонасида қариндош-уруғлари келиб, кўра олмайдиган юзлаб беморлар ётишибди. Лоқайд турмайлик, ёрдам берайлик! Бирга бўлсак, кўп яхши ишлар қила оламиз!"
Айни бир пайтда коронавирус аломатлари сезилган беморлар учун янги бинолар бўшатилмоқда. Душанбеда шаҳар Раиси Рустам Эмомали ташаббуси билан 3 минг кишилик, барча замонавий шароитларга эга, малакали тиббиёт ходимлари ишлайдиган муваққат беморхона бунёд этишга қарор қилинди.
Айни бир пайтда Тожикистонга мамлакат Ҳукумати илтимоси билан ЖССТ таҳлилчилари ва эпидемиологлардан иборат гуруҳ етиб келди. Уларни Германияга учиб борган Тожикистоннинг "Сомон Эйр" авиаширкати учоғи олиб келди.
ЖССТ ходимларининг тожикистонлик мутахассислар билан бирга мамлакатдаги янги коронавирусга оид вазиятни ўрганишлари, уни аниқлаш ва олдини олишга ёрдам беришлари кутилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek