Би-би-си Жаҳон Хизмати Ўзбек тилида янги ТВ дастур бошлади

Би-би-си Жаҳон Хизмати ўз тарихида биринчи марта ўзбек тилида кундалик теледастурлар бошлади.
Би-би-си Ўзбек хизмати тайёрлайдиган кундалик дастур ҳафтада беш кун 10 дақиқалик янгиликлардан иборат.
Айни пайтда, унда Афғонистон ва Марказий Осиёга алоқадор ҳамда муҳим халқаро воқеалар таҳлилига ҳам ўрин ажратилади.
ТВ дастур Мозори Шариф шаҳридаги "Орзу" ("Арезо") телеканали билан ҳамкорликда шимолий Афғонистон бўйлаб узатилади.
Янги теледастурда арабча имлодаги ўзбек ёзувидан қўлланилади. Чунки Афғонистонда истиқомат қиладиган кўп миллионли ўзбеклар айнан араб имлосидан фойдаланишади.
Кучли рақобат
Ўзбекистон ва Афғонистон аудиториялари муайян масалаларда фарқланади. Бу геосиёсий ва жўғрофий сабабларга ҳамда мамлакатлардаги мавжуд шароитга ҳам боғлиқ.
Би-би-си Ўзбек ТВ дастури очилиши ҳам Лондон, ҳам Кобулда бир вақтда ўтказилди.
Кобулдаги маросимда эса Афғонистон президенти матбуоти хизмати раҳбари Ҳусайн Муртазавий қатнашиб, мамлакат раҳбарияти бу янгиликдан мамнун эканлигини етказди.
Бироқ энг катта фарқ медиа бозорида кўзга ташланади.

Авваламбор, Афғонистонда матбуот эркин ва телеканаллар томошабинларни жалб этиш учун доимий рақобатда. Бу эса Би-би-си Ўзбек Хизмати учун ҳам янгича синов деганидир.
Айни дамда, Ўзбекистондан фарқли тарзда Афғонистонда мулозимлар матбуот учун очиқ ва ҳар вақт суҳбатлашиш ҳамда маълумотлар билан бўлашишга тайёрлар. Бу эса Би-би-си ишини анча осонлаштиради.
Умуман, оддий уй бекасими, қишлоқдаги деҳқонми, ҳукуматдаги вазирми ёки қўмондонми - Афғонистонда барча Би-би-си билан гаплашишга очиқ ва ҳозир.
Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги 14 йил давомида ўз радиодастурлари ва ижтимоий тармоқлардаги хабар ҳамда таҳлиллари билан Афғонистон ўзбеклари орасида ҳам танилган.
Ҳам Афғон ҳукумати, ҳам ўзбеклар жамоаси Би-би-си Ўзбек Хизматига катта ишонч ва ҳурмат билан қарашади.
Шунга қарамай, Афғонистон жамиятида аёллар овози ҳамон у қадар эшитилмайди.
Телекўрсатувларда уларнинг иштирокини таъминлаш ҳам долзарб масалалардан. Ёшлар ва аёлларнинг фикрлари, уларнинг овозлари ва ғоялари биз учун жуда муҳим.

Ҳам Лондон, ҳам Афғонистондаги Би-би-си Ўзбек хизмати журналистлари янгича "телереалликни" қабул қилишга интилмоқдамиз.
Биз бирон мавзуга ёндашишда, муайян воқеа ёки жараёнга инсонлар кўзи билан қараймиз. Яъни инсоний ҳикоялар орқали ҳаётий ҳақиқатларни акслантирамиз.
Афғонистон ҳам, Ўзбекистон ҳам азалдан халқ оғзаки ижоди кучли ривожланган мамлакатлар.
Ўзбеклар ҳали Буюк Ипак Йўли бўйлаб Осиёдан Европага саёҳат қилган ҳикояларни ҳамда эртакларини болаларига сўзлаб беришади.
Шу боис биз учун нафақат расмийлар берадиган маълумот ёки мутахассислар таҳлили, балки ҳар бир одамнинг ҳикояси қадрли ва қизиқарли.
Би-би-си Ўзбек Хизмати 1994 йилда очилган бўлиб, илк 9 йил давомида аксар Ўзбекистон ва Марказий Осиёга бағишланган радиоэшиттиришлар тайёрлаган.
2003 йилдан бошлаб эса Афғонистон ўзбеклари учун ҳам махсус эшиттиришлар тайёрлай бошлаган.
Ҳозиргача Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон ва Афғонистондаги ўзбеклар учун кирил, лотин ва арабча ўзбек ёзувларида вебсаҳифа ва ижтимоий тармоқларда хабар тарқатиб, видеолавҳалар тайёрлайди.
Ўзбек тили учта алифбоада ёзадиган Би-би-сидаги ягона хизмат саналади. Шунингдек, ўз мухлислари ва аудияторияси бир нечта мамлакатда яшайдиган кам сонли тили хизматларидан бири ҳамдир.
Бу эса Би-би-си Ўзбек елкасига янада каттароқ масъулият ва юклайди.
ТВ дастурлар очилиши Би-би-си Ўзбек Хизматининг холис ва ишончли ахборот тарқатиш йўлида яна янги бир пиллапоя юқорига қўйган янги қадами бўлди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02





























