Имиж устаси Путиннинг суратлари ортида нима яширин?

- Author, Bridjet Kendall
- Role, BBCning Moskvadagi sobiq muxbiri
- Published
- Ўқилиш вақти: 7 дақ
Владимир Путин Россия президенти бўлгандан бери визуал тасвир кучига доим эътибор бериб келган.
2001 йили ундан биринчи марта интервью олганимда, камералар жонли эфир учун ёқилиши олдидан бир ёрдамчи шошиб кириб, олдимиздаги столда турган кичик сув стаканларини олиб қўйганди.
"Нега бундай қилдингиз?" деб сўрадим.
"Ҳеч ким буларни ароқ учун деб ўйлашини истамаймиз, – деди у. – Қолаверса, жонли эфирда сув тўкилиб кетишига йўл қўя олмаймиз. Оммалашиш борасида телевидение ядро бомбасига тенг".
"Россияда ҳамма, айниқса Путин, ҳокимиятни мустаҳкамлаш калити телевидение эканини тушунарди", дейди ёзувчи ва сиёсий таҳлилчи Пётр Померанцев.
Йиллар давомида Путин Россияни мўрт, ривожланаётган демократиядан, асосан, ўзи атрофида айланадиган авторитар давлатга айлантирди. У ўзини ҳам кескин ўзгартирди.

Сурат манбаси, Shutterstock / Reuters
Илк суратларда у камерадан ҳадиксираб турган ориқ, камгап сиймо сифатида гавдаланади.
Хўш, бу бир қарашда вазмин, тортинчоқ йигит ва камтарин бюрократ қандай қилиб диққат марказида бўлишни шунчалик иштиёқ билан қабул қилган президентга айланди?
Телевидение маҳсули
Унинг тасвир кучига бўлган қизиқиши ҳокимият тепасига келишидан анча олдин пайдо бўлган. 1960–70-йилларда улғайган аксарият ёшлар сингари, Путин ҳам телевидение фарзанди эди. У учун советларнинг машҳур телесериаллари ва филмларидаги жосус қаҳрамонлар намуна бўлган. Ўзининг тан олишича, Совет давлати душманларига қарши курашган ўша кучли, индамас қўшагентлар уни Совет Иттифоқининг разведка идораси – КГБда ишлашга илҳомлантирган.
КГБ ходими, сўнг ғайратли аппаратчи сифатида у эътибордан четда юрди. Аммо 1999 йилда кутилмаганда президент вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланиб, бир неча ойдан сўнг президент этиб сайлангач, у ва унинг пиар маслаҳатчилари президентлик қиёфасини шакллантиришда визуал тасвирлар аҳамиятини нақадар чуқур англашларини намоён этишди.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Имиж яратиш жараёнининг бир қисми кераксиз жиҳатларни йўқотишдан иборат эди. Шу тариқа, Путин деярли ичмайдиган одам сифатида танилди. "Валдай" дебат клубида ташқи сиёсат бўйича экспертлар билан ўтадиган йиллик учрашувларда меҳмонларга сархил винолар узатилса-да, унинг ўзи бир пиёла асал чой билан чекланарди.
Ичган пайтларида эса, атрофидагилар буни сир сақлашга ҳаракат қилишарди. Бир гал маҳаллий музей ходимини учратиб қолдим. У президент билан ўтириб, таъмини кучайтириш учун ароқ суртилган русча қуймоқлардан татиб кўрганини айтиб берганди. "Лекин ҳеч кимга айтманг, – деб ёлворди у. – Бу масалада улар жуда қаттиққўл. Бошим балога қолиши мумкин".

Сурат манбаси, Getty Images
Режанинг яна бир қисми унинг ўзидан олдинги президент, омма олдида маст ҳолда кўриниши кўплаб россияликлар ҳафсаласини пир қилиб, хижолатга қўйган Борис Елцинга сира ўхшамаслиги ҳақидаги ғояни одамлар онгига сингдириш эди.
Путин қирувчи самолётни бошқариш учун учувчи дубулғасини кийди. Дзюдодаги маҳорати намойиш этилди. Буларнинг барчаси у касалманд ичкиликбоз эмас, балки бақувват, соғлом ва ҳаракатдаги инсон эканини кўрсатиш учун эди.
Энг машҳурлари, эҳтимол, 2007 йилдан кейин пайдо бўлган суратлардир: у гоҳ рус "Марлборо эркак" каби яланғоч кўксини кериб от чоптирар, гоҳ дарёда қармоқ билан балиқ тутар, гоҳ баттерфляй усулида сузиб, мушакларини кўз-кўз қиларди.
Бу ростданмиди? Ёки бу суратларда қандайдир пичингли ҳазил борми? Померанцевнинг фикрича, унинг пиар гуруҳи нима қилаётганини аниқ билган.
"Бир аудитория учун бу жуда қўпол, лекин биз буни киноя билан қиламиз, шунда у қайсидир маънода зўр кўринади. Бошқа бир аудитория учун эса, Россияни анъанавий, мард қаҳрамон бошқариши керак деган ғоя илгари сурилган".

Сурат манбаси, Reuters
У қўшимча қилади: "Путин, назаримда, ўта анъанавий совет раҳбари ролини ўйнаётган эди, бироқ у буни реалити-шоу, МТВ даврида қиларди".
"Путин – трендсеттер, – дейди Россия бўйича мутахассис ва АҚШ президентлари маслаҳатчиси Фиона Ҳилл. – У XXI асрдаги илк популист президент, илк тан олинган кучли лидер образини яратди".
Шубҳасиз, Путин турли аудиторияларга турли сигналлар йўллаётган эди. Ташқи дунё учун бу Россия энди заиф эмас, балки ҳисоблашиш зарур бўлган куч эканини англатарди. Ўзининг таъбири билан айтганда, тишлари ва тирноқлари бор айиқ.

Бошқа ғайриодатий намойишлар эса янада ажабтовур бўлиб, улар гўё болалик орзуларини рўёбга чиқараётган ленинградлик ўқувчини акс эттирарди: Қора денгиз тубига шўнғиб, у ерга олдиндан эҳтиёткорлик билан жойлаштирилган қадимий топилмаларни "кашф этиш"; осмонда баланд учиш учун моторли делтапланда, йўқолиб бораётган турналар қуршовида парвоз қилиш; Сибир йўлбарси боласини эркалаш.
Путиннинг ўзи буларнинг барчасидан мақсад экологик ва илмий онгни ошириш эканини таъкидлаган. Аммо у бу трюклар ўз-ўзини мазах қилишга ўхшаб қолганини англаганмикан? Ёки ёрдамчиларидан бирортаси ҳам унга бу ҳақда айтишга журъат эта олмайдиган ҳолга келганми? Ёхуд бошқаларнинг фикри у учун аҳамиятини йўқотганми?
Қайта-қайта кашф этиш
Путиннинг 1985 йилда "Штази" (Шарқий Германия махфий полицияси) учун берилган гувоҳномасидаги каби дастлабки суратлари ниқоб ортидаги пўлатдек қатъиятдан дарак беради – бу, шубҳасиз, КГБдаги ролга жуда мос келадиган ва КГБ тайёргарлиги билан янада пишган вазминлик эди.

Сурат манбаси, Stasi Records Agency Dresden (Public Domain)
1991 йил охирида СССР парчаланганидан сўнг, у ҳукуматнинг садоқати ва самарадорлиги билан ном қозонган амалдорига айланди. Аввал Санкт-Петербург мэрига, Москвага кўчиб ўтгач эса, Елциннинг президентлик маъмуриятида хизмат қилди. Ўша даврдаги фотосуратларда у одатда кадрнинг орқа ёки ён томонида туради, камерага қарамайди, диққат марказида бўлмайди.
Совет иттифоқи раҳбари Никита Хрушчёвнинг эвараси Нина Хрушчеванинг айтишича, 1990-йилларда КГБ доираларида Путинни "куя", исталган жойда яширина оладиган соядаги одам сифатида танилганини айтишган.
Аммо у президент бўлгач, вазият бутунлай ўзгарди. У турли ролларни синаб кўриш имкониятини мамнуният билан қарши олгандек эди.
Бир неча йил ўтиб, 2007 йилда "Time" журналининг "Йил одами" мукофоти учун суратга тушаётганида, у беихтиёр стулига суяниб, худди тахтдаги подшоҳ ёки даҳшатли мафия сардоридек камера объективига тикилди.
"У мен учун ўз қудратини намойиш этаётганди, – дейди суратни олган "Time" фотографи Платон. – Билишимча, Путинга бу суратлар ёқади. Унинг кўплаб тарафдорлари ҳам бу расмларни севишади. Улар бу суратларда Путинни қатъиятли миллатчи сифатида кўришади".

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images
Бу, Померанцев таъбири билан айтганда, "авторитар тарғиботнинг постмодерн талқини" бўлиб, унда Путин худди перформанс санъаткори каби барча ролларни ижро этган.
"Кучли одам"нинг у намойиш этган турли қиёфалари унинг сиёсатида ҳам акс этди. Россияни қайта кучли қилиш учун юқоридан кўпроқ тартиб ва назорат керак, деб ҳисобларди Путин. Шу тариқа, у босқичма-босқич рус жамияти устидан назоратни кучайтирди, сўз эркинлиги ва танқид майдонини торайтирди, Думани "чўнтак" парламентига айлантирди, сиёсий рақибларни четлатди ёки йўқ қилди ва Ғарб давлатларини Россияга етарлича ҳурмат кўрсатмаётганликда айблаб, кескин танқид қилди.
Ниқоб ортидаги чеҳра
Унинг ўзига ишончини акс эттирувчи уст-бошсиз тушган "гипер-мачо" фотосессиялари беҳисоб таҳлил қилинган. Аммо, эҳтимол, бу суратлар бизга унинг ўзига бўлган ишончсизлигидан дарак берар: у ҳаммани, жумладан ўзини ҳам, ҳамон асосий одам эканига, аввалгидек бақувватлигига ишонтириш истайди.
2008 йилда у президентликдан кетиб, тўрт йил бош вазир бўлганида, бу каби эътиборни тортувчи фотосуратлар мамлакатдаги ҳақиқий ҳокимият президент Дмитрий Медведев эмас, айнан у эканига ишора қиларди.
2011 йилда унинг сиёсий йўлидаги бурилиш нуқтасини белгилаган кескин ташқи ўзгариш юз берди. У кутилмаганда омма олдида янгича – тўлароқ, шишинқираган, деярли ифодасиз юз билан пайдо бўлди. Бу жумбоқли ҳолат эди. Бирор касаллик туфайли стероид қабул қилиш белгиси эдими бу? Ёки у таназзул ва қарилик аломатларини енгиш учун ботокс олганмиди?
Бир неча ой ўтгач, у яна президентликка номзодини қўйди. Натижа шубҳасиз эди, бироқ ғалабасини эълон қилиш учун очиқ осмон остидаги митингда унинг янги юзида кўз ёшларини кўриш мумкин эди.

Сурат манбаси, AP
Мен бу кўз ёшлари самимий, деб ҳисобладим. Унинг овози ҳам ҳаяжондан бўғилиб қолганди. Сайлов олдидан бўлиб ўтган кенг кўламли норозиликларга – ҳайратланарлиси, баъзи намойишчилар уни кетишга чақирувчи шиорларни кўтаришга журъат этганига қарамай, ҳамма нарса режадагидек кечганидан енгил тортганга ўхшарди. Бироқ айрим таҳлилчилар бу балки йиғлаётган икона (муқаддас сиймо) образини яратиш, шу орқали ўзини Россиянинг муқаддас халоскори сифатида кўрсатиш учун уюштирилган навбатдаги саҳна бўлгандир, дея тахмин қилишди.
Қайси бири бўлмасин, бу ҳал қилувчи палла эди. Унинг мамлакат устидан назорати йиллар давомида кучайиб бораётганди. Шу даврдан бошлаб, жамоатчилик норозилигининг ҳар қандай шакли нафақат қораланди, балки тўғридан-тўғри ноқонуний деб топилди. Путин тобора авторитар тус олар, Россия эса мухолиф овозларга нисбатан муросасиз бўлиб борарди.
Норозилик намойишлари учун қамалган ва "хорижий агент" деб эълон қилинган "Pussy Riot" феминист гуруҳи аъзоларидан бири Надя Толоконникова буни шундай изоҳлайди: "Путин ўзини нафақат Россиянинг, балки бутун дунёнинг халоскори сифатида тарихда қолдириш хаёлига берилиб кетди. Бу унинг биз бугун билган Путинга айланишидаги бурилиш нуқтасидир".
Ҳозир 73 ёшда бўлган Путин ҳокимият жиловини топширишга 1999 йилдагидан яқинроқ эмас, аммо ҳозир камроқ кўриниш бермоқда.

Сурат манбаси, Global Images Ukraine via Getty Images
Кўпчиликнинг тахминича, сўнгги йилларда, айниқса, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини ва Ковид пандемияси бошланганидан бери, у янада ваҳимачи бўлиб қолган. У камера қаршисида пайдо бўлганида, учрашувлар жуда пухта саҳналаштирилади, гўё у ташқи дунёдан масофа сақлашга қатъий қарор қилгандек.
"Шубҳасиз, у одамлар уни осонликча топа олмаслиги учун эҳтиёт бўлишни истайди. Бу ўз шахсий хавфсизлиги – микроблар ёки суиқасд уринишларидан ҳадиксирайдиган одамни эслатади", дейди Фиона Ҳилл.
Украинадаги уруш ҳозир унинг имижида марказий ўрин тутади. Россиялик фахрий журналист Михаил Фишман шундай дейди: "Агар Путиннинг 2012 йилда Кремлга қайтганидан кейинги ҳолатига назар ташласак, у ҳали ўзининг кимлигини, нима билан шуғулланишини билмас эди. Аммо у ниҳоят ўз миссиясини, ўз ролини топдим деб ҳисоблайди ва бу – уруш".
Шундай бўлса-да, бошланганига тўрт йилдан ошган Украина билан кенг миқёсли уруш, айни пайтда, оғир юк ҳамдир. Уни давом эттириш борган сари қийинлашиб бормоқда, бироқ тугатиш ҳам хавф-хатарларга тўла. Путин иқтисодий уруш машинаси ва ички репрессия тизимини яратдики, энди буларни ўзи учун улкан хавфларсиз ортга қайтара олмайди.
Ҳокимиятни қўлга киритганига чорак аср бўлган бир пайтда, у гўё ўзи қурган тузоққа тушиб қолгандек, одамови ва муросасиз бир қиёфага кирган. Бу унинг бир вақтлардаги бақувват спортчи ва жангари қаҳрамон образидан жуда йироқ.






























