Қозоғистон Конституциявий суди: Ҳозир Тоқаевнинг биринчи муддати

Қозоғистон Президенти Тоқаев

Сурат манбаси, Getty Images

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Қозоғистон Конституциявий судига кўра, мамлакатда қабул қилинган янги конституцияга биноан Президент Тоқаев муддати ҳам ноллашади.

Қозоғистон Конституциявий судининг қарори 7 июл куни эълон қилинди.

Бу қарорга кўра, Президент Қосим-Жомарт Тоқаевга ўтган ҳафта кучга кирган янги Конституцияга мувофиқ мамлакат раҳбари сифатида яна бир муддатга номзодини қўйиш ҳуқуқи берилди.

Қозоғистон Конституциявий суди қарори амалда Тоқаев учун ҳисобни яна бошидан бошлайди.

Аввалроқ, Президент Тоқаевнинг муддати 2022 йилда Конституцияга ўзгартишлар киритилганидан кейин ҳисобланадиган ягона етти йиллик президентлик муддати билан чекланган эди.

2019 йилда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг вориси сифатида президентлик лавозимини эгаллаган Тоқаев Конституцион суддан хулоса беришни шахсан ўзи сўраган эди.

Қозоғистон жорий йил бошида янги Конституция лойиҳасини ишлаб чиқди ва тасдиқлади.

2026 йил 15 мартида янги конституцияга бағишланган референдум ўтказилди.

Референдумда кўпчилик янги конституцияни маъқуллаб овоз бергани хабар қилинди.

Собиқ раҳбар Назарбаев (чапда) 2022 йилда унинг вориси Тоқаев (ўнгда) томонидан сиёсатдан четлаштирилган эди

Сурат манбаси, AKORDA

Сурат тагсўзи, Президент Тоқаев 2019 йили собиқ президент Назарбоевнинг вориси сифатида ҳокимиятга келган

Конституцияни ўзгартириш масаласи кун тартибига қўйилиши билан Тоқаевнинг сиёсий келажаги кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Қозоғистоннинг янги конституциясига кўра, президентлар учун ягона етти йиллик муддат чеклови сақлаб қолинади.

Бироқ суд қарорига кўра, аввалги конституция даврида ўталган муддатлар мазкур чеклов ҳисобидан ўрин олмайди.

Президент Тоқаев янги муддат учун навбатдан ташқари президентлик сайловларида қатнашиши керакми ёки эски конституция асосида 2029 йилгача ўз ваколат муддатини давом эттирадими, бу саволга ҳозирча Қозоқ расмийлари аниқ жавоб берганлари йўқ.

Президент Тоқаев етти йиллик президентлик муддати ниҳоясига етганидан кейин ортиқ номзодини илгари суриш нияти йўқлиги ҳақида айтган эди.

Iqtibos

Янги Конституция вице-президент лавозимини жорий этади ва парламентни кичикроқ, бир палатали қонунчилик органига айлантиради.

Қозоғистонда навбатдан ташқари парламент сайлови шу йил 23 августга белгиланган.

Собиқ совет дипломати ва БМТнинг юқори лавозимли амалдори бўлган Тоқаев 2019 йилда Назарбоевнинг ўрнига президент бўлишидан олдин Қозоғистон бош вазири ва ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган.

У 2022 йил январ ойида Қозоғистонда рўй берган ва юзлаб одамлар ҳалок бўлган тартибсизликлардан кейин собиқ президент Назарбоев билан йўлларини ажратди.

Президент Тоқаев бу воқеаларни Назарбоевга содиқ кучлар томонидан ташкиллаштирилган давлат тўнтаришига уриниш деб таърифлаган.