Энди Бернам ким ўзи? Нега Британиянинг янги бош вазири ҳамон кўпчилик учун жумбоқ бўлиб қолмоқда?

2026 йил 26 июнда Энди Бернам Манчестердаги Рэдклифф футбол клубида.

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Роб Уотсон
    • Role, Британия сиёсати бўйича мухбир
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Одатда Британияда бош вазирликка номзодлар обдан элакдан ўтказилади. Энди Бернам эса бу элакка деярли тушмай бош вазир бўлди.

Қудратдаги Лейбористлар партияси раҳбарлик учун сайлов ўтказиш ўрнига Бернамни ҳеч бир рақобатларсиз раҳбар этиб танлади. Шу боис унинг сиёсати ва бошқарув услуби деярли муҳокама қилинмади.

Бунинг ижобий томони, партия обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ички бўлинишлар кузатилмади. Ёмон томони - янги раҳбар майдонда синаб кўрилмади.

Албатта, Бернамнинг қандай бош вазир бўлиши тез орада аён бўлади. Аммо шуни унутмаслик керакки, у ўн йилдан бери мэрлик қилаётган Катта Манчестердан ташқарида кўпчилик учун ҳали ҳам нотаниш қиёфа. Демак, уни йўл-йўлакай кашф этиб боришга тўғри келади.

Бернам ҳақида билганларимизга қараганда, у бир вақтнинг ўзида ҳам сиёсий доираларга бегона, ҳам уларнинг ўз одами. Бугунги аксар сиёсатчилар каби, у ҳам "ташқаридан келган" қиёфасини кўпроқ урғулашни ёқтиради.

Бегона - чунки у Англия шимолида ишчилар синфига мансуб оилада улғайган. Ўз одами - чунки нуфузли Кембриж университетида ўқигач, сиёсатга тез кириб келган ва Тони Блэр ҳамда Гордон Брауннинг Янги лейбористлар ҳукуматларидаги энг умидли ёш сиёсатчилардан бири бўлган.

2009 йилда Энди Бернам Шарқий Сассекснинг Брайтон шаҳрида лейборист депутатлар ва парламент журналистлари ўртасидаги анъанавий футбол ўйинида дарвоза томон зарба бермоқда. У оқ футболка, қора шорт, пайпоқ ва бутса кийган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бернам футболни яхши кўради. Аммо чап қанотдан марказга ёриб кира оладими?

Шахсиятига келсак, Бернам ўзини оддий одамлар яқин ҳис қила оладиган "оддий йигит" сифатида кўрсатишга уринади. У пиво ва қовурилган балиқ-картошкани хуш кўради, футбол ва мусиқа ҳақида гапиришни яхши кўради. Кийиниши ҳам сўнгги даврдаги аксар сиёсатчиларникидан анча замонавий.

Сиёсий қарашлари эса, ўзининг айтишича, ўсмирлик йилларида Маргарет Тэтчернинг 1980 йилларда хусусийлаштириш ва эркинлаштириш сиёсатини олиб борган консерватив ҳукуматларига нисбатан пайдо бўлган нафрати таъсирида шаклланган. Бернам бу ҳукуматларни ўзи улғайган Англия шимолини саноатни таназзулга учратиб, одамларнинг руҳини синдирганликда айблайди.

У ўшанда ҳам сўл марказчи эди, ҳозир ҳам ва буни яширмайди.

Европа сўл қанотининг аксар вакиллари каби, Бернам ҳам давлатни, умуман олганда, ижобий куч деб билади ва эътиборини жамиятнинг камроқ таъминланган қатламларига қаратади.

У сўнгги 40 йилдаги "неолиберализм"ни тез-тез танқид қилиб, бу тизим оддий одамларнинг умидини оқламаганини айтади. Аммо бу атама билан айнан нимани назарда тутиши унчалик аниқ эмас. Бернам ҳеч қачон ўта мафкуравий ёки сиёсатнинг икир-чикирларига қаттиқ қизиқадиган сиёсатчидек таассурот қолдирмаган.

2026 йил 29 июнда Энди Бернам Манчестердаги Халқ тарихи музейида нутқ сўзлаб, бинодан чиқар экан, қўл силкиб хайрлашмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бернамнинг ягона катта ғояси - ваколатларни ҳудудларга бериш. Аммо бу ҳали ҳам анча мавҳум.
Skip podcast promotion and continue reading
Бизни WhatsApp да ҳам кузатинг

BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да

Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг

End of podcast promotion

Бернам Британия ташқи ва ё ички сиёсатини тубдан ўзгартирадими? Қисқа жавоб: ҳозирча билмаймиз. Чунки у бу ҳақда жуда кам гапирган.

Ички сиёсатда эса унинг имкониятлари қаттиқ чекланган. Британияда иқтисодий ўсиш паст, давлат қарзи юқори. Давлат харажатлари ва солиқлар даражаси аллақачон тарихдаги энг юқори нуқтага етган.

Лейбористларнинг сўл қаноти давлатнинг фаолроқ аралашишини жуда истайди, аммо бунга эришиш осон бўлмайди. Бернам ҳукуматининг қўлини партиянинг сўнгги сайловда берган ваъдалари ҳам боғлаб туради: аксар турдаги аксар солиқларни оширмаслик ва қарз олишда жиловни қўйиб юбормаслик.

Лейбористларнинг сўл қаноти давлатнинг фаолроқ аралашишини жуда истайди, аммо буни амалга ошириш осон бўлмайди. Бернам ҳукуматининг қўлини партиянинг сўнгги сайловда берган ваъдалари ҳам боғлаб туради: аксар солиқларни оширмаслик ва қарз олишда жиловни қўйиб юбормаслик.

Лейбористлар раҳбари этиб танланганидан бери Бернам илгари сурган ягона катта ғоя - ваколатларни янада кўпроқ ҳудудларга бериш, яъни ҳокимият ва маблағни Лондондан минтақаларга ўтказиш. Аммо бу ғоя ҳамон жуда мавҳум.

Европа Иттифоқи тарафдори бўлган намойишчи парламент биноси олдида Энди Бернам тасвирланган плакатни кўтариб турибди. Унда: "Энди! Кир каби муваффақиятсизликка учрама! Британияга Европа Иттифоқининг тўлиқ аъзолиги керак", деб ёзилган.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Кир Стармер каби, Бернам ҳам Европа Иттифоқи билан яқинроқ, аммо ҳаддан ташқари яқин бўлмаган муносабатларни йўлга қўйишга интилиши аниқ.

Ташқи сиёсатга келсак, Бернам сиёсий фаолияти давомида бу ҳақда кўп гапирмаган. Бу йўналишда ўзгаришдан кўра давомийлик кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

Ташқи сиёсат партиявий қарашлар ёки раҳбарнинг хоҳиш-иродасидан кўра география, тарих, миллий манфаатлар ва воқеалар таъсирида шаклланади. Шу боис бундай давомийлик ажабланарли эмас.

Iqtibos

Кир Стармер каби, Бернам ҳам Европа Иттифоқи билан яқинроқ, айни пайтда ҳаддан ташқари яқин бўлмаган муносабатларга интилиши аниқ. У, шунингдек, Британия қонун устуворлиги, халқаро меъёрлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби кўп томонлама ташкилотларга катта аҳамият беришини таъкидлайди.

Бернам Британиянинг АҚШ билан алоҳида муносабатларини ҳам сақлаб қолишга интилади. Аммо Президент Доналд Трампнинг шахсан ўзи билан ҳам шундай муносабат ўрната оладими-йўқми, бу бошқа масала. Ҳар ҳолда, у бунга уриниб кўради.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Энди Бернам Манчестернинг Мейкерфилд ҳудудидаги кўчада табассум билан кетмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бернам учун яхши хабар бу - Яшиллар ва "Реформ" партияларига қизиқиш пасайган бўлиши мумкин.

Бернам Британиянинг ўн йил ичидаги еттинчи бош вазири бўлмоқда. Бош вазирлар бу қадар тез алмашганининг ўзиёқ унинг олдида қандай тик довон турганини кўрсатади. Аммо Бернам учун яхши хабар ҳам, ёмон хабар ҳам бор.

Ёмони - ундан олдинги олти бош вазирни ҳам йиқитган иқтисодий ва ижтимоий муаммолар кўлами ниҳоятда катта.

Яхшиси эса - сўл ва ўнг қанотдаги популист партиялар, яъни Яшиллар ва "Реформ"га қизиқиш пасая бошлаган бўлиши мумкин.

Пировардида, Бернам ҳақида ҳали кўп нарса ноаниқ. У айримлар хавотирланаётганидек, ёқимтой, аммо сиёсий вазни енгил раҳбарми? Ёки лейборист депутатлар озми-кўпми умид қилаётганидек, жиддий давлат арбоби бўлиб етишадими?