Ўзбекистон Болалар Омбудсмани: "Қизини қийноққа солишда гумон қилинган ота иши назорат остида"

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқлар/gazeta.uz
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида вояга етмаган қизини қийноққа солган ота ҳодисаси юзасидан BBC Ўзбекнинг Ўзбекистон Болалар Омбудсманига юборган сўровига котибият томонидан юборилган жавобда айтилишича, "ёш болага нисбатан мазкур зўравонлик ҳолати Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган".
Шунингдек, Омбудсман котибияти баённомасидан маълум бўлишича, ушбу ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан гумон остидаги отага нисбатан "вояга етмаган шахсни қийнаш" айблови асосида жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Гумон остидаги шахс процессуал тартибда ушланган.
BBC Ўзбекнинг қийноққа тутилган 9 ёшли қиз ва унинг ҳодиса вақтида уйда бўлган 7 ёшли синглисининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида қандай чоралар кўрилгани ҳақидаги саволига жавобан Омбудсман котибиятининг маълум қилишича, "Болалар омбудсмани минтақавий вакили жойига чиққан тарзда ўтказган ўрганишига кўра", гумонланувчининг турмуш ўртоғи ҳозирда вояга етмаган фарзандлари билан биргаликда ўз ота-онасининг хонадонида яшамоқда ва "бугунги кунда болаларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф мавжуд эмас".
Улар учун "хавфсиз оилавий муҳитда бўлиб, яшаши, таълим олиши ва тарбияланиши учун етарли шарт-шароитлар яратилган", дейилади Болалар Омбудсмани баённомасида.
Бундан ташқари Болалар Омбудсмани котибияти "Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тумандаги "Инсон" ижтимоий хизматлари маркази мутахассислари томонидан мазкур вазиятдаги вояга етмаган болаларга ҳамда оилага зарур ижтимоий хизматлар ҳамда ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилди, болаларга ҳимоя ордери расмийлаштирилди", дея илова қилган.
Қумқўрғонда нима бўлганди?
Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида ота вояга етмаган қизини мол тезагини ейишга мажбурлагани акс этган видео Ижтимоий тармоқларда тарқалганди.
Тарқалган видео ота қизининг пешобини ушлай олмаслигини жазолаш ёки "даво" мақсадида мол тезагини едиришга мажбурлаётгани англашилади.
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Бироқ унинг аниқ мақсадини видеодан ишончли белгилаб бўлмайди.
Эркак қизни оғзидагини ютишга мажбурлаб, чиқариб ташласа уришини айтиб дўқ қилади. Қиз йиғлаб, отасидан уни қўйиб юборишини қайта-қайта сўрайди, аммо эркак қийнашда давом этади. Видеонинг бошқа қисмида у қизини қўйлар олдига боғлаб қўйиш билан ҳам қўрқитади.
Тасвирда кўринмаган аёл қизини ўзи ишлаб пул топиб даволатишини айтади. Суҳбат мазмунидан у боланинг онаси бўлиши мумкинлиги англашилади, аммо овоз кимга тегишли эканини видеонинг ўзидан тасдиқлаб бўлмайди.
BBC қизалоқда қандай тиббий муаммо бўлгани ва у аввал шифокор кўригидан ўтган-ўтмаганини мустақил равишда аниқлай олмади.
Воқеа пайтида хонада яна бир вояга етмаган қиз бўлган. У пиёлада буғи чиқиб турган сувни олиб келиб отасига беради. Эркак катта қизнинг оғзига мол тезагини солганидан кейин пиёладаги сувни унинг оғзига қуяди.
Видеонинг яна бир қисмида кичик қиз йиғлаб, "Аллоҳим, опамга раҳминг келсин", "Опамга шифо бер", деб дуо қилади.
Daryo.uz нашрига кўра, жабрланган қиз 9 ёшда, видеодаги иккинчи қиз эса унинг 7 ёшли синглиси. Нашр пиёладаги сув қайноқ бўлганини ёзган.
"Етти ойдан бери ҳеч ким қулоқ тутмаётганди"
Расмий маълумотга кўра, видео 2025 йил 30 декабрда олинган. Боланинг онаси эса 2026 йил 25 июлда ИИБга ариза берган. Бу икки сана ўртасида қарийб етти ой бор.
Журналист Шуҳрат Шокиржонов Facebook саҳифасида қизнинг онаси унга йиғлаб аудио юборганини ёзди.
Унинг келтиришича, аёл аудиода: "Бизни ҳам эшитадиганлар бор экан-ку?! Етти ойдан бери ҳеч ким қулоқ тутмаётганди", деган.
Аёл шу вақт давомида қайси идораларга, қачон ва неча марта мурожаат қилгани ҳам маълум эмас.
ИИВ жиноят иши она берган ариза асосида қўзғатилганини билдирди. Бироқ ички ишлар органлари воқеа ҳақида айнан шу ариза орқали биринчи марта хабар топганми ёки бундан аввал ҳам маълумотга эга бўлганми, деган саволга ҳозирча очиқ.
Болалар шу етти ой давомида ким билан яшагани, уларнинг аҳволи мактаб, маҳалла ёки ижтимоий хизматлар томонидан кузатилганми йўқлиги ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Расмий идоралар нима деди?
Сурхондарё вилояти ИИБнинг расмий Telegram каналида эълон қилинган хабарда айтилишича, 25 июл куни Қумқўрғон туманида яшовчи аёл ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 1993 йилда туғилган турмуш ўртоғи Ч.Б. вояга етмаган қизини қийнаганини маълум қилган.
ИИБга кўра, воқеа акс этган видео 2025 йил 30 декабрда олинган ва кейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқалган.
BBC айни воқеа юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга мурожаат қилди.
Жаноб Ғиёсов қизини қийнаганликда гумонланаётган отага нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва гумонланувчи қамоққа олинган ҳақида маълум қилганди.
Воқеа зўравонликка учраган болаларнинг кейинги тақдири, уларни ҳимоя қилиш механизмлари ва бундай ҳолатларни эртароқ аниқлаш тизими қандай ишлаши ҳақида саволларни ўртага чиқарган.
Болалар ҳозир хавфсизми?
Ички ишлар вазирлигига кўра, бу масалада вояга етмаганлар билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмаси шуғулланмоқда. Вазирлик гумонланувчи қамоққа олингани сабабли оила учун хавф бартараф этилгани ва ҳимоя ордерига ҳозирча эҳтиёж йўқлигини айтганди.
Лекин кейинчалик BBC Ўзбек сўровига жавобда Болалар Омбудсмани котибияти болаларга ҳимоя ордери расмийлаштирилганини маълум қилган.
Gazeta.uz нашри ҳам Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига таяниб хабар беришича, Қумқўрғон туманидаги "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази бола ва унинг оила аъзоларига ижтимоий хизматлар ҳамда ижтимоий-психологик кўмак кўрсатганини хабар берган.
Зўравонликка учраганлар нима қилсин?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон Болалар Омбудсманининг BBC ЎЗбекка йўллаган баённомасида айтилишча, "болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ислоҳ этиш борасида Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи мамлакат ҳисобланади".
Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистон Республикаси болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган глобал ташаббус — "Богота ҳаракатлар чақируви"га қўшилган ва болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянсга аъзо бўлган, дея илова қилган Омбудсман котибияти.
Котибият шунингдек, 2025 йил 14 майда Ўзбекистонда "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни кучга кириб, мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида мамлакатда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилгани, болаларга нисбатан зўравонликни олдини олиш бўйича самарали идоралараро фаолият жорий этилганини ҳам айтиб ўтган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 2026 — 2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси қабул қилинганини ҳам билдирилган.
Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларидан жабрланган ёки ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 июлдаги 440-сон қарори билан тасдиқланган "Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш, ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисида"ги Низомга асосан "болалар бевосита ўзлари ёхуд уларнинг қонуний вакиллари, шунингдек, уларнинг қариндошлари ёки бошқа шахслар зўравонлик ҳолати тўғрисида "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази, ички ишлар органлари, шунингдек, бошқа масъул давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилишлари лозимлиги маслаҳат берилган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Қонун бўйича болага қандай ёрдам кўрсатилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 440-сон қарорига кўра, "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ички ишлар органлари иштирокида боланинг вазиятини бир кун ичида ўрганиб, унинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф даражасини баҳолаши керак.
Зарур ҳолда болага ҳимоя ордери берилиши, у хавфсиз жойга жойлаштирилиши, унга тиббий, психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши мумкин.
Қумқўрғондаги болаларнинг аҳволи шу тартибда баҳолангани ҳақида маълумот берилмади.
2026-2030 йилларга мўлжалланган стратегияда оиласида қолиши хавфли болаларни профессионал тутинган оилаларга ёки кичик ижтимоий кўмак марказларига жойлаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган. Бу хизматлар Сурхондарёда ҳозир ишлаётгани ҳақида маълумот йўқ.
Мустақил журналистларга кўра, Ўзбекистонда оиладаги зўравонликлар масаласи кун тартибидан тушгани йўқ. Сўнгги йиллар қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритилганига қарамасдан, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликлар ҳамон рўй бериб келаётгани айтилади.
Таниқли блогерлардан Ақида хонимнинг айтишича, аксарият ҳолатларда болаларга нисбатан зўравонлик оиладан ташқарига чиқарилмайди. Айнан шунинг учун мамлакатда болаларга нисбатан зўравонликка қарши қонун қабул қилинди, дейди у.
Ақида хонимнинг айтишича, "оиладаги зўравонликдан болалар ҳам жабр кўради".
"Ўзбекистонда зўравонликка учраган аёллар учун шелтерлар мавжуд. Зўравонликка учраган болалар учун махсус реабилитация, ҳимоя марказларига эҳтиёж бор".
Gazeta.uz Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига таяниб хабар беришича, болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида аноним хабар бериш учун 1246 қисқа рақами ишга туширилган. Колл-марказ ҳозирча тест режимида ишламоқда. Агентлик мурожаат қилувчининг шахси сир сақланишини билдирган.
Гумонланувчига қандай жазо берилиши мумкин?
Ч.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми "а" банди, яъни вояга етмаган шахсни қийнаш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу моддада:
360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш;
ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш
жазоси назарда тутилган.
Бу иш бўйича суд ҳали ўтказилмаган. Гумонланувчининг айбдор ёки айбсизлигини ва айбли деб топилса, унга қайси жазо тайинланишини маҳкама ҳал қилади.


































