Андижонда 10 йиллик сув муаммоси: раҳбарлар назари тушмаган маҳалла

Сурат манбаси, Saida Mirziyoyeva telegram kanali
Яқинда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Андижон вилояти раҳбарлари билан учрашиб, ҳудуддаги бир қатор муаммоларни, жумладан, сув тармоғидаги камчиликларни муҳокама қилди. Йиғилишнинг эртасигаёқ масъул идоралар муаммоларни ҳал этиш учун енг шимариб ишга киришгани хабар қилинди.
Бироқ, раҳбарлар назари тушмаган Андижоннинг бошқа бир ҳудудида, ёзнинг айни чилласида аҳоли сувсизликдан қийналмоқда.
Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири TikTok пост
"Ўн йилдан бери аҳвол шу"

Сурат манбаси, taqdim
Андижон туманидаги «Мингўрик» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси номидан Би-би-сига мурожаат қилган Искандар Абдужабборовнинг айтишича, улар яшайдиган ҳудудда сўнгги 10 йилдан бери ёз мавсумида ичимлик суви тақчиллиги юзага келади.
"Ўн йилдан бери аҳвол шу. Ҳар йили июнь ойидан то сентябргача маҳалламизда сув тўхтайди. Одамлар ниҳоятда қийналиб кетди", — дейди у.
Унинг сўзларига кўра, қишлоқ аҳолиси бу муаммо юзасидан тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилган, аммо улардан бирор натижа чиқмаяпти.
"Ҳар доим 'Бўлди, қилиб берамиз, 15 кун ичида мурожаатингиз ўрганилади', деган қуруқ жавобни оламиз. Лекин умуман фойдаси йўқ. Яқинда бир марта кечаси сув келиб қолибди, кўпчилик бехабар қолиб, сув ғамлай олмади", — дейди Искандар.
Искандарнинг ҳовлидаги катта-кичик пластик бочкалар, сувсизликнинг бир ечими. Аммо бу идишларда сақланаётган сувнинг сифати талабга жавоб бермайди.
"Иложи йўқлигидан шундай қилиб сув ғамлаймиз, лекин кун исигани сабабли у ҳам туриб қолиб, балчиққа ўхшаб лойқаланиб қолади", — таъкидлайди у.

Сурат манбаси, taqdim
"Нафақат ичимлик суви, ариқда ҳам сув йўқ", — дейди маҳалла аҳолисидан яна бири Одинахон Абдуқодирова.
"Биз ичимлик суви учун давлатга пулини тўлаганимиздан кейин, сув билан таъминлашлари керак эмасми? Ана, пақирларимни олиб чиқиб қўйганман — қаердандир сув топарман, деб. Ҳамма сарсон. Ҳар ёзда сув шунақа йўқ бўлиб қолади, ҳатто Рамазон ойида ҳам сув чиқмади".
Унинг қўшимча қилишича, доим ҳам сув сотиб олишга ҳамманинг қурби етавермайди. Хусусий машиналарда келтириладиган сувнинг бир тоннаси 80–100 минг сўмга сотилади.
Маҳалла оқсоқолларининг айтишича, ҳеч бўлмаса уч кунда бир марта сув ташувчи машина келса ҳам одамлар рози эди.

Сурат манбаси, taqdim
"Сув ташувчи машиналар мунтазам келмайди, узоқ вақтда бир марта келади, шу билан йўқ. Аввал келиб турган сув нега ёзда йўқ бўлиб қолади? Агар яхшилаб текширилса, таъмирланса, келади. Лекин қарайдиган одам йўқ. Бу иш учун ниҳоятда кўп югурдик, фойда бўлмаяпти", — дейди маҳалла оқсоқолларидан Қосимжон Исмоилов.
Одатда, «Мингўрик»ликлар ичимлик суви топиш учун ҳар куни камида беш километр масофани босиб ўтишга мажбур бўлади. Шахсий автомобили йўқлар учун бу ҳар кунлик машаққат.
Маҳалла аҳолиси сувга зор бўлиб турган айни кунларда, қўшни қишлоқларда мутлақо бошқа манзара кузатилмоқда. Искандар Абдужабборовнинг таъкидлашича, у ерларда сув қувурлари ёрилиб, тоза ичимлик суви кўчаларда бекорга оқиб исроф бўлмоқда.

Сурат манбаси, taqdim
"Бу муаммога эътибор қаратадиган одам борми ўзи?" — дейди Искандар. У катта минбарлардан янграган топшириқларнинг акс-садоси қачон Андижоннинг "Мингўрик" каби чекка маҳаллаларига етиб келишини билишни истайди.
Ушбу мавзу бўйича тайёрланган видео лавҳа тармоқлардаги Би-би-си саҳифаларида эълон қилингандан кейин, "Андижон сув таъминоти" ходимлари "Минг ўрик" МФЙ аҳолиси билан учрашган. Ташкилотнинг расмий телеграм каналида ёзилишича, аслида бу ҳудудга ичимлик сув белгиланган меъёрда берилаётган экан.
"Бироқ аҳоли томорқани суғоришда ичимлик сувидан фойдаланаётганлиги сабабли айрим хонадонларга сув етиб бормаётганлиги аниқланди. Ҳозирда аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш учун транспорт воситасида ичимлик суви етказиб берилмоқда", - деб ёзилади "Andijon suv ta'minoti" AJ Axborot телеграм каналида.
Мингўрик маҳалласининг яшовчиси Искандар Абдужабборов сув таъминоти бўлимидан ходимлар чиндан ҳам келганини ва муаммони ҳал қилишга ваъда беришганини тасдиқлади.
"Улар келиб кетгандан кейин, тонгга яқин бир соат сув чиқди. Лекин бизда улар айтганидек, томорқага ишлатадиган сувнинг ўзи йўқ", - деб қўшимча қилди Искандар.
Бу бир туманнинг эмас, бутун мамлакатнинг муаммоси

Сурат манбаси, Taqdim
Андижоннинг «Мингўрик» МФЙсидаги сув масаласи аслида мамлакат миқёсидаги йирик муаммонинг бир кўринишидир.
«Daryo.uz» нашри эълон қилган маълумотларга кўра, 2025 йил ҳолатига Ўзбекистонда қарийб 7 миллион киши тоза ичимлик сувидан маҳрум. Бу рақам Тошкент халқаро инвестиция форумида Жаҳон банкининг катта мутахассиси Одете Муҳимпуа томонидан ҳам тилга олиниб, мамлакатдаги сув инфратузилмаси ҳамон етарли эмаслиги таъкидланган эди.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, жорий етишмовчиликлар сабаб 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги беш баробарга кўпайиши кутилмоқда.
Мамлакат ичидаги сув тақсимоти ҳам нотекис. Ўзбекистон Сенати маълумотларига таянсак, республикада ичимлик сувининг 90 фоизи ҳамон қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сарфланади. Умумий сув ресурсларининг эса бор-йўғи 4 фоизигина аҳолининг ичимлик суви эҳтиёжига йўналтирилади.
"Ўзсувтаъминот" АЖ вазиятни тан олади. Ташкилот раҳбарияти 2040 йилгача сув таъминотини яхшилаш учун жами 4 миллиард долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилганини маълум қилган.
Ташкилотнинг 2026 йил январидаги расмий ҳисоботида, 2025 йилнинг ўзида соҳага 2,2 трлн сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани ва республика бўйича қамров 82,8 фоизга етказилгани қайд этилган. Шу билан бирга, ҳукуматнинг янгиланган стратегиясида 2030 йилгача марказлашган сув билан қамраб олиш мақсади 95 фоиздан 85 фоизга туширилган. Бунга тоғли ва чекка қишлоқларга тармоқ тортиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаслиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, тармоқни модернизация қилиш харажатлари аҳоли елкасига ҳам тушмоқда. Сўнгги йилларда кўплаб вилоятларда, жумладан Андижонда ҳам ичимлик суви тарифлари бир неча баробар оширилди.
Аммо Мингўрик каби маҳаллаларда одамлар ҳали ҳам жўмракдан эмас, бочкадан сув ичмоқда.






























