Трамп бутун дунёга қарши иккинчи савдо урушини бошламоқчи

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Алексей Калмиков
- Role, Би-би-си
- Published
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Доналд Трамп янги урушга — бутун дунёга қарши иккинчи савдо урушига тайёргарлик кўрмоқда. У биринчи урушда мағлуб бўлган бўлса-да, тўхташ ниятида эмас. Иттифоқчилар ва рақибларга қаратилган чоралар кутилган натижани бермагани, барча молиявий оғирлик эса америкаликлар зиммасига тушаётгани яққол кўриниб турса-да, Трамп ўз позициясидан қайтмаяпти.
Трамп Оқ уйга иккинчи президентлик муддати учун қайтиши биланоқ, бир йилдан ортиқ вақт олдин бутун дунёга қарши савдо урушини бошлаган эди. Бироқ кўп ўтмай чекинишга мажбур бўлди: АҚШнинг асосий рақиби Хитой ҳам, иттифоқчилари — Канада, Европа ва Мексика ҳам муносиб жавоб қайтара олди.
Февралда эса Трамп ўз сафдошларидан ҳам қаттиқ зарба олди. АҚШ Олий суди унинг "фавқулодда ҳолат" баҳонасида жорий қилган божларининг катта қисмини ҳокимиятни ўзлаштиришга қаратилган ноқонуний уриниш деб топди. Чунки Конституцияга кўра, америкаликларга солиқ жорий қилиш ҳуқуқи фақат Конгрессга тегишли, президентга эмас.
Аммо бу ҳам Трампни тўхтатмади. Судда мағлуб бўлганидан сўнг, у "тўлов баланси бўйича фавқулодда вазият"ни баҳона қилиб барча импорт товарларига 10 фоизлик бож жорий қилди. Сўнгги йилларда АҚШ тўлов балансида жиддий ўзгариш кузатилмагани учун иқтисодчилар бу баҳонани сунъий деб баҳолади, бизнес вакиллари эса судга мурожаат қилди.
Бироқ суд ишининг натижаси унчалик аҳамиятли эмас. Янги тарифлар 24 июлда — яъни жорий этилганидан 150 кун ўтгач — автоматик равишда бекор бўлади. Чунки Трамп 1974 йилги савдо қонунига таянишга мажбур бўлган, бу қонун эса тарифларни фақат чекланган муддатга жорий қилишга рухсат беради.
Шу сабабли Трамп ўз вазирларига июл охиригача янги асос топишни топширди. Мақсад — импорт товарлари ва эҳтиёт қисмларини сотиб олувчи америкалик истеъмолчилар ва бизнесга яна солиқ юклаш. Биринчи тўплам аллақачон эълон қилинди, кейинги чоралар ҳам йўлда.
Трамп — "ишчилар ҳимоячиси" сифатида
Оқ уй бутун дунёни ишчилар эксплуатациясига қарши етарли даражада курашмаётганликда айблади. АҚШ қонунларига кўра, бу президентга импортга қўшимча бож жорий қилиш имконини беради.
Оқ уй амалдорлари мажбурий меҳнатга қарши қонунлари умуман мавжуд бўлмаган давлатларга нисбатан 12,5 фоизлик бож жорий қилишни таклиф этишди. Қолган давлатларни, жумладан Европа Иттифоқи, Канада ва Мексикани эса, ўзларидаги мавжуд тақиқлар ижросини «етарлича қатъий» назорат қилмаётгани учунгина 10 фоизлик янги солиқ хавфи кутмоқда.

Сурат манбаси, EPA
Мутахассислар буни кескин танқид қилмоқда. ECIPE тадқиқот маркази эксперти Дэвид Хениг буни "диктаторлик услубидаги юридик уйдирма" деб атади.
Июлда божлар жорий этилиши деярли аниқ. Чунки глобал иқтисодиёт шароитида бирорта давлат ўз маҳсулотлари тўлиқ мажбурий меҳнатсиз ишлаб чиқарилганини исботлаб бера олмайди.
Бу масалада ягона ҳакам — Трамп, у эса божларни биргина имзо билан жорий қилишни истайди. Олий суд уни бу ваколатдан маҳрум қилганидан Трамп қаттиқ норози бўлган ва бундай ваколатсиз Америка "учинчи дунё мамлакатига айланиши ва охир-оқибат вайрон бўлиши мумкинлигини" айтган эди.
Трамп яна бошқа баҳоналарни ҳам ишга солмоқда. Улардан бири — "ортиқча ишлаб чиқариш қувватлари". Бунинг маъноси шундай: масалан, Хитой бутун мамлакат бўлиб куч сафарбар қилади ва электромобил ёки қуёш батареяси ишлаб чиқарувчиларига кўмаклашади, токи улар бу маҳсулотлар билан бутун дунёни тўлдириб юборсин — натижада рақобатчиларни сиқиб чиқариб, кейин ўзлари монополистга айлансин.
PIIE эксперти Чэд Боуннинг фикрича, бу ҳаракатлар 2025 йилдаги тариф тизимини қайта тиклашга қаратилган.
Трамп — ҳокимиятни марказлаштирувчи лидер сифатида
Тарифлар — импорт товарлари истеъмолига қўшимча солиқдир.
Улар Трампга бюджетга қўшимча даромад йиғиш, улкан дефицитни молиялаштириш, шунингдек садоқат ва сиёсий қўллаб-қувватлов эвазига субсидиялар ҳамда солиқ имтиёзларини тарқатиш орқали ҳокимият вертикалини мустаҳкамлаш имконини беради.
АҚШнинг савдо шериклари бу янги савдо қуролига қарши ҳеч қандай чора топа олмаяпти. Бироқ Трампни яна бир бор тўхтатиб қолишга фақат америкаликларнинг ўзлари — суд тизими орқали — қодир.

Сурат манбаси, Reuters
"Конгресснинг бож жорий этиш ваколатларини тортиб олишга президент томонидан яна бир уриниш бўлаётгани ҳар қандай судга аён бўлади. Бу АҚШ Конституциясига зид", — таъкидлайди 2021 йилгача Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган PIIE эксперти Алан Волф.
Америкада ҳам Трампнинг божларига бошқа мамлакатлардагидек салбий муносабат билдирилмоқда. Трамп ўйин қоидаларини муттасил ўзгартираётгани сабабли келажакни режалаштириш имконияти йўқолаётганидан ва солиқ юки ошаётганидан бизнес вакиллари норози. Оддий фуқаролар эса бутун ҳокимият фақат президентнинг қўлида тўпланиб қолаётганидан хавотирда.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳокимият тепасида бўлган атиги бир йил ичида Трамп ўртача импорт божини 2-3 фоиздан 13-16 фоизгача оширди. Олий суднинг тарихий қароридан сўнг баъзи янги тарифлар кучда қолди (масалан, Хитойга нисбатан махсус божлар ҳамда пўлат ва автомобилларга умумий тармоқ божлари), лекин умумий ўртача кўрсаткич 8-10 фоизга тушиб кетди. Айнан шу сабабли Трамп янги баҳоналар остида тариф тўсиғини қайтадан қурмоқчи.
Трамп савдо урушида қандай ютқазмоқда
Трамп тарифлар Америка саноатини қайта тиклайди деб ҳисоблайди.
Бироқ амалда вазият бутунлай бошқача кўриниш олди. Трамп ҳокимиятга келгач, саноат ва қурилишда ишлаб чиқаришнинг ўсиши ўрнини пасайиш эгаллади. Нью-Йорк Федерал захира банкининг тадқиқот натижалари эса божларнинг 90 фоиздан ортиғини чет элликлар эмас, балки америкаликларнинг ўзлари тўлаганини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, бу сиёсат АҚШни ҳатто иттифоқчилари билан ҳам зиддиятга олиб келди.
Трамп янги божлар жорий қилиш билан таҳдид қилиб, уларни АҚШ учун манфаатли бўлган янги савдо шартномаларини имзолашга мажбурлашга уринди. Бу босим остида баъзи давлатлар ҳатто рози бўлиб, янги битимлар тузишди.
Бироқ кўп ўтмай маълум бўлдики, бир томондан, Трампнинг бу таҳдидлари қуруқ гап эди — чунки суд уларни ноқонуний деб топди. Иккинчи томондан эса, Трампнинг фикри тез-тез ўзгариб туради: у эндигина тузилган шартнома шартларини ҳам осонлик билан қайта кўриб чиқади ва ҳатто Норвегия ёки Люксембургда қул меҳнатига қарши кураш каби кутилмаган баҳоналар остида янги божлар билан таҳдид қилаверади.
Kongressning boj joriy etish vakolatlarini tortib olishga prezident tomonidan yana bir urinish bo‘layotgani har qanday sudga ayon bo‘ladi. Bu AQSH Konstitutsiyasiga zid...
Натижада, Трампнинг бу янги савдо урушлари АҚШнинг энг катта шериги — Европа Иттифоқи билан тузилган савдо келишувининг тасдиқланишини ҳам, энг яқин қўшнилари Канада ва Мексика билан Шимолий Америка эркин савдо битимини қайта кўриб чиқиш бўйича музокараларнинг муваффақиятли якунланишини ҳам хавф остига қўяди.
Шу билан бирга, бу ҳолат Хитой ва АҚШнинг аксарият бошқа савдо шериклари томонидан навбатдаги жавоб чоралари кўрилишини ҳам англатади.
































