Ишдан олинган Украина мудофаа вазири энди сайлов ўтказилишига чақирмоқда. У Зеленскийнинг ўрнига кўз тикяптими?

Сурат манбаси, Reuters
Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоров, уруш даврида бўлса ҳам, сайлов ўтказишга чақирди. Бу чақириқ Россиянинг тўлиқ кўламли босқини бошланганидан бери Владимир Зеленский президентлигига нисбатан билдирилган энг жиддий сиёсий даъво сифатида баҳоланмоқда.
«Демократияни Россия гаровига айлантириб қўйиш мумкин эмас», — деди 35 ёшли Фёдоров сешанба куни YouTube'да жойлаган видеомурожаатида. У Украина «айнан эркин Европа давлати бўлиб қолишни истаганимиз учун» курашаётганини таъкидлади.
2022 йилда уруш бошланганидан бери Украинада ҳарбий ҳолат амал қилмоқда. Бу эса сайловларни ўтказишни тўхтатиб туришни англатади.
Фёдоров ўтган ой мудофаа вазири лавозимидан кутилмаганда озод қилинган эди. У бу лавозимга тайинланганига атиги олти ой бўлганди. Фёдоровнинг лавозимидан олиниши мамлакат бўйлаб намойишларга сабаб бўлган.
Зеленский Фёдоровнинг видеомурожаатига ҳали муносабат билдиргани йўқ.
Мудофаа вазири сифатида Фёдоров катта қўллаб-қувватловга эга эди. У вазирлик фаолиятини жадаллаштиргани, коррупцияга қарши курашни кучайтиргани ҳамда фронтдаги самарадорликни таҳлил қилиш ва ошириш учун маълумотлардан фойдаланишга урғу бергани билан эътироф этилган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Унинг лавозимидан четлатилиши армиянинг бош қўмондони Александр Сирский билан ўртасидаги зиддиятларга боғлиқ бўлган, деган фикр кенг тарқалган.
Орадан бир неча кун ўтиб, Сирский ҳам лавозимидан алмаштирилди. Бу вақтда Фёдоровни лавозимига қайтаришни талаб қилган намойишлар кучайиб, Украина президентига босим ортиб бораётган эди.

Сурат манбаси, EPA
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Фёдоровга ҳукуматда бошқа лавозимлар, жумладан, ҳарбий инновациялар бўйича бош вазир ўринбосари лавозими таклиф қилинган. Бироқ 35 ёшли сиёсатчи фақат мудофаа вазири сифатида ҳукуматга қайтишини айтган.
Фёдоров видеомурожаатини эълон қилишидан бир неча соат олдин Зеленский парламентдан мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Евгений Хмарани лавозимга тасдиқлашни сўраганини маълум қилди. Парламентда овоз бериш чоршанба куни ўтказилиши керак эди.
Фёдоров ўзининг сиёсий режалари, жумладан президент сайловларида ўз номзодлигини қўйиш-қўймаслиги ҳақида ҳеч қандай ишора бермади. Унинг асосий эътибори «узоқ давом этаётган уруш шароитида ҳам Украинага тўлиқ демократик жараённи тиклаш имконини берадиган қонуний, хавфсиз ва реал механизм» яратиш заруратига қаратилди.
Сўнгги ижтимоий тадқиқотлар атрофидаги сиёсий муҳитга қаралса, Украинанинг бир нечта йирик социология марказлари маълумотларида Зеленскийга нисбатан ишонч ва электорал қўллаб-қувватлаш кўрсаткичлари пасайгани қайд этилган. «Украинская правда» буни Фёдоровнинг истеъфоси атрофидаги воқеалар билан ҳам боғламоқда.
Киевда баъзилар собиқ мудофаа вазирининг чиқишини «Фёдоров ўз сиёсий брендини яратяпти» деб талқин қилмоқда. Аммо унинг президентликка номзодини қўйиши ҳақида ҳозирча расмий эълон йўқ.
Яна бир қизиқ жиҳат шуки, у Зеленскийни номма-ном танқид қилмади. Bloomberg ёзишича, бу ҳозирча «Зеленскийга қарши президентлик кампанияси»дан кўра, унинг сиёсий майдонга мустақил ўйинчи сифатида чиқишининг биринчи жиддий сигналига ўхшайди.
Фёдоровнинг ўзи 30 июль куни «Украинская правда»га берган интервьюсида: «Ростини айтсам, ўзимни сиёсатчи деб ҳис қилмайман. Мен мураккаб тизимларни қурадиган менежерман», деган эди.

Сурат манбаси, Reuters
Унинг сайлов ўтказиш ҳақидаги чақириқлари айрим украиналик шарҳловчиларнинг ғазабига сабаб бўлди. Бу чақириқни Фёдоровнинг мудофаа вазири лавозимига қайтарилишини қўллаб-қувватлаган айримлар ҳам танқид қилди. Зеленскийнинг энг ашаддий танқидчиларидан бири ҳатто ҳукуматнинг энг кескин мухолифлари ҳам уруш даврида сайлов ўтказишнинг имконсизлигини тушунишини таъкидлади.
Зеленскийнинг президентликдаги беш йиллик муддати 2024 йил май ойида тугаган. Бироқ Украина Конституциясига кўра, ҳарбий ҳолат амал қилаётган пайтда сайлов ўтказиш мумкин эмас.
Ўтган йили АҚШ президенти Доналд Трамп Киевни «урушдан сайлов ўтказмаслик учун фойдаланаётганликда» айблаганида, Зеленский иттифоқчилар хавфсизлик кафолатларини таъминласа, Украина 60–90 кун ичида сайлов ўтказишга тайёр эканини айтган эди.
Бироқ адолатли ва хавфсиз сайлов ўтказиш катта қийинчиликларни келтириб чиқаради: Украина мунтазам равишда Россия ракета ва дрон ҳужумларига учраб турибди. Кўплаб украиналиклар Трампнинг баёнотларини Владимир Путиннинг «Зеленский қонуний президент эмас», деган мавқеига мос келади, деб ҳисоблайди.
Михаил Фёдоров Украинада «бошқарувнинг тизимли инқирози» юзага келганини ва мамлакат «ўзгаришдан қўрқаётганини» айтди. Шунингдек, у коррупция Украинанинг уруш олиб бориш салоҳиятига зарар етказаётган омиллардан бири эканини таъкидлади.
Agar urush yana bir yil davom etsa-chi? Ikki yil? Uch yil? Rossiya ukrainaliklar qachon yana o‘z hukumatini saylay olishini belgilaydimi?
Рақамли трансформация вазири бўлиб ишлаган Фёдоров Путин 2022 йилда Украинга тўлиқ кўламли босқин бошлаган илк кунларда россияликларга қарши киберҳужумлар уюштириш учун кўнгиллилардан иборат «Украина IT армияси»ни ташкил қилганди.
Кейинчалик у «Дронлар армияси» деб номланган муваффақиятли маблағ йиғиш кампаниясига раҳбарлик қилди ва урушда «геймификация» элементларидан фойдаланишни жорий этди. Хусусан, украин ҳарбий қисмларига Россия нишонларини нобуд қилгани учун балл бериладиган тизим ишлаб чиқилди.
Мудофаа вазири сифатида ҳам у дронлар, юқори технологияли уруш усуллари ва ҳарбий харидларга асосий эътиборни қаратди. Шунингдек, SpaceX асосчиси Илон Маскдан Россиянинг ўз дрон ҳужумларида Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланишини тўхтатишни сўради.
Бу қарор Россиянинг фронтдаги амалиётлари ва олдинга силжишига сезиларли даражада халақит берган.
Фёдоров лавозимидан озод қилинганидан кўп ўтмай Facebook'да қилган постида ўз фаолияти давомида эришган натижаларини санаб ўтди ва «асимметрия, инновациялар тезлиги ва ташкилий салоҳият орқали душманни мағлуб этишда давом этишини» билдирди.
Украина сўнгги ҳафталарда Россия ҳудуди бўйлаб узоқ масофали ҳужумларни кучайтирди. Киев Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда мамлакатнинг энг йирик онлайн чакана савдо компанияси Wildberries омборларига юзлаб дронлар билан зарбалар берди.
Москва ҳокими Андрей Воробёвнинг айтишича, шанбага ўтар кечаси Москвага тахминан 600 та дрон учирилган ва бу «сўнгги хотирадаги энг йирик дрон ҳужумларидан бири» бўлган.
Россия ҳудудига берилган сўнгги украин зарбалари оқибатида маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, тўққиз киши ҳалок бўлган, 23 киши, жумладан бир бола жароҳатланган.
Сешанба куни эрта тонгда Россиянинг Украинага берган навбатдаги ҳужумларида эса 17 киши ҳалок бўлди.



























