You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Таиланд суди икки Уйғурни ўлимга ҳукм қилди
- Author, Жонатан Ҳед
- Role, Жанубий-Шарқий Осиё бўйича мухбир
- Reporting from, Бангкок
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Тайланддаги суд мамлакат тарихидаги энг йирик террористик ҳужумни амалга оширганликда айбдор деб топилган икки эркакни ўлим жазосига ҳукм қилди.
Иккала эркак ҳам хитойлик уйғурлар бўлиб, улар 2015-йил 17-август кечқурун Бангкок марказида хорижлик сайёҳлар орасида машҳур бўлган ибодатхона ёнида кучли бомба портлатишни режалаштириш ва амалга оширишда айбдор деб топилди.
Ушбу ҳужум оқибатида 20 киши ҳалок бўлди ва 120 нафардан ортиқ одам жароҳат олди.
Бироқ полиция терговидаги камчиликлар, шунингдек, айбини тан олмаган икки эркак иштирокида ўтган ўн йиллик суд жараёнидаги баҳсли жиҳатлар бу ҳукм юзасидан саволлар туғдирмоқда.
Бомба Бангкокдаги Би-би-си бюросидан унча узоқ бўлмаган жойда портлади ва мен у ерга бир неча дақиқа ичида етиб бордим.
Портлаш Эраван ибодатхонасида ибодат қилаётган инсонларни тилка-пора қилиб юборган эди. Яқин атрофдаги чорраҳада кутиб турган мотоцикл ҳайдовчиларини йиқитди ва уларнинг айримларини ёқиб юборди.
Тез ёрдам ходимлари ва машиналар тезда воқеа жойига етиб келиб, жароҳатланганларга ёрдам кўрсата бошлади, ҳалок бўлганларнинг устига эса матолар ёпилди.
Мен уларнинг бир эркакка ёрдам бераётганини кўрдим - хотини унинг ёнида жонсиз ҳолда ётарди. Унинг жароҳатлари ҳаёт учун хавфли эмас эди, шунинг учун улар ундан бироз кутишни сўрашди ва бошқа жабрланганларга ёрдам берар экан, уни аёлининг қўлини ушлаб туришга ундадилар.
Атроф-теварак жуда шовқинли, бетартиб ва чуқур ларзага солувчи эди. Мен Бангкокда кўплаб сиёсий зўравонлик ҳолатларини кўрганман, аммо бу каби кўламдаги бомба ҳужуми илгари кузатилмаган эди. Буни ким амалга оширган бўлиши мумкин ва нима учун?
Бошиданоқ расмий тергов ишонарли эмасдек туюлган. Туризм саноатига таъсири ҳақида хавотирга тушган ҳукумат ҳужум жойини имкони борича тезроқ тозалаш буйруғини берган. Ибодатхона икки кундан сўнг қайта очилди, бомба қолдирган ҳандақ цемент билан ёпилди.
Атрофдаги кўпгина кузатув камералари ишламагани аниқланди, аммо баъзи паст сифатли видеолавҳаларда узун сочли ва қaлин кўзойнак таққан бир эркак ўриндиқ остига рюкзак қолдириб, тезлик билан узоқлашгани кўринган.
Унинг изи йўқолди, аммо полиция бошқа жойдаги яна бир эркак акс этган видеони намойиш қилди. У иккинчи бомба экани аниқланган жисмни каналга тепиб юборган ва у ерда бомба зарар етказмасдан портлаган. Улар бир нечта гумонланувчини қидираётганини айтди, аммо шу билан бирга бомба ҳужуми теракт эмаслигини таъкидлашди.
Ҳужумдан икки ҳафта ўтар-ўтмас, кейинчалик айбдор деб топилган икки эркак қўлга олинди.
Билал Муҳаммад Бангкок чеккасидаги уйда яшириниб юрган пайти топилди, у ерда расмийлар бомба ясаш учун мос кимёвий моддаларни ҳам аниқлади. Унда Адем Карадаг номи билан расмийлаштирилган сохта Туркия паспорти бўлган. Юсуф Мирали эса Камбоджада қўлга олиниб, Тайландга топширилган.
Иккала эркак ҳам уйғур деб айтилган, аммо дастлаб Тайланд полицияси улардан ҳеч бири бомбани жойлаштирган шахс эмаслигини айтган. Кейинчалик Билал Муҳаммад айбланди, гарчи у видеодаги шахсга унчалик ўхшамаса-да. Шунингдек, яна 13 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган, уларнинг айримлари аллақачон мамлакатни тарк этган эди.
Ажабланарли эмаски, одамлар бомбани Тайланднинг бир ой аввал 109 нафар уйғур эркакни мажбурий равишда Хитойга қайтарган баҳсли қарори билан боғлай бошлашди. Бу Туркия каби мамлакатларда уйғур тарафдорлари томонидан ғазабли норозиликларга сабаб бўлган эди. Ушбу ибодатхона, айниқса, хитойлик сайёҳлар орасида машҳурлиги билан танилган. Бу гўёки қасос ҳаракатидек кўринган эди.
Бироқ ҳарбий ҳукумат бу эҳтимолни қабул қилишдан бош тортди. Бир пайтлар улар бунга бир йил аввал ҳокимиятни қўлга олган ҳарбий хунтага қарши норози кучлар сабабчи бўлиши мумкинлигини айтди. Кейинроқ эса буни фақат одам савдоси билан шуғулланувчилар ҳукуматнинг улар фаолиятига чек қўйишга қаратилган ҳаракатларидан норози бўлгани билан изоҳлашди.
Эътиборли бир бурилишда полиция айбдорларни топишга ёрдам берганларга 80 минг доллар мукофот ваъда қилди. Аммо дастлабки икки гумонланувчини қўлга олгач, яна бошқалар қочиб юрганини тан олган ҳолдаёқ бу мукофотни ўзларига беришди. Уларга кўра, иш ёпилган эди.
Ҳар икки гумонланувчи ҳарбий назорат остида сақланган ва уларни айбини бўйнига олдириш учун қийноқ қўлланилганини айтган. Кейинчалик, ҳарбий судда жараён бошланганида, кўрсатмаларидан воз кечишган.
Билал Муҳаммад жуда оғир руҳий ҳолатда кўринган, у ўзининг ёмон муомалага дучор бўлаётганини бақириб айтган. У кўрсатма бериб, қўлга олинган уйда уни Малайзияга олиб ўтилишини кутиб турганини айтган. У ердан эса Туркияга учмоқчи бўлган. Бу уйғурлар паноҳ изловчилар орасида кенг тарқалган йўналиш ҳисобланади.
Шундан сўнг кечикишлар бошланди. Бунга, одатда, Тайланд томони уйғур тилини биладиган таржимон топа олмаётганини айтгани сабаб бўлган. Айбланувчилар Хитой элчихонаси таклиф қилган таржимонларни рад этишган. Кечикишлар ўн йилдан ортиқ давом этди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Халқаро юристлар комиссияси инсон ҳуқуқлари бўйича танқид билдирган бир неча ташкилотлардан бири бўлиб, улар суд жараёни ва унинг ноодатий даражада чўзилиб кетганини танқид қилди ва иш шунчалик муаммоли бўлганики, гумонланувчилар озод қилиниши керак эди, деган фикрни билдирди.
«Билал Муҳаммад ва Юсуф Мирали иши бўйича тергов, айблов ва суд жараёнлари инсон ҳуқуқлари бузилишига тўла бўлиб, Тайланд жиноий адлия тизимидаги тизимли камчиликларни фош этди».
Бироқ судялар уларни айбдор деб топиш учун етарли далиллар бор, деган қарорга келишди. Айниқса, полиция тақдим этган телефон қўнғироқлари ёзувлари муҳим деб баҳоланди. Улар портлаш вақтида иккала эркакнинг ҳодиса жойи яқинида бўлганини ва ўзаро алоқа қилганини кўрсатган.
Иккала эркакнинг адвокати ҳукм устидан шикоят қилиниши, яъни мазкур ҳукмни апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди.