Япония Нагасаки фожеаси қурбонларини хотирлади

Нагасакида содир этилган ҳужум камида 70 минг инсоннинг умрига зомин бўлганди.

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Нагасакида содир этилган ҳужум камида 70 минг инсоннинг умрига зомин бўлганди.
Published

Бундан 70 йил муқаддам Япониянинг Нагасаки шаҳри атом қуролининг даҳшатли оқибатларини ўз бошидан кечирганди.

Америка қуролли кучлари 9 август куни атом бомбасини ташлаган Нагасаки шаҳрида қурбонларни хотирлаш маросими ўтказилган.

Нагасакидаги маросим маҳаллий вақт билан соат 11:02 да (Нагасакига бомба ташланган вақт) қурбонлар учун бир дақиқалик сукут сақланиб бошланган.

Сўнгра Нагасаки ҳокими Томисиха Тауэ ва Япония Бош вазири Синдзо Абе нутқ сўзлаганлар. Жумладан жаноб Абе "Япония ядровий қуролсиз дунё учун қаттиқ курашиши"ни таъкидлаган.

Сурат манбаси, REUTERS

Бомбалаш натижасида вайрон этилган, сўнгра қайта тикланган католик ибодатхонада ўтган хотирлаш тадбирларига минглаб одамлар келганлар.

Хиросимага атом бомбаси ташланганидан уч кун ўтиб, Нагасакида содир этилган ҳужум камида 70 минг инсоннинг умрига зомин бўлди.

1945 йил 9 августда АҚШ ҳаво кучларининг дастлабки мўлжали бўлган Кокура шаҳрида кўриш даражасининг ёмонлиги боис, атом бомбаси Нагасакига улоқтирилган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун "Нагасаки энг сўнггиси бўлиши лозим. Биз келажакда ядровий қурол ишлатилишига йўл қўймаслигимиз керак. Бошқа Нагасаки, бошқа Хиросима бўлиши мумкин эмас" деган ўз мурожаатида.

Атом бомбасининг таъсири шу қадар мудҳиш эдики, лаҳзадаёқ шаҳарнинг асосий қисми вайронага айланади, минглаб инсонлар жойида ҳалок бўлади, минглаблари нур касаллиги туфайли даҳшатли ўлим топадилар.

Бир неча кундан сўнг Япониянинг таслим бўлиши Иккинчи Жаҳон урушига якун ясади. Бироқ нега Нагасаки ва Хиросиманинг нишонга айлангани ҳақидаги савол ҳамон очиқ, баҳсларни келтириб чиқаради.

Очиқ осмон остидаги чақмоқ

Атом бомбаси лаҳзадаёқ шаҳарнинг асосий қисмини вайронага айлантирган.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Атом бомбаси лаҳзадаёқ шаҳарнинг асосий қисмини вайронага айлантирган.

"Бу очиқ, қуёшли кун эди ва тўсатдан кўзни қамаштириб юборадиган ёруғлик", деб хотирлайди бомбардимонни ўз кўзи билан кўрган Тору Мине, у ҳозир ушбу фожеага бағишланган музейда экскурсовод бўлиб ишлайди.

"Мендаги илк фикр шундай бўлдики, ҳозир момақалдироқ бошланса керак, деб ўйладим. Кейин тушундимки, очиқ осмонда чақмоқ чақиши жудаям ғалати эди", деб ҳикоя қилади у.

"Мен ҳозиргача азоб чекаман", дейди 86 ёшли Танигучи.

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, "Мен ҳозиргача азоб чекаман", дейди 86 ёшли Танигучи.

Тирик қолганлардан яна бири 86 ёшли Сумитеру Танигучининг баданида фожеани ҳар доим эслатиб турувчи чандиқлар қолган.

"Менинг атрофимдаги одамлар ҳалок бўлишди, мен эса тирикман. Одамлар мени тирик қолди, дейишади, лекин мени тириклар сафида қолдиришди. Мен ҳозиргача азоб чекаман", дейди Танигучи.

"Япония ядровий қуролсиз дунё учун қаттиқ курашади", деган Синдзо Абе.

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, "Япония ядровий қуролсиз дунё учун қаттиқ курашади", деган Синдзо Абе.

Уч кун олдин Хиросимада бўлиб ўтган хотира маросимида Япония Бош вазири Синдзо Абе ядровий қуролсизланишга чақирган.

"70 йилдан кейин мен яна бутун дунёга тинчлик зарурлигини таъкидламоқчиман", деган у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio