
Емакхонада ҳалол гўшт тугаб қолганида бошқа гўштдан фойдаланилгани айтилмоқда.
Америка Қўшма Штатларида истиқомат қиладиган мусулмон Макдоналдс ширкатига қарши бошлаган маҳкама ишида ютиб чиқди.
Бутун дунёда машҳур тез тамадди қилиш ресторанлари тармоғи ҳисобланган Макдоналдс АҚШнинг Детройт шаҳридаги мусулмон жамоаси аъзоларига 700 минг АҚШ доллари тўлайди.
Ширкатни ёлғон рекламада айблашди.
Бу рекламада маҳсулот шариат қоидаларига асосан тайёрлангани айтилган.
Макдоналдсга қарши даъво аризасини 2011 йилнинг сентиябрида Мичиган штатининг Дирборн-Хайтс шаҳрида яшайдиган Аҳмад Аҳмад исмли мусулмон ёзган.
Аҳмад Аҳмаднинг айтишича, у Макдоналдс тамаддихонасидан ичига товуқ гўшти солинган гамбургер сотиб олган.
Бироқ товуқ гўшти ҳалол эмаслиги аён бўлган.
Аҳмад Аҳмад томонидан иш юритган ҳуқуқшунос Қосим Даҳлуллоҳнинг "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлигига айтишича, ушбу иш март ойида якунланиши мўлжалланган бўлган, бироқ Макдоналдс ширкати билан унга қарши даъвони қўзғаган томон ушбу миқдордаги тўлов билан ярашишга эришганлар.
Жаноб Даҳлуллоҳнинг айтишича, АҚШ ҳудудида жойлашган Макдоналдс ресторанларининг иккитасида ҳалол маҳсулотлар сотилиши йўлга қўйилган ва бу икки тамаддихона ҳам Дирборн-Хайтс шаҳрида жойлашган.
Ҳаммаси бўлиб Детройт атрофида 150 минг атрофида мусулмон истиқомат қилади.
Макдоналдс икки маҳсулоти учун товуқ гўштини ҳалол гўшт сертификатини расман қўлга киритган ширкатдан олиб турган.
Бироқ ҳуқуқшунос Қосим Даҳлуллоҳнинг аниқлашича, Диборндаги Макдоналдс бўлими ходимлари ҳалол товуқ гўшти тугаб қолгани учун ўзларида бор бошқа гўштни ишлатиб юборганлар.
Гўшт ҳалол эмаслигини Макдоналдс фаолиятига яқин ишончли манба тасдиқлаган.
Даъво шартларига кўра, жарима тариқасида олинган пул Дирборн-Хайтсда ҳалол маҳсулотлар билан савдо қиладиган Макдоналдс ресторани очилганидан буён у ердан ҳалол егулик деб савдо қилган мижозларга тўланиши лозим бўлган.
Бироқ бу нарса имконсиз бўлмагани сабабидан, маблағнинг бир қисми даъвогар Аҳмад Аҳмадга, Детройтдаги тиббиёт клиникаси, АҚШ Араб миллий музейи ва адвокатлар орасида тақсимланади.
Макдоналдс бундан кейин ҳалол маҳсулот билан савдо қилиш тартибини янада яхшиламоқчи, ходимларига ҳалол тушунчаси ва ҳалол маҳсулот тайёрлаш йўл-йўриқларини ўргатмоқчи экани ҳақида маълум қилган.

























