Украина Россияни роса чарчатиб, енгмоқчими - бу қандай ишлайди? Янгиликлар Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
- Author, Павел Аксенов
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Published
Украинадаги уруш ниҳоят турғун ҳолатга келди: ҳеч бир томон номақбул даражада катта ресурслар - техника, ўқ-дори, энг муҳими - одамларни қурбон қилмай туриб, йирик операцияни амалга ошира олмайди.
Украина Қуролли Кучларининг келажакдаги стратегияси ҳақида гап кетса, "қарши-ҳужум" ўрнига яна бир атама - "стратегик мудофаа" тобора кўпроқ эшитилмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Стратегик мудофаага ўтиш зарурлигини Украина Қуролли Кучлари собиқ бош қўмондони Виктор Муженко Би-би-си билан суҳбатда айтди. Унинг сўзларига кўра, агар бундай стратегия пухта ишлаб чиқилса ва амалга оширилса, Киев "Украина ҳудудидаги босқинни мағлуб этиш учун потенциал имкониятни сақлаб қолади".
"Стратегик мудофаа йили"га ўтиш Эстония Мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган катта ҳисоботда ҳам қайд этилган.
Турғун уруш, яъни урушнинг интенсивлигидан қатъи назар, фронт чизиғи сезиларли ўзгаришларга учрамайдиган уруш истамай қабул қилинадиган ҳолдир.
Тўғри, бундан ҳам наф кўриш мумкин. Ҳар қандай армия қўмондонлиги одатда маневрлар урушини афзал кўради, чунки барча замонавий қуролли кучлар асоси ана шунга таянади.
Турғун урушни ҳолдан тойдириш уруши дейиш ҳам мумкин. Манёвр ёки тезкор урушдан фарқли ўлароқ, бу урушда душман армиясини, шаҳарларни ёки ҳудудларни мағлуб этиш ёки баъзи стратегик муҳим позицияларга кириш мақсад эмас, балки душман армиясининг жанговар ва мудофаа қобилиятини - давлат, халқ ва армиянинг қаршилик кўрсатиш қобилиятини пасайтириш мақсад саналади.

Сурат манбаси, .
Шу билан бирга, турғун уруш ўз-ўзидан ғалабага олиб бориб қўймайди, аммо ҳолдан тойган давлат шартларга рози бўладиган вазиятга олиб келади ёки урушнинг янада фаолроқ, маневрли томонга ўтиши учун шароит яратади.
2022 йил кузидан 2023 йил ёзи охиригача Украинада ва Ғарбда кўплаб сиёсатчилар ва ҳарбийлар ёзги ҳужумнинг зарурати ва аҳамияти ҳақида гапиришди. Улар ҳал қилувчи зарба билан фронтда ғалаба қозонмоқчи эдилар.
Бироқ ҳужумда мақсад ҳосил бўлмагач, бундай стратегия иш бермаслиги ва Киевнинг Москва билан узоқ давом этадиган урушга кириши маълум бўлди.
Шу билан бирга, Кремль Россиянинг ҳарбий, иқтисодий ва демографик салоҳияти Украинаникидан юқори эканлигига ишонч ҳосил қилади.
Бундан ташқари, Россия раҳбарияти Украинага хорижий ёрдам тез орада тўхташига ва Ғарб бу урушдан Россияга қараганда тезроқ чарчашига ишонади.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу ишонч, хусусан, Владимир Путиннинг 14 декабрдаги гапларида ҳам янгради.
У Украинадан фарқли ўлароқ, Россиянинг молиявий-иқтисодий тизими кучли ва армияси жанговар тайёр эканлигини айтди.
"Ҳамон уни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар, лекин улар ўзлари деярли ҳеч нарса ишлаб чиқармайдилар, ҳамма нарсани олиб келишади, кечирасиз-у, ҳамма нарсани текин олишади. Аммо бу текин совға қачондир тугайди ва, эҳтимол, у аста-секин тугамоқда ҳам."
Украинани қўллаб-қувватлаш келажаги ҳақиқатан ҳам ноаниқ бўлиб қолмоқда - Қўшма Штатларда Конгресс ушбу ёрдам тақдирини январь ойида ҳал қилади ва Европа ҳам ҳали Украина эҳтиёжлари учун янги маблағни тасдиқлай олмади.
Аксар экспертлар, хусусан, Америка урушни ўрганиш институти таъкидлашича, "Ғарб ёрдамининг тўсатдан тўхташи эртами-кечми Украинанинг Россия армиясини тўхтатиб туриш қобилиятини йўқотишига олиб келади".
Украина ва унинг ҳамкорлари Ғарбдаги сиёсатчиларга ҳеч бўлмаганда қандайдир умид бера оладиган ва Киевга ҳарбий ёрдам масаласини ижобий ҳал қилишга ёрдам берадиган бирор тайинли режа ишлаб чиқишлари керак.
Ноаниқлик ва тайинли аниқ қарашнинг йўқлиги конгрессменларга ёрдам пакетини тасдиқлашга тўсқинлик қилмоқда - Украина Қуролли Кучларини ғалаба аниқ бўлмаган урушда қанча вақт қўллаб-қувватлаш кераклиги улар учун тушунарсиз.
New York Times газетаси декабрь ойи бошида ёзганидек, Украина ва АҚШ стратегия ишлаб чиқмоқда, унинг асосий мақсади эса Украина Қуролли кучлари назорати остидаги ҳудудларни сақлаб қолишдир.
Нашр ёзишича, америкаликлар диққатни шу асосий мақсадга қаратишни таклиф қилмоқда, украиналиклар эса узоқ масофали аниқ урадиган қуроллардан фойдаланган ҳолда фаолроқ жанг қилмоқчи.
Ҳозир Россия Украинада ўйнаётган ўйинни ўйнаш, яъни янги катта ҳужумга тайёргарлик кўриш ўрнига, ҳолдан тойдириш урушини давом эттиришга тарафдорлар кўпаймоқда. Бу мантиқий ҳол - бошқа чиқиш йўли ҳам йўқ.
"Ҳолдан тойдириш уруши ҳеч қачон ҳеч кимга фойдали бўлган эмас, бунақа стратегия урушни фаолроқ олиб бориш иложи бўлмаганда танланади, аммо ҳозирги вазиятда бу стратегия Украина учун Россиядан кўра кўпроқ зарар келтиради: фронтдаги йўқотишлардан ташқари, миллионлаб қочқинлар, бутун мамлакат бўйлаб ракета ҳужумлари, инфратузилма ва иқтисодиётнинг вайрон бўлиши, умуман давлат учун ноаниқ истиқболлар - шунинг учун фаол қарши ҳужум муваффақиятсизликка учраганлиги сабабли биз келажак ҳақида яна ўйлашимиз керак", - деди исроиллик ҳарбий эксперт Девид Генделман Би-би-си билан суҳбатда.
Аслида мақсад нима?

Сурат манбаси, Anadolu
Аслида на рус, на украин қўшинлари ботқоққа ботиб, ҳолдан тойдирадиган ё турғун урушга ўтмоқчи эмас эди.
2022 йил февраль ойида Россия тўғри Киевни ва Украинанинг ярмини босиб олиш билан классик блицкригни ўтказишга уриниб кўрди.
Киевни эгаллашнинг иложи бўлмаганида ва жанубдаги юриш тўхтаганида, Россия Донбассга ҳужум бошлади. Бу ҳам аниқ ва тезкор бўлиши керак эди: рус қўшинлари Украина армиясининг катта гуруҳини ўраб олишга ва йўқ қилишга уриниб кўрди, аммо бу ҳам муваффақиятсиз - жанубда Украина мудофаасини бузиб ўтишнинг иложи бўлмади, шимолда эса ҳаммаси мағлубият билан якунланди.
2022 йил сентябрь ойи бошида Харков вилоятида рус қўшинлари сийрак жойлашганидан фойдаланиб, Украина Қуролли Кучлари кузги ҳужумни муваффақиятли амалга оширди, катта ҳудудни озод қилди ва кейин Херсондан рус қўшинларини жанубга суриб ташлади.
Бироқ шундан кейин иккала томон ҳам бирор йирик операцияни амалга ошира олмади ва босқиннинг бошида Украина жанубидаги Россия армияси ёки 2022 йил кузида Изюм яқинидаги Украина қуролли кучлари каби муваффақиятга эриша олмади.
2023 йил ёзги ҳужум пайтида Украина Қуролли Кучлари Россия мудофаасига 30 километр масофагача кириб борди, аммо ўз мақсадларига эриша олмади - Азов денгизига чиқиш ёки ҳеч бўлмаганда ярим йўлда жойлашган Токмак шаҳрини озод қилиш иложи бўлмади. Шундай қилиб, бу уруш 2023 йил қиш-баҳорида турғунлашди ва Украина Қуролли Кучларининг ёзги қарши ҳужуми бу вазиятдан чиқиш қанчалик қийинлигини кўрсатди.
Қандай қилиб турғун боши берк кўча пайдо бўлди?
Урушнинг бундай ҳолатга келишининг бир қанча сабаблари бор.

Сурат манбаси, Anadolu
Россия сафарбарлигидан сўнг, фронтда иккала томонда ҳам бир хил миқдорда гуруҳлар бор эди ва уларнинг сони шунга етдики, кичик гуруҳ орқали муваффақият қозониш имкониятини йўққа чиқарадиган даражада мудофаани мустаҳкамлаб қўйди.
Бундай ўзгариш фронт чизиғини узоқ вақт давомида бир жойда музлатиб қўйди, ҳар бир томон хандақ қазиш, ўқ очиш нуқталарини мустаҳкамлаш, майдонларни миналаш орқали мудофаага тайёрлашга улгурди.
Бундан ташқари, ҳар бир томон ўзининг бутун разведка арсеналидан душман эгаллаган ҳудудни назорат қилиш учун фойдаланди, маҳорат ва технологияни доимий такомиллаштирди.
Энди орқа томон қанчалик яхши кўринаётганини ҳисобга олсак, яширин тарзда қайта гуруҳлаш, кичик гуруҳларнининг бирор нуқтага ёриб кириши қийин. Баъзан нишонни аниқлаш ва уни артиллерия ёрдамида йўқ қилиш учун бир неча дақиқа етади.
Катта гуруҳлар орқали бирор натижага эришиш ҳам деярли имконсиз бўлиб қолди. Назарий жиҳатдан, разведкадаги такомиллашув сабабли фронтнинг маълум бир қисмида зарба берувчи кучни тўплаш ва сон устунлигини яратиш янада қийинлашди.
Ҳар икки томон разведка учун дронлардан фаол фойдаланмоқда ва бошқа турдаги разведка усуллари ҳам янада самаралироқ бўлиб қолди. Мисол учун, душман ҳудудидаги агентлар маълумотларни аввалгидан кўра тезроқ узатмоқда.
Замонавий электрон разведка тизимлари ҳам янада ривожланди. Украина Ғарб сунъий йўлдошлари ва разведка учоқлари маълумотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди, Россия эса ўзининг радарлар ва радиолокацион аниқлаш учоқлари каби разведка технологияларидан фаол фойдаланмоқда.
Шундай қилиб, катта гуруҳни яширин жойлаштириш деярли имконсиз бўлиб қолди - душман режани пайқаб қолади ва таҳдидга жавоб қайтаради.
Иккала томон ҳам зарба берувчи гуруҳлар қисмлари - муҳандислик, танк, моторли пиёдалар, ракета-артиллерия ва авиация бўлинмалари ўртасида яқин алоқа ўрнатиб, умумқўшин доирасида ҳужумга ўтиш салоҳиятини намойиш қила олгани йўқ.
Гап шундаки, бу урушда жуда кўп янги ҳарбий технологиялар пайдо бўлди, улардан фойдаланишни ҳали етарлича ўзлаштиришмаган ва уларга қарши туришга имкон берадиган тактикалар ҳам ишлаб чиқилмаган.
Барча даражаларда - оддий аскардан тортиб, қўмондонликкача, тажриба ва жанговар маҳорат етишмаслиги сабабли катта йўқотишлар кузатиляпти.
Шу билан бирга, урушаётган қўшинларнинг жанговар тажрибаси ортиб боряпти, бу эса душманга қўл келадиган хатоларни камайтириш имконини беради.
Украина мудофааси учун нима керак?

Сурат манбаси, Getty Images
Эстония ҳарбийларининг стратегик мудофаага ўтишнинг умумий мақсадлари ҳақидаги таҳлилий ҳисоботи Украина Қуролли Кучлари қандай тактикага риоя қилиши ҳақида тасаввур бермайди.
Бу хориждан қурол ва ҳарбий техника етказиб бериш билан боғлиқ бўлади. Бир томондан, бу таъминот Украина эҳтиёжларидан келиб чиқади, бошқа томондан, улар Украина Қуролли Кучларининг ҳаракат эркинлигини чеклайди.
Агар Украина Қуролли Кучлари ҳақиқатан ҳам 2024 йилда яна бир ҳужумни амалга оширишга уринмай мудофаага ўтса, унда Ғарб таъминоти таркиби ўзгариши керак.
Исроиллик ҳарбий эксперт Девид Генделман таъкидлаганидек, биринчи навбатда, Украина Қуролли кучлари артиллерия ўқ-дориларига муҳтож, чунки "улар бу урушда ҳам мудофаа, ҳам ҳужумга таянади".
"Биз ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаани кучайтиришимиз керак, айниқса, инфратузилмага ҳужумларнинг навбатдаги қишки босқичи бошланиши олдидан; Германиянинг яна бир Patriot батареясини етказиб бериши шу билан боғлиқ. Учоқларни етказиб беришни бошлаш керак - Украина ҳарбий-ҳаво кучлари учун янги нафас сифатида ҳам, Россия учоқларига қарши кураш сифатида ҳам, айниқса, ҳаво мудофааси самара бермайдиган режалаш ва тўғрилаш модули ўрнатилган, бошқариладиган бомбаларга қарши. Зирҳли машиналар мудофаа учун ҳужумдагичалик муҳим эмас, лекин улар келажакда барибир керак бўлади" - дейди исроиллик эксперт.
Аммо Генделманнинг фикрича, асосий нарса Украина иқтисодиёти ва давлатини сафарбар қилишдир. "Бу, аввало, давлатни уруш ҳолатига ўтказиш, ҳарбий-саноат комплексини рағбатлантириш, умуман олганда, урушга моддий ва инсон ресурсларини сафарбар қилиш билан боғлиқ. Ҳозирча бу борада Россия Украинадан кўра ўзини яхши кўрсатмоқда, ваҳоланки бундай сафарбарлик Украинага кўпроқ керак" - дейди у.
Генделманнинг фикрича, Украина ўзининг ҳарбий-саноат комплексини ривожлантириш учун имкони борича ҳаракат қилиши керак, бу унинг Ғарб таъминотига қарамлигини камайтиради.
"Таъминот билан боғлиқ муаммо шундаки, Ғарб ҳарбий-саноат комплекси ҳам етарлича тез ривожланмаяпти ва кўплаб тоифаларда танқислик мавжуд [...] Шунинг учун ҳаммаси яна Украинанинг ўз имконияти ва саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Агар ҳарбий асосга ўтиш шундай давом этса, Украина ютқазади", деб ҳисоблайди у.
Манёвр ёки ҳандақ?
Эстония ҳарбийлари ишлаб чиққан ҳужжатда Украина Қуролли Кучлари Россияга қарши ҳолдан тойдирувчи урушга қарор қилган тақдирда улар ўз олдига қўйиши мумкин бўлган мақсад ва вазифалар кўрсатилган.
Булар орасида фронтдаги қўшинларга таъминот етказиб беришни тўхтатиш учун алоқа воситаларига ҳужумлар, Қора денгиз флотига унинг фаоллигини камайтириш учун босим ўтказиш ва Россия учоқларининг бемалол ҳаракатланишига йўқ қўймаслик учун ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш бор.
Бундан ташқари, Украина Қуролли Кучларига Россия армиясига мумкин бўлган максимал йўқотишлар келтириб, уларнинг ҳужумини ушлаб туришни давом эттириш тавсия қилинган.
Эстония Мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, Россия олти ой ичида 130 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчини тайёрлашга қодир. Эстонияликлар фикрича, агар тузатиб бўлмас йўқотишлар (ўлганлар ва сафга қайта олмайдиган ярадорлар) олти ой ичида 50 мингни ташкил қилса, бу Россиянинг мобилизация тизимини ортиқча зўриқтиради ва камроқ ўқитилган аскарлар фронтга юборилишига олиб келади. Натижада, русларнинг жанговар самарадорлиги пасаяди.
Ҳисоботда қайд этилган ушбу умумий тамойиллар Украина Қуролли Кучлари қандай аниқ тактикани танлаши ҳақида тасаввур бермайди. Эҳтимол, ҳатто Украина армиясининг қўмондонлиги ҳам буни билмайди.
Мудофаа стратегияси қўшинлар маневр қилмайди ва ҳужумга ўтмайди, дегани эмас.Ўтган қишда Угледарга қилинган ҳужум, Бахмутнинг баҳорги эгалланиши, Авдеевка яқинидаги жанглар - рус армияси томонидан амалга оширилган бу операцияларнинг барчаси, Днепрнинг чап қирғоғидаги Украина плацдарми турғун уруш тушунчасига тўғри келади.
Бу операциялар фронт чизиғида сезиларли ўзгаришларга олиб келмади, яъни урушнинг характерини ўзгартирмади (шунинг учун уруш турғун деб аталади). Уларнинг барчаси жуда қимматга ҳам тушди.
Бундан ташқари, дала истеҳкомлари турғун урушда мудофаа асосларидан биридир, мудофаа линияларини қуриш эса бу урушнинг яна бир чиқимидир. Ўнлаб ва ҳатто юзлаб километр узунликдаги ҳандаклар, танкка қарши ўралар, тўсиқлар, гектарлаб миналанган майдонлар, бетон бункерлар ва бошқалар. Ҳар икки томон буларни қуриш билан банд.
Турғун уруш пайтида фаол ҳарбий ҳаракатлардан воз кечиш қийин - ахир, бу душманни сергак туришга мажбур қиладиган ташаббусни сақлаб қолиш ёки қўлга киритишнинг ягона йўли. Ҳимоя зарбадан кўра қимматроққа тушади, чунки у фавқулодда чораларни талаб қилади.
Шунинг учун, турғун уруш пайтида ҳар бир армия танловга эга - ё қимматга тушадиган фаол операцияларни тайёрлаш ва ўтказиш ёки душманнинг ташаббусига жавоб бериш ва янада қимматга тушиш.
Виктор Муженко Би-би-сига берган интервьюсида айтишича, Украина кучлари ҳозир ўтиши керак бўлган стратегик мудофаа қарши ҳужум тактикаларини ҳам қамраб олади.
Шу билан бирга, Муженконинг айтишича, Украина "фронтни қайта форматлаши" керак. "Бу биз нафақат миқдорий, балки сифат жиҳатидан ҳам кучли захира яратишимиз кераклигини англатади. Юқори сифатли захира - бу ҳарбий организмларнинг мавжудлиги: бригада, корпус ва бошқалар - ўқитилган, жиҳозланган, мувофиқлаштирилган, руҳан кўтаринки - бундай муаммоларни ҳал қилишга қодир " - дея хулоса қилади у.
Девид Генделманнинг фикрича, мудофаа фаолроқ урушдан кўра камроқ куч ва стресс талаб қилади, аммо бу вақтда ҳал қилувчи ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўриш керак.
"Мудофаа ҳужумга қараганда камроқ ресурс талаб қилади, лекин яна ҳаммаси истиқболга боғлиқ: бир марталик катта ҳужумдаги катта йўқотиш ўрнига мудофаада ҳам йўқотишлар ва бошқа харажатлар вақт бўйича тарқалади. Шунинг учун, агар мудофаа босқичида ҳужум рельсига ўтиб олиш учун илгарилаш бўлмаса, бу муаммоларни ҳал қилиш эмас, балки уларни кечиктириш бўлади" - дейди у.
Бу ҳақда Эстония ҳарбийлари ҳисоботида ҳам айтилган. Эстония Мудофаа вазирлиги экспертлари фикрича, айни дамда асосий мақсад Россиянинг уруш 2024 йилгача якунланиши мумкинлигига бўлган ишончини синдиришдир. Украина мудофааси учун келгуси йил стратегик аҳамиятли бўлади; бу вақт ичида мамлакатнинг ҳарбий-саноат базаси қурилиши керак, шунда Киев Россия ҳарбийларини мағлуб этиш имкониятига эга бўлади.
Афтидан Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги узоқ муддатли турғун қарама-қаршилик пайтида юзага келадиган муаммолардан тўлиқ хабардор. Украина Бош қўмондони Валерий Залужний ноябрь ойи бошида «Economist» журналида мақола чоп этиб, унда Украинага бундай урушда нима кераклиги ҳақида ўз фикрларини айтган.
Залужнийнинг таъкидлашича, Украина Қуролли Кучлари учун асосий устувор йўналишлар (яъни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш керак бўлган соҳалар) авиация бўлиб, у ҳавода тўла устунлик бермаса ҳам, ҳеч бўлмаганда паритетга эришишга ёрдам беради; Радиоэлектрон уруш - улар дронларнинг кескин кўпайиши фонида ҳаётий аҳамиятга эга; батареяга қарши тизимлар - турғун урушда артиллерия асосий йўқ қилиш воситаларидан бирига айланади ва унга қарши курашиш керак; миналанган майдонларни тозалаш учун ускуналари - уларнинг етишмаслиги Украина Қуролли Кучларига муваффақиятли қарши ҳужумни амалга оширишга имкон бермаган асосий омиллардан бирига айланди.
Ниҳоят, одамлар - улар босиб олинган ҳудудларни озод қилади - самолётлар, дронлар ва бошқа қуроллар буни қила олмайди.
Залужний Украина ҳудудий яхлитлигини фақат ҳарбий куч билан тиклаши мумкинлигини ёзган. Бироқ, унинг ўзи уруш турғун хусусиятга эга бўлганини тан олади. Кўплаб шарҳловчилар таъкидлашича, "стратегик мудофаа" даврида Украина учун асосий нарса кўпроқ ҳудуд йўқотмасликдир.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002































