Ўзбекистон ва дунё, Россия: Ички душманни овлаш. Нега россияликлар чақув билан шуғулланмоқдалар? Янгиликлар Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

1930-йилларда ҳам, урушдан кейинги СССРда ҳам совет воқелигида қўшниларингиз ёки ҳамкасбларингиз сизни сотиши, ортингиздан чақиши мумкинлигидан қўрқув бор эди. Ҳозир сиёсий чақувлар яна Россия жамияти ҳаётига қайтди: кўпинча бундай чақувлар урушга қарши чиққанлик учун айбловга айланиб кетади. Би-би-си 1930-йиллардаги чақувларни бугунги кун билан таққослаб, россияликлар нима учун бирор одам ортидан тегишли идораларга чақув ёзиши ҳақида тарихчи ва антрополог билан суҳбатлашди.
Москвалик 41 ёшли этикдўз Александр Колгушкин 1935 йилда аксилинқилобий тарғиботда айбланиб, 58-модда билан ҳибсга олинган. Унинг жиноят иши коммунал хонадонда ёнма-ён яшовчи икки қўшнисининг чақуви билан бошланади, улардан бири Колгушкиннинг рафиқаси Варваранинг амакиваччаси эди. Қўшнилар Василий Шипилов ва Иван Карцев унинг уйига қачонлардир ер эгаси бўлган одамга алоқаси бор бир фуқаро меҳмон бўлиб келгани учун Колушкинни "аксил-инқилобий фаолият"да айблайди.
Алоқадор мавзулар:
"Биз, Шипилов ва Карцев биламизки, юқоридагиларнинг барчаси, бизнингча, жосуслик билан шуғулланиб, ўз ватанига хиёнат қилишади. Мен, Шипилов, Колгушкинлар билан қўшни яшайман, онгли ишчи сифатида мен учун синф душманларининг Колгушкинларникига келишини томоша қилиш ёқимсиз ва мен улардан нафратланаман ", деб ёзади унинг хотини амакиваччаси НКВДга.
Қўшнилар, шунингдек, Колгушкиннинг Совет ҳукуматини танқид қилганини эслашади: "Ҳозир, яъни Совет ҳокимияти даврида ҳаёт ҳамма учун қийин. Нонга зўрға пул етади ва кўпчилик оч ўтиради. Илгари шундай бўлганми?", дея унинг сўзларини чақишади улар.
Ҳибсга олинган шахснинг ўзи сўроқ пайтида буни рад этади, лекин у квартирадаги антисанитария туфайли қўшниси Иван Карцев билан жиқиллашиб қолганини айтади: у жуда нотоза эди ва Колгушкинлар бу туфайли болалари касал бўлиб қолишидан хавотирда бўлишган
Унинг рафиқаси Варвара Колгушкина сўроқ пайтида амакиваччаси унга таҳдид қилганини айтади: "Эрим ҳибсга олингандан сўнг, Шипилов дарҳол ўзаро келишув бўйича бошқа хонага ўтишимни таклиф қилди, акс ҳолда, у мени бошқа йўллар билан чиқариб юбориш билан таҳдид қила бошлади".
Икки қўшни давлатнинг репрессив аппаратидан фойдаланган ҳолда учинчисини квартирадан чиқариб юборишмоқчи бўлгани ҳатто 1930-йиллар судига ҳам аён эди. Судда Колгушкин оқланди. Суд қарорида шундай дейилади: "Шипилов Колгушкиннинг жойини эгаллаб олишга уринган" ва Шипилов ва Карцевга қарши жиноят иши қўзғатиш таклиф этилади.
Бу истисноли ҳолат аслида: хонани бўшатиш учун қўшни устидан чақув қилиш ўша йилларда одатий ҳол эди ва улар одатда ўз мақсадига эришарди.
"Мемориал" ташкилоти ходими (Россия ҳукумати аввалига ташкилотни хорижий агент сифатида таснифлаган, кейин уни тугатган, ҳозир эса унинг асосчиларидан бири Олег Орлов судланмоқда) Сергей Бондаренконинг айтишича, 1930-йиллардаги сиёсий айбловлар бўйича оқлов ҳукмлари бир неча фоизигина бўлган.
Аммо ҳатто ўша пайтдаги оқланганлар улуши ҳам замонавий Россиядаги жиноят ишлари бўйича оқланганлар сонидан кўп: ҳозир улар бир фоиздан камроқ.
Бироқ, бугунги воқеликдан фарқли ўлароқ, 30-йилларда одамларга ҳукмни суддан бошқалар ҳам чиқарган. НКВД учликлари ва НКВДнинг махсус мажлислари шундай кучга эга эди: Сталин ҳукмронлиги йилларида улар одамларни ўлимга ҳукм қиларди.
Чақув турлари: фойда, қасд олиш, адоват
"(Не)занимательная антропология" Telegram канали муаллифи анрополог Александра Архипова кўзланган манфаатга қараб чақувлар турларини кўрсатади.
Моддий фойда кўзланади: масалан, Шипилов ва Карцев каби кимдандир хонасини тортиб олишга уриниш. Аммо бугунги Россия каби хусусий мулк тан олинадиган давлатда кимнингдир уй-жойини осонгина ўзингизга олиб қўя олмайсиз. Шунинг учун, ҳозирги чақимчилар бошқа фойдани кўзлайди. "Бу бирор компания ёки университетда кимнингдир ўрнини тўғридан-тўғри эгаллаб олиш бўлмаслиги мумкин, лекин сиз ўз содиқлигингизни кўрсатасиз ва бу сиз ёки сизнинг муассасангиз қўшимча имтиёзлар олишига ёрдам бериши мумкин", деб қўшимча қилади "Мемориал" ходими Алексей Макаров.
Чақувдан фойда нафақат моддий, балки ҳиссий жиҳатдан ҳам бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Архипова: кимдир билан ҳисоб-китоб қилиш, ҳуқуқбузарни жазолаш, шахсий низода давлат сиёсатидан фойдаланиш. Бу совет халқи учун ҳам, бугунги руслар учун ҳам универсалдир.
Антрополог бундай ҳолатни 2022 йил август ойида Севастополда (аннексия қилинган Қримда) кузатди. Волейбол ишқибозлари соҳилда жанжаллашиб қолган: улардан бири Украинани қўллаб-қувватлайди, эртаси куни эса у қўлига сариқ ва кўк рангли резина боғлаб, волейбол ўйнагани келади. Бошқа ўйинчилар ундан бу рамзларни ечиб ташлашни талаб қилган, уни ватан хоини деб аташган. Бундан ғазабланган ўша одам Россия билан урушда Украинага ёрдам бериш учун ҳамма нарсани қилишини айтади. Шундан сўнг, у билан тортишиб қолган уч киши унинг устидан ёзиб беришади.

80 йил олдин, 1941 йил сентябрь ойида "Металлист" заводи ишчиси Иван Федоров 10 йил лагерга сургун қилинди, шу билан оиласига қайтмади. Айтган гапи учун ушбу жазони олди. НКВДга аризани унинг ҳамкасби, яқинда армияга чақирилган ишчи ёзган: Гитлер яқиндагина СССРга ҳужум қилган эди. "Ишчилар олдида у истеҳзо билан: мана ҳимоячимиз келди, деди. У [армияда] қандай овқатланаётганимизни сўради. Мен унга овқат яхши эканини айтдим, у менга ҳафтада бир марта овқатлантириш керак, чунки Қизил Армия ёмон жанг қилади ва шаҳарларни немисларга бериб қўйяпти деди", деб чақув ёзади у.
Бу чақув билан ўша одам ҳеч нарса ютмади, лекин қасос олди.
Ишда яна бир чақув бор эди - завод ходимасидан. У Федоров устидан шахсий хафагарчилик сабабли эмас, кўпроқ мафкуравий асосга кўра шикоят ёзади. Бу чақувнинг антрополог Архипова "маънавий" фойда деб атайдиган учинчи сабабидир: душманни фош қилиш, давлатни туҳматчилардан ҳимоя қилиш.
"Хорижий агент" деб ҳисобланган ОАВга берган интервьюси учун Архипованинг ўзига қарши ҳам ана шундай чақувлар бўлган. Антрополог чақимчи билан боғланганида, у шундай жавоб беради: "Мен профессионал, ҳақ олмайдиган чақувчиман [...] Махсус ҳарбий операциянинг биринчи йилида мен электрон шаклда 764 марта хабар юбордим". Ўз эътирофига кўра, чақимчи аёл "Дождь", "Дойче Велле", "Озодлик радиоси", "Настоящее время"нинг YouTube каналларидаги барча видеоларни кўрган ва уларга интервью берганлар устидан шикоятлар ёзган, лекин аниқ шахсий манфаат ёки қасос олиш учун эмас.
Макаровнинг айтишича, бундай одамлар давлат хато қилиши мумкин эмас деб қаттиқ ишонади, демак, давлатни танқид қилганлар туҳматчилардир. Бундан ташқари, кимдир уларнинг фикри тўғрилигига шубҳа қилса, уларга ёқмайди. "Ким уларнинг дунё ҳақидаги тасаввурини силкитса, ўшандан қутулишга ҳаракат қилишади. Чунки акс ҳолда сиз савол беришни, давлат фаолиятини шубҳа остига қўйишни бошлайсиз ва буни улар хавфли ҳисоблайди", дейди "Мемориал" ходими.
1941 йил ёзида механик Федоров билан суҳбатда завод ходимаси немисларни бадбахт деб атайди ва жавобан Федоров унга: "Нега улар бадбахт бўлсин, улардан яхшироқмизми? Улар жуда маданиятли халқ", дейди. Аёл бу ҳақда "керакли жойга" шикоят қилади. Ҳибсга олингандан сўнг Федоров терговчига инқилобдан олдин Ораниенбаум шаҳрида (ҳозир у Санкт-Петербургнинг бир қисми) немислар билан бирга ўқиганини, сўнг уларга нисбатан симпатия пайдо бўлганини тушунтиради. "Немис сигарет қолдиғини ҳам белгиланмаган жойга ташламайди", дейди у.
Бу тушунтиришлар уни ҳукмдан қутқара олмади ва Федоров жазо лагерларида ғойиб бўлди: унинг қандай ўлганини ва қаерда дафн этилганини ҳеч ким билмайди.
Ҳозир ҳам руслар шахсий суҳбатларда эшитганлари асосида чақув ёзишади. Бу суҳбатларда ҳеч ким ҳеч кимни одатда хафа қилмайди, шунчаки кимнингдир гапи уларнинг дунё ҳақидаги тасаввурига зид келгани учун чақув ёзади. 2023 йил май ойида 20 ёшли пермлик Глеб Сахаров нафақахўр Александр Никонов унинг олдига келиб, китобини сотиб олишни таклиф қилганда шаҳар боғида сайр қилиб юрганди.
Суҳбатдан сўнг Сахаров полицияга чақув ёзди: унинг айтишича, Никонов унга "Россия Федерацияси учинчи жаҳон урушини бошлагани, Украина ҳудудини босиб олгани" ҳақида гапирган. Йигитнинг сўзларига кўра, қария унга "Россия ҳақида ҳақиқатни гапираётган мухолифатчиларга қулоқ солишни тавсия қилган, шунингдек, Украинада давом этаётган урушда тинч аҳоли ҳалок бўлаётгани ва руслар ҳам ўлдирилиши мумкинлигини айтган". Шундан сўнг, 82 ёшли Никоновга армияни обрўсизлантирганлик учун маъмурий баённома тузилади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Артем Файзулин судда Никоновни ҳимоя қилди: у боғдаги суҳбат шахсий эканлигини ва армияни обрўсизлантирганлик айби учун у оммавий бўлиши кераклигини таъкидлайди. У бир амаллаб судья Мокрушинни бунга ишонтиришга муваффақ бўлди. "Суҳбатда Никонов A.P. содир бўлаётган воқеалар бўйича ўз фикрини айтган, буни оммавий чиқиш деб бўлмайди", дейилади суд қарорида. Жиноят таркиби йўқлиги сабабли иш тўхтатилди.
Ва 2023 йил ёзида екатеринбургликлар "ватанпарварлик мақсадида" экилган уч рангли гулзордан қазиб олинган гуллар туфайли шикоят қилишди. Бу ҳам душман қидириш эди: ахир, гулларни ҳеч қандай мафкуравий асос бўлмаса ҳам қазиб олишлари мумкин, лекин одамлар буни бошқача талқин қилади.
Алексей Макаров чақувнинг яна бир сабаби борлигини айтади - ўз тақдиридан хавотир. "Мавжуд қонунлар ва айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ноаниқ ишлайди. Бундай беқарорлик шароитида одам қонунга зид бўлган нарсага дуч келса, шундай ўйлайди: "Хабар беришим керак, акс ҳолда, ҳеч қандай муносабат билдирмасам, шерик бўлиб қолсам-чи? Агар ўзимни давлатга тарафдор сифатида кўрсатсам, бу мени муаммолардан қутқаради, чунки ҳар ким қурбон бўлиши мумкин", - деб тушунтиради "Мемориал" ходими чақувчи мантиғини. - Чақимчи бу билан нафақат бошқа одамнинг хиёнатини, балки ўзининг содиқлигини ҳам кўрсатмоқчи бўлади."
Архипова СССРда замонавий Россиядан фарқли ўлароқ, хабар бермаганлик ҳақида модда бўлганини эслайди. Бундай вазиятда таъқибдан қутулишнинг ягона йўли баъзида чақимчи ортидан чақимчилик қилиш эди. Яъни, ўз тақдиридан хавотир замонавий русларга қараганда совет халқига кўпроқ таъсир қиларди.
Чақувдан ғурурланиш
Александра Архипова совет давридаги ва ҳозирги чақувлар ўртасидаги муҳим фарқни кўрсатади. У вақтда улар бутунлай аноним эди ёки фақат терговчилар ва суд чақимчининг исмини биларди, жамоатчилик эмас. Ҳозир эса улар ўз шикояти ҳақида очиқ гапиради.
Масалан, актёрлар Данила Козловский ва Лия Ахеджаковага қарши шикоят ёзган ижтимоий фаол Виталий Бородин "Проект" нашрига (кўп ўтмай нашр номақбул ташкилот деб топилди) ўз қилаётган иши билан фахрланишини айтиб, интервью берди. Кўпгина депутатлар - минтақавийлардан тортиб, Думада ўтирганларгача - чақув ёзади ва бу ҳақда ўзларининг Telegram каналларида бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот беришади.
"Мемориал" ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши асоси бўлган шикоятларни йўллаган "Россия фахрийлари" ташкилоти ҳам қилган ишидан мамнуниятини яширмаганди.
"Зов народа" ҳаракати тантанали равишда "Вконтакте" ижтимоий тармоғида реппер Face (ҳақиқий исми Иван Дремин) ҳақида ёзган шикоятини эълон қилди. Уруш ва Россия ҳукуматига қарши очиқ гапирадиган "хорижий агент" мусиқачи 1 сентябрь куни "Ничего хорошего" номли янги альбомини чиқарди. Ҳаракат ўша куниёқ дарҳол унинг устидан Тергов қўмитаси, ФСБ ва Бош прокуратурага шикоят қилди.
"Бу аёл бадбашара, у Мизулинага ўхшайди", деб куйлайди Дремин биринчи тўртликда. Бу сўзларда ҳокимият вакилини ҳақоратлашни кўрган "Зов народа" дарҳол шикоят ёзган. Ва "Мен Кремлга болға уриш учун Россияга қайтаман" мисрасида бу "ватанпарварлар" экстремизмга оммавий чақириқни кўришган (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 280-моддаси).
"Иван Дремин махсус ҳарбий операция бошланганидан кейин Россияни тарк этди, ўша пайтдан бошлаб у Россияга қарши очиқ ҳаракатлар қилди, украиналик томошабинлар ва Россиядан қочганлар учун Европада концертлар берди, Украинани қўллаб-қувватлади", дейди фаоллар ўз айбловлари салмоғини ошириш учун.
"Ҳозир сўз маъносида ўзгариш бор: "чақув" сўзи салбий маъносини йўқотмоқда", деб таъкидлайди антрополог Архипова. Одамлар фикрича, чақув шикоятнинг бир тури, дейди у. Шикоятчи ўзини чақимчи деб эмас, балки алданган мижоздек ҳис қилади, ўзининг ҳақлиги ҳисси уни бошқаради.
"Агар «Икеа»дан жавон сотиб олсангиз, у кўнгилдагидек чиқмаса, дарҳол ширкатга ёзасиз, шикоят қиласиз, шундай эмасми? Агар улар жавоб қайтармаса, Facebook'да пост ёзасиз ва у ерда "Икеа" ни белгилайсиз, - дея мисол келтиради Архипова. - Бу ҳатти-ҳаракатлар одамларга ҳам тегишли."
Ҳозир шикоятлар учун бундай каналларни - деярли барча онлайн-дўконлар каби - давлат муассасалари ҳам очган. Масалан, 2022 йил 15 мартда Тергов қўмитаси томонидан тезкор алоқа канали очилди.
Архипова нима учун болаликдан ўрганилган "чақимчилик ёмон" деган тушунча чақув ёзаётганларда ишламаслиги сабабини тушунтиради.
"Чақимчилик яхши эмас, аммо бу сиз "ўзингизники" деб ҳисоблаган одамларга тегишли", деб тушунтиради у. Уруш ва ҳокимият ҳақида ўзаро тортишадиган одамлар қарши томонни "ўзиники" деб ҳисоблаши қийин. Россия жамиятида эмпатия даражаси паст, дея қўшимча қилади у: одамлар ўзининг яқин доиралари, оилалари ва дўстларидан бошқа ҳеч кимни ўйламайди ва "ўзиники бўлмаганларни" тушунишга ҳаракат ҳам қилишмайди.
"Мемориал" ходими Алексей Макаров эса уч давр: 1930 йиллар, сўнгги совет йиллари ва бугунги кун ўртасидаги яққол ўхшашликни кўради. Ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам жамиятда қўшнилари устидан ҳокимиятга шикоят қиладиганлар учун қулай вазият бўлган.
"Улар шунчаки ҳамма нарсага қайғурадиган ва шу тариқа ўзининг ижтимоий фаоллигини кўрсатадиган одамлар, - деб ҳисоблайди у. - Яна бир савол, давлат органлари бунга қандай муносабат қилади. Улар чақув хатини ахлат қутисига ташлайди ёки иш қўзғатади.
Архипова эса муаммо илдизи алоҳида турдаги одамларда эмас, балки жамиятдаги муҳитда, деб ҳисоблайди: "Одамларда бундай хулқ яратилади. Депутатлар ҳамма нарсадан шикоят қилишни намуна сифатида кўрсатишади ва одамлар уларга эргаша бошлайди. Жамият одамларни бунга ўргатади, бундай хатти-ҳаракатларни маъқуллайди". Расмийлар ички душманлар ҳақида гапиришни одатий ҳолга айлантиради - шунинг учун одамлар ўша душманларни қидира бошлайди.
"Афсуски, одамларнинг энг ёмон томонларини кўрсатиш учун кўп йиллар давомида ҳаракат қилиш шарт эмас. Жазосизлик ва рағбатлантириш муҳитини яратиш кифоя ва тезда буни кўрасиз", деб хулоса қилади Алексей Макаров.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002






























