Янгиликлар: Бачадондаги ҳомилани қандай кулдириш мумкин? Dunyo Yangiliklar

A 4D image of what appears to be a smiling foetus

Сурат манбаси, Fetal and Neonatal Research Lab, Durham University

Сурат тагсўзи, Онаси сабзи кукуни истеъмол қилганидан 20 дақиқа ўтиб ҳомила жилмайгани кўринди
    • Author, Ахмен Ҳаважа
    • Role, BBC News
  • Published

Буюк Британияда 100 нафар ҳомиладор аёл ва ҳомила иштирокида ўтказилган янги тадқиқотга кўра, она қорнидаги чақалоқлар онаси сабзи татиб кўрганида "табассум қилади", карам истеъмол қилганда эса «юзи буришади».

Агар карамнинг таъми сизни юзингизни буриштирса, сиз ёлғиз эмассиз.

Олимлар бачадондаги ҳомила онаси сабзи егандан кейин табассум қилишини ва онаси карам егандан кейин қошини чимиришини аниқлади.

Алоқадор мавзулар:

Буюк Британиядаги Дарем университети неонатал тадқиқот лабораториясининг таъкидлашича, бу ҳомиланинг турли таъмларга жавоб беришини кўрсатадиган биринчи қайд этилган тўғридан-тўғри далилдир.

Улар 35 аёлга сабзи кукуни ва 34 бошқа аёлга карам кукуни солинган капсулани беришди. Қолган 30 нафар аёл назорат гуруҳига киритилган ва улар ҳеч нарса емаган.

4D орқали реал вақтда реакциялар

Гуруҳнинг "Psychological Science" журналида хабар беришича, оналар капсулаларни ютганидан 20 дақиқа ўтгач, 4D ультратовуш текшируви карам қабул қилган аксар оналарнинг ҳомиласи юзини буриштиргани, сабзи еганларникида эса жилмайгани кўринди.

Ҳеч нарса емаган 30 нафар ҳомиладор аёлдан иборат назорат гуруҳида бу каби ҳолатлар кузатилмади.

Image from FETAP study of a baby looking relaxed then of its face contorted

Сурат манбаси, Fetal and Neonatal Research Lab, Durham University

Сурат тагсўзи, Ўнгдаги суратда карам кукунидан юзини бужмайтираётган бола акс этган

Олдинги тадқиқотлар шуни кўрсатгандики, бизнинг муайян озиқ-овқатга бўлган мойиллигимиз туғилишдан олдин ҳам шаклланиши мумкин, чунки ҳомилани ўраб турган амниотик суюқлик ҳомиладор аёлнинг овқатланишига қараб турли таъмга эга бўлиши мумкин.

Аммо Дарем университетининг ушбу янги тадқиқоти хулосасида айтилишича, ушбу тадқиқот туғилмаган болаларнинг турли таъмларга турлича реакция қилишини биринчи марта тўғридан-тўғри ўрганган.

Ҳомила қачон янги овқатни татиб кўришни бошлайди?

"Биз олдинги тадқиқотлардан биламизки, ҳомила онанинг рационидан оладиган озиқланиш ҳақиқатан ҳам соғлом ривожланиш учун муҳим аҳамиятга эга. Аммо бу аслида қачон бошланишини билмаймиз», дейди Дарем университети ҳомила ва неонатал тадқиқот лабораторияси директори, тадқиқот ҳаммуаллифи Надия Реислэнд.

"Туғилажак чақалоқлар ҳомиладорликнинг 14-ҳафтасидаёқ шакарни афзал кўришади", дейди у Би би сига.

Foetus in womb

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бундан олдинги тадқиқотлар инсоннинг таъмларга бўлган муносабати ҳомилани бачадонда ўраб турган амниотик суюқликка боғлиқлигини намойиш этган

"Биз тажрибамизда 32 ва 36 ҳафталик ҳомилаларга кукунли капсулалар бердик, чунки ана шу вақтларда уларнинг юз ифодалари тобора мураккаблашади.

"Биз тадқиқотимизни давом эттирмоқчимиз ва улар туғилгандан кейин ҳам сабзи ва карамга бачадонда бўлгани каби муносабат қиладими ёки йўқ, ўрганмоқчимиз.

"Умид қиламизки, улар туғилгандан кейин яшил сабзавотларга ўрганади ва соғлом овқатланиш учун яшил сабзавотларни истеъмол қила олади."

Ушбу тажриба чақалоқларда таъм ривожланиши ҳақида бизга нима беради?

Реислэнднинг таъкидлашича, бу таъмни ҳис қилиш жуда эрта пайдо бўлишини ва озиқ-овқат муҳитининг ўзлаштирилишига боғлиқлигини кўрсатади.

"Ҳомила онадан ушбу таомни қабул қилгандан сўнг, туғилгандан кейин ҳам у ушбу таомга ўрганиб қолади ва уни истеъмол қилишни давом эттиради."

Заҳар билан боғлиқ аччиқ таъм

Тадқиқот, шунингдек, ҳомила аччиқ таъмни рад этишининг яна бир сабабини кўрсатади.

"Биз аччиқ таъмни хавф билан боғлаймиз ва шунга мос равишда жавоб қайтарамиз. Аммо барча аччиқ таъмлар ҳам заҳарга далолат қилмаслиги сабабли, биз ўзимизни ва фарзандларимизни бу реакцияни енгишга ўргатишимиз керак. Баъзи аччиқ таъмли овқатлар улар учун фойдалидир."

Бироқ, унинг қўшимча қилишича, ультратовуш тасвирлар ҳомила аччиқ таъмга катталарникига ўхшаш муносабат қилишини кўрсатса ҳам, улар аслида нимани ҳис қилиши ҳали номаълум.

Ультратовуш текширувида кўрилган жилмайишлар ва табассумлар "бу аччиқ таъмга жавоб берадиган мушаклар ҳаракати бўлиши ҳам мумкин", дейди Реислэнд.

Бироқ, унинг қўшимча қилишича, эмбрионлар юз ифодаларини ўзгартириши маълум.

Carrots and kale

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сабзи бачадондаги болаларни кулдирди, кале карами эса юзини бужмайтирди

Бошқа олимлар қандай фикрда?

АҚШнинг Шимоли-ғарбий университетининг Файнберг тиббиёт мактаби неонатология кафедраси доценти, доктор Даниел Робинсон тадқиқотда иштирок этмаяпти.

У NBCга айтишича, ультратовуш тасвирларини ҳомиланинг қувонч ёки жирканишини кўрсатади деб талқин қилмаслик керак.

Филаделфиядаги Монелла кимёвий сезгилар марказидан доктор Жулие Меннелла ҳам тадқиқотда иштирок этмаган, аммо шу соҳада мутахассис.

The Guardian унинг сўзларидан иқтибос келтиришича, бу тадқиқот болалар амниотик суюқликдаги озиқ-овқат таъми орқали оналари қабул қилаётган озуқани сезиши ҳақидаги олдинги хулосаларни тасдиқлайди.

Нашр, шунингдек, Виржиния штатидаги Уилям ва Мери коллежи профессори Кетрин Форестеллнинг ҳомиланинг онаси овқатига қандай муносабатда бўлиши келажакда яна ўрганилиши кераклигини таъкидлаганини келтиради.

Тадқиқотга раҳбарлик қилган Бейза Устун шундай дейди: "Бир қатор тадқиқотлар чақалоқларнинг она қорнида таъм ва ҳидни билишини кўрсатди.

"Бизнинг фикримизча, бирор таомга такрорий йўлиқиш ҳомилани туғилгандан кейин ҳам ўша таомга мойил қилиб қўяди, бу соғлом овқатланишга ўргатишда муҳим бўлиши мумкин."

Шундай қилиб, амалий нуқтаи назардан, ушбу тадқиқот ота оналар ўз туғилажак болаларининг овқатланиш одатларини аввалдан шакллантиришига йўл кўрсатиши мумкин.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002