Янгиликлар: Украина қарши ҳужумни бошлади, “Вагнер”чилар Бахмутдан чиқмоқда Ukraina, Dunyo

Сурат манбаси, Reuters
Украина қарши ҳужум бошланганини маълум қилди. Бу вақтда эса "Вагнер" асосчиси Пригожин Бахмутдан жангчиларини олиб чиқа бошлаганини маълум қилди. Украинадаги россияликлардан ташкил топган гуруҳ яна чегара оша ҳужумлар режалаётганини билдирди.
Михаил Подоляк: Украина қарши хужуми бошланди

Сурат манбаси, AFP
Украина президенти идораси маслаҳатчиси Михаил Подоляк Италиянинг TG1 телеканалига берган интервюсида Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми аллақачон бошланганини айтди.
Унинг айтишича, 1,5 минг километрга чўзилган фронт чизиғининг айрим нуқталарида Украина ҳарбийлари бир неча кундан бери қарши ҳужум амалиётларини ўтказмоқда.
Унинг таъкидлашича, Украина иттифоқдошларидан олган Ғарб қуролларини Россия ерларидаги ҳарбий ҳаракатларда ишлатмайди. Бироқ улардан Қрим доҳил Россия босиб олган ҳуҳудларини озод қилишда фойдаланади.
- Янгиликлар: Украина энди Россиянинг ўзига зарба бера оладими – Зеленский иттифоқчилари билан яна нималарни гаплашиб юрибди?
- Сўз Сизга. Ўзбекистон: Россия ҳозирча индамай турибдими? Ҳақиқий куч энди Хитойми ёки Россия “ҳаммасини йўқ қиворади”ми – ижтимоий тармоқларда гап...
- Украинадаги ўзбек аскар: Бу уруш ҳам, ғалаба ҳам ҳаммамизники - янгиликлар
"Бугун бизда узоқ масофага учувчи Storm Shadow ракеталари, "Леопард"лар, Франция ва Италия берган ракеталарга қарши мажмуалар бор. F-16 қирувчилари бизга ниҳоят ҳаво сатҳини ёпиш имконини беради. Парадокс шундаки, улар бизда бир йил олдин бўлганида ҳозир уруш тугаган бўларди", деган у.
Украина қуролли кучлари қишдан бери қарши ҳужумга тайёргарлик кўриб келади. 11 май куни президент Володимир Зеленский ҳамкорлари томонидан ваъда қилинган қуролларнинг барчаси етиб келгунча Киевга яна бироз вақт кераклигини таъкидлаган.
"Вагнер" гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин олдинроқ Украина ҳукумати қувлик қилаётгани ва Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми жойларда тўлиқ амалга ошаётганини айтганди.
Пригожин: "Вагнер" Бахмутдан чиқа бошлади

"Вагнер" ёлланма жангчилар гуруҳи асосчиси Евгений Пригожин бўлинмаларини Бахмутдан олиб чиқишни бошлаганини маълум қилди.
"Ҳарбий бўлинмаларни Бахмутдан олиб чиқамиз. 1 июнгача асосий қисм фронт ортига жойлашади. Позицияларимизни ҳарбийларга қолдирамиз. Агар ҳарбийларга қийин бўлса, биз Бахмутни олишда асосий ролни ўйнаганларни қолдирамиз", дейилади унинг матбуот хизмати томонидан чоп қилинган хабарда.
Пригожин Бахмут 20 май куни эгалланганини эълон қилганди. Украина ҳукумати шаҳарни топширганини расман тан олмади, бироқ Украина Қуролли кучлари бош штабининг бу ҳафтада чоп қилган ҳисоботида Бахмутдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида ҳеч нарса ёзилмади.
Қўпорувчи гуруҳ Россияга янги ҳужумлар режалаяпти

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK
Ўзларини душанба куни Россиянинг чегарасини бузиб Белгород вилоятига кирган ва Россия ҳарбийлари билан тўқнашган қўпорувчи гуруҳ аъзолари деяётган одамлар Украина ҳудудида матбуотга гапирди. Улар Россия ҳудудига янги амалиётлар ўтказишга ваъда беришди.
"Менимча, сиз бизни яна у томонда кўрасиз. Мен тафсилотларини очолмайман, ҳатто йўналишни ҳам айтолмайман. Чегара узун", деган "Рус кўнгилли корпуси" (РКК) раҳбари Денис Капустин.
Капустин ҳақида Ғарб матбуоти Европадаги энг таъсирли ўнг қанот радикаллари сифатида кўп ёзган. Бундан ташқари у неонацист белгилари билан савдо қиладиган White Rex бренди эгаси ҳисобланади.
Белгородга қилинган рейдни РККдан ташқари ўзларини "Озод Россия" легиони деб атовчи гуруҳ ҳам зиммасига олган. "Рус кўнгилли гуруҳи" март ойида Брянск вилоятига шу каби ҳужум уюштирганди.
Капустин Россияда террористик ҳаракат содир этиш, ноқонуний қурол ва портловчи моддалар савдосида айбланмоқда. Москва шаҳар суди чоршанба куни уни сиртдан ҳибсга олди.
Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, Белгород вилоятига бостириб кирган гуруҳ йўқ қилинган ва "миллатчиларнинг қолдиқлари Украина ҳудудига сиқиб чиқарилган". Россия томонининг айтишича, жанглар давомида 70 қўпорувчи ўлдирилган.
Бироқ Капустиннинг айтишича, Россия ҳудудига кириш натижасида икки киши жароҳат олган, ҳалок бўлганлар йўқ. Унинг айтишича, Белгород вилоятининг "Грайворон" чегара назорат нуқтасида БТР, ўқотар қурол ва бошқа техникалар қўлга киритилган.
Матбуот анжуманида иштирок этган "Озод Россия" легиони вакилининг айтишича, улар амалиётда икки кишини йўқотган ва 10 киши жароҳатланган.
Журналистлар РКК раҳбаридан ғарб ОАВнинг қўпорувчилар Америка қуролларидан фойдаланди, деган хабарларига изоҳ беришни сўраган, бироқ дангал жавоб олинмаган.
"Қуролларни қаердан олганимни аниқ биламан. Афсуски, ғарблик ҳамкорларимиздан эмас. Владимир Путин бир вақтлар айтганидек, ҳозирги вазиятда исталган ҳарбий дўкондан исталган русумдаги ҳарбий техникани олиш мумкин. Шунинг учун буни мен қандайдир экзотика деб ҳисобламайман", деган Капустин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002






























