Путин чақириғидан қочиб, ўрмонда яшаётган руслар - Россия-Украина уруши - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Адам Калинин урушга сафарбарликдан қочиб тўрт ойдирки ўрмонда яшамоқда.

Сурат манбаси, ADAM KALININ

Сурат тагсўзи, Адам Калинин урушга сафарбарликдан қочиб тўрт ойдирки ўрмонда яшамоқда.
Published

Ўтган йил сентябрида Владимир Путин қисман сафарбарлик ҳақида буйруқ берган эди. Адам Калинин бир ҳафта ўйлаб, бундай вазиятда энг тўғри йўл ўрмонга қочиш деб қарор қилди. Унинг исми хавфсизлиги учун ўзгартирилди.

IT мутахассиси бўлмиш Адам урушга бошданоқ қарши бўлган, "Урушга йўқ" деб ёзилган плакатни ўзи яшовчи квартира жойлашган бино деворига ёпиштиргани учун жарима тўлаб, 15 кун ўтириб ҳам чиққан.

Путин 300 минг эркакни сафарбар қилиб, урушга жўнатишини эълон қилганида Калинин украинларни ўлдириш учун фронтга боришни истамади.

Аммо мамлакатдан кетишни истаган юз минглаб одамлардан фарқли ўлароқ, унинг кетгиси келмасди.

Уч нарса уни Россияда тутиб турарди: дўстлар, молиявий қийинчиликлар ва ўзига таниш нарсаларни ташлаб кетиш ноқулайлиги.

"Кетиш қулай ҳудудимдан чиқиш дегани эди, - дейди 30 ёшлар чамаси бўлган Калинин Би би сига. - Бу ерда ҳам жуда қулай эмас ўзи, аммо шунга қарамай, руҳий томондан кетиш қийин бўларди."

Шундай қилиб, у хотини билан хайрлашиш учун ноодатий йўл танлади - ўрмонга кетди. Мана, тўрт ойдирки ўрмонда чодир ичида кун ўтказяпти.

У интернетга уланиш учун дарахтга ўрнатилган антенна ва энергия учун қуёш панелидан фойдаланади.

У минус 11 даража совуқда яшайди ва хотини вақти вақти билан келтирадиган овқат билан кун кўради.

Унинг айтишича, офлайн режимда яшаш - аскарликка тушмасликнинг энг яхши усули. Агар ҳокимият унга шахсан чақирув қоғози топшира олмаса, уни урушга мажбурлаб бўлмайди.

Калинин яна неччи ой ўрмонда қолишини билмайди.

Сурат манбаси, ADAM KALININ

Сурат тагсўзи, Калинин яна неччи ой ўрмонда қолишини билмайди.

"Агар улар жисмонан қўлларимни ушлаб, чақирув комиссиясига олиб бора олмасалар, бу сафарбарлик ёки бошқа таъқиблардан 99% ҳимоядир."

Қайсидир маънода Калинин ҳаётини аввалгидек давом эттирмоқда. Гарчи қишда, кундузги ёруғлик чеклангани боис тўлиқ кун ишлаш учун қуёш энергияси етарли бўлмаса ҳам, у ҳозир ҳам худди шу иш жойида кунига саккиз соат ишлайди.

Унинг баъзи ҳамкасблари ҳозир Қозоғистонда, сафарбарлик бошланганидан кейин ҳам Россияни тарк этишда давом этмоқда. Аммо унинг қарағай дарахтига боғланган узоқ масофага ушловчи антеннаси орқали интернетга уланиши етарлича ишончли, алоқада муаммо йўқ.

У яна очиқ ҳавони яхши кўради, ўтган дам олиш кунларининг кўп қисмини рафиқаси билан Россия жанубида ўтказган. У ўрмонга кўчишга қарор қилган вақтда у ерда яшаш учун керакли барча жиҳозлари бор эди.

Унинг бундай овлоқ жойда кун кўра олишида рафиқаси катта роль ўйнайди. У Янги йил арафасида ҳам Калинин билан бир неча кун яшади. Ҳар уч ҳафтада керакли нарсаларни олиб келганда қисқа вақтга шахсан учрашадилар. Кейин у заҳирани хавфсиз жойга олиб боради ва бирор нима керак бўлганда у ерга бориб туради. У ўтин ёқиб, вақтинчалик ўчоқда овқат пиширади.

"Жўхори уни, гречка, чой, қаҳва, шакар бор. Албатта, сархил мева ва сабзавот етарли эмас, аммо чидаса бўлади", дейди у.

Калининнинг янги уйи - муз устида балиқ овлашда ишлатиладиган чодир. У ўрмонга келгач, беш дақиқалик фарқ билан иккита чодир қурди: бири у ишлайдиган, интернет бор чодир, иккинчиси ухлагани хавфсизроқ жой.

Қиш яқинлашиб, совуқ тушиши билан у икки чодирни бирлаштириб, яшаш ва ишлаш жойи қилди.

Калинин яшаётган балиқчилар чодири.

Сурат манбаси, ADAM KALININ

Сурат тагсўзи, Калинин яшаётган балиқчилар чодири.

Сўнгги пайтларда ҳаво ҳарорати -11 даражага тушиб кетди, бу у кутганидан ҳам совуқроқ эди. Аммо энди кунлар яна узаймоқда, қор эрий бошлади, у бу ердан кетмоқчи эмас.

Калининнинг ўзи чақирув қоғози олмаган бўлса да, вазият доимий равишда ўзгариб бораётгани, келажакда уни чақиришлари мумкинлигидан қўрқаётганини айтади. Расман Калинин каби IT-мутахассислари муддатли ҳарбий хизматдан озод қилинган, аммо Россияда бундай истиснолар эътиборга олинмаётгани ҳақида кўплаб хабарлар бор.

Россия президенти Владимир Путин сафарбарликни 21 сентябрь куни, Украина Харков вилоятида минглаб квадрат километр ҳудудни руслардан яшин тезлигида қайтариб олгандан кўп ўтмай эълон қилди.

Президентнинг айтишича, Россияни Ғарбдан ҳимоя қилиш учун сафарбарлик зарур. Аммо мамлакатда кўпчилик норозилик билдирган ва юз минглаб одамлар сафарбарликдан қочгани сабабли Россия чегараларида тартибсизликлар кузатилган.

Сафарбарлик Россияга катта таъсир кўрсатди. Ўша вақтга қадар кўплаб руслар ўз ҳаётларини урушдан олдинги каби давом эттираётган эди. Тўғри, баъзи Ғарб брендлари ғойиб бўлди, санкциялар молиявий операцияларни қийинлаштирди, лекин унинг жамиятга бевосита таъсири чекланган эди.

Қорлар эрияпти ва кунлар узайяпти.

Сурат манбаси, ADAM KALININ

Сурат тагсўзи, Қорлар эрияпти ва кунлар узайяпти.

Сафарбарлик урушни кўплаб рус оилалари ҳаётига олиб кирди. Тўсатдан, ўғиллар, оталар ва ака-укалар қисқа вақт ичида минимал тайёргарлик билан фронтга жўнатилди. Аввал уруш узоқда туюлган бўлса, энди бунга эътибор бермаслик деярли мумкин эмас эди.

Бироқ Украина ва Ғарбда танқид қилинган Россиянинг ўзида оммавий норозилик намойишлари кам учрайди. Аммо Калининнинг айтишича, одамлар ўзларига нимадир бўлишидан қўрқишади.

"Бизда жуда қудратли бўлган тоталитар давлат бор. Сўнгги олти ой ичида қонунлар ақл бовар қилмас тезликда қабул қилинди. Агар бирор ким ҳозир урушга қарши чиқса, давлат уни таъқиб қилади".

Калининнинг ўрмондаги ҳаёти унга маълум даражада интернетда машҳурлик берди: Telegram'да деярли ҳар куни уни 17 000 киши кузатади. У теварак-атрофда олинган видео ва фотосуратларни, кундалик ишларини ва лагери қандай ташкил этилганини намойиш қилади.

Калининнинг таъкидлашича, у ўтган ҳаётини соғинмайди. Гарчи у хотинини соғиниб, уни тез-тез кўришни истаса ҳам, ўзини ёлғизликдан қўрқмайдиган интроверт деб атайди. Бироқ, ўзининг таъкидлашича, унинг ҳозирги аҳволи ҳали ҳам фронтга ёки қамоққа жўнатилгандан кўра тузукроқ.

"Мен шунчалик ўзгарганманки, соғинишим мумкин бўлган нарсалар хира тортиб қолган, - дейди у. - Бир вақтлар муҳим бўлиб туюлган нарсалар ҳозир кучини йўқотган. Биздан ҳам ёмонроқ аҳволга тушган одамлар бор".

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek