Путин ва Марказий Осиё: Россия Тожикистонда нималарни режалаяпти? Rossiya Putin Yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
- Published
Янги ўқув йили бошланар экан, Тожикистоннинг бешта шаҳрида Россия томонидан қуриб берилган рус тилида ўқитиладиган мактаблар очилгани ҳақида расмий хабар берилди. Мазкур хабарга кўра, бу мактаблар мамлакат пойтахти Душанбе шаҳридан ташқари, Хўжанд, Бохтар, Кўлоб ва Турсунзода шаҳарларида очилган. Бу борада Тожикистон Маориф ва илм вазири Раҳим Саидзода ва Россия Федерацияси Маориф вазири Сергей Кравцов ҳам маълум этишган.
Янги мактаблар Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин томонидан мажозий тарзда, яъни уларнинг билвосита иштироклари билан очилган.
Ҳар икки давлат бошлиғига Россия ажратган маблағ ҳисобидан бешта мактаб қурилиши жараёни борасида қисқа видеофилм кўрсатилган.
Эмомали Раҳмон ва Владимир Путин янги мактаблар очилиш маросимида мажозан қатнашар эканлар, Тожикистон ва Россия ўртасидаги ҳозирги ва келажакдаги алоқалар, шу жумладан, маориф соҳасидаги ҳамкорликлар ҳақида сўзлашган.
Алоқадор мавзулар:
Янги рус мактаблари
Душанбеда Россия томонидан бунёд этилган янги замонавий мактаб 2,4 гектар ерни эгаллаган.
Бу мактабда икки навбатда 2448 ўқувчи таҳсил олиши мўлжалланган.
Мазкур ўрта мактабнинг очилиш маросимида Душанбе шаҳри Раиси, Тожикистон Республикаси Олий Мажлисининг Миллий мажлиси Раиси Рустам Эмомали иштирок этган.
Лекин гарчи расман очилгани айтилаётган бўлса-да, Хўжанддаги Россия мактабининг қурилиши ҳали давом этаётгани ҳақида хабарлар олинган.
Айни шу хабарларга кўра қурилиш мутасаддилари мактаб ноябрь ойигача битказилишини айтишган.
Янги Россия мактабига қабул қилинган болалар эса, унгача бошқа мактаб биносида ўқиб туришади.
Битта синфда қирқта бола

Сурат манбаси, courtesy
Россия томонидан қуриб берилган ва қурилаётган мактаблар ҳали битмасдан туриб, янги ўқув йили арафасида болаларини бу таълим даргоҳларига бериш учун келган ота-оналар навбат пойлашган.
Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, фақат бу мактаблар эмас, балки рус тилида ўқитиладиган бошқа мактабларда болаларини ўқитиш истагида бўлган ота-оналар тобора кўпаймоқда. Улар эса тожиклар ва ўзбеклардир.
"Мактабимизда бу йил битта рус синфи очилиши режалаштирилганди. Икки юз нафар ота-она болаларини рус тилида ўқитиш учун мурожаат этишди. Биз ҳар йилгидек болаларни имтиҳон билан ўқишга олдик. Қирқ бешта бола рус тилида ўкишга лойиқ топилди. Лекин битта синф учун бу кўп. Аммо биз битта синфда қирқтагача бола ўқитишга мажбур бўляпмиз", деди Бобожон Ғафуров туманидаги мактаблардан бирида рус тили ва адабиётидан дарс берадиган ўқитувчи.
"Президентнинг ўзи болаларнинг инглиз ва рус тилини ўрганишлари ҳақида айтиб турган бўлса, нега менинг ўғлимни қайтариб юборишди? Мен бир йилдан кейин Россияга кўчиб кетаман. Ўғлим рус тилини билмаса, у ерда ўзидан кичкиналар билан ўқийдими?", - деди ўзини Ғафуржон Шамсиев деб таништирган ўттиз ёшлардаги киши.
Россияга қонунларига кўра эса, меҳнат муҳожирлари ҳам болаларини мактабда ўқитишлари шарт.
- Мен Қўрғонтепа, ҳозирги Бохтар шаҳридан анча узоқдаги қишлоқда яшайман. Россияга ишга борганимда рус тилини билмаслигим учун роса қийналганман. Оддийгина муҳожирлик ҳужжатини тўлдириш бериш учун пул берганман, - деди Панж туманида яшайдиган Асқаржон.
Вахш туманида яшайдиган 25 ёшли Маҳмадалининг айтишича эса, у рус тили, Россия тарихи ва қонунларидан олинган имтиҳонни топшира олмаган.
- Ҳозир Россияга ишга борадиган ҳар бир кишидан бундай имтиҳонни топшириш талаб қилинади. Бизнинг қишлоқда руслар бўлмаса, мактабда ҳеч ким бизга русча ўқитмаган бўлса, русчани қаердан биламан? Лекин Россияда ишламасам, уйланиш учун пул йиға олмайман, янги уй қура олмайман. Шунинг учун репетитор топиб, русчани сал-пал бўлса-да, ўрганиб олдим. Ҳозир ҳамқишлоқларимга, қариндошларимга русчани ўрганмасдан Россияга келишни хаёлларингга келтирманглар, деб айтяпман, - дейди Маҳмадали.
Расмий маълумотларга қараганда, ҳозирда Россияда 1 миллион нафарга яқин тожикистонлик меҳнат муҳожирлигида. Норасмий маълумотларга қараганда эса, Россия фуқаролигини олган тожикистонликлар сони ярим миллион нафардан ортган.
Россияга кўчаётган шифокор ва муаллимлар

Сурат манбаси, courtesy
Тожикистонда рус тилини ўрганишга иштиёқнинг тобора кучайиб бораётганининг асосий сабабларидан бири айнан Россияга ишлаш учун кетишдир, деди маҳаллий кузатувчи Аҳмад Бобожонов.
Унинг айтишича, мустақиллик йилларининг аввалида рус мактаблари бирин-кетин ёпила бошланган, бу руслар ва русча сўзлашадиган бошқа миллатлар - украинлар, татарлар, бошқирдларнинг Тожикистондаги биродарлик уруши ва сўнгра иқтисодий қийинчиликлар боис ўзларининг тарихий ватанларига кўчиб кетишлари билан изоҳланган.
-Тўғри, Шўролар даврида ҳам рус мактабларида тожиклар ва ўзбеклар ўқишган. Лекин бу болаларнинг ота-оналари келажакда фарзандларининг раҳбарлик вазифаларида ишлашларини ё Россиядаги олий ўқув юртларида ўқишларини исташган. Раҳбарлик масаласига келганда, у пайтларда рус тилини яхши биладиганларган ҳамма ерда йўл очиқ эди, - дейди кузатувчи.
Айниқса, кейинги беш-олти йил орасида Тожикистонда аввалига рус тилида ўқитиладиган синфлар кўпая бошлаган, хусусий мактабларнинг кўплари рус тилида таълим беришга киришган. Бу эса, рус тилида дарс берадиган ўқитувчиларга эҳтиёжни кўпайтирган. Ҳозирда ҳар янги ўқув йили бошланишидан олдин Тожикистонга Россиядан ўқитувчилар ишга келишмоқда.
- Бизнинг мактабимизда рус тилида дарс берадиган муаллимларнинг асосий кўпчилиги қариб қолишган. Россиядан ўқитувчи келаётганини эшитиб, аввалига хурсанд бўлдик. Лекин кўп ўтмай, ҳафсаламиз пир бўлди. Унинг йўлкираси учун биз, мактабимиз муаллимлари пул йиғиб бердик. Яна бошқа харажатлари учун пул йиғиш бошланди. Ҳолбуки, Россиядан келадиган муаллимлар бизга қараганда беш, балки ўн баравар кўп иш ҳақи олишади. Уларга Россия ҳам ҳақ тўлайди, Тожикистон ҳам, - деди исмини ошкор этишни истамаган муаллима.
Рус тилида дарс берадиган бошқа бир муаллима эса, Россиянинг ватандошларни қайтариш лойиҳасига кўра Тожикистондан бутунлай кўчиб кетиш учун ҳужжат топширганини айтади.
Аввалига мазкур лойиҳага кўра Тожикистондан Россияга асосан рус оилалари кўчиб кетишган эди. Энди эса, тожиклар ва ўзбеклар орасида кўчиш истагида бўлганлар сони тобора ортмоқда. Уларнинг орасида айниқса тиббиёт ходимлари ва муаллимлар кўп.
Айнан шифокорлар ва муаллимларнинг Россияга кўчиб кетиш ҳоллари кўпайгани тегишли вазирликларни ташвишга солмоқда.
Қачон рус тилини ўрганишга эҳтиёж камаяди?
Собиқ Шўролар даврида Тожикистонда уч тилда - тожик, рус ва ўзбек тилларида иш юритиларди.
Лекин бунга қарамай, камида юз киши қатнашадиган мажлисда бир нафар рус иштирок этса ҳам, йиғилиш айнан рус тилида олиб бориларди.
Мустақиллик даврида Тожикистонда тожик тили давлат тили деб эълон қилинди. Рус тили миллатларо сўзлашиш тили сифатида қабул қилинди.
Ҳозирда Тожикистонда Республика ва вилоятлар миқёсида газеталар - "Народная газета", "Согдийская правда" каби Ҳукумат нашрлари чоп этилмоқда, мамлакат ва вилоят телевидениеларида рус тилида кўрсатувлар берилмоқда.
Лекин худди мактабларда рус тилида дарс бераётган ўқитувчиларнинг асосий кўпчилиги тожик ва ўзбеклар бўлгани каби бу нашрларда ҳам маҳаллий аҳоли вакиллари фаолият юритишмоқда.
- Мактаблардаги рус синфида ўқийдиган болаларнинг камида 95 фоизи тожиклар ва ўзбеклардир, - дейди Аҳмад Бобожонов.
Унинг фикрича, Тожикистон Ҳукумати ўз аҳолисини яшаш учун етарли маош бериладиган доимий иш билан таъминламас экан ва Россияга ишлаш учун кетаётган оилалар сони камаймас экан, мамлакатда рус тилини ўрганишга эҳтиёж ортиб бораверади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































