Россия ва Ўзбекистон: Рус тили муҳожирларни оғир ишдан қутқара оладими?

Сурат манбаси, BBCuzbek
Москвада ёш тадбиркорлар Марказий осиёлик муҳожирлар учун рус тилини ўрганиш марказини ташкил қилишди.
Ўзбекистонлик муҳожирлар пул ва вақт ажратиб, тил ўрганишга киришишган.
Улар қора ишлардан чарчаб, Россияда ўз ўрниларини топиш ҳаракатидалар.
"Юртдошларимиз Россияга ишлашга келиб, бир оғиз гапира олишмайди: дўконга кирганда мурожаат қилолмайди ёки шифокорга борганда, касалини айтолмайди, ўз иш ҳақини сўрашни ҳам билишмайди", - дейди тил маркази раҳбари Ўткирбек Пўлатов.
Марказ ўқитувчилари ҳам турли сабабларга кўра, Россияга келиб қолган ўзбекистонлик мутахассислар.
- Асосий ўқувчиларимиз -рус тилини ўрганиб, яхшироқ ишга ўтмоқчи бўлган меҳнат муҳожирлари, - дейди тил ўрганиш маркази ўқитувчиси Ситора Исмаилова:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Дарслар тил ўрганувчининг билим даражасига кўра, гуруҳларга бўлиб ўтилмоқда.
Биз ўқув машғулотида иштирок этган гуруҳ ўқувчилари 2 ойдан буён рус тилини ўрганишаётганини айтишди.
Ўзбекистонлик муҳожирлар нима учун рус тилини ўрганиш жараёни ҳақида гапиришди.
- Москва вилоятида ишлаш билан бирга бу ерда ҳам таҳсил оламан. Ҳафтада 3 кун ишлайман, 4 кун ўқийман. Келганимда рус тилини умуман билмас эдим, бу курсга қатнаб натижага эришаяпман. Мақсадларим бор, бунинг учун рус тилини билишим керак, - дейди Адҳам.
Ҳаётбек ва Мирзоҳид ҳам рус тилини ўргана бошлаганига кўп бўлмаганини айтади.
"Авваллари тушунардиму гапира олмасдим", - дейди Муҳриддин.

Сурат манбаси, BBCUzbek
Москвада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўртача иш ҳақи статистик маълумотларга кўра, 30 минг рублни ташкил қилади.
Мигрантлар бу маблағнинг тенг ярми харажатларига кетишини таъкидлашади.
Шундай вазиятда ўзбекистонликлар пул тўлаб рус тилини ўрганишга қанчалик иштиёқманд?
- Кўп мигрантлар Россияга ишлашга келиб, бир оғиз гапира олишмайди: дўконга кирганда мурожаат қилолмайди ёки шифокорга борганда касалини айтолмайди, ўз иш ҳақини сўрашни ҳам билишмайди. Биз уларга қисқа муддатли - 3 ойлик курслар таклиф қилаяпмиз. Кимнинг қандай қарор қилиши мақсадига боғлиқ. 3 ой пул ва вақт сарфлаб келиб тил ўрганишса, имкониятлари кенгаяди. Биринчи босқичда улар фақат мулоқот қила оладиган бўлишади. Давом эттириш ўзларига боғлиқ, - дейди "Рус тилини ўрганиш маркази" раҳбари Ўткирбек Пўлатов.
Ўқитувчига кўра, муҳожирлар тил ўрганиш муҳимлигини тобора тушуниб боришмоқда.
- "Кимдир қурилишга келган, кимдир фаррош, ким эса юк ташувчи бўлиб ишлашдан чарчаган. Такси ҳайдовчилигига ёки бошқа нисбатан енгил ишга ўтиш учун, албатта бу ерда рус тилини билмасдан ҳеч иложи йўқ".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































