Видео. Россия Украина шарқида нималар қилаяпти? Вазият шунчалик хавотирлими? Video Ukraina Rossiya Putin

Сурат манбаси, Reuters
Украинанинг шарқий Харьков шаҳридан хавотирли хабарлар олинмоқда. Россиянинг тинимсиз ҳужуми остида бўлган Харьков Украинанинг иккинчи йирик шаҳри бўлади. Россия у ерда нималар қилаяпти? Вазиятга шаҳар ичкарисидан яқиндан бир назар.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Screenshot
Мария Авдеева Харьковдан.
Россиянинг тинимсиз ҳаво ҳужумлари ҳам уни қўрқита олмаган.
У Харьковда қолиш, шаҳарда нималар юз бераётганини ҳужжатлаштириш ва уни ташқи дунёга кўрсатишга аҳд қилган.
"Россиянинг ҳужумларидан бохабар қилган яхши. Чунки янада кўпроқ одам Россиянинг уруш жиноятлари содир этаётганидан хабар топади", - дейди у.
Мария дезинформация бўйича тадқиқотчи.
2014 йилдан бери Россия тарқатиб келаётган сохта, ёлғон хабарларни ўрганади.
Харьков

Сурат манбаси, official
Россия Харьковни биринчилардан бўлиб нишонга олган.
"Россия давлат оммавий ахборот воситаларидан жуда кўп дезинформация тарқатилди. Шу боис, Харьковда қолиш ва бу ердаги асл вазиятни кўрсатишга қарор қилдим", - дейди у.
У 15 март куни олган суратларнинг бирида "Ураган" 9М27К русумидаги ракета қолдиқлари акс этган.
Бу ракета, одатда, кластерли ёки сочма бомбаларни ташийди.
"Тунда қандайдир портлашлар юз берди. Ташқарида ёнғинга кўзим тушди. Эрталаб нима бўлганини билиш учун ташқарига чиқдим. Ерда ўзим кластерли бомбаники, деб ўйлаган изларни кўрдим. Бу ер эса, мутлақ турар-жой мавзеси эди. Мен яшайдиган ерга жуда яқин", - дейди Мария.
Унинг айтишича, етти дақиқача юргач, кўзи ерга келиб урилган улкан ракетага тушган.
Тақиқланган қуроллар

Сурат манбаси, Screenshot
2015 йилда ББС Донецк минтақаси яқинидаги қишлоқни бориб кўрган.
У ерда ҳам одамлар кластерли ўқ-дорилар қолдиқларини топишган.
Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган ва тасдиқланмаган айрим тасвирлар ҳам Харьковда шундай бомба қўлланилганига далолат қилади.
Кластерли бомбалар жуда кўп майда портлашларни ҳосил қилувчи ракеталар бўлади.
Ракеталар нишонга етганида, очилади ва ўзидаги ҳамма бомбаларини сочади.
Халқаро келишувларда уларни ясаш ва қўллаш тақиқланган.
Аммо Россия ҳам, Украина ҳам бу битимларни имзолашмаган.
Орада ҳар икки рақиб томон ҳам кластерли бомба ҳужумларига оид шубҳаю гумонларни рад этиб чиқишган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелетнинг айтишича, ўз идораларига "Россия Қуролли кучлари аҳоли яшовчи мавзеъларда камида 24 марта кластерли ўқ-дориларни қўллагани ҳақида ишончли даъволар келиб тушган".
"Биз Украина ҳарбийлари ҳам бундай қуроллардан фойдаланишганига оид иддаоларни текшираяпмиз", - дейди у.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























