Украина: Миллионлаб украинлар совет сунъий очарчилигида атай ўлдирилганми? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Петро Мохалат
Сурат тагсўзи, Петро Мохалатнинг айтишича, отаси колхозга ҳамма нарсаларини, ҳатто, челакларигача беришга мажбур бўлган
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Москванинг Украинадан норозилиги чуқур тарихий илдизларга эга. 1930-йиллардаги Буюк очарчилик даврида Совет диктатори Иосиф Сталиннинг деҳқонларни мажбурий коллективлаштириш сиёсати пайтида тўрт миллионгача украиналик ҳалок бўлди. Би-би-си мухбири Фергал Кин мамлакат шарқидаги Харьков шаҳрига - Россия чегараси яқинига бориб, ўша вақтлардаги очарчиликдан омон қолган сўнгги одамлар билан учрашди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Улар ёғоч уй эшикларини қулфлашга, деразаларини ёпишга шошилишарди. У ташқаридаги эркаклар калтаклашидан қалтираб турарди. Ҳозир 95 ёшда бўлган Петро Мохалат 1932 йил қишидаги биринчи озиқ-овқат рейдларини эслайди.

Коммунист "бригада" қишлоққа келганида у беш ёшда эди. Бувиси болаларга яширининглар дейди.

"Бу жуда мудҳиш кун эди. Улар қўлларида айри кўтариб олишган эди, улар ҳар бир уйга нон излаб киришарди, - деб эслайди у. - Улар эшикни лом билан бузиб қиришарди. Кейин яширилган нонни топишга ҳаракат қилиб, ҳамма омборларни айланиб чиқишарди."

Сталиннинг буйруғига кўра, коммунист расмийлар озиқ-овқатларни мусодара қилар ва деҳқонлар ейишга нимадир излаб қишлоқларини ташлаб кетишига ҳам тўсқинлик қилардилар. Улар фермер хўжаликларини мажбуран коллективлаштиришга қаршилик кўрсатганликлари учун жазоланардилар.

Украинада 1932-1933 йиллардаги очарчилик пайтида тахминан тўрт миллион киши ўлганини Голодомор - очликдан ўлиш, деб атайдилар. Энди, Россия босқинидан қўрқиб, украиналикларнинг Кремлдан не қадар жабр кўргани ҳақидаги хотиралар Москвага нисбатан норозиликни кучайтирмоқда.

"Отам колхозга ҳамма нарсани - сигиримизни, отимизни, ҳатто челагимизни ҳам бериши керак эди. Онам жуда жаҳли чиққанди," дейди жаноб Мохалат.

У Россия чегарасидан тахминан 60 км узоқликдаги Ковихи қишлоғи яқинидаги коттежда, ёруғлик тушганда қорайиб кўринадиган қор уюмлари аро ўтган тор йўл бўйида яшайди. Очликдан омон қолганлар учун бу арвоҳ манзара.

Саша буви ўша пайтлардаги очлик азобини эсларкан, буни албатта авлодларим билиши шарт, деган фикрда

98 ёшли Александра Захарова доимий очликни, умидсиз емиш қидиришни ва ўликлар юзларини эслайди.

"Мен нимани кўришим мумкин эди? - деб сўради у. - Мен одамларнинг ўлишини кўрдим. Улар катта чуқур қазиб, барча жасадларни унга ташлардилар."

Унинг отаси қочишга муваффақ бўлди ва ғарбий Украинага кетиб, оиланинг қолган-қутган қимматбаҳо буюмларини озиқ-овқатга алиштириш учун олиб кетди.

"Аммо у ҳеч нарса ололмади, - дейди у. - Биз ҳамма нарсани йўқотдик."

Олександранинг Голодомор ҳақидаги ҳикояларини тинглаб улғайган невараси Дмитрий мамлакат шарқидаги Украина армиясида хизмат қилган. Энди у ва унинг бўлинмаси босқин бўлган тақдирда мамлакатни ҳимоя қилишга тайёрланмоқда.

Гарчи собиқ Совет Иттифоқининг бошқа ҳудудлари ҳам Сталиннинг вайронагарчиликка олиб келган қишлоқ хўжалиги сиёсати ва шафқатсиз қатағонидан жабр кўрган бўлса-да, Украинадаги инсоний талафот энг каттаси бўлди.

Россия украиналиклар сиёсий жиҳатдан очарчиликка маҳкум бўлганини рад этади, чунки Иосиф Сталин миллатчилик туйғусидан қўрқарди.

Очарчиликдан ўн йил олдин улар мустақил давлат яратиш учун курашган, аммо Қизил Армия томонидан мағлубиятга учрагандилар.

Россия Олий суди яқинда Совет давридаги қатағонларни фош қилишга бағишланган Россиядаги илк нодавлат ташкилот бўлган "Мемориал"ни ёпиш тўғрисида буйруқ бергани амалдорларнинг муносабати ҳақида кўп нарсани англатади.

Хотира маросими

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Ҳар ноябрь ойида дунё бўйлаб украиналиклар Голодомор қурбонларини ёд этишади

Гуруҳ "шўрли ўтмишимиз билан фахрланиш" ўрнига СССРни "террорчи" давлат сифатида кўрсатишда айбланган.

Киев Миллий Хотира институтининг қоронғу, зах ертўласида ўтмиш сузади. Бу ерда маҳбуслар ғойиб бўлган, улар орасида кўпчилик очарчилик вақтидаги таъқиблар пайтида ҳибсга олинган эди.

Мен институт директори доктор Антон Дробовичнинг ҳузурида бўлган эдим, у менга бинода бир вақтлар махфий полиция жойлашганини айтди. Унинг бобоси Сталин режими қурбони бўлган.

Фақат мобил телефонларимиз нури билан ёритиб, биз тор йўлаклар орқали минглаб одамлар қийноқлар ва ўлим сари ўтган махфий камералар тармоғи ёнидан ўтдик.

Доктор Дробовичнинг таъкидлашича, ўша давр даҳшатлари учун жавобгарлик нафақат Сталинда. Қатағонлар ва мажбурий коллективлаштириш Украина коммунист амалдорларининг кўп сонли иштирокисиз амалга ошмасди.

Россиянинг Украинага ўз иродасини юклашга уринишларида у совет ўтмишининг безовта қилувчи акс-садосини кўради.

"Улар Сталинни ҳимоя қилади, ҳақиқатни яширади, бизга ҳужум қилади. Бизни мустақил давлат сифатида тан олмайдилар, нега? Нега буни тушунмаяпмиз".

Барча халқлар биладики, хотира кучли қуролдир. Голодомор воқеаси Украинанинг Россия ҳукмронлигига қарши курашувчи давлат сифатидаги имижида марказий ўрин тутади.

Очлик даҳшатини эслаб, Александра Захарова хотирасини етказиш масъулиятини ҳис қилади.

Аммо мен Голодомордан кейин яхши яшай олдингизми, деб сўраганимда, у икки фарзандининг кейинги очарчилик пайтида қандай вафот этгани ҳақида гапиради. Ҳа, у тирик қолди, лекин бу рисоладагидек ҳаёт эмас эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek