Дунёқарашни ўзгартириб юборувчи дори борлигини биласизми?

Инсон руҳиятига таъсир қиладиган дори

Сурат манбаси, Getty Images

Published

Психоделикларнинг даволаш воситаси сифатида аҳамияти ортиб бориши ноодатийлик ҳақидаги қарашларимизни ўзгартириб юборади, деб ёзади Эд Придо.

Рик Доблин илк марта 1971 йили ЛСД қабул қилган.

Университетда биринчи курси бошлангандан бир неча ҳафта ўтган, шанба оқшоми, Флорида. Миллионлаб ёшлар Сан Франциско, Лондон ва унинг атрофига мусиқа ва дори таъсирида кириб борган "Севги ёзи"дан тўрт йил ўтган. Аммо психоделиклар кампусларда ҳамон кенг тарқалган дори эди.

ЛСД (ёки диэтиламид d-лизергин кислота) кимёвий алдамчи модда. Шаклан серотонинга ўхшаш бу модда миядаги 5-HT2A ресепторлари синапсларига боғланиб, ҳиссиёт, кўриш ва фикрлашда ноодатий тўлқинларни пайдо қилади.

Бир соат ичида бу модданинг ўйини ўзини намоён қилади. Сўз билан ифодалаш қийин бўлган ғалати туйғу пайдо бўлади. Шакллар ва калейдоскоплар кўриниб, уйғун шаклда рақс туша бошлайди.

Эшитганингиз ёки рангларни кўрганингизда синестетик боғланишлар пайдо бўлади. Қабул қилинган дозага қараб, мутлақо ўзга дунёга кириб қолишингиз мумкин: ғалати жонзотларга, илонлар, шакллар, ДНК гажакларига тўла макон, санъатни янада кучлироқ ҳис қилиш.

Доблиннинг дунёси чириллар, ритмик гупиллар, ҳуштак чаларди. У кампус ошхонасидан чайқалиб ўтиб, ўз ётоғига ички дунёсига "сайр" қилиш учун жўнади. ЛСДдан сарҳуш ўтирган дўстига қарган Доблиннинг илҳом келди. У нафақат ўзининг иккинчи учувчисининг фикр ва ҳиссиётларини ўқирди, балки уларни кундек равшан кўриб турарди. Дўстининг ҳаловати, саҳийлиги ва илиқлиги қўл ва оёқлардек кўриниб турарди.

Бундай туйғулар бошқа аксар туйғуларга ўхшамайди, ҳатто энг ҳассосларига ҳам.

Доблин ўзини эркин ҳис қилишни истади. У парчаланиб борарди. Ўзининг ЛСД ротоскопида Доблин яна болага айланди. Унинг кундалик ҳаётини бошқарадиган ақл ва ҳиссиётидаги мувозанатсизлик бежизга эмасди. У ўзининг ҳолати бесабабмаслигини сезиб турарди. Улар тошга ўйиб ёзилмаган, у ўз аҳволини ўзгартириши мумкин, у озод бўла олади.

Файласуф ЛА Пол Доблин ҳис қилган нарсани "трансформатив тажриба" деб атайди. Улар одатий тажрибаларга ўхшамайди. Улар шахсни ўзгартириши - унинг танлови, ғоялари ва ўзлигини остин устун қилиши билан ўзгачадир. Доблин бу "саёҳат"ни бошлаётганда келаси куни мутлақо ўзгача одам бўлишини хаёл ҳам қилмаган бўлса керак.

Шундан сўнг Доблин ниманидир пайқагандек бўлди. У кўп марта "саёҳат"га чиқди, уларнинг айримлари безовтали бўларди. Психоделик моддаларнинг терапевтик хусусиятини тарғиб қилиш Доблиннинг ҳаётий миссиясига айланди.

Психоделикларни қабул қилган кўплаб инсонларнинг ҳаёти ўзгарди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Психоделикларни қабул қилган кўплаб инсонларнинг ҳаёти ўзгарди.

Доблин ҳозир Психоделикларни ўрганиш соҳалараро ассоциацияси номли нотижорий ташкилот раҳбари ва асосчисидир. Ташкилот психоделикларни тиббиёт ва бошқа соҳаларда кенг қўллашга чақириб келади. У, шунингдек, олимларга қандай қилиб синовлар ўтказиш, маблағ жалб қилиш ва ҳукумат регуляторлари билан ишлаш юзасидан маслаҳатлар беради.

Доблиннинг ҳаракатлари ниҳоят иш бера бошлади. Охирги 10 йилда ЛСД, ДМТ, галлюценоген қўзиқоринлар ва бошқа "доривор ўсимликлар" - аяхуаска, ибога, шалфей, пейот, шунингдек, МДМА ва кетаминга 1960 йиллардаги каби салбий қаралмайди. Клиник синовлар психоделикларнинг турли руҳий бузилишларни даволашда ҳал қилувчи восита бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Психиатрларнинг бу тажрибаларга муносабати ҳам илиқлашган.

Масалан, 2017 йили АҚШнинг Озиқ овқат ва дори дармон бошқармаси (FDA) МДМАни жиддий касалликлар бўйича даволаш воситаси сифатида жиддий кўриб чиқишга рухсат берди. Доблиннинг ташкилоти ҳам бу борада муҳим роль ўйнади. У 2023 йилгача FDA уни фойдаланиш учун маъқуллайди деб умид қилмоқда.

Психоделиклар АҚШ ва Британияда героин каби наркотик моддалар билан бир қаторга қўйилади. Аммо қоидалар юмшаб бормоқда. Европа Иттифоқидаги Испания ва Австрия каби АҚШдаги бир қанча штатларда галлюценоген қўзиқоринлар декриминализация қилинган, Орегонда терапия мақсадида фойдаланишга рухсат этилган, бу ерда ЛСД ҳам декриминализация қилинган. Калифорнияда ЛСД ва қўзиқоринларни декриминализация қилиш бўйича қонун лойиҳаси бир неча қўмиталардан ўтди ва келаси йили қарор қилинади. Психоделиклар устидаги тажрибаларни федерал миқёсда молиялаш бўйича Конгресснинг овоз бериши ҳам кутилмоқда.

Бу ўзгаришлар шамолини сезган психоделик ишлаб чиқарувчилар ва клиникалар катта миқдорда сармоя жалб қилмоқда. Бизнес хабарларда "психоделик эйфория" ҳақида гапирилмоқда.

"Психоделик ренессанс" деб аталаётган бу феномен шунчаки шифокорлар буюрадиган дори бўлибгина қолмай, бутун жамиятимизни ўзгартириб юбориши мумкин. Бошқа дорилардан фарқли ўлароқ, психоделиклар одамларнинг дунёга қарашини ўзгартириб юборади. Улар, шунингдек, илм фан хали тўла ўрганиб улгурмаган галлюценация ва мистик тажрибаларни уйғотади. Хўш, психоделиклар оммалашса, нима бўлади?

Психиатрияда психоделикларга иштиёқ биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Уларга 1950 йилларда ёқ сеҳрли дорилар сифатида қарашган.

40000 дан ортиқ бемор устида ўтказилагн 6000 атрофидаги тажрибаларда психоделиклар турли руҳий бузилишларни - алкоголизм, депрессия, шизофрения, жиноий рецидивизм, болалик аутизми кабиларни даволаш воситаси сифатида синаб кўрилган. Тажрибаларда рассомлар, ёзувчилар, муҳандис ва олимлар ҳам қатнашган. Натижалар эса умидбахш.

Узоқ йиллар давомида психоделикларни илмий эиҳатдан ўрганиш имконсиз бўлган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Узоқ йиллар давомида психоделикларни илмий эиҳатдан ўрганиш имконсиз бўлган

Тадқиқотларга кўра, биргина ЛСД сеансининг ўзида бу дори алкоголикларнинг 59 фоизидаги муаммони енгиллаштирган. "Психолитик" деб аталадиган оз дозаларда берилганда ЛСД суҳбат терапиясига қўшимча сифатида ажойиб самаралар кўрсатган.

Бу узоқ давом этмади. 1966 йил октябрида Калифорния ЛСДни тақиқлади, 1970 йилда эса Назоратдаги моддалар тўғрисидаги қонун билан федерал миқёсда тақиқланди.

Бир неча хавотир уйғотувчи ёлғон маълумотлар ҳукумат кампаниясига қўшилиб қолди: ЛСДнинг хромасомаларга зарар бериши, мутант чақалоқлар, беш олти марта "саёҳат" сизни "легал жинни"га айлантириши мактабларда ўқувчилар онгига қуйилди.

Бу илмий тадқиқотларга ҳам таъсир қилди. Канада ва АҚШдаги бир нечта гуруҳни ҳисобга олмаса, психоделиклар устидаги тадқиқотлар ўн йилларча тўхтаб қолди. Регуляторлар бу моддалардан тадқиқотларда ҳам фойдаланишни чеклади, маблағ топиш қийин бўлиб қолди. 1970 ва 1980 йилларда таъқиблар кучайганда Доблиннинг психоделиклар устидаги тадқиқотлари охир оқибат ёпиқ эшикларга дуч келар, ишлаш қийинлашиб қолган эди.

Бу таъқибларнинг бошланиши одатда 1960 йиллар ўрталарида ЛСДнинг асосий тарғиботчиси Ҳарвард олими Тимоти Лири фаолияти билан боғлиқлиги айтилади. Унинг 1963 йили Ҳарвард Псилоцибин лойиҳаси (псилоцибин галлюценоген қўзиқоринларнинг бир тури. таҳр.) атрофидаги можарода унинг ҳамкасбларидан бири талабаларга псилоцибин тарқатгани ҳақидаги хабар ОАВда шов шувга сабаб бўлганди.

Шундан сўнг, Лирининг Ҳарварддан кетгандан кейинги фаолияти, жумладан, ЛСД аёлларда "минглаб оргазм"ни ҳосил қилиши, мавжуд тартиботга қарши инқилобга ундаши каби даъволардан сўнг расмийлар ЛСДнинг "лабораториядан ташқаридаги" қора бозоридан ташвишга тушиб қолди.

Бу хали ҳаммаси эмас. Айрим тиббиёт тарихчилари бундай муносабат сабабини клиник синовлар ўтказиш қоидалари билан боғлиқ дейдилар. Кенг тарқалган синов қоидаларига кўра, иштирокчилар икки гуруҳга ажратилади. Улардан бирига дори берилади, иккинчи гуруҳ плацебо қабул қилади. Аммо иштирокчилар ўзининг қайси гуруҳда эканини билмайди. Бундай синов усулини психоделикларни ўрганишда қўллаш жуда қийин эди.

Бунинг ёрқин мисоли 1962 йили ўтказилган Хайрли Жума Экспериментидир. Сеанс черковда ўтказилган ва унда семинария талабалари псилоцибиннинг мистик тажрибани ҳосил қила олишини синаб кўрган эди. Талабаларнинг ярмига ҳақиқий дори берилган, қолганига плацебо. Ким қай бирини қабул қилганини билмаган. Аммо 30 дақиқа ичида ким қай бирини қабул қилганини билиб олган. Дозани олганлар худони "кўриб", айланиб юришди, олмаганлари эса, қўлини силкитганча, гимн ўқиди", дейди иштирокчилардан бири менга.

Психоделиклар инсонни ўзгартиради

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Психоделиклар инсонни ўзгартиради

1980 йиллар ўрталаридан то 2000 йиллар ўрталаригача таъқиблар асносида катта ўзгаришлар бўлди. Охирги психоделик ренессанс эшикларни очиб юборди. У Жон Ҳопкинс университетида 2006 йили Роланд Гриффитс бошчилигидаги тадқиқот билан бошланди. Гриффитс кафеинни ўрганиб ном чиқарган олимдир. Гриффитс ва унинг ҳамкасблари 40 йил аввалги Хайрли Жума тажрибасини такрорлашга уринишди. Натижалар аъло бўлди.

"Шуниси ажабланарлики, - дейди Гриффитс, - иштирокчиларнинг 67 фоизи псилоцибин билан бўлган тажрибани ўз ҳаётларидаги энг мазмунли ёки энг мазмунли бешта тажрибадан бири бўлганини билдиришди." Бошқача айтганда, тўй, фарзанд туғилиши, карьерадаги ўсиш каби муҳим воқеаларга тенглашадиган ҳиссиёт уйғонган уларда.

Аммо жиддий клиник синовлар ўтказиш учун тўсиқлар ҳамон бор бўлса ҳам, регуляторлар психоделиклар устидаги тажрибалар хулосаларига аввалгига қараганда очиқроқ муносабат қилмоқда.

Шу орада дунё бўйлаб бу борадаги хусусий клиникалар ҳам очилмоқда. Бристолда жойлашган "Awakn" клиникаси кетаминдан депрессия, жароҳатдан кейинги стресс, овқатланиш одатидаги бузилиш ва бирор ёмон одатга мубталоликка қарши восита сифатида фойдаланмоқда. ЛСД каби классик психоделик бўлмаса ҳам, катта дозадаги кетамин кучли визуал тажрибаларни қўзғатиш орқали терапевтик таъсир кўрсатади.

Антропологлар Теҳсин Нурани ва Жоанна Стейнҳардт ётганидек: "психоделиклар воситасида даволанишга бўлган қизиқишнинг ҳам чегараси бор. Аммо кейинги ўн йилда маданий қадриятлардаги ва психоделикларга муносабатдаги ўзгаришлар жуда ҳайратланарлидир."

Агар ҳозирги ўзгаришлар давом этса, кўп ўтмай регуляторлар психоделиклар ёрдамида даволаш амалиётларига яшил чироқ ёқиб беришлари мумкин. Ўн йилдан кейин клиника ва касалхоналарда ёстиқлар, шамлар ва суратлар қўйилган психоделик сеанс хоналари ташкил қилинадими? Шифокорлар катта компаниялар ишлаб чиқариб, "экстаз", "ишончлардаги ўзгаришлар, "кучли саросима" каби ножўя таъсирлари кўрсатилган псилоцибин ёки ЛСД таблеткаларини беморларга буюрармикан? Психоделик клиникаларни катта кўчаларда кўрамизми?

Қандай бўлишини аввалдан айтиш қийин. Аммо даволовчи психоделиклар оммалашса, бу маданий ва илмий ёндашувлардаги жиддий ўзгаришлар ибтидоси бўлиши мумкин.

Психоделик маданият

Тиббиётдаги психоделик ренессанс 1960 йиллардан буён бунақа дорилар чекланган маданиятнинг ҳар қатига кириб бормоқда. Европа ва Америкада бу дорилардан кўнгил очиш учун фойдаланиш кўпайган - АҚШда 2015 йилдан 2018 йилгача ЛСД истеъмоли 50 фоизга ошган. Психоделиклар мавзусидаги медиа маҳсулотлари ҳам оммалашмоқда, машҳурлар ва инфлюенсерлар уларнинг истеъмолчиси сифатида пайдо бўлмоқда, бу дориларни истеъмол қилиш аввалгилар тасаввур ҳам қилмаган шаклда одатий ҳолга айланмоқда.

Айримлар инсонни табиатга яқинлаштириш хусусиятига эга бўлгани учун психоделикларни "экоделик" деб аташни ҳам таклиф қилади

Сурат манбаси, Inpho

Сурат тагсўзи, Айримлар инсонни табиатга яқинлаштириш хусусиятига эга бўлгани учун психоделикларни "экоделик" деб аташни ҳам таклиф қилади

Бу ўзгаришлар ким психоделикларни қабул қилишини ҳам ўзгартириб юборяпти, дейди психоделиклар бўйича узоқ йиллар ёзган Эрик Дэвис. 20 асрда психоделикларни яширинча қабул қилишган: ҳиппилар, ҳакерлар, Кремний Водийси, спиритуал жамоалар ва ҳк. Бугун эса кутилмаган бошқа гуруҳларнинг иштаҳасига гувоҳ бўляпмиз: соғлом ҳаёт учун гуруҳлар, ҳип ҳоп маданияти, сиёсий ўнгчилар, криптовалюта ишқибозлари, Уолл Стрит савдогарлари, молиячилар ва ўз руҳий муаммоларига даво излаётган оддий одамлар.

Яқинда биз бу жараённинг 1960 ва 1970 йилларда мусиқа, адабиёт, тасвирий санъат ва сиётсатда кузатилган таъсирини кенгроқ оммада кўришимиз мумкин. Аммо эндиги психоделик маданият аввалгисига ўхшаган бўлмайди, чунки дунё ўзгарди.

Нима учун шундайлигини олим Иго Ҳартогсон илгари сурган концепция тушунишга ёрдам беради. Бир томондан дорини қандай қабул қилиш индивидуал факторлар - шахс дунёқараши, маҳаллий шароит ва бошқаларнинг бор ёки йўқлигига боғлиқ. Аммо кенгроқ ижтимоий таъсирлар ҳам роль ўйнайди: мавжуд маданият, медиа, маданий мубоҳасалар. 1960 йилдаги ана шу омиллар бугунгидан фарқ қилган. Одамлар нафақат бошқача яшаган, балки доридан ҳам бошқача таъсирланган.

Ҳозирги кундаги турли таъсирларни олиб кўринг. Технология ва сунъий интеллект. Сиёсий зиддиятлар. Жамият "нотўғри томонга кетаётгани" ҳақидаги умумий тасаввурлар. Кузатувчи давлат. Мен суҳбатлашган олимлардан бири Ковид 19 босимидан ташқари ҳам "апокалиптик" "саёҳатлар" тренди пайдо бўлаётганини айтганди. Бунга параллел равишда "пайғамбарлик" "саёҳат"лари ҳам пайдо бўляпти: унда кимдир ўзини ўзгариб бораётган тизимга таъсир ўтказишда халоскордек кўрмоқда.

Иқлим ўзгариши одамларнинг ҳаётий тажрибасига қандай таъсир қилади? Бу одамнинг ўзига боғлиқ, аммо тўғри муҳитда қабул қилинса, дорилар одамнинг ўзини табиатга боғлиқлиги ҳис қилишини сезиларли кучайтиради. Бунинг ёрқин мисоли "Extinction Rebellion" ҳаракати ҳамасосчиси Гейл Брэдбрук бўлиб, у ибога таъсирида ана шу ҳаракатга асос солишга илҳомланган.

Ана шунинг учун бир олим бу дориларни "экоделиклар" деб аташни маслаҳат берганди. "Vice" журналига интервью берган бошқа бир тадқиқотчи эса психоделик сеансларига атроф муҳитни ҳимоя қилишга доир ишораларни киритишни тавсия қилганди.

Мистик тажриба

Тагида дорининг анча кескин таъсири кузатилади. Клиник синовларда ва кўнгил очиш учун қўлланганда психоделиклар кўпинча "мистик тажриба" деб аталадиган ҳолатни келтириб чиқаради. Бунда одам ўзини йўқ бўлгандек, борлиқ билан боғланиб, қўшилиб кетгандек, эҳтимол, худо ва бошқа руҳий хилқатларни учратади. Кўпроқ одам буни ҳис қилса нима бўлади? Бунинг табиати ҳозирги ҳолатимиздан яхшироқ эканини қандай биламиз?

Айримларнинг фикрича, психоделиклар моҳиятини очиб беришга фақат илмнинг кучи етмайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Айримларнинг фикрича, психоделиклар моҳиятини очиб беришга фақат илмнинг кучи етмайди.

Тадқиқотчилар учун бу дориларнинг бундай ҳайратланарли таъсири ўзагини мистик тажриба ташкил этади. Бу ҳақда мақолалар, ҳисоботларда ёзилган. Тадқиқотлар кўрсатишича, мистик тажриба қанчалик кучли бўлса, унинг терапевтик самараси ҳам юқори бўлади.

Аммо фан ва психиатрия мистик тажрибага асрлар давомида шубҳа билан қараб келган. "Ҳатто оптика даражасида ҳам у жуда ёмон сўз, - дейди Жон Ҳопкинс университетида психоделикларни ўрганиб келаётган олим Мэтт Жонсон. - Чунки "мистик" деган сўз гўё қўлингизда қандайдир кристал шар бор у, сиз унга қараб сеҳр қилаётгандек тасаввур уйғотади. Уни эшитганда баъзилар хаёлига Ўрта асрлар келади."

Спиритуал тажриба маданий ҳаётда - фан, санъат ва диннинг етилишида минг йиллар давомида роль ўйнаган бўлса ҳам, бу ҳодиса мунтазам равишда эътибордан четда қолиб, ўрганилмаган. Одамлар жинни деб ўйламасликлари учун бундай тажрибаларини сир тутади. Одамнинг ўзлигини йўқотиши - деперсонализация ва спиритуал ишонч томон ўзгариш руҳий бузилишнинг кучли аломати деб талқин қилиниши мумкин.

Психоделикларни қўлламаганда ҳам ўйлаганингиздан кўра кўпроқ одам мистик тажрибани бошдан кечиради. 1962 йилдан 2009 йилгача - маълумот қайд этилган охирги йил - бир умр давомида мистик тажрибани ҳис қилган америкаликлар сони икки баробар ошиб, аҳолининг ярмига етган.

Шуни назарда тутиб, тадқиқотчилар қандай ишлаш ва нимани ўрганишни яхшироқ тушунишлари керак бўлади. Масалан, фақат ягона мистик тажриба тури бор деб ўйлаш хатолиги аллақачон ойдинлаша бошлаган. Унинг ўзак хусусиятлари - чексизлик, муқаддаслик, вақтсизлик - қандай жам бўлади. "Булар бир пайтда кузатилиши эҳтимоли катта, аммо уларнинг бир вақтда намоён бўлиши улар аслида бир нарса эканини англатмайди", дейди Жонсон.

"Назоратни йўқотиш санъати" китоби муаллифи Жюль Эванс таъкидлашича, клиник мистик тажрибанинг бирлаштирувчи характери, яъни одамнинг ўзини унутиб, "ҳамма нарса билан бир бўлиб қолиши" танганинг бир томони холос. ДМТ чекувчиларнинг учдан бири, ЛСД қабул қилувчиларнинг 17 фоизи ва псилоцибин қабул қилувчиларнинг 12 фоизи мистик тажриба чоғида ташқи хилқатларни учратганини айтишган.

Аяхуаска устидаги тажриба иштирокчиларидан бири, масалан, таниш бир манзарани тасвирлаб берди: "У миясига қўйилган саккизоёқ тухумларини қўлга олади. У буни жуда бахтли ҳодиса деб ўйлайди ва тухумни донолик манбаси символи деб ишонади. Саккизоёқни эса эзгу ниятли иттифоқчи деб кўради."

Психоделиклар баъзида улар қўзғаган галлюценациялар орқали таърифланади. 1950 йиллардаги тадқиқотчилар ана шу галлюценациялардан келиб чиқиб, ЛСДни "психотомиметик", психоз ҳолатини келтириб чиқарувчи дори деб атайди. Уни қабул қилган одамнинг кўзига ҳар нарса кўриниб, қулоғига эшитилишини назарда тутсак, бундай деб аташда жон бор.

Агар галлюцинацияли тажрибалар одатий ҳолга айланса, бу кескин ўзгаришларга сабаб бўлади, дейди Дэвис. Чунки шу вақтгача, бундай нарсалар шизофрения каби патологик ҳолатлар билан боғлаб тушунилган. Унинг тахминича, бу замонавий "нейротурфахиллик" ҳаракатининг кульминацияси бўлади. Бу ҳаракат аутизм, турли овозларни эшитиш каби ҳолатларни касаллик сифатида эмас, ўзгачалик сифатида кўришга чақиради.

Дэвиснинг фикрича, психоделиклар қўзғаган фавқулодда тажрибаларни ўрганиш фақат фаннинг мақсади бўлмаслиги керак. Баъзилар адабиёт, шеърият ҳам илмий изланишларга яхши қўшимча бўлиши мумкин дейди. Бошқалар теологларни ҳам столга таклиф қилади. Масалага кенг ёндашувсиз, унинг огоҳлантиришича, айримлар ҳеч бир андазага тушмайдиган ўта ғалати тажрибани бошдан кечириши, бу эса уларнинг соғлиғини яхшилаш ўрнига ёмонлаштириши мумкин.

Психоделиклар бошқа воситалар бажара олмайдиган ишларда қўл келади. Унинг таъсирида кундалик ҳаётимиз рамкаларига чегарасидан чиқадиган нималарнидир ҳис қилишимиз мумкин. Омма бу нарсага қандай реакция қилиши номаълум. Уларни даволаш мақсадида қўллаш қатор саволларни ўртага чиқариши мумкин. Бу саволларга тиббиёт ёлғиз ўзи жавоб бера оладими?

Аммо бу дорилар сабабли юзага келган мистик, галлюценоген ва трансформатив тажрибалар кутилгандан кўпроқ нарсани ўзгартириб юбориши мумкин. "Психоделиклар фалсафий изланишга ўхшайди, - дейди Дэвис. - Агар сиз табиатан файласуф бўлмасангиз, эртаси куни шундай бўлиб қолишингиз мумкин. "У нима эди? Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Алкогол истеъмолини тўхтатиш ҳақида айтишганида ҳақиқий реалликни кўрдимми? Буни жиддий қабул қилишим керакми? Бу мени жинни қилиб қўймайдими?"

Ҳамон ўша илк "саёҳат" таъсирида юрган Рик Доблин учун психоделикларнинг имкониятлари чексиз, у клиникадан ташқарига ҳам чиқиб кетади. Ўз ташкилоти билан у "психоделикларни нафақат беморлар учун, балки ҳаёт ташвишларида қоврилаётган ҳаммамиз учун қонунийлаштиришни" истайди. Улардан дори тайёрлаш охирги мақсад эмас.