Янги статистика: Ҳиндистонда қора моғордан ўлганлар сони минглаб экани маълум бўлди Hindiston koronavirus dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Янги эълон қилинган расмий маълумотларга ишонилса, қора моғор Ҳиндистонда шу пайтгача 4300 дан зиёд одамни ўлдирган.
Ҳиндистонда қора моғорга йўлиққанлар сони 45 минг кишидан ортган.
Сўнгги рақамлар қора моғор Ҳиндистонда янада кенг тарқалиб бораётганини англатади.
Бу турдаги замбуруғ жуда кам учрайдиган, аммо ҳаёт учун хавфли инфекция саналади.
Қора моғор сизни кўзсиз қолдириши, ўлдириши мумкин.
Чунки бу замбуруғ асосан инсоннинг кўзи, бурни ва гоҳида миясини зарарлайди.
Замбуруғнинг инсон миясига етиб бормаслиги учун жарроҳлар зарарланган кўзни жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга мажбур бўлишлари айтилади.
Қора моғорни, одатда, ковид беморлари юқтиришади.
Қора моғор ковидга чалинган беморларда соғайишларидан 12-18 кун ўтиб бўй кўрсатади.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳиндистонда қора моғорга чалинганларнинг ярмига яқини ҳануз тузалмагани айтилади.
Қора моғорнинг ягона давоси эса, ҳозирча замбуруққа қарши инъекциягина бўлади.
Ҳиндистонда энг кўп қора моғор ҳоллари Маҳараштра ва Гужаратда аниқланган.
Бу икки штатда қора моғор жами 2 мингга яқин кишини ўлдирган.
Маҳаллий докторларга кўра, ҳақиқий рақамлар расмий статистикада келтирилганидан анча кўп бўлиши мумкин.
Уларнинг айтишларича, қора моғор инсонни дарров ўлдирмайди.
Ўлим инсон касалликка чалинганидан бир неча ҳафта ёки ой ўтиб содир бўлади.
Агар, докторларнинг иддаоларига таянилса, Ҳиндистонда амалда бўлган тизим мукаммал эмас. Шу боис ҳам, ҳар бир ўлим ҳолати расман қайд қилинмайди.
Улар кичик касалхоналар ва чекка қишлоқ ҳудудларида тўғри ташхис қўйишнинг қийинлиги боис, қора моғор юқтирганларнинг сони бундан ҳам кўплигини тахмин қилишади.
Қора моғор юқтирган кўплаб беморлар ҳатто касалхонага ҳам етиб бормасдан жон таслим қилишаётгани, тузалганлари эса, уни қайта юқтираётгани ҳоллари борлигини ҳам айтишади.
Қора моғор ва минтақа

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистон ҳозирча қора моғор аниқлангани расман тасдиқланган Ўзбекистонга бевосита чегарадош биринчи минтақа давлати бўлади.
Агар, расмий маълумотларга таянилса, Афғонистонда қора моғор ҳоллари саноқли кунларнинг ўзида қарийб ўнтага етган.
Қора моғор билан боғлиқ илк ҳолатларнинг бири эса, ўтган ой, Афғонистон шимолида аниқланган.
Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазири қора моғорга қарши курашиш учун махсус чоралар кўриш, пойтахт Кобул ва вилоятлардаги тиббиёт марказларида унга чалинган инсонлар учун махсус бўлинмалар ажратишга буйруқ берган.
Аммо бу беморларнинг айнан ким эканликлари, бошқа сурункали хасталиклардан азоб чекишганми-йўқлиги, ковиддан қандай даволанишгани ва қора моғорни қай йўл билан юқтиришгани тафсилотлари ҳозирча ноаён қолган.
Афғонистонда қора моғор ҳолларининг ортиб бораётганига оид расмий хабарларга ҳозирча унга қўшни давлатлар масъулларининг бирор бир муносабат билдириб чиқишгани кўзга ташланмайди.
Ковиддан тузалган беморларда хавфли қора моғор юқтириш ҳолларининг кескин ошаётгани Ҳиндистонда шу йил май ойида маҳаллий шифокорларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлган.
Қора моғор билан боғлиқ ташвишли ҳолат Ҳиндистонда катта эҳтимол билан айнан ҳиндча штамм сабаб бўлгани айтилган даҳшатли коронавирус инқирози фонида бўй кўрсатганди.
Коронавируснинг ҳиндча штамми кириб келганига оид хабарлар шу пайтгача фақат уч минтақа давлати - Қозоғистон, Ўзбекистон ва афғонистондан олинган.
Қора моғор ва Ўзбекистон

Сурат манбаси, official
Қора моғорнинг Ўзбекистон аҳолиси учун қанчалик хавфли экани саволи эса, мамлакатда ҳали Ҳиндистонда жиддий хавотирларга сабаб бўлган май ойидаёқ кун тартибига чиққани кўрилган.
Бу ҳақдаги саволга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева расман ва ошкора жавоб берган.
У ҳам "мукормикоз" касаллиги ҳиндистонлик коронавирусга чалинганлар орасида аниқланаётгани ва ўлим ҳолатини кучайтираётгани ростлигини таъкидлаган.
Ўзбекистонлик масъул ўз жавобида "мукормикоз"нинг аслида қандай касаллик экани ва уни келтириб чиқарадиган асосий омилларга ҳам тўхталиб ўтгани кўрилган.
"Мукормикоз бу замбуруғлар туркумига мансуб инфекцион омил бўлиб, у иссиқ ўлкаларда кўп учраши"ни айтган.
Инсон организмида касаллик бўй кўрсатиши сабабини иммунитетнинг пасайиши билан изоҳлаган.
Бунга коронавирус инфекцияси баробарида, олимларнинг фикрларига таяниб, антибиотикларни узоқ муддат ёки ноўрин қабул қилинишининг таъсири борлигини билдирган.
Севара Убайдуллаева бунинг ортидан мамлакат аҳолисидан "доимий равишда карантин қоидаларига риоя қилишларини талаб қилишлари"ни айтган.
Шу билан бирга, "вакцинация касалликдан ҳимояловчи ишончли омил эканини яна бир бор таъкидлашлари"ни баён қилган.

Сурат манбаси, .
Ўтган ой охирида эса, қора моғор масаласига Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари ҳам эътибор қаратгани маълум бўлган.
Ботир Қурбонов маҳаллий журналистлар билан савол-жавоб чоғида бу касаллик ўзбекистонликларга хавф солмаётганини айтган.
У Ўзбекистонда аниқланган ҳиндча штаммни қора моғор касаллиги билан боғлаш нотўғри эканлигини ҳам билдирган.
"Қора моғор касаллиги британча штаммда ҳам, уҳан штаммида ҳам бўлиши мумкинлиги"ни айтган.
Шундай экан, "қора моғор ўзбекистонликлар учун ҳеч қандай хавфли эмас"лигини таъкидлаган.
Бунинг сабабини эса, масъул "қора моғорнинг четдан келмаслиги, унинг даволаш воситаларининг зарарсизлантирилмаслиги оқибатида келиб чиқадиган замбуруғли касаллик ҳисобланиши" билан изоҳлаган.
Қора моғор

Сурат манбаси, Getty Images
Қора моғор иммунитети заиф одамлар учун ҳаётларига хавф солиш даражасида ўта хавфли ҳисобланади.
Бу замбуруғ инсоннинг бурун шиллиқ қавати, ўпка ва ҳаттоки миясига ҳам таъсир қилади.
Ҳиндистонлик шифокорлар орада қора моғорнинг айнан мияга ўтишига йўл қўймаслик учун айрим беморларнинг зарарланган кўзларини олиб ташлашгача борганликларини ҳам айтишган.
Ушбу замбуруғлар органик моддалар билан озиқланади ва кенг тарқалган: улар тупроқда, ўсимликларда, чириётган мева, сабзавотлар ва ҳайвонларнинг гўнгида учрайди.
Ҳиндистонлик шифокорлар қора моғорнинг ривожланишида ковид беморларини даволашда фаол қўлланилаётган стероидлар сабаб эканини тахмин этишган.
Улар қора моғор, айниқса, қанд хасталигидан азоб чекувчи ковид беморларига жиддий хавф туғдиришини айтишган.
Шифокорларга кўра, айнан стероидлар бу каби беморлар иммунитетини заифлаштириб, уларнинг қонидаги қанд миқдорининг ошишига олиб келади.
Яқинда эълон қилинган халқаро тадқиқот натижалари ҳам худди шу нарсага далолат қилган.
Натижалар дунё бўйлаб қора моғор юқтирганларнинг 94 фоизи қандли диабетдан азоб чекувчи инсонлар эканини кўрсатган.
Энг кўп ҳоллар эса, айнан диабет хасталиги кенг тарқалган Ҳиндистон ҳисобига тўғри келиши маълум бўлган.
Глобал коронавирус пандемиясига қадар қора моғор дунёнинг камида 38 давлатида аниқланган.
Бунга ҳам асосий сабаб қандлик диабет хасталиги экани айтилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























