'Четдан келганлар ҳам касалланишади ва коронавирус тарқатишади' - Россия мигрантларни қандай эмламоқчи? - Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, SERGEY FADEICHEV/TASS
- Author, Оксана Чиж
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Published
Россияда меҳнат муҳожирларини эмлаш бошланди. Ҳозирча улар "Спутник Light" билан мамлакатнинг атиги икки нуқтасида - Москва яқинидаги Сахарово қишлоғидаги миграция марказида ва Москванинг "Садовод" савдо марказида эмланиши мумкин. Муҳожирларни эмлаш тизими қандай ишлайди?
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2021 йилнинг дастлабки беш ойида Россияда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун 540 мингга яқин меҳнат патенти берилган. Бу патентларни олганларнинг қанчаси умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишловчи ходимларнинг 60 фоизи учун мажбурий эмлаш талабига дуч келади - аниқ эмас.
Ҳозирча Россиядаги мигрантлар икки жойда эмланиши мумкин: Москва ҳалқа йўлидан 50 километр узоқликда жойлашган Сахароводаги миграция марказида ва "Садовод" бозорида. Биринчисида эмлаш 27 июнда, "Садовод"да эса 29 июнь, сешанба куни бошланди.
Би-би-си ҳозирча бошқа минтақалардаги муҳожирларни эмлаш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида бирор эслатмани топа олмади. Би-би-сининг бир нечта минтақалардаги офислари ҳозиргача фақат Россия фуқаролари эмланаётгани ҳақида хабар беришди.
Ҳозир Россияда муҳожирлар расмий равишда эмланаётган иккита пунктда эмлашдан олдин уларни кўрикдан ўтказадиган беш нафар шифокор ва бу муолажани бевосита амалга оширадиган 28 ҳамшира бор, дея хабар беради шаҳар ҳокимлиги.
Чет эллик ишчиларни қанча маддатларда қайта эмлаш кераклиги ҳали аниқ эмас: расмийлар мигрантларни битта компонентли "Спутник Лайт" препарати билан эмлашга қарор қилишди. "Бу Спутник Vга қараганда самарасиз эмлаш бўлиши мумкин, аммо барибир у ҳар қандай ҳолатда ҳам ижобий таъсир кўрсатади", деди Москва мэри Сергей Собянин.
Иш берувчилар ходимларини эмлатиш учун ариза беришлари керак. Улар процедура учун ҳам тўлайдилар, бу киши бошига 1300 рублни ташкил қилади. Ўз ходимларини эмлатиш учун тадбиркор эмлаш пунктларига рўйхат билан ариза топшириши керак, унда паспорт маълумотларидан ташқари, эмлаш учун асос берадиган ҳужжатлар, масалан, меҳнат патенти кўрсатилади. Шу пайтгача Россияда эмлаш фақат аксарият мигрантларда мавжуд бўлмаган мажбурий тиббий суғурта полиси билан амалга оширилиши мумкин эди.
"Улар қайтиб келмайди"
Чет элликлар билан ишлайдиган компаниялар норезидент ишчиларни эмлашга тайёргарлик кўришни бошлаганликларини айтишади.
Ресторанлардан озиқ-овқат етказиб бериш хизмати "Delivery Club" Би-би-сига ҳозирда ходимларни ушбу имконият тўғрисида хабардор қилаётгани ва яқин келажакда эмлаш учун ариза беришини маълум қилди.
"Самокат" озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш хизмати "компания ходимлари ўртасида эмлаш зарурлиги тўғрисида маърифий тадбирлар" ўтказаётганини ва ҳамкорлар билан биргаликда кўчма пунктлар яратмоқчи эканлигини айтмоқда. "Бизнинг ходимларимиз - ҳам Россия Федерацияси фуқаролари, ҳам чет эл фуқаролигини олганлар у ерда вакцина олиши мумкин", дейилади компания хабарида.
"Яндекс" ушбу материал нашр қилинган пайтда Би-би-си сўровига жавоб бермади.
Ходимларнинг аксариятини эмлаш талаби миллий ошхона ресторанлари эгаларига кўпроқ таъсир қилди. Муаммо фақат чет эллик ишчиларни эмлаш борасидаги ечилмай келаётган чалкашликларда эмас, дейди Би-би-си билан суҳбатда кичик кафе эгаси бўлган тадбиркор Азиз (исми ўзгартирилган).

Сурат манбаси, EPA/YURI KOCHETKOV/TASS
28 июндан бошлаб бу жойларга кириш фақат Москва ваколатли органлари эмлашдан кейин берадиган QR-кодлари ёки янги ПЗР тестларидан сўнг мумкин бўлади. Шу билан бирга, мижозларнинг аксарияти, Азизнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган эмланмаган официантлар ва ошпазлар билан бир хил вазиятга тушиб қолган.
"Бизга асосан мигрантлар киради. Тасаввур қилинг: улардан, эҳтимол, уларнинг кўпи билан 10 фоизи [вакцина] олган, қолганлари эса олмаган. Яхши, биз ўз ходимларимизни эмлаймиз, аммо бу мижозлар билан қандай бўлади? Оилавий келишади, беш олти одам, нима деймиз, таомини қўлига тутқазворамизми? Улар кетиб, бошқа қайтиб келмайди", дейди кафе эгаси.
Энди Азиз ўз ишчиларига ишни давом эттириш учун эмлашдан бошқа йўллари йўқлигини тушунтирмоқда: "Қўрқадиганларга вакцина олишмаса улар билан хайрлашишга мажбур бўлишимизни айтамиз. Кимгадир тушунтириш керак буни ҳам, яна вақт ва пул сарфи".
Азиз ўзини "ўлаётган умумий овқатланиш соҳаси эгаси" сифатида таништиришни сўрайди. Унинг айтишича, 2020 йилда унга ҳар учтадан иккита жойини ёпиши керак бўлди, мўъжизавий тарзда учинчисини сақлаб қолди. Сўнгги кунларда у ўз ходимларининг 60 фоизини ўз вақтида эмлата оладими ёки икки ойга ошхонани ёпиб, жой учун ижара пулидан иқтисод қилиб қоладими, шуни ўйлаяпти.
Би-би-си мухбирлари янги чоралар овқатланиш корхоналари ишига нақадар таъсир кўрсатаётганига амин бўлишди. Қаҳвахонага кириш учун QR-коди ёки янги ПЗР тести талаблари кучга кирган биринчи кунда улар асосан муҳожирлар ишлайдиган ва овқатланадиган бир нечта жойларни бориб кўришди.
Шаҳар марказидаги битта чойхонада эшиклар қулфланган эди. Тақиллатганларида официантлар очди, улар энди ичкарига кириш учун QR-коди керак дейишди. Ичкарига кириб лол қолишди - хона бўш эди.
Қўшни бошқа бир кичик чойхонада меҳмонларга дераза орқали олиб кетиш учун овқат тарқатишди. Би-би-си журналисти ичкарига кирмоқчи бўлганида, кодни сўрашди, уни кўриш учун бир вақтда бир нечтаси қаради. Кун ўрталарига келиб, мухбир бешинчи одам бўлган, одатда шу вақт ичида, ходимларнинг айтишича, муассаса 300 га яқин кишига хизмат кўрсатишга улгурар эди.
Яқинлашиб келаётган эмлашлар тўғрисидаги саволга официант шундай деди: "Ҳечқиси йўқ. Иншааллоҳ ҳаммаси яхши бўлади".
"Бир томондан улар эмланишни исташади, бошқа томондан - навбат"
Мигрантлар учун эмлаш билан боғлиқ вазият фақат 27 июнь куни аниқ бўлди. Бунгача вакцинани фақат мажбурий тиббий суғурта полиси билан олиш мумкин эди. Россияда ишлаётган чет эл фуқароларининг аксариятида эса бунақа суғурта йўқ.
Ҳокимият овқатланиш ва хизмат кўрсатувчи компаниялар ходимларининг камида 60 фоизини мажбурий эмлаш кераклигини эълон қилганида ва биринчи компонент билан эмлаш учун 15 июлгача муддат белгилаганида, тадбиркорлар ва мигрантларнинг ўзлари ҳеч бўлмаганда қандайдир йўлни топишга ҳаракат қилишди.
"Чет эл фуқаролари жуда кўп, иш берувчилари қўнғироқ қилиб, нима қилишни сўрашади", деди Би би сига меҳнат мигрантлари касаба уюшмаси раҳбари Ренат Каримов. Унинг сўзларига кўра, касаба уюшмаси чет эллик ишчиларни эмлашга рози бўладиган тиббиёт марказларини топишга ҳаракат қилган ва ҳаттоки шундай клиникалардан бирини топган, аммо улар вакцина қилганидан кейин фақат қоғоз сертификат беришга тайёр эди. Бу бирор электрон реестрга киритишни англатадими ёки йўқми, аниқ эмас, аммо QR-кодини ушбу марказда фақат мажбурий тиббий суғурта полиси бўлган, эмланганлар олиши мумкин эди, деб тушунтиради у.

Сурат манбаси, Getty Images
Мигрантларни қандай қилиб эмлаш мумкинлигини аниқлаш учун Каримов, унинг сўзларига кўра, сўнгги бир неча ҳафта ичида беҳуда уринган: "Икки ой олдин биз [коронавирусга қарши кураш бўйича] штабга қўнғироқ қилдик, керакли барча жойларга чиқдик, улар вирус паспортга эмас, балки жисмоний шахсга тегади дейишди... Бир неча ҳафта олдин яна суриштирдик, яна штабдагилар бизга жавоб бермади..."
"Улар бир томондан эмлашни хоҳлашади, бошқа томондан, мигрантларни қирқ беш кун давомида патент олиш учун Сахаров миграция марказига олиб кетишди ва улар ўша ерда 10 минг кишилик навбат ҳосил қилишди", дейди Каримов.
Май ойида ҳам у ерда кўп соатлик навбат пайдо бўлган ва бу ҳол бир ярим ой давом этди: 15 июнь куни Россиядаги чет элликлар учун имтиёз муддати тугади. Шу вақтгача ҳужжатларини янгиламаганлар мамлакатни тарк этишлари керак эди.
Натижада, миграция марказида зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга уринаётган меҳнат муҳожирларининг кўп кунлик катта оломони пайдо бўлди. Бу навбат тасвирланган видеони Телеграмдаги "Интересная Москва" канали эълон қилди.
"Ҳозиргача эмланиш иложи бўлмади"
Олти ой давомида чет эллик ишчиларни қандай эмлашни билолмаган Россия ҳукумати сиёсатини баъзи мигрантлар мантиқсиз деб ҳисоблайди. Ижтимоий тармоқлардаги махсус саҳифаларда вакцинани қаердан ва қандай олиш мумкинлиги ҳақида кўплаб саволлар берилмоқда, аммо улар жавобсиз қолмоқда ва кетидан умуман эмлашнинг керак керакмаслиги тўғрисидаги мунозаралар бошланмоқда.
Аммо эмланишни истаган чет эллик ишчилар ҳам бундай имкониятга фақат Москва ва Москва вилоятида бўлган тақдирдагина эга бўлади. Би би си бошқа вилоятларда ҳам меҳнат муҳожирлари учун эмлаш пунктлари очилганлиги тўғрисида маълумот топа олмади.
Челябинск вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Би-би-сига айтишича, муҳожирларни эмлаш масаласида "расмий ҳужжатларни ҳали кўришмаган". "Қарор федерал даражада қабул қилинади ва кейин минтақаларга, барча ҳудудларга юборилади", деб тушунтиради ушбу идора ва тегишли қарор қабул қилингандан сўнг улар эмлашни бошлашга тайёрлигини билдирдилар.
Свердловск вилояти ҳам федерал ҳокимият қарорини кутмоқда. Ростов вилояти штаби ҳам ҳозиргача фақат Россия фуқаролари эмланаётгани ҳақида хабар берди.

Сурат манбаси, MIKHAIL TERERSCHENKO/TASS
Шу билан бирга, 15 июлга қадар ҳукумат мамлакатга ишлаш учун келган чет элликларни эмлашни ташкил қилиши ва ушбу акцияни молиялаш манбаларини белгилаши керак. Владимир Путин тегишли топшириқни 27 июнь куни, Москвада мигрантларни эмлаш бошланган кунда берди.
"Мен ўз ташаббусим билан "тарқалмаслик" учун вакцина олишни истайман: касалликни енгил ўтказишимга аминман, демак, ўзим сезмаган ҳолда уни тарқатишим мумкин. Кўплаб одамлар, жумладан, кексалар билан мулоқот қиламан, вазиятдан чиқишнинг энг яхши усули эса эмланишдир", деди Би-би-сига 22 ёшли Ербек Мухмудбеков.
Муҳмудбеков Ўзбекистон фуқароси, у Санкт-Петербургнинг хусусий бошқарув компанияларидан бирида кенг профилли уста сифатида ишлайди. 2020 йилда у Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинаси синовларида кўнгилли қатнашишга ҳаракат қилди. Синовларни ўтказган мутахассислар унинг Россия фуқаролиги йўқлиги тўғрисида билиб, аввалига бу тўсиқ эмаслигини айтишди, кейин эса ғойиб бўлишди.
Кейин у "Спутник V" пайдо бўлгунча кутиб турди ва бошлиқлари орқали ҳаракат қилмоқчи бўлди, аммо мигрантлар учун эмлаш ҳали мумкин эмаслигини айтишди.
"Мен яна кута бошладим. Улар турли савдо марказларида эмлаш пунктларини очганда, мен иккита савдо марказига бордим, ҳаммасида бир хил жавоб беришди - биз буни фақат Россия Федерацияси фуқароларига қиламиз. Бу орада Москвадаги муҳожирларнигина эмлашаётганини эшитдим, телевизорда эса ҳатто Америкадан, Украинадан ҳам Спутник вакцинаси учун келишяпти, деб бақиришяпти", дейди Муҳмудбеков.
Кейин у поликлиникадан таниш бўлган шифокорларга мурожаат қилди, аммо кутилган жавобни олди: вакцинанинг айланиши давлат томонидан назорат қилинади ва сиз ўзингизнинг дозангизни фақат мажбурий тиббий суғурта орқали олишингиз мумкин, бу эса патенти бор ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун талаб қилинмайди..
"Фақат битта йўл бор эди, яна ўша танишларим орқали мажбурий тиббий суғурта билан шуғулланадиганлар билан боғланишга ҳаракат қилдим, лекин улар яшаш гувоҳномаси ёки вақтинчалик яшаш гувоҳномаси бўлмасдан туриб, мажбурий тиббий суғуртани олиб бўлмайди дейишди. Мана, ҳозигача эмланиш иложи бўлмади", дейди Муҳмудбеков.
"Мен ҳеч қачон ва ҳеч кимга пора таклиф қилмаганман, эмлашнинг қонуний йўлини излаганман. Чет элликлар ҳам тўсатдан касал бўлиб, вирусни тарқатиб юради. Мен ўз хоҳишим билан вирусга қарши курашда ўз ҳиссамни қўшмоқчиман, аммо улар йўл қўйишмаяпти", дейди у.
Ушбу мақола нашр этилаётганда Санкт-Петербургда муҳожирлар учун эмлаш пунктларини очиш режалари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























