Исроил-Фаластин можароси: БМТ уруш жиноятлари эҳтимолидан хавотирда - Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Исроил Мудофаа Кучлари ва Фаластин қуролли гуруҳларини огоҳлантириб чиқди.
Аҳоли зич яшайдиган ҳудудларни ҳаво ва ракетадан ҳужумга тутиш, тинч намойишчиларга қарши ҳақиқий ўқ қўллаш - уруш жиноятига тенг бўлиши мумкинлигини айтди.
Комиссар Мишель Бачелет Женевадан туриб эълон қилган баёнотида халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилишига оид барча даъволарни мустақил текширишга ҳам чақирди.
Ҳар икки томонни зўравонликлардан тийилишга ундади.
- Исроил - Ғазо можароси: Якшанба Ғазода 'энг қонли кун' бўлган
- Исроил ва Фаластин можароси: Тўқнашувлар Ғарбий Соҳилга ҳам ёйилди
- Исроил-Фаластин можароси: Ҳужумлар тинмаётир, қурбонлар сони янада ортмоқда
- Мирзиёев, Ўзбекистон ва Қозоғистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан жиддий хавотирда
- Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди, минтақада вазият танг - можаро илдизи қаерда?

Сурат манбаси, EPA
"Ўтган 10 кун ичида Ишғол остидаги Фаластин Ҳудудлари ва Исроилда вазият "хавотирли даражада" ёмонлашди", - дейилади БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари баёнотида.
Мишель Бачелетнинг ўз баёнотида айтишича, "Фаластинлик оилаларни мажбуран кўчириш таҳдиди боис ишғол остидаги Шарқий Қуддуснинг Шайх Жарроҳида вужудга келган вазият, Рамазон ойида Ал-Ақсо масжида атрофида катта сондаги Исроил Хавфсизлик Кучларининг ҳозирлиги, Ғазодан ва Ғазога қаратилган ҳужумларнинг кескин кучайиши, Исроилда ирқий нафрат ва зўравонликнинг даҳшатли тус олиши - буларнинг барчаси Ишғол Остидаги Фаластин Ҳудудлари ва Исроилда шафқатсиз ҳужумлар ва кўплаб талафотларга олиб келган".

Сурат манбаси, Reuters
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Исроил ҳукуматига тўғридан-тўғри мурожаат қилган.
Мишель Бачелет Исроил ҳукуматини Лод, Яффо, Рамле ва Ҳайфада исроиллик келгиндиларни ҳам назарда тутаркан, ўта ўнг қанот миллатчи гуруҳлар ва Исроил фуқаролари бўлган маҳаллий фаластинликлар орасидаги зўравонликларга ҳам барҳам беришга ундаган.
Бачелетнинг таъкидлашича, зўравонликлар уюштирилган кўринишда бўлиб, айниқса, Исроил полициясининг фаластинлик фуқароларига "шафқатсиз ҳужум" қилинганида, аралашмаганлигига оид хабарлардан хавотирда.

Сурат манбаси, AFP
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари, шунингдек, барча томонларнинг вазиятни тинчитишнинг ўрнига, янада оловлантиришни мақсад қилгандек кўринган "қутқуга солувчи" чиқишларини ҳам қоралаган.
Урушаётган томонларнинг Мишель Бачелет баёнотига муносабатлари ҳозирча имконсиз.
Ғазо ва Исроилдаги сўнгги зўравонликлар 2014 йилдан буён кузатилган энг ёмони экани айтилади.
Ўзаро ҳужумлар саноқли кунларнинг ўзида "тўлақонли уруш" хавфини ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Исроил Армияси Ғазога Бўлгасига қаратилган амалиётларига қуруқликдаги қўшинларини ҳам жалб қилган, аммо ҳозирча бўлгага кирмаган.
Шу пайтгача ҳар икки томондан жами 200 га яқин киши нобуд бўлган, мингдан ошиғи яраланган.
Қурбонлар ва жабрдийдаларнинг деярли барчаси фаластинликлар ҳисобига тўғри келади.
Ораларида аёллар ва болаларнинг озмунча эмаслиги кўрилади.
Ўтган ҳафта Шарқий Қуддусдаги вазиятга Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ҳам ўз эътиборларини қаратишган, "чуқур хавотир"да эканликларини айтиб, расман баёнот беришган.
Расмий Тошкент томонларни "зўравонликларга чек қўйиш"га ҳам чақирган.
Уларни вазиятни беқарорлаштиришдан сақланишга ундаганди.
Аммо халқаро ҳамжамиятнинг ҳар икки томонга қаратилган худди шунга ўхшаш даъватлари ҳозирча иш бермаган.
Сўнгги зўравонликлар Шарқий Қуддусдаги бир неча ҳафталик танглик ва тўқнашувлар ортидан келиб чиққан.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































