You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ҳиндистон: Дарё чиқариб ташлаётган жасадлар ва кўзсиз қолаётган одамлар - Hindiston koronavirus dunyo yangiliklar
Ҳиндистон: Дарё чиқариб ташлаётган жасадлар ва кўзсиз қолаётган одамлар. Даҳшатли коронавирус инқирози ичида бўлган Ҳиндистондан устма-уст хавотирли хабарлар олинмоқда.
"Ҳиндистонча" штамм юзасидан Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти жиддий огоҳлик билан чиққан.
Ташкилот бу штамм "халқаро миқёсда хавотирга молик" эканини айтмоқда.
Маълум бўлишича, ҳали дастлабки тадқиқотларнинг ўзиёқ "ҳиндистонча"сининг бошқа штаммларга қараганда юқумлироқ эканига далолат қилган.
Ташкилот ҳали бу штаммни чуқурроқ ўрганиш лозимлигини ҳам қўшимча қилган.
Бунгача бу каби баҳо коронавируснинг "британча", "бразилча" ва "жанубий африкача" штаммларига берилган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоб-китобларига таянилса, "ҳиндистонча" штамм ҳозирга келиб дунёнинг 30 дан ортиқ давлатига кириб борган.
Аммо ташкилот бу давлатлардан алоҳида ном тутмаган.
Минтақа ва янги штаммлар
Марказий Осиё давлатларида ҳозирча коронавируснинг "британча" ва "жанубий африкача" штаммлари аниқлангани расман тасдиқланган.
Аммо сўнгги кунларда айрим минтақа давлатларининг "ҳиндистонча" штаммга қарши эҳтиёт чораларини кўришаётганига оид хабарлар олинган.
Ўзбекистон Туркия баробарида Ҳиндистон билан ҳам авиақатновларни вақтинчалик чеклашга қарор қилган.
Бу икки давлатдан келаётган келаётган йўловчилар учун 14 кунлик карантин тартибини жорий этган.
Бу йўловчилар барчасининг аэропортнинг ўзидаёқ коронавирусга тест топширишлари ҳам маълум бўлган.
Тест тизимининг синов тариқасида жорий этилиши айтилган.
Республика махсус комиссияси Ҳиндистон ва Туркияга бора оладиган шахслар тоифасини ҳам расман белгилаб берган.
Бундан аввал Қозоғистон ўз аэропортларида "ҳиндистонча" штаммга қарши эҳтиёт чораларини кўриш ҳаракатида эканига оид хабарлар олинганди.
Кеча, душанба куни Ҳиндистондан яна бир хавотирли хабар олинган.
Жасадлар
Уларда Ганг дарёси ўнлаб жасадни соҳилга чиқариб ташлагани айтилган.
Бу жасадларнинг қаердан келиб қолгани ҳозирча маълум эмас, аммо уларнинг Ковид қурбонлари экани тахмин этилмоқда.
Баъзи бир хабарларда уларнинг сони ҳатто юзтача экани айтилган.
Маҳаллий аҳоли ва журналистларга кўра, одамларнинг ўз яқинлари жасадларини куйдиришга қўллари калталик қилган.
Ўтин тақчил, дафн маросимлари сарф-харажатлари ошгандан ошиб бормоқда.
Бу эса, уларга ўз яқинлари майитларини куйдирмай, шундоқ дарёга оқизиб юборишларига сабаб бўлган, деб айтишган улар Би-би-си билан суҳбатда.
Маҳаллий масъуллар жасадларнинг Биҳарга Уттар-Прадешдан оқиб келганини тахмин этишмоқда.
Аҳолиси кўп ва зич яшовчи Уттар-Прадеш Ҳиндистоннинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон штатларидан биттаси бўлади.
Ҳиндистон ҳозир глобал коронавирус пандемиясининг ўчоғи бўлиб турибди.
Кундалик касалланиш кўрсаткичи ҳануз 300 мингдан юқорилигича қолмоқда, бу каби ҳолат эса, ҳозир дунёнинг қолган бирор бир давлатида кузатилмайди.
Мамлакатда жами касалланганлар сони ҳозирга келиб 23 миллионга яқинлашган.
Уларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас, бу хусусда расмий статистика кўзга ташланмайди.
Ҳиндистон дунёнинг йилига минглаб Марказий осиёликлар тиббий муолажа илинжида юз тутаётган саноқли давлатларидан бири ҳам бўлади.
Қора замбуруғ ёки моғор
Худди шу каби бир манзарада янгитдан бўй кўрсатган яна бир ҳолат ҳиндистонлик шифокорларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлган.
Айниқса, Ковиддан янги тузалган беморларда хавфли қора замбуруғ-моғор юқтириш ҳоллари ҳам кескин ошган.
Бу замбуруғ иммунитети заиф одамлар учун ҳаётларига хавф солиш даражасида ўта хавфли ҳисобланади.
Бурун шиллиқ қавати, ўпка ва ҳаттоки мияга таъсир қилади.
Айрим маҳаллий шифокорларнинг айтишларича, замбуруғ-моғорнинг айнан мияга ўтишига йўл қўймаслик учун айрим беморларнинг зарарланган кўзларини олиб ташлашгача боришмоқда.
Ушбу замбуруғлар органик моддалар билан озиқланади ва кенг тарқалган: улар тупроқда, ўсимликларда, чириётган мева ва сабзавотлар ва ҳайвонларнинг гўнгида учрайди.
Ҳиндистонлик шифокорларга кўра, қора замбуруғнинг ривожланишида Ковид беморларини даволашда фаол қўлланилаётган стероидлар сабаб бўлиши мумкин.
Айнан улар бемор иммунитетини заифлаштириб, уларнинг қонидаги қанд миқдорини оширади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek