Ҳиндистонда даҳшатли Ковид инқирозини янги штамм келтириб чиқарганми? Hindiston O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

Ҳиндистондаги Ковид инқирози

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳинд ҳукумати илк бор Ковид инқирозини "ҳиндистонча штамм"га боғлади
Published

Ҳинд ҳукумати илк бор даҳшатли Ковид инқирозини "ҳиндистонча штамм"га боғлади. Тошкентдан Деҳлига мунтазам парвозлар ҳамон давом этмоқда. Қозоғистон "ҳиндистонча штамм"га қарши эҳтиёт чораларини кўришга киришган биринчи минтақа давлати бўлдими?

Ҳиндистон ҳозир АҚШ билан бирга дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган иккита давлатидан биттаси бўлади.

Янги Ковид инфекциялари сони расман 21 миллиондан ошган.

Экспертлар эса, ҳатто ҳақиқий рақамлар расман айтилаётганидан кўп эканини таъкидлашмоқда.

Ҳиндистон, ҳафталарки, ҳалокатли Ковид бўҳрони ичида.

Аммо масъуллар шу пайтгача ҳалокатли иккинчи тўлқинни Ҳиндистонда топилган янги штаммга боғлашмаганди.

Худди шу боис ҳам, ҳинд ҳукуматининг сўнгги баёноти кўпчиликннинг диққат-эътиборини ўзига тортган янгиликка айланди, сарлавҳаларга чиқди.

Сўнгги кунларда Ҳиндистонда кундалик касалланиш ҳоллари янада ошган, 400 мингдан ортиқроқни ташкил этаётгани кўрилган.

Жасадлар оммавий ёқилмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги ҳафталарда ўлимлар кўплигидан, Ҳиндистонда жасадлар оммавий ва кечаю кундуз ёқилганига оид хабарлар ҳам олинган

Ўлим кўрсаткичлари эса, тўрт мингга яқинлашган, Ҳиндистонда шу пайтгача қайд этилаётган антирекордларни янгилаган.

Коронавируснинг "қўшалоқ мутантли" янги штамми Ҳиндистонда шу йилнинг март ойида топилган.

Ҳиндистон ҳукуматининг расман баён қилишича, ҳозирги ҳалокатли иккинчи тўлқинга айнан худди шу штамм сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Маълум бўлишича, B.1.617 штамми Ҳиндистоннинг айнан коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон қатор штатларида топилган.

Лекин, шу билан бирга, Ҳиндистондаги Касалликларни назорат қилиш миллий маркази расмийси ўзаро боғлиқликни ҳалича тўлиқ аниқлай олмаганликларини ҳам айтмоқда.

Ҳукуматнинг юқори даражадаги илмий маслаҳатчиси эса, "учинчи тўлқиннинг муқаррар"лиги билан ҳам огоҳлантирган.

Бунинг аниқ қачон юз беришини айтиб бўлмаса-да, янги тўлқинларга тайёр туришлари кераклигини ҳам таъкидлаган.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот анжуманида сўзларкан, К.Вижай Рагхаван коронавируснинг бунчалик урчиб кетиши ўзлари учун кутилмаган ҳолат бўлганини ҳам эътироф этган.

Кислород баллонлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Орада Ҳиндистонда кислород баллонлари "қора бозор"ларга чиқиб кетганига оид хабарлар ҳам олинган

Ҳалокатли иккинчи тўлқиннинг ўзиёқ Ҳиндистонда бўҳроний вазиятга сабаб бўлган.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш тизимини ўта танг аҳволда қолдирган.

Касалхоналар, крематорийларда жой, кислород ва дори-дармон тақчиллиги одатий ҳолга айланган.

Мамлакат фавқулодда халқаро ёрдамга муҳтож бир вазиятга тушиб қолган.

Қатор штатларида карантин ва комендантлик соатлари жорий қилинган.

Мавжуд вазиятга қарамасдан, ҳинд ҳукумати ҳалича бутун мамлакат бўйлаб карантин тартибини жорий этиш қарорига келмаган.

Ўзбекистон ҳаво йўллари самолёти

Сурат манбаси, official

Ҳиндистон дунёнинг Ўзбекистон орада мунтазам ҳаво парвозларини қайта тикланган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Тошкент-Деҳли йўналишидаги парвозларнинг ҳали-ҳануз ҳафтасига икки маротаба давом этаётгани кўрилади.

Сўнгги йилларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун Ҳиндистонни афзал билаётган ўзбекистонликлар сонининг ҳам ортгани кўрилади.

Ўзбекистон глобал коронавирус пандемияси боис, дунёнинг бошқа давлатлари билан мунтазам ҳаво қатновларини айрим истиснолар билан ўтган йилнинг март ойида расман тўхтатган, фақат 4 сентябрга келиб, уларни қайта тиклай бошлаган.

Шу пайтгача дунёнинг ўнга яқин давлати билан мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.

Аммо ўтган йил октябрида муайян эпидемиологик шартлар асосида барча турдаги транспорт қатнови учун ҳам ўз чегараларини расман очган.

Ўзбекистонда шу пайтгача коронавируснинг "британча" ва "жанубий африкача" штамми аниқлангани расман тасдиқланган.

Мамлакатдаги кундалик ўсишга айнан қай бир штамм сабаб бўлаётгани маълум эмас.

Аммо масъуллар орада, айниқса, болалардаги ҳолатларни назарда тутиб, сўз "британча" штамм ҳақида бораётганини рад этишмаган.

Ҳиндистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида уларнинг "ҳиндистонча штамм" билан боғлиқ бирор бир хавотирли баёнот билан чиқишгани ҳалича кўрилмаган.

Аммо Ўзбекистон ўтган йил май ойида Деҳли, Дубай, Сеул ва Минскдан мингга яқин фуқаросини чартер рейслар ёрдамида ортга қайтаргани хабар берилган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон Ҳиндистонга инсонпарварлик кўмагини юборган биринчи минтақа давлати бўлган.

Ўзбекистондаги бозор

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўзбекистоннинг ўзида эса, кеча, 5 май куни жорий йил ҳисобидан янги антирекорд қайд қилинган.

Кундалик касалланиш кўрсаткичи 452 тага чиққан.

Сўнгги рақамлар бутун мамлакат бўйлаб карантин чоралари амалда бўлган ва мамлакат аҳолисини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари давом этаётган бир манзарада кузатилган.

Шу кунларда Қозоғистон Ҳиндистондан келаётган ёки сўнгги икки ҳафта ичида Ҳиндистонда бўлиб, мамлакатга кираётган барчани 14 кунлик карантинга олишга қарор қилгани маълум бўлган.

Vlast.kz интернет нашри хабарида чеклов коронавирусга қарши эмланганлар ва тестлари манфий натижа кўрсатганларга ҳам бирдек қўлланиши ҳақида ҳам айтилган.

Таъкидлаш жоиз, шу пайтгача қолган бирор бир минтақа давлатидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.

Аммо шу ой бошида Ўзбекистон Ҳаво йўллари Туркиядаги эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви сабаб, 17 майга қадар мамлакатга қатор авиақатновларнинг вақтинчалик бекор қилиши расман хабар берилган.

Орада "британча" ва "жанубий африкача" штаммларнинг Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш мақсадида қатор давлатлар билан ўзаро парвозларни вақтинчалик чеклашга ҳам қарор қилганди.

Қозоғистон

Сурат манбаси, Reuters/arxiv

Сурат тагсўзи, Қозоғистон минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон давлати бўлади

Веб сайтнинг Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазиридан иқтибос келтиришича, "ҳиндистонча штамм"нинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш мақсадида бу каби қарорга келишган.

Қозоғистоннинг ўзида шу пайтгача "британча" ва "жанубий африкача"сидан ташқари, "олма-отача" штамм аниқлангани ҳам хабар берилган.

Қозоғистон минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон давлати бўлади.

Ҳозирга келиб, мамлакатда жами коронавирусга чалинганлар сони 335 мингга яқинлашиб бораётгани кўрилади.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳозир минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол яна қайта ёмонлашиб бораётган уч давлати бўлишади.

Ҳиндистон Хитой билан бирга дунёнинг аҳолиси энг катта давлати.

Имконли бўлган рақамларга таянилса, Ҳиндистон аҳолисининг сони ҳозир қарийб миллиард 400 миллион кишини ташкил қилади.

Қақшатқич Ковид инқирози фонида Ҳиндистонга кўмак берган ва бераётган давлатларнинг сони ҳозирга келиб бир неча ўнга етган.

Ҳиндистон билан парвозларни вақтинчалик чеклаётган ва у ердан келаётган йўловчилар учун махсус эҳтиёт чораларига қўл ураётган мамлакатларнинг сафи ҳам кенгайган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek