Москва муфтийси: Мигрантлар, ўзингизни эмлатинг - Ўзбекистон ва Россия O’zbekiston vaksina koronavirus yangiliklar

Россия мусулмонлари

Сурат манбаси, EPA

Published

Россия мусулмонлари диний ташкилотининг раиси қонуний мақомдаги барча мигрантларни ўзларини эмлатишга чақирди. Москва муфтийси ҳам бўлган Альбир Крганов аксар мусулмонлар рўза тутаётган Рамазон ойида айни чақириқ билан чиқмоқда. Россияда юз минглаб ўзбекистонликлар яшаб, меҳнат қилишади.

Ўзбекистонлик энг катта сондаги мигрантлар эса, айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Пандемияга қадар уларнинг сони расман икки миллиондан ошиши айтилган.

Альбир Крганов мигрантлар эга бўлган ҳуқуқларидан фойдаланишлари ва ўзларини коронавирусга қарши эмлатишлари шарт эканини баён қилган.

Бу ҳақда "Новости" ахборот агентлигига таяниб, Россиянинг қатор нашрлари хабар беришган.

Унга кўра, коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланмоқда, эмлаш ишлари олиб борилаётир ва шундай экан, Россия Федерациясида қонуний мигрантлар сонини тиклаш бўйича чоралар кўрилмоғи лозим.

Россия вакцинаси

Сурат манбаси, ZUMA\TASS

"Биз мигрантларни - келаётганларини ҳам, аллақачон Россияда бўлганларини ҳам ўзларини эмлатишга чақирамиз. Россияда қонуний мигрантларнинг вакцинацияси учун ҳеч бир чеклов йўқ", - деб айтган Россия мусулмонлари диний ташкилотининг раиси.

Унинг нега айнан бугун бундай даъват билан чиққани сабаби маълум эмас.

Аммо Москва муфтийси мигрантларнинг эмланишидан барча манфаатдор эканини айтган.

Муфтийнинг сўзларига кўра, авваламбор, одамлар билан жуда кўп алоқада бўлувчи мигрантлар - таксичилар ва курьерлар вакцина олишлари керак.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича Тезкор штаб эса, шу ой бошида иш берувчиларга ҳалича мигрантларни эмлатиш масъулиятини юклаш режалари йўқлигини маълум қилганди.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари

Сурат манбаси, Getty Images

Мамлакат ташқи ишчи кучига қарам, пандемияга қадар ҳар йили 10 миллиондан ортиқ чет эллик меҳнат муҳожирига эҳтиёж сезиб келган.

Айнан пандемия боис, юз минглаб мигрантларнинг ортга - ўз ватанларига қайтишгани боис, сўнгги пайтларда, айниқса, Россиядаги қурилиш соҳасининг туриб қолгани айтилади.

Бу каби аҳволдан россиялик иш берувчиларнинг ўзлари ҳам шикоятда эканига оид хабарлар олинган.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда 20 миллиондан зиёд мусулмон истиқомат қилади.

Россиядаги мусулмонларнинг салмоқли қисмини ҳам айнан Марказий осиёлик мигрантлар ташкил этиб келади.

Яқин-яқингача уларнинг катта кўпчилиги меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларига нисбат берилган.

Ўзбекистон постсовет ҳудудидаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Бу янгиликка Ўзбекистон Мусулмонлар диний идорасининг бирор бир шаклдаги муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Аммо диний идоранинг орада Рамазон ойида эмлашга рухсат берилиши борасида махсус фатво билан чиққани кўрилган.

Агар куни-кеча эълон қилинган расмий статистикага таянилса, мамлакат аҳолиси сони ҳозир қарийб 35 миллион кишига яқинлашган.

Аксар фуқаролари мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади.

Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, четда - асосан Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.

Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Москва аэропорти

Сурат манбаси, official

Агар, ўтган ойги маълумотларга таянилса, пандемия ортидан, турли сабабларга кўра, 600 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан ортга қайтган.

Айнан глобал коронавирус пандемияси сабаб, ўтган бир йилнинг ўзида юз минглаб ўзбекистонликлар ортга, Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлишган.

Бугун улардан яна катта сондагисининг Россияга қайтиш истаги ва ҳаракатида экани кўрилади.

Айни пайтда 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг Россияга кира олмаётгани айтилади.

Россия дунёнинг коронавирусга қарши бир эмас, бир нечта вакцина яратган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Мамлакатда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари эса, шу йилнинг январь ойида бошланган.

Ўшанда вакцинациянинг бепул ва ихтиёрий бўлиши айтилган.

Яқинда Россияда эмлаш жараёнларининг дунёнинг бошқа етакчи давлатларига қараганда секинроқ кечаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Россия аҳолисининг сони 144 миллиондан ортади.

Агар, имконли бўлган маълумотларга таянилса, шу пайтгача мамлакатда 7 миллиондан ортиқ киши коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.

Аммо уларнинг қанчасини меҳнат муҳожирлари ташкил этиши маълум эмас, сони ёки фоизи бу каби маълумотларда очиқланмаган.

Ўзбекистонда оммавий вакцинация ишлари шу йилнинг 1 апрель куни бошланган.

Шу пайтгача эмланганлар сони 600 минг кишига яқинлашган.

Ўтган ой охирида Тожикистон Уламолар кенгаши барчани ўзларини эмлатишга чақириб чиққан.

Диний уламолар томонидан бу каби чиқиш эса, ўша пайтда минтақадаги қолган бошқа бирон бир давлат мисолида кузатилмаганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek