Қизларга кашта тикишни ўргатган опа-сингил ўлдирилди - Дунё ва тақдирлар, dunyo, taqdirlar, yangiliklar

Qabriston

Сурат манбаси, MANZOOR

Сурат тагсўзи, Душанба куни эрталаб ишга кетган Оиша ва Иршoд орадан бир неча соат ўтиб, дафн этилди
    • Author, Азизуллоҳ Хон
    • Role, ББC Урду хизмати, Пешовар
  • Published

Дунё ва тақдирлар: Оиша ва Иршод пул топгани учун ўлдирилди. Акасининг айтишича, сингиллари эрта тонгда хуш кайфият билан чиқиб кетишган. Кечга томон уларнинг бурдаланган жасади қайтиб келган. Ким уларни ўлдирди?

Қизларга каштачиликни ўргатиб келган Оиша Биби ва Иршод Биби оила боқувчи эди. Бу икки опа-сингил ўтган ҳафта Покистоннинг жангарилар фаоллашаётган собиқ қабилалар ҳудудида қуролланган шахслар томонидан ўлдириб кетилди.

Уларнинг акаси Жавид Хон Би-би-сига гапирар экан, мусибат зўридан овози хириллар эди.

"Биз уларни яхши кўрардик. Улар оиламизга умид ва шодлик келтирган эди. Улар душанба тонгида хуш кайфият билан чиқиб кетишди ва кечга томон уларнинг бурдаланган жасади қайтиб келди."

Оиша турмушга чиққан, тўрт ойлик чақалоғи бор эди, Иршод эса турмуш қурмаган.

Ҳужум куппа-кундузи Афғонистон чегарасига яқин Шимолий Вазиристондаги асосий шаҳар Мир Али яқинидаги Ипи қишлоғида бўлди.

Опа-сингиллар аёллар ҳуқуқлари бўйича лойиҳада иштирок этаётган тўрт аёл орасида эди.

Улар ҳам қишлоқ бўйлаб машинада кетаётганда, ниқобдаги шахслар томонидан отиб кетилган.

Бешинчи фаол аёл омон қолган, уларни олиб юрган эркак ҳайдовчи жароҳат олган.

Jasadlar

Сурат манбаси, KP POLICE

Сурат тагсўзи, Ҳужумда ўлдирилган аёлларнинг мато билан ўраб қўйилган жасадлари

Минглаб одамларнинг бошига етган исломий жангарилар уя қурган бу ҳудудда зўравонликлар кучаяётгани ҳақида хавотирлар бор.

Консерватив пуштун жамияти, айниқса, узоқ қишлоқ жойларда аёлларнинг суратлари бегоналарга кўрсатилмайди, оммавий тарқатишни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Шунинг учун бу мақола учун бирорта ҳам аёл сурати йўқ.

Ҳужум кунида нима бўлган эди?

Опа-сингиллар Ғарб молиялаган ноҳукумат ташкилот ва маҳаллий институтнинг биргаликдаги лойиҳаси асосида уй бекаларига ҳунар ўргатиш учун боришган эди.

Кун доимгидек бошланди, дейди Жавид Хон. Опа-сингиллар бомдодни ўқиб, оила учун нонушта тайёрлашди. Сўнг уларни 50 км ғарбда жойлашган Ипига олиб кетгани машина келди.

Xarita

Оила Покистоннинг собиқ қабилалар ҳудудига дарвоза бўлган Банну шаҳри чеккасида яшайди.

Фургон ҳалокатга учрагани ҳақида хабар келди. Жавид ва отаси дарҳол Мир Алига йўл олди. Йўлда фургон ҳужумга учрагани ҳақида эшитишди.

"Буни эшитдигу, асабларимиз тамом бўлди. Мир Алигача машинада бир соатлик йўл эди. Вақт туганмасдек кўриниб кетди", дейди Жавид.

"Бахтли эдик. Сингилларим оиламизга соф ҳаво олиб кирар эди. Бу фалокат бизни карахт қилиб қўйди. Яқинларим, амакиваччаларим ёшларини тия олмай қолди."

Оиша ва Иршоднинг олти жияни нутқи бузилиб чиқди, шунинг учун улар билан ишоралар тили билан гаплашишарди.

Jovid Xon

Сурат манбаси, FAROOQ

Сурат тагсўзи, Жовид Хоннинг айтишича, оиласи даҳшатга тушган

Оиша ва Иршод келтирадиган пуллар бўлмагач, оила энди маблағни учма-уч етказишига тўғри келади.

Уларнинг отаси арава ясайди, оиланинг бошқа аъзолари эса кунбай жисмоний меҳнат билан шуғулланади.

Аёллар нима қилаётган эди?

Ҳужум қилинган куни Ипи қишлоғига кетган беш аёл тикиш ва каштачиликни ўргатарди. Улар ҳукуматнинг Банну университети дипломини олганди.

Улар Пешавордаги "Сабавон" ноҳукумат ташкилотининг сўрови билан 22 битирувчи орасидан лойиҳа учун танланган эди.

Немис хайрия ташкилотидан маблағ олган "Сабавон" Баннудаги маҳаллий ҳамкори билан Мир Али ҳудудида яшовчи уй бекаларига тикувчилик, каштачилик, тўқувчилик каби касбларни ўргатиш учун ишлар эди.

Kashta

Сурат манбаси, BRAVO COLLEGE

Kashta

Сурат манбаси, BRAVO COLLEGE

Сурат тагсўзи, Опа-сингил тиккан кашталардан намуна

Лойиҳа 48 кунга мўлжалланганди, ишга олиб бориб, олиб келиб қўйишдан ташқари кўнгиллиларга кунлик 6.3 доллардан ҳақ тўланарди.

Аёллар лойиҳа 24 феврал куни якунланишидан икки кун олдин ўлдирилди.

Ким уларни ўлдирди?

Ҳеч бир гуруҳ жавобгарликни бўйнига олмади, аммо буни экстремистлар қилганига камдан кам одам шубҳа қилади.

Ҳудуддаги исломий жангарилар аёлларни ишлагани ёки таълим олгани учун нишонга олиб келади.

Harbiylar

Сурат манбаси, AAMIR QURESHI/AFP VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Афғон чегараси яқинида амалга оширилган сўнгги ҳужумлар жангариларнинг қайта уюшаётганига оид хавотирларни кучайтирган

Покистон Tолибони 2012 йили мамлакат шимоли ғарбидаги бошқа бир ҳудудда ўсмир фаол Малала Юсуфзайни отиб яралаганди.

Мир Али атрофида "Шимолий Вазиристон шўроси" деб имзоланган варақалар тарқалди.

Уларда одамлар ноҳукумат ташкилотлар билан ишламаслик, ҳукумат шафелигидаги полиомиелитга қарши эмлаш дастурларида қатнашмаслик билан огоҳлантирилган эди.

Бу ҳафта жангарилар ўзларининг назарида "ахлоқсизликни" тарғиб қилаётган ноҳукумат ва ҳукумат ташкилотлари, уларга жой берган ёки автоулов билан хизмат қилганларга таҳдид қилиб, баёнот чиқарди.

Сешанба куни ҳарбийлар Ипидаги ҳужум ортида тургани ишонилган маҳаллий жангари гуруҳ қўмондони Ҳасан Сажнани ўлдирганини даъво қилди.

Баёнотда ҳарбийлар унинг "ҳужумлар, товон учун ўғирлашлар, суиқасдлар ва террорчиликка ундаш"ларга алоқадорлигини билдирди.

Маҳаллий полиция ҳужумлар кўпайишидан хавотирда ва аҳоли учун 12 банддан иборат тавсиянома чиқарди, уларда зарур бўлмаганда кўчага чиқмаслик, йиғилишлардан тийилиш, юриладиган йўллар ва вақтларни ўзгартириб туриш, нотаниш одамлардан узоқ туриш сўралган.

Нега жангарилар яна кўпаймоқда?

Покистон армияси 2014 йилги тозалаш амалиётларидан сўнг, Афғонистон билан чегара ҳудудни "жангарилардан xоли", деб эълон қилган эди.

Ўн минглаб одамларни қочишга мажбур қилган зўравонлик анча камайган эди.

Vaziriston

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Зўравонликлар авжига чиққан пайтда ўн минглаб одам Шимолий Вазиристонни тарк этишган

Аммо 2018 йили жангарилар яна фаоллаша бошлади, бунга зўравон бўлмаган, пуштунлар ҳуқуқлари учун курашувчи миллатчилик ҳаракати ҳам қўшилди.

Ўтган йили зўравонлик яна ўсди.

Шу йилнинг ўзида Шимолий Вазиристонда 7 та суиқасд ҳужумлари хабар қилинди.

2020 йилда улар сони элликтача бўлди.

Бунга қўшимча, ўнлаб портлашлар, хавфсизлик кучларига ҳужумлар ва жангариларга қарши ҳарбий амалиётлар бўлди.

Айрим кузатувчиларнинг ишонишича, АҚШ Афғонистондан чиқиб кетар экан, айрим жангари гуруҳлар Покистон томонда тағин тўплана бошлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek