Дайжест. Россия: Жириновский Ўзбекистонни Россия таркибига қўшишни таклиф этди. Мақталган ҳам, нафратланилган ҳам ўзбекистонликлар, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Migrant

Сурат манбаси, official

    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Би-би-cи, Москва
  • Published

Бугун Россия ОАВларида ҳалоскор сифатида эътироф этилаётган ҳам, бир оиланинг қотиллигида айбланиб эътироз этилаётган ҳам - ўзбекистонлик муҳожирлардир. ЛДПР фракцияси етакчиси cобиқ Cовет Иттифоқининг 14 та республикаси учун ечим йўлини айтди.

Виждонли фаррошнинг уддабурронлиги

Петербургда Соҳиб исмли кўча супурувчи маҳаллий нашрларнинг қаҳрамони бўлди.

Унинг болалар боғчаси олдида кўлмакли кўчанинг сувини оқизиб қуритганидан маҳаллий аҳоли жуда мамнун бўлишди.

1 март куни Санкт-Петербургнинг Калинин туманидаги 1-сонли Уй-жой коммунал хизматлар идораси жамоаси интернет тармоғида фаррош Соҳиб ҳақида яхши ҳикоячани ёзиб жойлашди.

"Бир бор экан, бир йўқ экан, Соҳиб деган фаррош бор экан. У яхши ишлаган, аҳолидан ҳеч қандай шикоят эшитмаган экан. Бу қиш унга ишониб топширилган ҳудудга даҳшатли "ҳужум" уюштирилган: Демян Бедний кўчасидаги 7-бино, 59-сонли болалар боғчаси эшиги ёнидаги ўтиш жойида жала канализацияси тизими бузилган.

Кеча квартал ҳудудида челак билан трактор ишлади ва шунда бизнинг қаҳрамонимиз ташаббусни ўз зиммасига олди: у трактор ҳайдовчиси билан келишиб, муаммоли трубкани қазиб олишга киришди. У тез чора топди, ўзи ҳаракат қилиб боғчага ўтиш йўлини тўсиб қўйган сув оқимини кетказди», - деб ёзди № 1-сонли Уй-жой коммунал хизматлари идораси.

Кичик кўринган бу воқеа ёш болаларни ва уларнинг ота-оналарини сув кечишдан қутқарди, қаҳрамон Соҳибга эса маҳаллий нашрлар миннатдорчилик билдирди.

Оила қотиллигида айбланаётган ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Rossiya militsiyasi

Сурат манбаси, ANTON NOVODEREZHKIN/TASS

Нижегороддаги бир оила қотиллигида айбланаётган Ўзбекистон фуқароси воқеасида эса, янги тафсилотлар маълум қилинмоқда.

Тергов қўмитасининг расмий сайти хабарига кўра, 26 ёшли ўзбекистонлик муҳожир эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақланмоқда.

Сўнгги маълумотларда айбланувчининг икки нафар шериги арман миллатига мансублиги, улардан бири ўта xавфли рецидевист эканлиги билдирилган.

Россия ОАВлари ўз манбаларига таяниб, жиноят муҳожирнинг уй соҳиби билан келишмовчилиги оқибатида содир этилганлиги ҳақидаги тахминларни ёзмоқда.

Нашрларга кўра, мигрантга иш ҳақи берилмаган ва у кетишни истаганида иш берувчи томонидан паспорти олиб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Нижний Новгородда бобо, буви, келини ва 5 ёшли болакайни ўлдиришда айбланиб, 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган эди.

Россия ИИВ си маълумотига кўра, муҳожир бу қотилликдан сўнг уйдаги тахминан 1 млн миқдорида қимматли буюмларни ўмариб қочган. Полиция шу куниёқ ўзбекистонликни қўлга олган.

Уйдаги кексалар, келин ва 5 ёшли болакайни ўлдиришда айбланаётган ўзбекистонлик муҳожир Нижний Новгород яқинида жойлашган қишлоқдаги хонадонларнинг бири томорқасида ишлаётган бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг билдиришича, тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Тошкент губернияси бўладими?

Vladimir Jirinovskiy

Сурат манбаси, MIKHAIL METZEL/TASS

ЛДПР фракцияси етакчиси Владимир Жириновский "Говорит Москва" радиостанциясига берган интервьюси чоғида Ўзбекистонни Россия таркибига қўшишни таклиф этди.

Эфирдаги суҳбат чоғида сиёсатчи Россия ва Беларусь муносабатлари Иттифоқдош давлатлар форматида олиб борилиши, МДҲ мамлакатлари Россияга қай тариқа қўшилишлари мумкинлиги ва бу қандай якун топиши ҳақида гапирди.

Владимир Жириновскийнинг фикрига кўра, Cовет Иттифоқи майдонидаги сиёсатчилар секин-аста МДҲдан-да кучлироқ тузилмани яратишлари мумкин. Шундай форматни Қирғизистон ва Тожикистонга таклиф этиш мумкин, дейди партия раҳбари.

- "Собиқ Cовет Иттифоқининг 14 та республикаси учун барча муаммоларни ечиш, тўлиқ хавфсизлик ва зўр иқтисодиётни таъминлашнинг энг яхши йўли - бу Россия таркибига губерния ҳуқуқи асосида киришдир. Душанбе, Бишкек, Ереван, Рига, Житомир, Киев ва бошқа губерниялар тариқасида", - деди Жириновский.

Сиёсатчи радиоэфир давомида 20 йил олдин Беларусь президенти Александр Лукашенко унга Беларусь Россия таркибига қўшилишга тайёрлиги ҳақида айтганини эслаган.

Россия паспортини олувчилар ошмоқда

Rossiya pasporti

Сурат манбаси, AFP

Россияда паспорт расмийлаштиришни истовчи чет элликлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда ушбу давлат фуқаролигини олганлар сони ўсгани қайд этилган.

«2020 йилда 656 347 киши (2019 йилда 497 817 киши) Россия Федерацияси фуқаролигига қабул қилиниб, рекорд кўрсаткич қайд этилган.

Ўтган бир йилда Россия паспортига эга бўлганларнинг 3,5 фоизи ёки 23 минг киши Ўзбекистоннинг собиқ фуқаролари ҳисобланади», дея маълум қилди Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий канали.

Хабарда келтирилишича, Ўзбекистонга қўшни давлатлар - Тожикистондан 63,4 минг ва Қозоғистондан 43,4 минг киши Россия фуқаролари сафига қўшилган.

Шунингдек, 10 миллионга яқин чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар миграция рўйхатига қўйилган.

«Мамлакатимизда бир шахс ҳам Ўзбекистон, ҳам бошқа давлат фуқаролигида юриши мумкин эмас», дея эслатма берган агентлик.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek