Эркин ва Элмир нега "Тоғлар арвоҳлари"нинг изидан тушишди - дунё ва одамлар

Сурат манбаси, Altaisky Nature Reserve/WWF
- Author, Навин Сингх Хадка
- Role, Би-би-си Жаҳон хизмати
- Published
Эркин ва Элмир нега "Тоғлар арвоҳлари"нинг изидан тушишди - мутахассисларга кўра, уларнинг омон қолиши ҳозир айнан ана шу икковлонга ўхшаш ёшларга боғлиқ, бусиз бу иш имконсиз.
Осиёлик ёшлар қор қоплонларини муҳофаза қилиш бўйича дала ишларида муҳим роль ўйнамоқда, чунки улар бориш ва ишлаш қийин ҳудудларда, оғир об-ҳаво шароитида тадқиқот олиб бориш имкониятига эга.
Осиёда қирилиб кетишга юз тутаётган ҳайвон тури - қор қоплонларини муҳофаза қилиш маҳаллий ёшлар ёрдамисиз имконсиз бўлар эди. Улар жойлардаги асосий ишларни қиляпти, дейди табиат муҳофазачилари Би‑би‑сига.
Уларга кўра, қор қоплонларининг глобал миқёсдаги сонини ҳисоблашда ёшлар ўта муҳим роль ўйнамоқда.
"Ёшларсиз қор қоплонлари муҳофазаси ҳам, биз амалга ошираётган тадқиқотлар ҳам имконсиз бўлиб қоларди", дейди Қор қоплони ва экотизимни ҳимоя қилиш глобал дастурининг халқаро координатори Кустуб Шарма Би‑би‑сига.
"Дала ишлари Осиёнинг баланд тоғларидаги бориш ноқулай жойлар ва оғир об‑ҳаво шароитида амалга оширилади. Камига кузатув ва ўрганиш учун бир неча марта қатнашга тўғри келади. Экспертлар ўзлари буни уддалай олмайди, шунинг учун биз уларнинг ёрдамига таянамиз."
Би‑би‑си Қирғизистон, Россия, Монголия ва Непалдаги ёш табиат муҳофазачилари билан улар "тоғлар арвоҳлари"нинг изига қандай тушаётгани, уларни қандай ҳимоя қилаётгани ҳақида суҳбатлашди.
Омурбек ўғли Элмир, 30 ёшда
Омурбек Элмирнинг айтишича, унинг оиласи ва ҳамқишлоқлари қачонлардир овқат ва пул учун ўлдирган ҳайвон турлари, шу жумладан, қор қоплонини муҳофаза қилаётганидан ҳаётида катта қониқиш олмоқда.
У Қирғизистондаги Сариташ‑Эрташ давлат қўриқхонасига яқин, баланд тоғларда жойлашган Акширак қишлоғида туғилган.
СССР қулагач, ҳудуддаги конлар ёпилди, маҳаллий аҳолига озиқ‑овқат келмай қўйди.
"Аксар аҳоли қолди, қолганларимиз емиш учун архар, тоғ эчкиси, қуён овлашдан ташқари, мўйнасини сотиш учун қор қоплонларини ҳам ўлдиришдан бошқа чорамиз йўқ эди."
"Болалигимда ҳайвонларга ачинардим, аммо тирик қолиш учун егулик керак эди", дейди Омурбек, ҳозир у 30 ёшда.
"Ота‑оналаримиз оилани боқиш учун нимадир топиши зарур эди. Шунинг учун, агар қишлоғимизга яқин ерда бирор ҳайвон дайдиб юрганини кўриб қолсак, хурсандликдан орсмонга сакрардик, чунки бу ўша куни овқат бўлишини билдирарди. Терисини сотишимиз мумкин эди. Аммо уни ўлдиргач, унга раҳмимиз келарди".
Йиллар ўтиб, унинг қишлоғи ёнида Сариташ Эрташ қўриқхонаси ташкил қилинди, унинг отаси ўрмончи бўлди. У вақтда Омурбек 5 яшар эди.
"Илк йиллар жуда оғир ўтди, маҳаллий аҳоли ҳайвонларни ҳимояловчи янги тартибга кўникиши лозим эди.
12 яшарлигимда отам мени юришга қулайроқ йўллар орқали ўзи билан далага тез‑тез олиб кетарди. Ўшанда мен ёввойи ҳайвонларни, шу қатори, қор қоплонларини ҳам муҳофаза қилишга қизиқиб қолдим."
Ҳозир унинг ўзи ҳам отаси ишини давом эттиряпти. У қор қоплонлари ва бошқа ҳайвонларни кузатиш учун камералар ўрнатади, браконьерлар йўқлигига амин бўлиш учун ҳудудни мунтазам айланиб чиқади.
"Ҳудудни кўздан кечириш учун ёзда олти соат, қишда бундан икки баробар кўпроқ вақт кетади.
Бунинг учун отда 4 000 метр баландликни кесиб ўтиш, агар қор кўчкиси бўлса, пиёда ўтиш, ёзги тошқинларда Учкўл дарёсини сузиб ўтиш керак бўлади.
Аммо ҳайвонларнинг, қор қоплонининг сони сезиларли ортаётганини кўрганингизда бу қилаётган ишларингиз бежиз эмаслигини ҳис қиласиз.
Мен шуни тушундимки, бу касб шунчаки ҳайвонларни асраш эмас, у ўз юртингиз, ўз оилангизга яқин бўлиш ҳамдир."
Омурбек Қирғизистоннинг шу қисмида экологик театр деб аталадиган, маҳаллий аҳолининг ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш бўйича билимини оширишга қаратилган томошаларда ҳам фаол.
Бу томошалар турли экологик кунлар - Замин куни, Биохилма‑хиллик кунини нишонлаш учун ташкил қилинади ва улар ёввойи табиатга доир ҳикояларга асосланади, ҳайвонлар ролларини маҳаллий аҳоли вакиллари ижро этади.
"Оммабоп томошалардан бири "Қор қоплони юрти" деб аталиб, ҳар йили ўйналади, мен қор қоплони ролини ўйнайман. Менга бу жуда ёқади, чунки жониворларни юракдан ҳис этаман."
Баярма Чулуунбат, Монголия, 20 ёшда

Сурат манбаси, Bayarmaa Chuluunbat
2 500 километр шимолда, Монголияда бир эколог Ховд вилоятидаги тоғли ҳудудга чўпонларни қор қоплонлари билан аҳил яшаш мумкинлигига ишонтириш учун боради.
Бу ерлар у ва ҳамкор фаоллар қор қоплонини овлаш учун қўйилган 250дан ортиқ тузоқлардан тозалаган ўша ҳудуддир.
"Бу ерларда қор қоплонларига ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам браконьерлар хавф солади", дейди 20 ёшли бу қиз.
"Биз ҳамон кўп жойда қопқонларни кўриб қоляпмиз, бундан жуда хафа буламан.
Мен браконьерлар борасида бирор иш қилолмаслигим мумкин, аммо маҳаллий аҳолини бу ҳайвон турини сақлаб қолиш уларга нима учун кераклигини тушунтиришга ҳаракат қиламан."
Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ҳисоб‑китобига кўра, Монголияда 1000 тача қор қоплони бор. Бу Xитойдан кейинги иккинчи кўрсаткичдир.
Табиат муҳофазачилари айтишича, йиллар давомида бу ерларда уй ҳайвонлари сони кескин ошган, бу эса қор қоплони билан жиддий зиддият келтириб чиқаради.
Уй ҳайвонлари сони кўпайиши яйловларнинг тезда яроқсиз ҳолга келиши демакдир, чўпонлар эса сурувни юқорироққа, қор қоплонининг табиий маконига ҳайдаб боради.
"Уй ҳайвонлари юқорироқ жойларда ўтлар экан, улар Ҳималай тоғ эчкилари яйловларини ҳам тортиб олади. Зарарни эса уларни овлаб кун кечирадиган қор қоплони кўради. Улар охир‑оқибат емиш илинжида уй ҳайвонларини овлайди.
Ғазабланган чўпонлар заҳарлаб ёки қопқон қўйиб, қор қоплонларини ўлдиради.
"Маҳаллий аҳолини ишонтириш аввал ҳам қийин эди, ҳозир ҳам шундай", дейди Баярма.
"Уларни қор қоплонини ўлдирмаслик кераклигига ишонтирганимда ҳам, улар емиш учун суғурларга қопқон қўяди, бу қопқонларга эса қор қоплони тушиб қолади."
Баярма ўн ёшларидан бери қор қоплонларига ёрдам беришга уринади. Бир оёғи билан қопқонга тушиб қолган қор қоплони суратини кўрганда у уларни ҳимоя қилишга аҳд қилган эди.
"Ўша тун ухлай олмадим, - дейди у. - Сурат кўз олдимга келаверарди, ҳайвон учун бу қанчалик оғриқли бўлиши ҳақидаги ўй миямдан кетмасди.
Жуда хафа бўлдим, чунки кичкиналигимда отам менга тоғларда қор қоплонини кўрсатарди. У менга бу ҳайвонлар тинчлик рамзи деганди. Улар тинч бўлса, демак биз ҳам тинчмиз дер эди."
Баярма нимадир қилишга бел боғлади. Атиги 15 яшарлигида мактабида ташкил қилинган экоклубдаги тенгдошларини тоғлардаги қопқонларни йиғиб чиқиш учун сафарбар қилишга қарор қилди.
Баярма Монголия университетида экология талабаси, аммо у қишлоқ ва шаҳарлардаги мактаб ўқувчиларига қор қоплонини муҳофаза қилиш зарурлигини тушунтириш учун кўнгилли тарзда ҳаракат қилади.
"Биз уни ўзининг табиатни асраш ишлари ҳақида ўқувчиларга гапириб бериши учун таклиф қилдик, у кўплаб ёшларга таъсир қилмоқда", дейди Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди (БЁТФ) Монголия бўлимидан Селенге Гантумур.
"Қор қоплонини асраш учун бизга кўпроқ Баярмалар керак."
Эркин Тадиров, Россия

Сурат манбаси, Erkin Tadyrov
Ўтган йили Россияда қор қоплонлари сони ҳисобланганда жуда аёвсиз об‑ҳаво шароити туфайли улар яшайдиган жойларга бориб бўлмай қолди.
Оқибатда, экспертлар атиги 51 тасини ҳисобга олди - 2019 йилгидан 15 та оз.
Россия Олтой республикаси Кош‑Агач туманидаги Сайлюгем миллий боғи ана шундай жойлардан бири эди. Чунки боғдаги дарёлар ўтган қишда музламагани туфайли улардан ўтиб бўлмай қолди. Февралда ғайратли табиат муҳофазаси экспертлари яна уриниб кўрди, аммо кутилмаган ёмғир кетидан қор ўрнига қалин муз бўлаклар ҳосил бўлди.
Аммо бу ҳаво парк хизматчиларидан бири - 23 ёшли Эркин Тадиров йўлини тўса олмади.
"Ҳаво ҳарорати - 40 даража совуқда ҳам ишлай оламан, чунки мен шу ерга мансуб одамман, ҳар бир жойни, ҳар бир бурчакни биламан.
Олимлар менга қор қоплони дарахт ва харсангтошларда қолдирадиган тирноқ изларини топишни, камераларни қандай ўрнатишни ўргатишди."
БЁТФ ҳисоб китобига кўра, Россияда 70‑90 та қор қоплони бор, уларнинг ярми Олтой республикасида.
"Ҳудудимиздаги қор қоплонларини кузатиш ва санаш жойни, ҳайвонларни яхши биладиган Эркин каби ёшлар ёрдами билан амалга ошди", дейди Сайлюгем Миллий боғи директори Денис Макилов.
Эркин Тадиров, шунингдек, ўрмончиларни эҳтимолий ноқонуний овчилик ва браконьерлик ҳақида ҳам огоҳлантиради.
У чўпон оиласида катта бўлган. Отаси овчилик ҳам қиларди.
Аммо 2010 йилда биохилма‑хилликка бой бу Монголия, Хитой ва Қозоғистонга қўшни ҳудуд миллий боғ, деб эълон қилинди ва Эркиннинг отаси паркка келувчиларни қабул қилувчи марказда ишлай бошлади.
"Отам ҳудуддаги қор қоплонларини муҳофазалаш тадбирларини ўрганди ва менга ҳам ўргатди."
Отаси 2015 йили нафақага чиққач, Эркин боғда гид бўлиб ишлай бошлади.
Эркиннинг айтишича, у ҳам баъзида маҳаллий аҳоли ёки браконьерлар қўйган қопқонларни топиб олади. Маҳаллий аҳоли бу қопқонларни уй ҳайвонларига зарар берадиган бўриларни тутиш учун қўяди, аммо баъзида қор қоплонлари ҳам бу уларга тушиб қолади.
"Қопқонларни йўқотиб, маҳаллий аҳолий ва браконьерларни тўхтатишни истайман, аммо бунинг учун менга ваколат керак. Мен ўрмончи бўлишим керак, шунда қор қоплонларини ҳимоя қилиш учун бирмунча ҳақим бўлади."
Тшеванг Гурунг, Непал, 19 ёш

Сурат манбаси, Chnadra Jung Hamal, WWF Nepal
Уч йилдирки, Тшеванг Гурунг қор қоплонлари ва уларнинг ўлжаларини кузатиш учун ғарбий Непалнинг Юқори Долпо вилоятида камералар ўрнатади.
"Йигирмадан ортиқ жойга камера ўрнатдим, уларнинг баъзилари денгиз сатҳидан 5000 метр баландликда", дейди бу 19 ёшли йигит. У молиявий қийинчиликлар сабабли мактабни ташлаган, ҳозир онаси билан яшайди.
"Биринчи камерани 2017 йилда ўрнатганман. Бутунжаҳон Ёввойи табиат фонди экспертлари қандай ўрнатишни ўргатишган."
"Вилоятимиздаги энг баланд тоғлардан бирининг чўққисига камера ўрнатдим. Ўзимни фавқулодда ишни қойиллатгандек ҳис қилгандим ўшанда.
Улар менга қор қоплони ахлатларини, улар қолдирган чегараловчи ҳидли белгиларни қандай топишни ҳам ўргатишди, булар менга бу кўзга ташланмас ҳайвонларни қаердан топишга ёрдам беради. Жуда қизиқ."
Тшеванг Гурунг камерадан хотира картасини олиб, текширганида омади келганини кўрди:
"Расмларда қор қоплони мен ўрнатган камера олдига қизиқиб келиб, қайта‑қайта искагани кўринади."
Юқори Долпо вилоятида 300дан 400гача қор қоплони яшаши ҳисобланган. Бу Непалдаги қор қоплонлари энг кўп тўпланган жойдир.
Камералар кучли шамол ёки қор сабабли жойидан жилиб кетиши мумкин, шунинг учун Тшеванг ҳар ўн кунда бориб уларни текширади.
Тшеванг ишлаган ҳар куни учун 15 доллар олади.
"Чақир тошларда юравериб, пойабзалим йиртилиб кетди, кўпинча сирғаниб ёки қоқилиб кетасиз. Бу жуда оғир иш, лекин уни бажараётганимдан бахтлиман."
"Одамлар мен қилаётган иш аҳамиятини билишади ва мени ҳурмат қилишади, - дейди у. - Улар менга фуқаро олим деб мурожаат қилса жуда ёқади."
Табиат муҳофазачилари ёшларнинг маҳаллий жўғрофияни яхши билиши қор қоплонларини кузатиш ва ҳимоя қилишда ўта муҳим дейдилар.
"Уларнинг билими бизга иккита қор қоплонига радио бўйинбоғ тақишимизга ёрдам берди, апрелда яна тўрттасига тақмоқчимиз", дейди Сарож Пудел. У Тшеванг яшайдиган Шей Поксундо миллий боғининг ижрочи назоратчиси.
Нега дунёда нечта қор қоплони борлигини билиш бу қадар қийин?

Сурат манбаси, WWF Mongolia
Қор қоплони ва экотизимни ҳимоя қилиш глобал дастури Ҳималай ва Марказий Осиё ҳудудидаги 12 та Осиё давлатида қор қоплонларининг сонини ҳисоблаш учун иш олиб боряпти.
Тадқиқотлар 100дан ортиқ манзилда олиб бориляпти, чунки олимлар ҳозирда дунёда қанча қор қоплони борлигини аниқ билмайди. 2018 йилда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ҳисоблашича, дунёда 7000‑8000 тача қор қоплони бор. Аммо баъзи олимлар бу рақамни муболаға ҳисоблайди.
Қор қоплони яшайдиган ҳудудлар умумий 2 миллион квадрат километрга боради, жуда узоқ масофага юргани учун тадқиқотчиларга уларни кузатиш мушкуллик туғдиради.
Бу машҳур ҳайвон тури браконьерлик, фермерларнинг қасоси, ўлжаларининг камайиб кетиши, одамларнинг кириб келиши ва иқлим ўзгариши сабабли яшаш ҳудудлари қисқариб кетаётгани боис, хавф остида. Агар ҳозирдан ҳимоя қилинмаса, айрим экспертларнинг айтишича, улар қирилиб кетиши мумкин.
БЁТФ номидан қор қоплонларини муҳофаза қилиш ишларига етакчилик қилаётган Риши Кумар Шарма Би‑би‑сига шундай деди:
"Қор қоплонлари ўз уйи ҳисоблайдиган тоғ тизмаларидан бири Ҳималайдир. Улар табиат соғлиғининг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Қор қоплонларини ҳимоялаш муҳим экотизимни ҳимоялаш ва унда мувозанатни сақлашнинг бир қисмидир."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek




























