Ўзбекистон: Абдулла Арипов Бош вазир лавозимини сақлаб қолади - O'zbekiston

Gazeta.uz

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркибида энг кўп ўринни эгаллаган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси амалдаги бош вазир номзодини янгидан илгари сурган.

Бу ҳақда шанба куни Тошкентда ўтган ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгашининг мажлисида эълон қилинган.

Мажлисда партия раҳбари ва "гўштни кўп еяпмиз" дегани учун ижтимоий тармоқларда кулги қилинган Актам Хаитов ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси лавозими ҳамда фракция раҳбарлигини сақлаб қолган.

Ўзбекистон Республикаси бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида энг кўп ўринни эгаллаган партия томонидан Президентга кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

22 декабр кунги сайловларда Либерал-демократик партия 53 ўринни эгаллаб, парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил этган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ислом Каримов даврида ташкил қилинган ва аввал-бошдан ҳокимиятдаги партия мақоми берилган ЎзЛиДеП бундан аввал ҳам уч марта парламентдаги энг йирик фракцияни ташкил қилган.

Парламент сайлови натижалари кўпчилик учун кутилган бўлган.

Gazeta.uz

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитов "гўштни кўп еяпмиз" деган сўзлари билан сайловчиларнинг эсида қолган

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Мирзиёев давридаги илк парламент сайловлари аввалгиларидан эркинроқ ўтгани, аммо сайлов тизимидаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмаганини айтган.

Ғарблик кузатувчилар мухолифатнинг сайловларга қўйилмаганини камчилик, деб атаганлар.

Президент Мирзиёев халқаро кузатувчиларнинг мухолифат керак, деган фикрларини маъқуллаган, аммо Каримов даврида сиёсий репрессиялардан қочишга мажбур бўлган ва хорижий давлатларда бошпана топган мухолифларнинг Ўзбекистонга қайтишига изн бермаслигини айтган.

Каримов даврида урилган мулозим

58 ёшли Абдулла Арипов илк бор 2016 йил декабридаги президент сайловлари ортидан Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида ҳукумат раҳбари этиб тасдиқланганди.

Абдулла Арипов 2002 йилдан 2012 йилга қадар Бош вазир ўринбосари лавозимида ахборот ва телекоммуникация тизимига раҳбарлик қилган.

У Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини бошқарган, аммо Гулнора Каримова ва МТСга боғлиқ коррупцион терговлар туфайли 2012 йилда ишдан четлатилганди.

Таҳлилчилар Арипов ҳукумат раҳбари сифатида Ислом Каримов даврида Шавкат Мирзиёев бажарган ролни бажараётганига эътибор қаратишади.

Ўтмишда бўлгани каби, ҳукумат мажлисларига Президент раислик қилади, Бош вазир эса асосан, қўйилган вазиалар ижроси юзасидан ҳисобот бериш билан чекланади.

Абдулла Арипов Бош вазир лавозимига тайинланганидан буён биронта муҳим сиёсий баёнот билан чиқмаган.

Шанба кунги мажлисда Арипов президент топшириғи билан "Humo Air" бренди остида яна бир давлат авиакомпанияси ташкил этилишини эълон қилган, аммо мамлакат ривожланиши, жумладан, ишсизлик, энергия танқислиги ва коррупцияга қарши қандай курашмоқчи экани борасида бирон-бир стратегияни тақдим этмаган.

Келаётган ҳафта бошида Президент Шавкат Мирзиёев янги таркибдаги парламентнинг қуйи ва юқори палаталарига мурожаат билан чиқиши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek