Ўзбекистон: Куёв нега диний мутаассибликда айбланди, стандартлар икки хилми? Видео Янгиликлар, Дин

куёв

Сурат манбаси, Social media

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тўйида араблар миллий либосини кийгани билан танилган наманганлик куёв ИИВ томонидан диний мутаассибликда айбланди. Ҳуқуқбонлар тўйини ҳиндча ва европача ўтказаётганлар жазоланмасдан, арабларга тақлид қилганларга дакки берилишини иккиюзламачилик дейишмоқда.

Адлия вазирлиги куёвга жазо либос учун эмас, бошқа қилмиши учун берилганини айтиб чиқди.

11 сентяр куни ИИВ сайтида чиққан хабарга "Диний мутаассиблик жавобгарликка сабаб бўлади" деб сарлавҳа қўйилган.

Унда сентябрь ойида "Куёв араб шайхларига ҳавас қилган кўринади" номли тўй маросими акс этган видеоматериал муҳокамаларга сабаб бўлгач орган ходимлари ушбу тўй ортидан тушгани англашилади.

"Аниқланишича, мазкур тадбир жорий йилнинг 31-август куни Наманган вилоятида ўтказилган бўлиб, унда куёв сифатида иштирок этган 2000-йилда Наманган вилоятида туғилган фуқаро "И.А" Наманган вилоят ИИБга таклиф этилди" дейилади мақолада.

iqtibos

Ички ишлар бошқармасида "суҳбат" қачон ўтказилгани айтилмаган.

Суҳбат давомида куёв "шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда тўйда келинга ноанъанавий кийимлар (бурқа шаклидаги) кийдириб ҳамда диний куй-қўшиқлардан фойдаланиб, тадбирга диний тус берганлигини маълум қилди", деб таъкидлайди ИИВ.

ИИВ ушбу ҳолатни жинс бўйича билвосита камситиш деб талқин қилган ва бунинг учун жавобгарлик борлигини эслатган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Шундан сўнг вазирлик диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилиши ва жамоат тартибига, фуқароларнинг эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш белгилаб қўйилганини ҳам хотирлатган.

Расмий хабарда айтилишича, шу муносабат билан суд фуқарони Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жаримага тортган.

Бироқ хабарда куёв қачон ва кимларга қандай диний материал тарқатганлиги айтилмаган.

Орган ходимлари уни қанча вақтда аниқлагани ва куёв ўзининг ҳимояси учун нима деганлиги ҳам айтилмаган.

Тўй видеоси чиқиб кетган куёвнинг зудлик билан ички ишлар идорасига чақиртирилиши ва унинг жаримага тортилиши ижтимоий тармоқдагиларнинг муҳокамасига сабаб бўлди.

"Европача, ҳиндча мумкин, аммо..."

Instagram, Munisa Rizayeva

Сурат манбаси, Instagram, Munisa Rizayeva

Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ушбу ҳолатни "парадокс" деган.

"Наманган вилояти ИИБ шу йилнинг 30 августида никоҳ тўйида араблар либосидан фойдаланган бир йигитни жаримага тортибди. Уни исломий тўй қилганлик, тўйига диний тус берганлик, таргиботда айблашган. Йигитнинг арабча кийингани, келинни араб либосида олиб келгани танқид қилинибди" дейди у.

Ташановнинг айтишича, бундан бир неча кун аввал таниқли хонанда Муниса Ризаева турмушга чиқаётиб, ҳиндча тўй қилган.

"Ижтимоий тармоқларга кўра, ҳатто тўйга келувчи меҳмонларнинг ҳам ҳиндча кийиниши талаб қилинган. Тўйда ҳиндларнинг урф-одатларига тақлид қилинган. Бироқ унинг ҳиндча тўйи бутун медиа воситаларида тарғиб қилинганига қарамай у жазоланмади", дейди у.

Ҳуқуқбон Ўзбекистонда қонун, конституциявий тузум биттали, қонуний таъқиблар бир хилли ва ҳеч кимнинг диний, ирқий низо чиқаришига йўл қўйилмаслигини эслатган.

"Буни ҳамма билади: лекин, нега фуқаро араб либосини танласа жазоланади-ю, ҳинд либосини кийса, улуғланади?! Фарқ нимада?

Агар Наманган вилояти суди фуқарони бошқа миллат либосини кийганлиги учун жазолаган бўлса, Тошкент шаҳар судлари нега Муниса Ризаевани жазоламади? Орадаги фарқни Адлия вазирлиги мутахассислари тушунтириб берсин", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Эътироздан сўнг ҳолатни Адлия вазирлиги ўрганган.

"Аниқланишича, куёв арабча либосда тўй ўтказганлиги учун эмас, балки турли хил диний мазмундаги видео ёзувларни сақлаб "Телеграмм" ижтимоий тармоғи орқали қонунга хилоф равишда тарқатганлиги учун жавобгарликка тортилган", дейди вазирлик матбуот котиби Севара Ўринбоева.

Адлия вазирлиги матбуот котиби диний мазмундаги видео ёзувларга аниқлик киритмаган. Улар суд томонидан тақиқланган диний адабиётлар рўйхатида борми, деган савол ҳам очиқ қолган.

Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди 11 сентябр куни тўйдан сўнг ушланган ҳуқуқбузарни 1 650 000 сўм жаримага тортган. ИИВ даги хабар ҳам тезкорлик билан суд қарори чиққан куни чоп қилинган.

"Эслатиб ўтамиз, Суд ҳокимияти мустақилдир. Унинг фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Суд қарорлари устидан фақатгина юқори турувчи судга мурожаат этишингиз мумкин", деб ёзади Севара Ўринбоева.

Ижтимоий тармоқ фаоллари адлия вазирлигининг изоҳига ҳам эътироз билдиришган ва куёв арабларнинг либоси билан танилмаганида суд қилининиш қилинмаслигини ҳам савол остига олишган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002