Россия - Ўзбекистон: ўзбек мигрантлар Шукрулло домла сабаб муаммоларини кўтардими? Янгиликлар (видео)

мигрантлар

Сурат манбаси, TAQDIM

Сурат тагсўзи, Меҳнат муҳожирлигидаги ўзбекистонликларнинг ярим миллионга яқини хотин-қизлардир.
Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Таниқли диний блогер Шукрулло Эгамбердиевнинг Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳақидаги кескин чиқиши ижтимоий тармоқларни "портлатиб" юборди.

Муҳожирликдаги ўзбекистонликлар "Шукрулло домла" номи билан танилган диний блогерга ўз эътирозларини видеожавоб шаклида ижтимоий тармоқларда эълон қила бошлашди.

Уларда муҳожирлар ўзбек жамиятининг қандай муаммоларини кўтаришди?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Домла нима деганди?

Фарғоналик таниқли диний блогер, Тошлоқ тумани бош имоми, "Абу Ҳанифа" жоме масжиди имом-хатиби Шукрулло Эгамбердиев Россиядаги меҳнат муҳожирларини ўз юртида ишлашни истамаслик ва ўқишга интилмасликда айбловчи мазмундаги маъруза билан чиқиш қилган.

иктибос 1

- "Иш йўқ, иш йўқ" дейди. Шунча одам кетмасдан, шу ерда иш топиб ишлаб юрибдию! Каллани ишлатиш керак, ҳаракат қилиш керак. Худодан сўраш керак. Кибрни йиғиштириш керак.

Ҳозир шу ерда кўча супур деса супурмайди, Россияга бориб супураверади. Шу ерда молнинг тагини торт деса тортмайди, у ерга бориб чўчқани тагини тортаверади. Шу ерда молнинг тагини торт, миллатингникини торт бировникини тортмасдан. Ҳаракат қилиш керак, ўқиш керак. Яна дунё фанини гапирса ўзича чиқиб олиб тақводорлар фикр ҳам билдириб қўяди. Юрасан, қул бўлиб ўқимасанг. Қул бўласан ўқимасанг! - дейди Шукрулло Эгамбердиев.

"Шукрулло домла" номи билан танилган диний блогернинг ушбу видеоси қачон ва қаерда олингани, қайси маърузадан иқтибос экани маълум эмас.

Имом-хатиб Шукрулло Эгамбердиевнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида 2 миллиондан зиёд обуначиси бор.

Юқоридаги чиқиш сўнгги 3 кун ичида тармоқларда кенг тарқалгач, муҳожирликдаги ўзбекистонликлар ўз эътирозларини видеожавоб шаклида эълон қила бошлашди.

иктибос 2

Олий маълумотлилар ҳам мусофирликда!

Қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларнинг турли платформалари "Шукрулло домлага жавоб" мазмунидаги турли мурожаатлар билан тўлди. Уларда муҳожирлар ўзбек жамиятининг миграция билан боғлиқ муаммоларини кўтаришди.

- Ўзбекистонда кўча супуриб одамларнинг олаётган пули Россияда кўча супуриб олаётган пулининг юздан бири ҳам эмас-да! Ишонинг, юздан бири ҳам эмас. Россияда чўчқанинг тагини тозалаб минг доллар олишаётган бўлса, Ўзбекистонда молнинг тагини тозалаб юз доллар ҳам топа олишмайди шу инсонлар.

Нега Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми мусофирликда, нега деб ўйлайсизлар? Нега бошқа давлатларнинг ишчилари бошқа давлатларга қора ишчи бўлиб кетмайдию бизники кетади? Нега?, дейди бир муҳожир.

- Менинг отам 2 та институтда ўқиган олий маълумотли. Коллежнинг ҳуқуқшунослик йўналишида дипломи ҳам бор. Шу инсон мажбурлигидан мусофирликда юрибдилар. "Ўқимасанг қул бўласан, у бўласан, бу бўласан" дейсиз. Амаким бор, у ҳам олий маълумотли инсон. Маҳалламда нечта болалар ўқиган, мутахассислиги бўйича тузукроқ маошли иш йўқлигидан мажбур бошқа ишларни қилиб юрганликларини биламан, дейди яна бири.

Мигрантлар ҳам ўқишни истайди...

Меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги Ўзбекистонда "ўқиш, олий таълим олиш" масаласи муаммо эканлигини айтишган.

- Ўқишга келадиган бўлсак, мен ўқишга интилганман. Коллеж, университетмас. Коллежга кирмоқчи бўлганимда 300 доллар пул сўрашган.

Ўзимизда ўқиётганларнинг кўпчилигининг ота-оналари қул бўлиб бу ерда контрактини тўламаяптими ўшаларни ўқитаман, деб?

Мана шу юк машинаси тиркамасида электр тармоқларига, газ идорасига директор бўладиган ўқимишли одамлар юрган. Мактабларда директор бўладиган инсонлар юрган. Бари ўқимишлилар. Ва ўқитувчилар ҳам шу ерда юрибди. Бу ҳаммаси қулликка кирадими?

иктибос 3

Олий маълумотли эканини айтган муҳожир эса, Ўзбекистонда маошлар камлигини, у маош билан оила боқиш қийинлигини билдирган:

- Мен Ўрта Осиёда ягона бўлган жойни битирганман. Директор ўринбосари бўлиб ҳам ишладим, ҳамма соҳада ишлаб чиқдим. Мана шу мигрантлар ишлаб бориб, сизни тўйларига олиб келаяпти. Ўша пулни сиз ҳам еяяпсиз.

Яна бир муҳожир эса маошлар миқдорини таққослаган.

- Шукрулло домла, шу қилаётган 3 кунлик ишимизнинг ҳақи 35 минг рубл (450 доллар - таҳр) бўлади. Ўзбекистонда олий маълумотли одам қанча ойлик олаяпти? Худога шукр, ҳалол ишлаб болаларимизни боқиб юрибмиз.

Тушунмовчилик бўлдими?

Муҳожирларнинг бу чиқишлари ортидан диний блогер Шукрулло Эгамбердиев тушунмовчилик бўлганини айтиб, муҳожирлардан узр оҳангидаги видеомурожаат билан чиқди.

- Ўша четда юрганлардан бизнинг юртимизга қанча-қанча пул кираяпти, очиғини айтганда. Бу яхши бир томондан, лекин мусофир юртда юрганлар, биз, ҳаммамизда болаларимизнинг таълимига ва тарбиясига эътибор берсак, биздан ҳам зўр бўлсин, деймиз. Мақсад шу эди холос.

Агар ўша ерда фикримиз ҳақиқатдан ҳам хато бўлса, хатолигини билдирган дўстларимиздан Аллоҳ рози бўлсин. Рахмат. Нотўғри тушунганлар бўлса, тўғри тушунинглар, деймиз. Сизлардан ҳам Аллоҳ рози бўлсин. Мусулмонмиз, бир биримиз билан ҳафагарчиликлар бўлмасин, - дейди диний блогер.

Аммо бу билан эътирозлар тўхтамади. Муҳожирлар диний блогер Шукрулло Эгамбердиев ўтган йилнинг кузида Россияда муҳожирлар билан учрашувлар ўтказгани, мигрантлар имомни иззат икромлар билан кутиб олишганини ҳам таъкидлашди.

"Кимга хавас 40 даража совуқда қор кураш?!"

Россиядаги муҳожирлар диний воизга эътироз баҳонасида, кўп йиллик дардларини тўкиб солдилар:

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Россиядаги мигрантларнинг катта қисми оғир шароитларда ишлашади.

- Ҳеч ким хавас қилиб келмайди мусофирликка. Ўзбекистонда етиштира олмаяптики, муҳожирликка кетишаяпти. Ўзбекистонда шароит, имкон бўлса, шу ерда топадиган пулини ўша ерда ҳам топса, ким оила, бола-чақасидан узоқда бўлишни хоҳлайди?! Мусофирликда юрган ака-укаларимиз бор, туғилган чақалоқларини 3-4 ёш бўлганида кўришаяпти. Шулар мусофирликда хавасга юрибди деб ўйлайсизларми?! "Каллани ишлатиш керак, шу ерда иш қилиш керак", дейсиз. Калла ишлайверади, иш қилиш учун ҳам пул керак.

Шароити яхши бўлса, ҳеч ким мусофирга чиқмайди. Кимга хавас Россияда 40 даража совуқда ташқарида қор кураш?! Демак, ўшалар қилган ишига яраша ҳақини олишаяпти, шу пул билан бола-чақасини боқишаяпти, рўзғор тебратишаяпти. Шунинг учун Россияга кетишаяпти. Шу ерда олган пулини берсин-чи, ким узоқлашаркан Ўзбекистондан?!

Имомликдан кетди, имом-хатибликда қолди

Муҳожирлар ва имом мунозарасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси якун ясади. Идора Матбуот хизмати бу борада йиғилиш ўтказилгани, Шукрулло Эгамбердиевга "ҳайфсан" интизомий жазоси бериш ва Тошлоқ тумани бош имоми вазифасидан озод этиш тўғрисида хулоса қилинганини маълум қилди.

"Йиғилишда имом-хатибнинг эътирозларга сабаб бўлган чиқишлари ва фикр-мулоҳазалари имомлик мақомига тўғри келмаслигига урғу қаратилди.

Ш.Эгамбердиев мажлисда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида хатога йўл қўйганини эътироф этди ва узр сўради. Имом-хатиб келгусидаги фаолиятида бундай камчиликларга йўл қўймаслигини билдирди. Ўз навбатида, мазкур хатти-ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий баҳо бериб, тегишли чора кўрилиши муносабати билан имом-хатибни обрўсизлантириш ҳолатларидан сақланишни сўраймиз", дейилади Матбуот хизмати ахборотида.

Маълумотларга кўра, Шукрулло Эгамбердиев Абу Ҳанифа" жоме масжиди имом-хатиби лавозимида қолмоқда.

Ўзбекистонга муҳожирлар керакми?

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Сўнгги 7 йил давомида Россияга ишлашга кетаётган ўзбекистонликлар сони 4 баробар ошган.

Ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлигига энг кўп кетаётган йўналиш - Россия ҳисобланади. Расмий рақамларга кўра, бу ерда 2 млн га яқин ўзбекистонликлар ишлаб ватанларида қолган оилаларини боқишмоқда. Уларнинг аксари оғир шароитларда яшаб ишлашади ва Ўзбекистонга йилига миллиардлаб долларда пул юборишмоқда.

Россиядаги мигрантлардан келадиган маблағ Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим манбаларидан биридир.

Марҳум президент Ислом Каримов қудратда эканида Россиядаги меҳнат муҳожирлари гўёки кўрилмасдан келинарди.

Ислом Каримовнинг ўзи бир чиқишида меҳнат муҳожирлари мавзусини кўтариб, уларни "дангасалар" деб атади ва "жирканиш"ини билдирди.

Шундан сўнг Россиядаги минглаб ўзбекистонлик мигрантларга муносабат салбийлигича қолди.

Маҳаллий ОАВлар хориждаги кўпсонли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳаёти, муаммолари, мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси ҳақида "лом-мим" демасди.

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Сўнгги 2 йилда Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми рекорд кўрсатгичга чиққан.

Шавкат Мирзиёев президентликка келгач эса, меҳнат муҳожирларига нисбатан қарашларни ўзгартиришга киришди. Уларни "фарзандларим" деб атаб бу ишни ўзи бошлаб берди.

Миграция агентлиги ташкил этилди, оғир вазиятларда қолган мигрантлар ватанига бепул қайтарилиши йўлга қўйилди.

Аммо Ўзбекистонда иш ўринлари яратилиб, хориждаги юзминглаб ўзбекистонликларни ватанга қайтариш режаси ҳозиргача амалга ошиши имконсиз қолмоқда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002