Ўзбекистон: Соғлигингизни контейнерда текширтирасизми? АҚШ Ўзбекистонга қандай кўмак бермоқчи? Янгиликлар

Сурат манбаси, Rasmiy
- Нукус воқеалари суди: нималар бўлмоқда?
- Соғликни сақлаш вазирлигининг янги тажрибаси
- Тезкор акс-садо: Контейнермас, нормал поликлиника беринг!
- АҚШ Ўзбекистонга қандай кўмак бермоқчи?
- Қозоғистон Ўзбекистонга янада очилмоқчими?
Аҳоли соғлигининг контейнердаги тажрибаси
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги пойтахтда контейнер-поликлиникалар ташкил этмоқчи.
Вазирлик матбуот хизмати Тошкентнинг аҳоли гавжум ҳудудларида 170 та «мини-поликлиника» иш бошлаши ва бу «Тошкент тажрибаси» номи билан синовдан ўтказилишини маълум қилган.
- «Тошкент тажрибаси" лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 10 800 та кўп қаватли уй жойлашган маҳаллалар ҳудудида 170 та маҳалла тиббиёт пунктини барпо этиш ва 540 минг нафар аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш мақсад қилинган», - дейилади хабарда.
Вазирлик маълумотига кўра, «контейнер-поликлиника» барча зарур дори-дармонлар, керакли тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва кислород баллони каби ускуналар билан жиҳозланади. Иккита койкали, соат 8:00дан 20:00 гача ишловчи "кундузги стационар" эга "кичик шифохона"да умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига мобиль тиббий хизмат кўрсатади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу тажриба-синов лойиҳасини тиббиёт пунктлари диспансер назоратида турган қариялар, ҳомиладор аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказишда умумий амалиёт шифокорига катта енгиллик бериши ҳамда билан аҳолини оддий кўриклар учун ҳам поликлиникага қатнаш оворагарчиликларидан халос қилиши билан изоҳлаган.
Шунингдек, вазирлик пойтахтда пилот тарзида амалга ошириладиган лойиҳа олти ойдан сўнг, натижалари таҳлил қилинган ҳолда, мамлакатнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этилишини билдирган.
Контейнер эмас, нормал поликлиника керак!
Соғликни сақлаш вазирлигининг ушбу тажрибасига ўзбекистонлик фаоллар ва блогерлар ўз муносабатини билдира бошлашди.
«Халққа Контейнерлар эмас, нормал Поликлиникалар керак! Контейнерлардан ҳукумат аъзоларининг ўзлари фойдалансин!» деб ёзади the_bakiroo Телеграм канали.
Блогер Отабек Бакиров мамлакатда тиббий хизмат даражасини яхшилаш кераклигини таъкидлайди.
- «Шаҳарда поликлиникалар етишмайди. Вилоят ва туман марказларида ҳам шу аҳвол. Аҳоли ўсишига нисбатан, айниқса охирги 6 йилдаги урбанизация даражасига нисбатан поликлиника хизматлари билан қамраб олиш ортда қолаётгани ҳам бор гап.
Графиги бўйича 2 соат ё 4 соат ишлайдиган малакали врачга кўриниш учун тонг соат 6да ёки 7да бориб навбат олиш керак. Буни аёллар, айниқса болали аёллар ҳар куни бўлмасаям, ҳар ҳафта, ҳар ой ўзининг танасида жуда яхши ҳис қилишади. Чунки поликлиникалар қуввати етишмайди. Малакали шифокорлар давлат поликлиникаларида энг минимум ставкада ишлайди. Қолган вақт улар хусусий шифохоналарда. Чунки давлат поликлиникалари малакали шифокорларнинг минимал ҳаёт тарзида яшаш харажатларини қопламайди.
Давлат мактабларида Таълим билан қоплаш қандай абгор даражага етган бўлса, бирламчи тиббиёт -поликлиникалар билан қоплашда ҳам аҳвол шу. Шунинг учун янги поликлиникалар керак. Лекин бу йўлда "подмена" билан шуғулланмаслик зарур. Контейнер бу поликлиника эмас», деб ёзади блогер.
Мулоқот давом этади
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати АҚШ элчиси Жонатан Девид Хенник билан расмий учрашув борасида хабар берди.

Сурат манбаси, Rasmiy
Вазирлик хабарига кўра, АҚШ элчисини Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов қабул қилган.
Жонатан Девид Хенник АҚШ маъмурияти Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак беришда давом этишини билдирган. Ўзбекистон ТИВ эса АҚШ билан фаол сиёсий мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилган.
Расмий учрашувда Ўзбекистон - АҚШ стратегик шериклик муносабатларинининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилгани ва томонларнинг фаол ва конструктив сиёсий мулоқотни давом эттиришга тайёрлиги қайд этилгани хабар қилинган.
Шунингдек, икки давлат расмий вакиллари учрашувида режалаштирилган тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон ва АҚШ Стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши билан боғлиқ ташкилий ва мазмундорлиги жиҳатлари муҳокама қилинган. Минтақавий ҳамкорлик масалалари, хусусан, «C5+1» мулоқот формати доирасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилган. Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилган.
Элчи АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак бериш ва пандемияга қарши курашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаган.
Учрашувда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги миссияси директори Микела Мередит ҳам иштирок этган.
Қозоғистонда 30 кунгача рўйхатсиз
Қозоғистон Республикаси ЎЗбекистон билан иттифоқчилик муносабатлари ҳақидаги шартнома лойиҳасини эълон қилди. Ушбу шартномада икки давлатга оид икки муҳим ҳужжат муҳокамага қўйилган.
Ҳужжатларда Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларининг ўзаро ташрифларини тартибга солиш келишуви белгиланган. Амалдаги тартибга ўзгартириш ва қўшимчалар кучга киритилса, икки давлат фуқаролари бошқа давлат ҳудудига 30 кунгача вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан бориши ва унинг ҳудудида бўлиши мумкин бўлади. Айни пайтда ушбу муддат 5 кунни ташкил этади.
Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига оид ҳужжатда икки давлат ўртасида ҳарбий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий муносабатларни янада такомиллаштиришни назарда тутувчи бандлар келтирилган.
516 кишидан 22 таси судда
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судида 1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган воқеалар юзасидан ўтказилаётган суд жараёни давом этмоқда. Мазкур суд ишида иштирок этаётган «Газета.uz» мухбири суднинг биринчи куни прокуратуранинг айбловлари ўқиб эшиттирилгани, кейинги кунларда судланувчиларнинг кўрсатувлари тингланаётганини маълум қилган.

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Шунингдек, нашр Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари содир этилган оммавий тартибсизликлардан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари 516 киши қўлга олинганини маълум қилинганига эътибор қаратган. Бухоро вилоят судида Нукус воқеалари бўйича 28 ноябрь куни бошланган суд жараёнида эса 22 киши судланмоқда. Нашр Нукусдаги оммавий тартибсизликлар оқибатида қўлга олинган бошқа шахсларнинг тақдири билан қизиққан.
«Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссиянинг маълум қилишича, «суд жараёнларида 22 нафар судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлса, қўлга олинганларнинг 107 нафари комиссия ташаббуси билан жамоат кафиллиги ва қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилиши орқали ўз оиласи бағрига қайтарилган. Қолган шахслар (387 киши — «Газета.uz» изоҳи) эса маъмурий жавобгарликка тортилган», деб ёзади «Газета.uz».
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































