Ўзбекистон: Қодиров Gazeta.uz мақоласини ёлғон деб атади, ички ишлар ходимлари энди депутатларга ҳисоб беради ва энг “бюрократ” ташкилотлар O'zbekiston, yangiliklar

gazeta

Сурат манбаси, Screenshot

Published
  • Депутат Нукусдан тайёрланган мақолани ёлғон, деди;
  • Ички ишлар ходимлари депутатларга ҳисоб бериши тартиби жорий этилади;
  • Адлия вазирлиги "бюрократ" вазирлик ва идоралар рўйхатини эълон қилди;
  • Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма ҳарбий ўқув ўтказди;

"Бу мақола ёлғон" - Қодиров

Депутат Алишер Қодиров Gazeta.uz нашрининг Қорақалпоғистон воқеаларига бағишланган мақоласини "ёлғон ва чалғитувчи талқинларга тўла" дея атаган.

29 июль куни нашр бош муҳаррири Азамат Атажанов "Қўрқув ва азоб - Қорақалпоғистон орадан бир ой ўтгач нимани ҳис қилмоқда?" номли Нукусдан тайёрланган репортажини эълон қилган эди.

Мақолада келтирилган тафсилотлар, одамлар билан суҳбатлар ва тилга олинган рақамлар Қорақалпоғистон воқеалари бўйича расмий талқинга нисбатан бир қатор саволларни юзага келтирган.

Мақоладан парча:

"2 июль куни соат тахминан 23:00 лар атрофида "Газета.uz"га Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг (РШТЁИМ) Қорақалпоғистон филиали бир сутка ичида 77 киши ҳалок бўлгани ва 114 киши жароҳатланганини маълум қилди. Марказ шунингдек, уларнинг орасида тутунли ва шовқинли гранаталар ишлатилган бозор олдида тан жароҳати олган аёллар ва болалар ҳам бўлганини қайд этди".

Қорақалпоғистон воқеаларини ўрганиш бўйича комиссия аъзоси бўлмиш Алишер Қодиров нашрнинг ушбу мақоласини ёлғон, дея атаган.

"Комиссия аъзоси сифатида бу мақолада келтирилган фикрларни батафсил рад этиш учун ваколатим йўқ, лекин кўп аниқ далиллар билан таниш эканлигим учун бу мақола ёлғон ва чалғитувчи талқинларга тўла эканлигини аниқ айтаман.

Комиссия хулосасини кутинг. Олди қочди талқинларга ишонишга шошилманг", дея ёзган у ўзининг Telegram каналида.

Алоқадор мазвулар:

Депутатларга ҳисобот

organ

Сурат манбаси, Senat.uz

Қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар билан ички ишлар органлари ходимларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисобот тақдим этиши тартиби жорий қилинмоқда.

4 август куни ўтган Сенатнинг навбатдаги йиғилишида сенаторлар айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни маъқуллаган.

Янги тартибга кўра, эндиликда, туман, шаҳар ички ишлар бўлинмаларининг бошлиқлари - ҳар чоракда ва уларнинг ўринбосарлари - ҳар ойда, маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктларининг профилактика катта инспекторлари - ҳар олти ойда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиш мажбуриятини олади.

"Бюрократ" ташкилотлар

Adliya

Сурат манбаси, Xabar.uz

Адлия вазирлиги қонунчилик талабларига риоя қилмасдан фуқаролар ва тадбиркорлардан давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда ишга қабул қилиш жараёнида ортиқча ҳужжатлар талаб қилган вазирлик ва идоралар рўйхатини эълон қилган:

  • "Ўзсувтаъминот" АЖ - 600 дан ортиқ;
  • "Ҳудудгазтаъминот" АЖ - 300 дан ортиқ;
  • Бандлик ва меҳнат муносбатлари вазирлиги - 50 дан ортиқ;
  • "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ - 40 дан ортиқ
  • Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги - 20 дан ортиқ;
  • Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси - 20 дан ортиқ;

"Адлия вазирлиги томонидан мазкур қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйганлиги юзасидан юқоридаги вазирлик ва ташкилотларга нисбатан тақдимнома ҳамда огоҳнома таъсир чоралари қўлланилди", дейилади хабарда.

Тожикистон билан ўқув машғулоти

military

Сурат манбаси, Mudofaa.uz

Термизда Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари биргаликда ўқув машғулотлари ўтказган.

4 август куни "Ҳамдўстлик - 2022" аталмиш ўқувнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган.

"Тантанали очилиш маросимидан кейин Термиз умумқўшин дала-ўқув майдони ўқув нуқталарида ва тўсиқлар йўлакларида ўзбек ҳарбий хизматчилари томонидан кўргазмали машқлар бажарилди.

Машқлар жараёнида ҳарбийларимиз яқин масофада жанг олиб бориш, ярадорларни эвакуация қилиш, шартли душман ҳужумини қайтариш каби амалий машғулотларда иштирок этишди. Ушбу машқларни кузатиш жараёнида тожикистонлик ҳарбийлар ҳам ўзларини синаб кўришди", дея хабар берган Мудофаа вазирлиги.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek