Ўзбекистон: ИИВ ҳамма соқол қўйганни террорчи ҳисоблайдими ва қамоқда ўтирган ҳоким қарорларга қандай имзо чекди? - O‘zbekiston, МДҲ, дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, .
- ИИВ террорчиликка қарши фаолият борасида ҳисобот берди;
- Қамоқдаги ҳоким 26 та қарорга "имзо қўйди";
- Тил ўрганган ёшларга 7 миллион сўмгача субсидия берилади;
- Аҳолига ажратилган 65 тонна ун сотиб юборилди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: “Буханка”га навбат, 20 йил ўғил бола исмида яшаган қиз ва шакар нега қимматлашяпти? – янгиликлар
- Ўзбекистон: Ҳозир ҳаммага қийин - нархлар кескин ошди
- Ўзбекистон: Президентнинг ваколат муддати ўзгартирилмайдими ва дон захираси қачонгача етади? – янгиликлар
- Ўзбекистон: Фаоллар ҳукуматни эркаклар ўртасидаги жинсий алоқага рухсат беришга чақирди ва инфляция ошиб кетиши олдиндан маълум эдими? – янгиликлар
Ушланган "соқолли қўпорувчилар"
2022 йилда Ўзбекистонда террорчи ташкилотлари жангариларига алоқадор 4 та яширин гуруҳ, 10 виртуал гуруҳ ва 250 нафар экстремистик гуруҳ аъзолари қўлга олинган.
Бу ҳақда хабар берган Тошкент шаҳар ИИББ ушбу шахсларнинг аксари "Ислом давлати" ва "Тавҳид ва жиҳод катибаси" террорчи ташкилотларига алоқадор бўлганини маълум қилган.
Билдирилишича, қўлга олинган шахслар яшаб турган манзилларида экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг ғояларини тарғиб қилиш, янги рекрутларни ёллаб жангарилар лагерларига юбориш, терроризмни молиялаштириш ҳамда қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишга ундаш билан шуғулланиб келганлар.
Тошкент шаҳар ИИББ, шунингдек, пойтахтда маъмурий бинолар, жамоат жойларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этишни режалаштирган "Тавҳид ва жиҳод катибаси"нинг 10 нафар шахсдан иборат икки яширин гуруҳи аниқланганини қўшимча қилган.
Жорий йилда қидирувда бўлган 59 нафар "жангарилар ва террорчи-экстремистик ташкилотлар тарафдорлари" хорижда қўлга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилингани ҳам айтилмоқда.
"Бундан ташқари, жорий йилда "Хизб ут-Тахрир" диний-экстремистик ташкилотининг Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 5 нафар, муқаддам жазо ўтаб озодликка чиққан 10 нафар аъзоларининг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган", дейилади ИИББ хабарида.
Расмий хабарда талончилик, товламачилик, ўғирлик ва босқинчилик йўли билан топилган даромадлардан экстремизмни молиялаштириб келган 8 та уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилгани тўғрисида ҳам сўз боради.
Бироқ Тошкент шаҳар ИИББ расмий хабаридаги қўлга олинган шахсларнинг ташқи кўринишидаги умумий белгилар тилга олинган банд тармоқ фойдаланувчилари эътиборини тортган.
"Эътиборлиси шундаки, жиноятчиларни қўлга олиш ва ҳуқуқ-тартибот идораларига келтириш вақтида уларнинг барчаси умумий, деярли ўхшаш ташқи кўринишга эга эканлиги, хусусан, террорчилик ташкилотлари жангариларига тақлид қилган ҳолда бетартиб, узун соқол қўйиб юрганликлари аниқланган", дейилади хабарнинг ушбу қисмида.
Тармоқ фаоллари расмий идора хабарида инсонларни ташқи кўринишига қараб умумлаштириш ҳаракатини танқид қилганлар.
Ҳокимсиз қарорлар

Сурат манбаси, Andijon shahar hokimligi
Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 6 июнь куни ҳибсга олинганидан сўнг икки кун давомида унинг номидан 26 та қарор ва фармойишга қўл қўйилган.
Андижон вилоят адлия бошқармаси ҳолатни ўрганиб, қарорларга Ҳайдаровга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ҳокимлик девонхонаси мудири қўл қўйгани аниқланганини хабар қилган.
Бошқарма Адлия вазирлигининг кўрсатмаси билан Ҳайдаровнинг Э-қарор тизимидаги электрон шахсий кабинети блокланганини билдирган.
"Ушбу жараёнда ҳужжатларни сохталаштириш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратура органларига юборилади. Ҳар бир қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги ўрганиб бўлмагунча, уларни ижрога қаратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан тегишли ижрочи органларга хабарлар берилди", дейилади расмий баёнотда.
Маълумот ўрнида, Андижон шаҳрини 2019 йилдан буён бошқариб келган ҳоким Ҳайдаров бошқа шахслар билан бюджетнинг 48 миллиард сўмини талон-тарож қилишда гумонланиб, 6 июнь куни ушланган эди.
Суд 7 июнь куни уни қамоққа олишга санкция берган.
Тил ўрганганга 7 миллион сўм

Сурат манбаси, Buloqboshi tuman hokimligi
Хорижий курсларни ўргатувчи курсларга борувчи ёшларга 7 миллион 200 минг сўмгача субсидия берилиши мумкин.
Ҳукумат "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлар тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаган.
Низомга кўра, ушбу дафтарга киритилган ёшларга қуйидаги ёрдам турлари кўрсатилади:
•моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг 4 бараваригача) берилади;
•ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 75 фоизигача қисми (бир ойгача БҲМнинг 4, бир ойдан икки ойгача БҲМнинг 8, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун БҲМнинг 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми) қоплаб берилади;
•тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёшларга фаолиятини амалга ошираётган нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларининг бир йилда 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган қисми қоплаб берилади;
•Республикадаги профессионал таълим ташкилотларида ўқиётган, шунингдек, Ўзбекистондаги барча олий таълим ташкилотларида бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклида, магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётган ўқувчи-талабаларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларининг бир қисми қоплаб берилади;
•Ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялар соҳасига ва фанларни ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг 3 ой муддатгача нотурар жой ижара харажатлари учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда қоплаб берилади;
•никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёшларга якка тартибдаги ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.
Шунингдек, ёшларга қуйидаги миқдорларда субсидиялар ажратилади:
•0,1 гектардан 1 гектаргача ер майдони ажратилган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун БҲМнинг 8 бараваригача;
•тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача;
•ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларни ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича 6 ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача;
•ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги 6 ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача;
•ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш учун иштирокчиларнинг яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 4 бараваригача ҳамда ушбу олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг халқаро босқичларида қатнашиш харажатлари учун БҲМнинг 40 бараваригача;
•"Ёшлар дафтари"га киритилган бемор ёшларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача;
•ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда.
Сотиб юборилган аҳоли уни

Сурат манбаси, O'zbekiston Respublikasi Bosh Prokuraturasi
Поп тумани ва Марғилон шаҳрида аҳолига ажратилган ун сотиб юборилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг хабар беришича, ушбу ҳудудлардаги МЧЖ ва хусусий корхона раҳбарлари ажратилган унни бозор нархида пуллагани аниқланган.
Хусусан, Поп туманида аҳолига берилиши лозим бўлган 54,9 тонна 1-навли ун қиммат нархда бошқа шахсларга сотилган.
Марғилон шаҳрида ҳам хусусий корхоналар раҳбарлари узоқ ва чекка ҳудудда яшаётган аҳоли учун ажратилган 10,1 тонна унни бозор нархида сотиб юборган.
Департамент ушбу ҳолатлар бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилганини қўшимча қилган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

































