Рустам Азимов нега матбуотда кўриниш берди? O'zbekiston yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги - ЎзА мамлакатдаги таниқли сиёсатчи Рустам Азимовнинг мақоласини эълон қилган.
Президентлик сайлови арафасида унинг расмий матбуотда чиқиши кутилмаган бўлди.
Ислом Каримов вафоти ортидан Рустам Азимов унинг эҳтимолий ворисларидан бири сифатида тахмин қилинганди.
Мақола "Янги Ўзбекистон ислоҳотлари — тараққиёт ва халқ фаровонлиги йўлида" деб номланган.
"Ўзбекинвест" экспорт-импорт суғурта компанияси" акционерлик жамияти бош директори Рустам Азимовнинг ЎзА вебсаҳифасида эълон қилинган мақоласи Президент Шавкат Мирзиёевнинг беш йиллик сиёсатига бағишланган.
"Ўзбекистон демократик жамият қуришга киришди. Буни очиқ айтиш керак, осон қарор бўлмади. Эксперт ва мутахассислар "бу қадамни босишнинг вақти ҳали келмади, Сиз ҳам, маҳаллий ҳокимликлар ҳам жуда катта қийинчиликларга дуч келасизлар" деб муҳтарам Президентимизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлишган", деб ёзади Рустам Азимов.
Мақолада Ўзбекистонда охирги беш йилда амалга оширилган саккиз муҳим йўналишдаги ўзгаришлар санаб ўтилган.
"Юқорида айтилганидек, мавжуд ташқи ва ички таҳдидларни енгиш учун ҳаммамиз низо ва адоватлардан йироқ бўлиб, Президентимиз белгилаган стратегия ва ислоҳотларни амалга оширишда жипслашиб, бир тану бир жон бўлиб ишлашимиз керак", деб ёзади Рустам Азимов.
Каримов даври амалдори
1958 йили Тошкент шаҳрида туғилган Рустам Азимов 2005 йилдан 2017 йилгача Бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган.
У 1998 йилдан 2000 йилгача, сўнг 2005 йилдан 2016 йилгача Молия вазири бўлган.

Сурат манбаси, Reuters
Кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари ҳам Рустам Азимовнинг марҳум Ислом Каримовнинг сиёсий вориси сифатида кўриб келингани ҳақида ёзганлар.
Қатор халқаро музокараларда Рустам Азимов Ислом Каримовнинг ёнида ўтирарди.
У Ўзбекистоннинг халқаро молиявий ташкилотлар билан кўп йиллик тажрибага эга музокарачиси, деб кўриб келинган.
2016 йил сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафоти эълон қилинганида, Рустам Азимов президент бўлиши мумкин, деган фаразлар кучли эди.

Сурат манбаси, TOJIKISTON PREZIDENTI MATBUOT XIZMATI
Ўзбекистон Олий Мажлисининг 2016 йил 8 сентябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов нутқ сўзлади, "Шавкат Миромонович, Юртбошимизнинг сиёсий меросхўри, сиёсий фарзандидир", деди.
Кўпчилик буни "Шавкат Мирзиёев президент, Рустам Азимов бош вазир лавозимини эгаллайди" деб талқин қилди.
Аммо 2016 йил декабрдаги президентлик сайловидан кейин Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир қилиб Абдулла Ариповни тайинлади.
Рустам Азимовнинг бош вазир ўринбосари сифатида ҳукуматда назорат қиладиган соҳалари сони кенгайтирилди.
Рустам Азимовга товуқ боқишни кўпайтириш ёки лимон етиштириш вазифалари юклатилди.
Президент Мирзиёев кейинроқ айнан Азимов раҳбари бўлган Молия вазирлигини танқид қилган ва Азимовни "ҳаётдан узилиб қолганлик" ва "молия-кредит тизимини барбод қилиш"да айблаган.
2017 йили июнида Рустам Азимов лавозимидан кетказилди.
Президент Мирзиёев Бош вазир ўринбосари — Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси ва Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш Йиғма ахборот-таҳлил департаменти раҳбари лавозимини тугатиш ҳақидаги қарорга имзо чекди.
Президент Мирзиёев ҳатто Рустам Азимов бошқарган Молия вазирлигидаги масъулни мамлакат иқтисодиётига доир расмий рақамларни сохталаштиришда айблаганди.
Рустам Азимов "Ўзбекинвест" суғурта компаниясига раҳбар этиб тайинлангач эса, кўпчилик буни унинг ҳукуматдан узоқлаштирилиши деб қабул қилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


































