АҚШ афғонлар масаласида Ўзбекистон ва Қозоғистонга мурожаат қилмаганми? Афғонистон ва Толибон Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон ортидан Қозоғистон ҳам раддия билан чиқди. АҚШ ҳукумати афғон қочқинлари масаласида ўзларига расман мурожаат қилмаганини айтди.
АҚШ уч Марказий Осиё давлатидан 9 мингга яқин афғонга вақтинча бошпана бериб туришини сўрагани ҳақида шу ой бошида Ғарбнинг айрим нуфузли нашрлари ёзишган.
Улар бу давлатлар сирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг номини тилга олишган.
Хабар Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат ҳайъатларининг Вашингтонга амалий ташрифлари манзарасида бўй кўрсатган.
Бу ҳақда хабар берган Ғарб нашрлари эса, ўзларининг исм-шарифларини очиқланишини истамаган ва мавзудан хабардор манбаларга таянишгани кўрилган.
Сўз Афғонистонда АҚШ кучлари билан бирга ишлаган, дейлик, уларга таржимонлик, ҳайдовчилик қилган 9 мингга яқин афғон ҳақида кетаётгани маълум бўлган.
АҚШ ҳукумати уч Марказий Осиё давлатидан Нато Афғонистонни тарк этгунга қадар уларга вақтинча бошпана бериб туришларини сўрагани айтилган.
Уларнинг энди Толибоннинг "қасосидан қўрқишаётгани" бунинг асосий сабаби ўлароқ келтирилган.
Нашрлар фақат шу билангина чекланишмаган.
Жумладан, Bloomberg, "бу Марказий Осиё давлатлари билан Афғонистон масаласида ҳамкорликни давом эттириш бўйича янада кенгроқ битимнинг бир қисми бўлиши" ҳақида ҳам ёзган.
Аммо ўша пайтда Ўзбекистон, Қозоғистон ёки Тожикистоннинг айрим Ғарб нашрларида бўй кўрсатган бу каби хабарларга бирор бир муносабат билдириб чиқишгани кўрилмаган.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат ҳайъатларининг ўтган ой Вашингтонда кечган музокараларига оид расмий хабарларда ҳам бу хусусда сўз боргани кўзга ташланмаган.
Аммо янгилик ўша соатларнинг ўзидаёқ Ўзбекистондаги аксарият нашрларнинг эътиборини ўзига тортгани, улар томонидан бирдек хабар берилганларидан бирига айлангани кўрилган.
АҚШ, Афғонистон, Толибон ва афғонлар

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ ва Нато расмий Вашингтон ўтган йил бошида Толибон билан имзолаган битимга мувофиқ, май ойидан бошлаб Афғонистонда қолаётган сўнгги ҳарбийларини ҳам олиб чиқиб кетишни бошлашган.
Яқинда АҚШ кучлари Толибон ва бошқа жангари гуруҳларга қарши сўнгги 20 йиллик урушнинг маркази ва рамзи бўлган пойтахт Кобулдаги энг йирик Багром ҳаво базасини ҳам буткул тарк этишган, назоратини Афғонистон ҳукуматига топширишган.
АҚШ маъмурияти якуний муҳлат этиб белгиланган 11 сентябрга қолмай, 31 августгача Афғонистонни тарк этиб бўлишларини айтган.
Айнан сўнгги икки ой ичида эса, Толибон ўз ҳужумларини янада шиддатлаштирган.
Ҳаракат ҳозирга келиб, ҳатто, Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилаётганига оид даъволар билан чиқишгача борган.
Номлари айрим Ғарб нашрларида тилга олинган Ўзбекистон ва Тожикистон эса, Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан иккитаси бўлишади.
Толибон сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг бу давлатлар билан чегарадош ҳудудларини ҳам деярли эгаллаб бўлгани айтилади.
Орада кечган вақт давомида афғон ҳарбийлари ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуролли гуруҳлар вакилларининг толиблар ҳужумидан қочиб, Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасини бузиб ўтишгани кўрилган.
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби кеча, пойтахт Тошкентдан ўтказган ҳафталик брифингида уларнинг умумий сони 150 га етганини айтган, барчасининг аллақачон Афғонистонга қайтарилганини ҳам билдирган.
"Чегаралари дахлсизлиги ҳеч қандай шубҳа остига қўйилмаслиги керак"лигини таъкидлаган.
Орада Ўзбекистон Тақши ишлар вазирлиги устма-уст кескин баёнот билан чиққан, чегарани ноқонуний бузиб ўтиш ҳоллари қатъий бартараф этилиши билан расман огоҳлантирган.
Афғонистонлик масъуллар эса, яқинда Тожикистонга қочиб ўтган, расмий Душанбе "инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларидан келиб чиқиб, киришларига изн берган"ини айтган 1500 дан ошиқ ҳарбийлари ва қуроллиларини ортга қайтариш жараёни ҳануз давом этаётганини билдиришганди.
Худди шу манзарада Тожикистоннинг аллақачон аксарияти хотин-қиз, болалар ва кексалардан иборат юзлаб афғонга ҳам вақтинча бошпана берганига оид расмий хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Яна бир раддия

Сурат манбаси, Thinkstock
Хабарларга кўра, АҚШ ҳукумати афғон қочқинлари масаласида ўзларига расман мурожаат қилмаганини кеча, душанба куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби айтган.
Айбек Смадияровнинг раддияси ҳақида Қозоғистондаги хусусий nur.kz хусусий интернет портали хабар берган.
Худди шу куни Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ҳам ўзининг ҳафталик брифинги ортидан журналистлар билан қилган савол-жавобида айни шу мавзуга тўхталиб ўтгандек кўринган.
Аммо Шерзод Асадов Афғонистон ҳарбийларини Ўзбекистонга қабул қилиш бўйича ўзларига мурожаат бўлмаганини айтган.
Gazeta.uz нинг ёзишича, шундай деркан, Ўзбекистон президентининг матбуот котиби АҚШ томонидан афғон ҳукумати аскарларини вақтинча ўзининг ҳудудида қабул қилиш бўйича сўров бўлгани ёки бўлмаганлиги ҳақида саволга жавоб берган.
Мазкур нашр келтирган иқтибосига таянилса, Шерзод Асадов, "АҚШ томонидан (қилинган сўров - gazeta.uz таҳр.) ҳақида мен билмайман, сизда қаердан бу маълумот? Ҳеч қандай расмий таклиф бўлмаган", - деб айтган.
Брифинг тафсилотлари келтирилган мазкур хабар мазмунидан савол-жавоб вақтида сўз айнан айрим Ғарб нашрларида тилга олинган 9 мингга яқин афғон қочқини масаласида кетаётгани ёки йўқлиги ноаён қолган.
Аммо, хабарда айтилишича, Шерзод Асадов Ўзбекистон Афғонистонни гуманитар ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ўз ёрдамини кўрсатиши мумкинлигини билдирган.
Ҳарбий базалар масаласи

Сурат манбаси, Getty Images
Шу йил апрель ойида айнан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон айрим нуфузли Ғарб нашрларида АҚШ чиқиб кетганидан сўнг, Афғонистонда чегараоша ҳарбий амалиётларини уюштира олиши учун ўз ҳарбий базаларини очиш ниятида бўлган эҳтимолий давлатлар сифатида ҳам тилга олинган.
Ўша пайтда айрим Россия нашрлари Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакили бундай эҳтимолни назардан соқит этгани ҳақида ёзишган.
Bloomberg эса ўзининг шу йил 2 июль кунги хабарида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат ҳайъатларининг Вашингтонга ташрифи чоғида томонларнинг "АҚШ уларнинг ҳудудидан разведка, кузатув ва рекогносцировкани олиб боришига имкон берадиган келишувни ҳам муҳокама қилишаётгани"га ҳам тўхталган.
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби ўзининг журналистлар билан сўнгги савол-жавобида мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши масаласини ҳам тилга олгани маълум бўлган.
Хабарларга кўра, Шерзод Асадов, "2012 йилда қабул қилинган концепция ва мудофаа тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас"лигини баён қилган.
Толибон муносабати

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS
АҚШ ҳукуматининг уч Марказий Осиё давлатига 9 мингга яқин афғон тақдири юзасидан "қилган" мурожаатига оид хабарларга толибларнинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Аммо Толибон ҳаракати шу йил май ойида ҳарбий базалар масаласида Афғонистоннинг қўшниларига мурожаат билан чиққан.
Уларни ўз ҳудудларидан Афғонистонга қарши фойдаланилишига изн бермасликка чақирган.
Акс-ҳолда бунинг оқибатлари билан огоҳлантирган.
"Агар, шундай қилишса, бунинг оқибатларига ўша давлатларнинг ўзлари масъул" эканликларини айтганди.
Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлади. Ҳарбий доираларда гуруҳ аъзоларининг сони бир неча ўн мингга нисбат берилади.

Сурат манбаси, Screenshot
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири ҳам бўлади.
АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини амалга оширишда бундан аввал икки Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базадан фойдаланишган.
Аммо ҳар икки давлатдаги базаси ҳам машмашалар ва шахсан президентларининг эътирозлари билан ёпилган.
Жорий пайтда Россия ва Хитой Марказий Осиёда ўз ҳарбий базаларига эга иккита давлат саналишади.
Икковлон АҚШ билан бирга минтақадаги учта йирик геосиёсий ўйинчилар сифатида ҳам кўрилишади.
Россия ва Хитой АҚШ қўшинларининг ўз чегаралари яқинидаги ҳозирлигидан безовта эканликларини яширмай келади.
Россия ҳозирда аксарият минтақа давлатларининг йирик ҳарбий-техник ҳамкори бўлса, Хитой уларнинг энг йирик савдо-иқтисодий шериги, сармоячиси ва кредитори ҳам бўлади.
Россия ва минтақавий хавфсизлик

Сурат манбаси, kremlin.ru
Марказий Осиёда армияси энг жанговар экани айтилувчи Ўзбекистон, бошқа томондан, аксарият минтақа давлатларидан фарқли тарзда, Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам кирмайди, унга расман аъзо эмас.
Аммо расмий Вашингтон билан 2020 йил февралида имзоланган келишувга кўра, 9.500 га яқин хорижий ҳарбийларнинг буткул чиқиб кетиши эвазига Толибон бошқа жангари гуруҳларнинг Афғонистон тупроғидан туриб, четга ҳужум уюштиришларига изн бермаслиги шарт, деб кўрилади.
Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати бўлади. Толибон ҳаракатининг ўзи билан ҳам бевосита мулоқотда.
Тинчлик жараёнининг Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат тузилишини мақсад қилган якуний - афғонлараро мулоқотлар босқичи ҳануз ўз поёнига етмаган.
Толибон ҳужумларининг янада кучайиб бораётгани манзарасида АҚШ маъмурияти, ҳарбийлари ва Нато Бош котиби бундан кейин ҳам Афғонистон хавфсизлик кучларини ташлаб қўймасликлари, уларни ҳар томонлама дастаклашларини баён қилган, аммо ҳалича бу хусусда аниқ режалари тафсилотлари кўзга ташланмайди.
Аксарият экспертларнинг бирдек эътироф этишларича, жорий йил Афғонистон учун "ҳал қилувчиси" бўлади.
Кузатувчилар эса, Марказий Осиё давлатлари афғон қочқинларини қабул қилишга розилик билдиришса, бу минтақавий хавфсизликни издан чиқариши мумкинлигидан хавотирдалар.
Уларга кўра, АҚШ бу қочқинларни қайта-қайта текширувдан ўтказиб, мутаассиб эмасликларига кафолат бериши лозим.
Орада Россия Хавфсизлик Кенгашининг котиби ҳам бундай розиликнинг эҳтимолий оқибатларидан огоҳлантириб чиққан.
Аммо Афғонистоннинг ўзига бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятнинг жиддий издан чиқиб бораётгани манзарасида Тожикистон 10 мингтагача афғон қочқинини қабул қилишлари мумкинлигини ҳам айтган.
Айрим минтақавий нашрларда Ўзбекистон Термиз ташқарисида эҳтимолий қочқинлар учун ўнлаб чодирлар тиклаётганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо улар ҳалича ўзининг расмий тасдиғини топмаган.
АҚШ маъмурияти эса, ўз ҳарбийлари билан бирга ишлаган барча минглаб афғонга виза беришга ваъда қилган, бунга киришганликларини ҳам айтган.
Афғонистондаги Нато ваколати остидаги иттифоқ қўшинларига қўмондонлик қилган юқори мартабали АҚШ генерали ҳам кеча, душанба куни расман ўз вазифасини топширган.
Скотт Миллер бу билан рамзий маънода АҚШнинг Афғонистондаги энг узоқ урушига якун ясаган.
Аммо башоратлар хавотирли: хорижий иттифоқ қўшинларининг буткул чиқиб кетиши Афғонистонда воқеаларнинг даҳшатли тус олиши, олти ойнинг ўзидаёқ афғон ҳукуматининг қулаши ва мамлакатда фуқаролар уруши бошланишига олиб келиши мумкин, деган қўрқувлар бор.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































