Ўзбекистон: Толибон яна Тошкентга келадими? O‘zbekiston Afg‘oniston Mirziyoyev dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official/arxiv
Ўзбекистон сўнгги уч йил ичида учинчи бор юқори даражали халқаро конференцияга мезбонлик қилади. Пойтахт Тошкентда яна бир бор минтақавий интеграция, таҳдидлар ва имкониятлар масаласи муҳокама этилади. Толибон таҳдиди шиддат билан кучайиб бораётган Афғонистон масаласи ҳам кун тартибида бўлади. Афғонистондаги сўнгги вазиятдан барча минтақа давлатлари бирдек хавотирда. Толибон нима дейди?
Бу галги нуфузли халқаро анжуман сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этаётган ва Толибон аллақачон мамлакат ҳудудининг 85 фоизини назорат қилаётганини иддао этаётган бир пайтга тўғри келмоқда.
Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.
Толибон сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида Афғонистоннинг бу уч минтақа давлати билан чегарадош ҳудудлари деярли барчасини ҳам босиб олишга муваффақ бўлган.
Жорий пайтда Афғонистондаги воқеаларнинг ривожи барча Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг бирдек жиддий хавотирларига молик воқеълик экани кўрилади.
Бўлажак Тошкент халқаро конференцияси сўнгги ҳафталарда Ўзбекистон ва аксарият минтақавий нашрлар томонидан бирдек ёритиб келинаётган асосий хабарлардан бири экани ҳам кузатилади.

Сурат манбаси, official
Орада Афғонистондаги мавжуд вазиятга Ўзбекистон президентининг ўзи ҳам бир неча бор эътибор қаратган.
Шавкат Мирзиёев 10-12 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда экан, икки давлат етакчиларининг Душанбедаги музокараларида замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса, Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани қайд этилгани расман хабар берилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани ҳам таъкидланган.
Шавкат Мирзиёев бунинг ортидан ҳам Афғонистон масаласини қатор минтақа давлатлари раҳбарлари ва Россия президенти билан гаплашиб олган.
30 июнь куни эса, Афғонистондаги сўнгги ҳолат юзасидан расман, ошкора ва бевосита ўз муносабати ва хавотирларини билдирган.
Шавкат Мирзиёев бу ҳақда Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида тўхталиб ўтган.
Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишида минтақа ва дунёдаги вазият тобора кескинлашиб бораётганини айтган.
Ўзбекистоннинг миллий хавфсизлиги, тинч ва осойишта ҳаётига нисбатан таҳдид ва хатарлар кучаяётганлигини таъкидлаган.
"Шу боис, ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ҳар қандай таҳдидларга муносиб жавоб беришга тайёр бўлиб яшаш - ҳаётнинг ўткир заруратига айланаётганлиги"ни алоҳида қайд этган.
15 июнь куни эса, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Афғонистон Ташқи ишлар вазири билан учрашган.
Томонларнинг савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан ташқари, афғонлараро тўғридан-тўғри тинчлик музокараларининг истиқболларини ҳам муҳокама этиб олишгани маълум бўлганди.

Сурат манбаси, official
"Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар" мавзусидаги икки кунлик халқаро конференция пойтахт Тошкентда 15 июль куни иш бошлайди.
Юзлаб иштирокчи қаторида конференцияда Афғонистон ва Покистон президентларининг шахсан қатнашишлари айтилмоқда.
Бу - президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Ўзбекистон мисолида бир Марказий Осиё давлатига илк ташрифи бўлади.
Аксарият минтақавий таҳлилчиларга кўра, бу ҳам дунё ҳамжамияти кўз ўнгида Тошкент халқаро конференциясининг аҳамиятини яна бир бор урғуламай қўймайди.
Орада фақат Тожикистон президентининг Афғонистон раҳбари билан чегарасидаги вазиятни муҳокама этиб олгани хабар берилган.
Маълум бўлишича, анжуманда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларининг иштирок этиши кутилмоқда.
Уларнинг орасида Афғонистонга бевосита чегарадош, афғон можароси ечимида муҳим ўрин тутувчи барча халқаро ва минтақавий ўйинчи давлатлар вакилларининг борликлари кўрилади.
Расмий хабарларга кўра, Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент конференцияси теграсида Афғонистон ва Покистон президентлари билан ҳам икки томонлама учрашувлари режаланган.
Покистон Афғонистон можароси ечимида муҳим ўрин тутувчи минтақадаги муҳим ва йирик ўйинчи давлатлардан бири сифатида кўрилади.
Расмий Исломобод изчил равишда рад этиб келса-да, унинг Афғонистон Толибон ҳаракатига ҳам таъсири катта экани ишонилади.
Покистон, бундан ташқари, Афғонистоннинг энг йирик савдо-тижорий ҳамкорларидан бири саналади.
Йилларки, Эрон билан бирга энг катта сондаги афғон қочқинларига бошпана бериб келаётган мамлакат ҳам бўлади.
Нотинч пайтда Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ва умуман олганда жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистонга қандай ёрдам бера олиши мумкинлиги эса, халқаро Тошкент конференциясининг асосий мавзуларидан бўлиши айтилмоқда.

Сурат манбаси, official
Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақавий боғлиқлик, таҳдидлар ва имкониятлар муҳокама қилиниши кутилаётган бу халқаро тадбирга Афғонистон Толибон ҳаракатининг расмий муносабати маълум эмас.
Расмий хабарларда келтирилаётган иштирокчилар орасида улар вакилларининг борликлари ҳам ҳозирча кўзга ташланмайди.
Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналади, аъзоларининг сони халқаро доираларда бир неча ўн мингга нисбат берилади, жорий пайтда афғон можаросининг якуний ечимида якуний сўз айтиш қудратига эга куч сифатида эътироф этилади.
Ҳаракат ўтган йил февраль ойида расмий Вашингтон билан ўз тарихида илк бор келишувга эришган.
Худди шу битим доирасида Афғонистон ҳукумати билан ҳам биринчи марта юзма-юз мулоқотларини бошлаган.
Агар, бу мулоқотлар иш берса, Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат қудратга келиши ва узоқ йиллик урушлар ичида қолаётган мамлакатда доимий тинчлик қарор топишига умид қилинади.
Ўз ҳужумларини шиддатлаштираётган ва аллақачон мамлакатнинг аксарият қисмини назорат қилаётганини иддао қилаётган бир манзарада Толибон ўзининг дипломатик саъй-ҳаракатларини ҳам кучайтирган.
Саноқли кунларнинг ичида сиёсий ҳайъати Теҳрон, Москва ва Ашхободда бўлиб қайтгани хабар берилган.
Хабарларда Эрон ва Россия пойтахтида экан, Толибон ўзларининг Афғонистонни қуролли йўл билан босиб олиш ниятлари йўқлигини баён қилишгани ҳам айтилган.
Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.
Ҳаракат сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати сўнгги тўрт йил ичида икки бор амалий ташриф билан Ўзбекистонда ҳам бўлиб қайтган.
Орада кечган вақт давомида Ўзбекистон афғонлараро мулоқотларни ҳам дастаклаб келади.
Аммо бу мулоқотлар алал-оқибат иш беришига бўлган умидларнинг, айниқса, сўнгги ойларга келиб жиддий сўниб бораётгани ҳам бор гап.
Илк Тошкент халқаро конференцияси

Сурат манбаси, Valery Sharifulin
"Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар" мавзусидаги илк Тошкент халқаро конференцияси 2019 йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган.
Ўшанда конференцияда дунёнинг қирққа яқин давлатидан 100 дан ортиқ вакилнинг иштирок этишгани айтилган.
Ўзбекистон, Марказий Осиё қаршисида турган энг долзарб муаммолар, минтақага таҳдид солаётган асосий хавф-хатарлар, минтақа давлатлари интеграциясига нималар тўсқинлик қилаётгани муҳокама қилинган.
Уларни бартараф этишда халқаро ҳамжамият қандай ёрдам бера олиши мумкинлиги имкониятларига эътибор қаратилган.
Халқаро анжуман Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ташкил этилган.
Иштирокчилар орасида АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия ва Хитой каби дунёнинг йирик сиёсий ва иқтисодий қудратлари ҳамда қатор минтақавий ўйинчи давлатлар вакиллари ҳам борлиги кўрилган.
Тадбирда, шунингдек, Европа Иттифоқи, Шимолий кенгаш, Америка давлатлари ташкилоти, Арктика маслаҳатлашув кенгаши минтақавий тузилмалари, Жаҳон банки, Жаҳон савдо ташкилоти, Европа инвестицион банки ва бошқа халқаро молия институтлар намояндалари ҳам иштирок этишгани айтилган.
Халқаро анжуман президент Шавкат Мирзиёев қудратга келган икки йилнинг ичидаёқ расмий Тошкентнинг яхши қўшничиликка асосланган янгича минтақавий сиёсати, ҳатто, халқаро миқёсда эътироф этилган бир манзарада бўлиб ўтганди.

Сурат манбаси, President.uz
Президент Шавкат Мирзиеёв, ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан, ташқи сиёсатда минтақа ўзлари учун устивор йўналиш бўлиб қолишини алоҳида қайд этган.
Бу тамойил 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан ҳам ўрин олган.
Ўзининг Ўзбекистон раҳбари сифатида илк хорижий давлат ташрифини ҳам минтақа давлати - Туркманистондан бошлаган.
Икки йилнинг ўзида барча Марказий Осиё давлатларида расмий ташриф билан бўлиб қайтган.
Бу сафарлари манзарасида мезбон ва меҳмон давлатлар президентлари ораларида ҳал этилмаган бирор бир муаммо қолмаганини расман ва ошкора баён қилишган.
Уларнинг сирасида марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви даврида минтақада ҳатто уруш келтириб чиқариши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлганлари ҳам ана шу қисқа вақтнинг ичида ўзининг ечимини топган.
Минтақада қурилаётган йирик ГЭСлар масаласи юзасидан бир тўхтамга келинган, уларни ҳамкорликда барпо этиш истаги янграган, ўзаро парвозлар қайта тикланган, ёпиб қўйилган йўллар, чегара назорат ўтиш нуқталари очилган. Чегара демаркация ва делимитацияси жараёни жадаллашган.
Ўзбекистоннинг минтақада ягона энергетика тизимини тиклашга доир сайъ-ҳаракатлари ва интилишлари ҳам аксарият минтақавий экспертларнинг эътиборларини ўзига тортган.
Расмий Тошкентнинг минтақавий сиёсатидаги бу каби ўзгаришлар президентларнинг бир-бирларига тақдим этган юксак давлат мукофотларида ҳам ўзининг акси, ифодасини топган.
Мирзиёев ва минтақавий ташаббуслар

Сурат манбаси, President.uz
Орада кечган вақт давомида президент Шавкат Мирзиеёв Марказий Осиё давлатлари минтақавий иқтисодий форумини ташкил қилиш таклифи билан чиққан.
Самарқанд Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Марказий Осиё бўйича халқаро конференцияга мезбонлик қилган.
Бу ҳам президент Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорлик тенденциялари ва яхши қўшничилик муносабатларини кучайтиришга йўналтирилган ташаббусларидан бири сифатида эътироф этилган.
Мирзиёев буларнинг барчаси манзарасида мунтазам равишда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини ўтказиш ғоясини ҳам ўртага ташлаган.
Ўзбекистон раҳбари кўзда тутган бу каби маслаҳат учрашувининг дастлабкисига аллақачон Қозоғистон пойтахти Остона мезбонлик қилиб улгурган.
Расмий Тошкент президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида минтақа хавфсизлигига асосий хавф манбаси сифатида кўрилувчи Афғонистонга нисбатан сиёсатини ҳам кескин ўзгартирган.
Афғонистонга, президент Ислом Каримов даврида анъанага айланганидек хавфсизлик призмаси орқали эмас, интеграцион мавқеъда ёндашишларини намоён этган.
Узоқ йиллик қуролли низолар ичида эканига қарамай, Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликка зўр беришларини баён қилган.
Афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш аҳди билан Ўзбекистон ўзининг дипломатик саъй-ҳаракатларини қайта жонлантирган. Бу йўлда аллақачон йирик Тошкент халқаро анжуманига ҳам мезбонлик қилган.
Айрим халқаро ҳисоб-китобларга таянилса, Марказий Осиё мамлакатларининг кооперация алоқаларини самарали йўлга қўйиш натижасида минтақа ялпи ички маҳсулоти ўн йилда камида икки баробар кўпайиши мумкин.
Агар, энг сўнгги ҳисоб-китобларга таянилса, минтақа аҳолисининг сони ҳозир 70 миллион кишидан ортади.
Ўзбекистон сўнгги тўрт йил ичида мезбонлик қилган юқори даражали икки халқаро анжуманда Толибон вакилларининг иштироки кузатилмаган.
Эртага кутилаётган халқаро конференциянинг дастлабки кун тартиби ва натижасига Афғонистондаги бугунги вазиятнинг таъсири қандай бўлиши ҳозирча маълум эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























