Нуқтаи назар: Ўзбекистонда кучга кирган янги қонун эътирозларга ўрин қолдирганми? O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Ўзбекистон

Сурат манбаси, facebook/rasulmo'min

    • Author, Сардор Салим
    • Role, Тошкент
  • Published

"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун янги таҳрирда кучга кирди.

Қонун шарҳида нега профессионал диний таълимдан бошқа таълим берилмаслиги қизиқ асосланибди:

"Ҳар қандай шахснинг "ўзича" аҳолига диний таълим бериши-ноанъанавий ақидаларнинг тарқалишига, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар берилишига олиб келади.

Бу эса жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади. Шу мақсадда, диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди".

Яъни, Ўзбекистонда давлат Ислом ва бошқа динларнинг ягона тўғри талқинидан хабардор, ихтилофли ёки янги масалаларда қай бири "ёт", қай бири "соф" ғоя эканлигини ажрата олади ва бу соҳада ҳакам бўлишга даво қиляпти?

Дейлик, Исломдаги салафий-суфий ихтилофида давлат ечим топар. Лекин Ўзбекистондаги теравада ва маҳаяна оқимига оид буддистлар орасида теологик ихтилоф чиқиб қолса, ким ҳакам бўлади? Ёки православлар билан староверлар ўртасидаги баҳсга давлат ҳакамлик қила оладими?

Айтмоқчиманки, то ихтилоф Жиноят Кодексининг экстремизм ва терроризм билан боғлиқ моддаларига тушмас экан, диндорларнинг ўзи ички теократик ихтилофларини ҳал қилиб олиши керак. Бу хусусан, диний таълим ва баҳс-мунозара орқали содир бўлади. Қонунда эса иккиси ҳам деярли тақиқланган.

Давлат ташкилотларида ва муассасаларида ҳижоб ёки бошқа "ибодат либоси" масаласи ҳам ҳал қилинмаган. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида "ибодат либоси" тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди.

Аммо, лекин, бироқ. . . амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан, давлат ташкилотлари ва муассасаларида ходимларнинг кийинишига оид талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади. Демак, ҳижоб машмашалари давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари

Сурат манбаси, Muslim.uz/arxiv

Дин ва сиёсат. Шарҳда айтилишича, "демократик давлатлар қаторида, қонун устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб Ўзбекистонда ҳам диннинг сиёсатга аралашиши ҳамда диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги қонунда аниқ кўрсатилди".

Бу ҳам озгина эскирган ва мавҳум, суистеъмолга йўл очувчи ёндашув эмасми? Масалан, биз андоза олишни яхши кўрадиган демократик давлатларда Исо таълимотидан илҳомланган Христиан сиёсий партиялари капитализмни одамийлаштиришга, унинг салбий жиҳатларини бартараф этишга анча ҳисса қўшган.

Умуман олганда, қонун ҳақиқий виждон эркинлигини таъминлашдан кўра кўпроқ "турли динларга эътиқод қилувчи мамлакатимиз фуқаролари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларини сақлаб қолиш"га қаратилгандек.

Бу, шарҳда айтилишича, "янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни дунёга тараннум қилишнинг энг муҳим шарти ва гарови" экан. Билмадим, билмадим...".

Таҳририят: Мақола Facebook ижтимоий тармоғидан олинди.

Муаллиф фикри ББС нуқтаи назарини акс эттирмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbe